2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.
Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.
Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.
ЎХҲ редакцияси
* * *
Матназар АБДУЛҲАКИМ
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд
“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН
БЕДОРЛИК
Юлдузларга лойиқ исмингга
Муносибмас сўнган сўзларим.
Сенга юлдуз кашф этай десам,
Иложсиздир менинг кўзларим.
Бу орзудан воз кеча олмай
Нигоҳимни кўкка қадайман.
Иккиланмай Қутб юлдузин
Сенинг исминг билан атайман.
Бу бахтдан у чарақлаб кетар,
Ишваланиб сирли бир рангда.
Энди ҳамма-ҳамма юлдузлар
Айланади сенинг тегрангда.
* * *
ПУШАЙМОН
Иқбол бўлиб келган эди бизларга,
У софдилни синаб берганди тақдир.
Биз шўрликлар буни кечикиб билдик,
У энди бир умр биздан йироқдир.
Ҳисларни топтадик, оёқлар ёнди,
Ҳаяллаб туташди жонларга олов.
Мажруҳ ғуруримиз аянчдир энди,
Бамисли латтадан қилинган ялов.
У биз учун энди бахтли хотира,
Ўнгидан келмаган лаззатли бир туш.
Бизнинг юракларда илон бор эди,
Бизнинг юракларда яