Туркияда яшаётган атоқли адиб ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ шу йилнинг 20 декабрида 70 ёшга тўлади.
Муҳаммад Солиҳ ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи бу фильм ўзбек ёзувчиси ва драматурги, мухлисларига “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган “Оқ бино оқшомлари” фильми ва “Бу кунлар” романи билан танилган Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурилла Отахонов) лойиҳаси асосида тайёрланди.
“Элтуз” нашри кўп қисмдан иборат суҳбатнинг 5-қисмини тақдим қилади:
БЕГОНА 5-қисм матни
М.С: Мен Ўзбекистонда яшаётган пайтимда, ўша Совет Иттифоқи пайтида денгиз ҳақидаги ёзган шеърларимни протатипи Қора денгиз экан, энди билдим. Ўшанда ҳали денгизни кўрмагандим, аммо денгиз ҳақида ёзганман. Денгизни бўйида турган бир муҳожир, ватанидан айрилган бир бечора одам ҳақида шеърлар ёзганман. Бу 80-, 83-йил бошларида ва бунга фаришталар амин, деган экан. Нега буни ёзаяпман, нега бу мавзу менга қизиқ, буни ҳеч қачон ўйлаб кўрмаганман. Аллоҳ дилимизга солган – ёзганмиз. Кейин бу айнан ҳарфма-ҳарф Аллоҳни ёзган қадари урғуланди. Яъни қадар қизиқ ўзи. Ҳақиқатдан, олдиндан битилган Лавҳи-маҳфуз, аввал сирли бўлиб кўринган нарсалар, мана, 70 га кириб бирин-кетин ифшо бўла бошлади мен учун, яъни мен ўзимни кашф қила бошладим. Ёшликда айтилган гапларнинг ҳаммаси кейинчалик, мана, 50 йил ёки 40 йил сўнгра воқеликка айланди. Аслида, бизга Аллоҳ янаям кўрсатаяпди, яъни Аллоҳни ҳикмати бу. Баъзи олимлар Аллоҳни ахтаради, Аллоҳни борлигини исбот қилишга ҳаракат қилишади. Ҳолбуки, Аллоҳ ҳар ерда.
Н.М: Қора денгизни бир пайтлар китобларда ўқирдик – тарих китобларида. Бу денгизда Рус-Турк урушлари бўлган, 70 йиллик уруш. 100 йиллик уруш – тарихда шунақа мавзулар бор, уларда Қора денгиз тилга олинган. Денгиз учун ҳам, қирғоғидаги Қрим учун ҳам жанг бўлган-да.
М.С: Қрим шу ерда, шу томонда. Яъни Қрим ҳам бизнинг ватанимизнинг бир парчаси. Яқинда бу ерга оғамиз Мустафо Жамил Ўғли келганда, шу тарафга қараб қўлингизни узатиб расмга тушинг, чунки ватанинг у ерда, дедим. Қаерда, деди. Шу тарафда, дедим. Кейин шу қўлини узатиб расмга тушган. Ҳазиллашдик. Аммо, биласиз, у ватан ҳам ҳозир ишғол остида ва Мустафо оға билан бу мавзуларда дардлашдик ва ИншаАллоҳ Қрим ҳам озод бўлади. Шу ҳудудни исми Ағлаян Қая, яъни Йиғлаган Қоя ўзбекчада. Ва бу сувлар бу ердан оқиб турибди, бу тоғнинг кўз ёши.
Н.М: Бу доимий бор, а?
М.С: Ҳа, доим шундай оқиб туради. Бу ер сокин, сукунатни фақат тўлқинлар бузади. Кўп қўшиқчилар келиб қўшиғини шу ерда айтишади. Аммо энг ғамгин қўшиқни мен айтаман, индамасдан. Сукунат ичида айтаман. Ватан соғинчи. Мен бу ерга келиб Ўзбекистонни соғинаман, ҳамма жойда соғинаман. Бу ерда Ўзбекистонни соғиниш бошқача бир руҳ беради инсонга. Сукунат ва долғалар (тўлқинлар).
Н.М: Мана тақдир ҳақида гаплашдик, эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Шу жойларга келиб қолиш ҳам тақдирингизда бор экан. Бу ерларга қандай келиб қолгансиз?
М.С: 93-йил, эсингизда бўлса, мени апрел ойида Ички Ишлар Вазирлиги ҳибсга олди. У пайтдаги Ички Ишлар Вазири Алматов шахсан хонасига чақириб, гўё бизга маслаҳат берган бўлди. “Каримов билан келишиб яшасангиз яхши бўлади, бўлмаса қийин аҳволга тушушингиз мумкин”, дегандай мулойим таҳдид шаклида гап айтди. Мен айтдим: “Каримовдан мен уй-жой талаб қилаётганим йўқ, пул ҳам талаб қилаётганим йўқ, мен фақат конституцияга биноан, мухолифат бўлмоқчиман. Каримовга қарши ҳеч қандай хусуматим ҳам йўқ, деганимдан кейин, пастда сизни Эргашев деган прокурор кутиб турибди, ўша билан маслаҳатлашиб, кейин кетишингиз мумкин, деди. Пастга тушиб прокурор Эргашев билан гаплашдик, икки соат деярли сўроққа тутди, сиз миллий мажлис қураяпсиз, параллел давлат қураяпсиз ва ҳоказо деган ҳеч қанақа асоси бўлмаган сўзлар билан айблаб, сизни бугун бу ерда олиб қоламиз, деди.
Н.М: Бирданига…
М.С: Ҳа. Ва иккита милицияга айтди, улар мени подвалга тушуришди. Машҳур Яҳёев деган вазир қуриб кетган машҳур даҳшатли подвал, ИИВ нинг подвали. У ерда кўп қолмадим, менимча, 4 кун қолдим. Мени қотиллар билан бир камерага қўйишди. Аммо қотиллар Каримовнинг одамларидан ҳам инсофлироқ экан, дарров ҳурмат билан бизни қабул қилиб, биз қотиллармиз, аммо сизни таниймиз, сиз миллатимиз учун куйиниб юрибсиз, деб энг тўрига – яхши жойга ўтқазиб қўйиб, жуда кўп ҳурмат кўрсатишди. 4-кун, менимча, жаҳон байналминал жамоатчилигининг тайзиқи билан, ўзбек жамоатчилигининг эмас, хусусан, чет элдаги сенаторлар, президент сайловида қатнашган Декинсини деган сенатор бор эди – унинг ёрдамчилари, конгрессменлар Ўзбекистонга босим қилиб, тайзиқ қилиб мени қамоқдан чиқаришди.
Н.М: Бу қаерни сенаторлари? Америками?
М.С: Американинг сенаторлари. Улар сайловни кўрди ва мухолифатнинг катта бир потенсиалга эга эканлигидан ҳайрон бўлди. Сизлар қачон бундай сиёсий вояга етдингизлар, бу қадар халқ сиз тарафда, пулингиз ҳам йўқ, иқтидорда эмассиз, лекин шунга қарамай шу қадар тарафдорларингиз кўп экан, дея бизнинг 12.7 % овоз олганимиздан ҳайратга тушди. Бу, яъни коммунизмдан энди чиққан мухолифатнинг 12.7 % олиши мумкин эмас, деди. Ҳолбуки, бу сохталаштирилган рақам эди. Озайтирилиб энг қолган қисми эди бу. Шундан кейин мени чиқаришди 4 кундан кейин, чиқиб кетмаслик, уйни тарк этмаслик, Тошкентни эмас уйни тарк этмаслик ҳақида тилхат олишди. Уйда қолдик ва келган кунимнинг эртаси куни туш кўрдим, тушимда қоронғу икки қаватли уйда КГБ чилар билан мен отишаяпман, қўлимда тўппонча, КГБ чилар уйга ҳужум қилган – мени ўлдиришмоқчи, мен отишаяпман ва бирдан ўқлар тугади ва тўппончамни ташлаб 2 қаватдан пастга сакрадим. Қарасам ҳеч ерга тушмаяпман, уй ҳавода осилиб турган уй экан ва пастга шиддат билан тушаяпман, ҳозир парчаланаман, ерга тушиб ўламан, деб ўлимга ҳозирланиб тушаяпман. Лекин ерга яқинлашганда бирдан парашютда тушган каби секин тушдим. Тушган макон ям-яшил боғ, гуллар очилиб турибди, булбуллар сайраяпди. Худди эртакдагидай бир макон ва боғнинг тўрида хачир устида, эшшак эмас, хачир устида нуроний сиймо чол ўтирибди, унинг бу ёғида менинг хачирим бор эмиш, хачирнинг ёнида 20 яшар йигит бор экан, у мени хизматкорим эмиш. Кейин бориб шунақа эгилиб салом бердим, билдимки, бу Мавлано Румий Ҳазратлари, яъни Жалолиддин Румий. Мен ҳаётимда Жалолиддин Румийга бироз гинахонлик билан қараганман. Чунки бир турк ўлароқ нега туркча ёзмадию форсча ёзди, деган қизғанчлик бор эди. Форсча ҳам гўзал тил, у ҳам бизни тилимиз, аммо у пайтда мен жуда қаттиқ миллиятчи эдим, ўшани учун туркча ёзиши керак турк деган деб, униям худди Чингиз Айтматовларни қандай танқид қилган бўлсам, Ўлжа Сулаймонларга ичимда қандай гина бўлса, нега туркча ёзмай русча ёзяпди деб, Мавлано Ҳазратларига ҳам, аслида келиб чиқиши хоразмлик – ЎҒУЗ. Нега туркча ёзмаган дея ичимда бир гина бор эди. Аммо ҳеч қачон ошкора айтмаганман.
Аммо тушумда бу гина йўқ эди, қизиқ. Тушимда буюк бир ҳурмат, буюк бир севги ҳис этдим ва тушумда кибр йўқ эди. Ўшанда жуда кибрли пайтим эди ва ҳеч кибрсиз таъзим қилдим, шундай эгилдим ва салом бердим, алик олди, телепатик бўлаяпди диалоглар. Айтди: ўғлим, яхшимисиз. Мен айтаяпман: Ҳа ҳазрат, биз шунақа Аллоҳга шукур, кўриб турибмиз, гаплашаяпмиз. Хачир ҳам гапиради, хачир гапиряптики: Хўжайин, шу хизматкор йигитни сиз хафа қилдингиз. Қачон, дедим. Кеча, деди, сал қўпол гапирдингиз. Қалби инжиди шундан бир кечирим сўранг, деб ҳачир менга маслаҳат бераяпти. Дарров кечирим сўрадим, сен мени кечир, мен баъзан жахлдор бўламан, деб ўзимни танқид қилаяпман. Аммо ҳеч бир кибр йўқ яна. Яъни бир гормония бор, яъни бир мутаносиблик, мувозанат ва умримда, ҳаётимда кўрилмаган бир гормония бор тушумда. Яъни кибр йўқ бўлгандан кейин бу бутунлай бошқа одам , лекин бу менман, яъни мен қўраяпман бу тушни. Шунақа бир ҳайрат ичида, шунақа бир мувозанат ичида, илоҳий бир мутаносиблик ичида уйғондим. Дарров Ойдин Хонимга тушимни айтдим. У сиз Туркияга кетасиз, деди.
Н.М: Туркия деб айтдими айнан?
М.С: Туркия деди. Туркия хаёлимда ҳам йўқ эди мени. Авропа бўлиши мумкин хаёлимда, аммо кетиш умуман йўқ эди ҳаёлимда. Чунки партияни ташлаб кетиш, ташкилотни ташлаб кетиш – бу қўрқоқлик. Менинг номусим бу нарсани кўтара олмайди. Ҳолбуки, унгача қамоқдан чиққан куним Ойдин хонимга айтдим, энг кўпи билан 5 йил қамоқда ўтираман, дедим. Сен болаларни олиб Хоразмга кетасан, чунки бу ерда провакация қилиб болаларни нимадир қилсалар, мен қамоқда ўтира олмайман, дедим. Ойдин Хоним рози бўлди – Аллоҳ рози бўлсин. Планимизни қилдик, у кетади. Мени, дедим, барибир қамоққа олади, чунки улар мухолифатнинг кучини, потенциалини қўрди. Каримов таклиф қилган бутун неъматларини мен рад қилдим, унинг берган лавозимидан воз кечдим, шунинг учун мени фақат қамайди булар, дедим. Шунга тайёр бўлиб ўтирганимизда бу туш кўрилаяпди эртасига. Уч кун ўтиб уйимизга Мамадали Маҳмуд бошчилигида Ақиф Озарбайжон деган йигит, укам Мақсуд, Олимжон Шарафов деган подполковник – у Ички Ишларда ишлар эди, яна битта-иккита одам келиб, шу ҳозир биз Ички Ишлар Вазирлигидан хабар олдик, сизни қамайди. Аммо қамоқда ўлдиришади сизни, мутлақо юзда-юз, яъни аниқ бу хабар, деди. Мен: бормайман дедим, мен бунга ишонмайман, ўлдиришдан Каримов қўрқади, чунки мени ташқарида, чет элларда қўллайдиган одамлар бор.Йўқ дедилар, сизни аниқ ўлдиришади. Кейин уларга: илтимос, кетинглар дедим, чунки мен юртдан бош олиб чиқиб кетсам, қўрқиб ташлаб кетди, деган гапни номусим кўтара олмайди. Халқ бизга ишониб шунча овоз берди, шунча ишонган халқ бор. Мен уяламан, ташлаб қочди, деган иснодга чидолмайман, дедим.
Улар кетди. 2 соатдан кейин яна келиб, бу сафар Мақсудни юборибди Мамадали ака. Жуда илтимос қилди, бизни кутиб ўтирибди, деди. Мен айтдим: атрофдагилар бизни чиқармайди ҳам, қўймайди ҳам. Атрофда доим бизни кузатадиган 4 машина турарди. Йўқ, ака, кўринг, деди. Ҳақиқатдан ҳам йўқ, деди Мақсуд. Қарасам йўқ улар, ичимда бир шубҳа келди, булар махсус тайёрлаб мени юбормоқчи деган. Мақсудга айтдим. Йўқ, ундай бўлмаса керак деди, буларни айтганига мен ишондим, деди. Олимжон жуда самимий гапиряпти, чунки у ерда бир полковник бунинг хабарини берди: биз акамизни ҳурмат қиламиз, юртдан чиқиб кетсин, бўлмаса акамизни ўлдиришади, деди. Шундан кейин мен Хоним билан гаплашдим. Қозоғистонга бориб беш кундан кейин қайтаман, вазият сал тинчисин, дедим. Паспортимизни олиб қўйишганди, аммо дипломатик паспортим бор эди. Улар буни унутишди. Қарасам, дипломатик паспортим турибди, уни дарров олиб чўнтагимга солиб кетдим. Олимжон мени машинада Қозоғистонга олиб борди, Қозоғистонда Рустам Жангужин деган профессор дўстимиз бор, унинг уйида мен 2 кун қолдим. Кейин у ерга Ориф Ўжал деган Озарбайжон президентининг ёрдамчиси телефон қилди, чиқибсиз деб эшитдим, бу ерга келинг, сизни президент Абдулфайз Элчибей кутаяпди, деди. Озарбойжоннинг янги президенти эди. Кейин мен Қозоғистондан қайтмоқчи бўлиб ўтирган одам, Озарбойжонга кетдим.
Кейин Элчибей билан кўришдик, аввалдан бир-биримизни яхши танирдик, аммо шахсан биринчи кўришишимиз ўша бўлди. У мени шеърларимни ўзбек тили ҳақида, туркча гапир деган шеърларимни ёд олиб Озарбайжонларга айтиб юрарди ўша пайтда. Мана бундай бўлиш керак туркчи одам, мана Муҳаммад Солиҳни шеъри деб, бир-биримизга жуда катта ихлосимиз бор. Кейин айтди: Қардошим Ўзбекистонга кетма, деди. Мен яқинда Тургут Ўзал билан гаплашдим, деди. Тургут Ўзал ўша пайтда Ўзбекистондан қайтган эди ва Каримовни жуда ёмон кўриб қолганини айтди, деди. Бу одам у ердан кетиши керак. Биз унга қарши Муҳаммад Солиҳни дастаклайлик, деб иккимиз гаплашдик, деди. Орқангда икки давлат бор деди – Озарбайжон ва Туркия давлати. Сени дастаклаймиз, яъни қўллаб-қувватлаймиз. ИншаОллоҳ бу кетади у ердан, деди. Кейин шунақа қилиб у ерга 1993-йил 10- ёки 12-апрелда келдим. Кейин 17-апрелга менга таклифнома берди Туркиянинг президенти Тургут Ўзал: кел кутаяпмиз, деб. Мен 16-апрелда Бакудан Истанбулга келдим. Озарбайжоннинг бош консолу Аббас Абдулла, у ҳам шоир мени кутиб олди. Эски диссидентлардан. У қардошим бугун отелга кетма, бизнинг уйда қоламиз, деди. Сен билан гаплашадиган кўп мавзу бор, деди. У ҳам миллиятчи эди. Севинди, уйида қолиб, тонггача гаплашдик Мен бугун учрашувим бор, бироз ухлаб олай, чунки учрашувга уйқусираб бориб бўлмайди, дедим. Йўқ, гаплашамиз, деди. Шу билан эрталабгача дардлашиб чиқдик. Турк дунёсини муаммоларини гаплашдик, табиий. Эртасига соат 11 да самолётга чиқдим ва Анқарада тушлик пайтида мени кутиб олишди Эсэнбоға аэрапортида. Демирел ўша пайтда бош вазир эди ва президентликдан ҳам битта одам, икковининг ҳам қовоғи солиқ. Нима бўлди дедим, қучоқлашиб кўришдик. Аммо ҳеч гап йўқ. Соат 10 да президентимизни йўқотдик – ўлди, деди. 17-апрел соат 20:00 да бизнинг Туркия президенти билан учрашувимиз бор эди.
Н.М: Ўзи Бакудан кайтгандан кейин ҳеч қанча ўтмай вафот этибди-да?
М.С: Ҳа-ҳа, шу куни вафот этди. Ўрта Осиё сафаридан қайтиб икки хафтадан кейин ўлди ва жуда кўплар уни Ўрта Осиёда уни Рус КГБ си заҳар бериб ўлдирди, деб ҳозиргача шубҳа қилишади. Чунки Тургут Ўзал Турк Дунёсининг бирлашиши учун азимли бир шаклда ҳаракат бошлаган эди. Шундай деб буни Элчибей ҳам таъкидлади. Тургут Ўзал ҳозир Турк Дунёси учун қаттиқ курашади, сўз берди, деди. Шунинг учун уни рус КГБ си ўлдирди, деган гап ҳозир ҳам бор. Ўша пайтда катта умид билан келгандик. Кейин Демирел қабул қилди. Сен хафа бўлма, Тургут Ўзал сенга дастак сўзи берган бўлса, Элчибей сўз берган бўлса, биз ҳам сени дастаклаймиз, деди ва бироз вақтдан кейин у президент бўлди. Аммо Демирел берган сўзида турмади. 93-йилда Туркияда қолиб мен ҳаракатни бошладим. Бир йил ичида Каримов жуда қаттиқ ноталар берди ва унинг тайзиқи остида Демирел бизни бу ердан чиқарди. Бизнинг йигитларнинг ҳаммаси Украинага кетди, мен ҳам Германияга кетишга мажбур бўлдим. Зулм тугади, дегандик. Афсуски, зулм бошланаётган экан у пайт. Аллоҳ бизни тақдиримизни шундай ёзган.
Н.М: Туркияда ўша пайтда икки минг талабамиз ўқир эди. Ўша Тургут Ўзални битимлари билан ўқишга келган ва Муҳаммад Солиҳ шу талабаларни тўплабди, деган гап чиқди-да, шу баҳона бўлди деб эштганмиз.
М.С: Айнан шундай. Каримовнинг баҳонаси ўша талабалар бўлган . Талабалар Муҳаммад Солиҳни тарафдорлари сифатида Ўзбекистонга қайтиб исён кўтаради, чунки у тарбиялаб, у юбораяпди, деган провакация қилди. Ҳолбуки, талабаларнинг жуда кўпчилиги бизнинг партиямизга алоқаси йўқ эди, лекин энг активлари албатта ўша сайлов пайтида бизга овоз берган талабалар ҳам бор эди, шулардан биттаси Паҳлавон Содиқ. Ўша Вузгородокда очлик эълон қилди бизни партияни номидан. Хайрулло Файз ҳам. Лекин Каримов икки мингта душманни мен яна Ўзбекистонга киритмайман, дея шантаж қилди Кейин, албатта, Демирел ҳам алоқаларини яхши тутишга ҳаракат қилди. Бу ҳам нормал нарса, мен ҳам Ўзбекистон билан Туркиянинг алоқалари мен сабабли бузилишини истамадим. Агар мен сабабчи бўладиган бўлсам дарров кетаман, дедим ва хоним билан кетдик. Аммо ўғлим Темур литсейда ўқир эди Анқарада ва Қизим Университетда эди. Улар бу ерда қолди, биз кетдик. Аммо расмий ўлароқ 2005-йил келдим. Ўзбекистоннинг алоқалари Туркия билан ҳеч яхшаланмади. Демак, фақат бахона эди Муҳаммад Солиҳ.
Н.М: Яъни сиз сабаб эмас экансиз?
М.С: Ҳеч қандай сабаб эмас. Туркиянинг демократик давлат экани – биринчи сабаб. Туркиядаги демократия, ҳуррият, миллатсеварлик Ўзбекларга юқмаслиги учун Каримов Туркия билан яқинлашишни истамади.
Н.М: Талабаларни ҳам қайтариб олиш Муҳаммад Солиҳ билан учрашгани учунмас, у ерни муҳитини ўрганиб қолмасин….
М.С: Албатта. Булар бу ерда юриб Туркларни бирлигини у ерга бориб ташвиқот қилмаслиги учун Турк дунёси бирлашмасин деган Русянинг стратегиясини Каримов ҳам урғулади. Яъни Туркларни бирлашувини руслар ҳеч қачон истамаган. Ўшани учун ҳам Сталин давридан бошлаб бизни сен турк эмассан, сен Ўзбексан, сен Қозоқсан, сен Туркмансан деб парчалаган. Бу сиёсатнинг давомчиси Каримов. Ва бутун турк давлатлари ичида энг катта турк душмани Каримов эди. Ва ўшани учун ҳам бу ердан бутун талабаларни қайтариб чақириб олди.
Н.М: Бу энди кейин исботини топди, деб ўйлайман. У нафақат олисдаги Туркия билан, балки қўшни туркий давлатлар билан ҳам урушди-ку!
М.С: Айнан шундай. Бунинг замирида ҳам турк душманлиги ётади. Яъни сен Ўзбек, ҳа биз Ўзбек алоҳида халқмиз, ҳеч қанақа алоқамиз йўқ туркий тил фалон деган, ўзининг ёнидаги олимларгаям шуни юқтирди ва кўпчилик биз Ўзбек миллати бўлиб шаклланганмиз, туркга алоқамиз йўқ деб. Ҳолбуки, 20-йилларгача бу ер Туркистон эди. Яъни Турклар яшаган диёр эди. Яъни 20-йилларда сен бошқа миллат бўлиб қолдингми.?
Н.М: Атилладан воз кечиш президент пайтида эди, а? Катта минбарда бизга алоқаси йўқ уни, Овропадай жойни босиб олган ваҳшийнинг авлодлари эмасмиз, деганди-ку?
М.С: Албатта, туркларга қарши, бизнинг бобокалонимиз Темур сизларни ҳимоя қилди, сизларга яхшилик қилди, туркларни янчди, деб гапирган шуурсиз турк душмани Каримов эди.
Н.М: Хўп, Туркиядаги ҳаётингиз бошланиши ҳақида гапириб турган эдингиз…
М.С: 72-йилдан бошлаб Ўзбек миллиятчилиги эмас, ўзбекчилик эмас, Туркчилик ғояси менинг шууримда устун бўлган. Зеҳниятим туркчилик билан йўғрила бошлади. Яъни 200 миллионга яқин турк бор дунёда, булар ҳаммаси бирлашиши керак деган ғоя. Яъни туркчиларнинг қизил олма деган ғояси ўша пайтда 72-73-йилларда менинг шууримга кирди ва бугунгача бу давом этаяпди. Қизил олма бутун туркларни бирлашувини рамзи ва энг кучли давлат, дунёга адолат келтирадиган ягона давлат рамзи бу. Ва бутун туркчилар қизил олма хаёли билан яшайди. 72-йилда биринчи марта эсимда бор. Тошкент Давлат Университетининг Фалсафа факултетида ўқийдиган бизнинг ҳамюрт хоразмлик Тоҳир Карим бир куни келди, дедики: Америка овозидан мен бир программада эшитдим. Туркиялик бир полковник исми Алпарслан Туркаш деди: Хитойга бориб Уйғур туркларининг ҳақларини талаб қилибди Мао Цзэдундан. Унинг ёқасидан ушлабди, туркларнинг ҳаққини бер, бўлмаса Куршодни сизга хотирлатамиз. Куршод хитойликларга қарши курашган эски қахрамонлардан бири, яъни ўша Пекинни олганлардан бири. У пайтда турклар жуда кучли эди. Биласиз: Хитой, Хитой деворини туркларга қарши қурган. Яъни турклардан қўрққанидан қурган.
У шундай бир одам чиқибди, деди. Пантуркист экан Алпарслан Туркаш деган полковник. Мен тадқиқот ўтказа бошладим Алпарслан Туркаш ва бошқалар ҳақида рус дўстларимиздан сўраб. Улар ҳам яхши ёрдам берди. Ўша пайтда Зиё Кўкалпни топдим, Исмоил Гаспринский билан қизиқа бошладим. Ва бутун туркчилар, у пайтда Жадидларнинг ҳам мен қизиққан нарсалар билан қизиққанини билмас эдим аммо. Жадидлар ҳам ўзи бутун туркчи идеология билан яшаган, яъни руслар уларни шунчаки ўлдиргани йўқ, улар ҳақиқатан ҳам рус империясига, советларга таҳлика бўлгани учун ўлдирди. Улар душман эди ҳақиқатан ҳам. Мен 70-ларда ўша душманликни бошладим. Университетда деярли ҳамфикрим йўқ эди. Адабиётни ўқирдик. Оврўпа адабиёти, ўша Жан Пол Сартр, Жемс Жойс ва бошқа ҳаммасига ўша пайтда қизиқа бошладик. Кейин Лотин Америкага ўтдик. Адабиёт борасида ҳамфикрларим бор эди. Аммо туркчилик масаласида, сиёсий масалада ҳамфикрларим Миразиз Аъзам, Чўлпон Эргаш, Рауф Парфи эди, яъни мен 86-йил Туркчилик Асосларини таржима қилганимда, 8 та одам учун қилдим бу таржимани. 8 та одамдан бошқасига бериш таҳликали эди. Зиё Кўкалпни таржима қилиш давлат жинояти ҳисобланарди ўша пайтда, чунки пантукизмнинг асосчиси у. Лекин мен уни таржима қилиб аввал Миразиз акага бердим. У матнни машинкада кўчришга ёрдам берди, соғ бўлсин. Кейин кўпайтириб ўз орамизда тарқатдик буни.
Н.М: Эсимда, биз ҳам кўрган эдик, ўқиган эдик. Ўша машинкаланган ҳолатини сал кичкина брошюрача ҳолатини ўқигандик…
М.С: Яъни бизнинг самиздатимиз Туркчилик Асослари эди. Русларники Солл Жениссиннинг китоби бўлса, бизнинг китобимиз Зиё Кўкалп китоби эди.
1-қисм: https://youtu.be/E3c6s4QMRKA
2-қисм: https://youtu.be/M0G4eIMjnHY
3-қисм: https://youtu.be/BTerDgeKa2g
4-қисм: https://youtu.be/H9R7rFYBExg
Манба: Элтуз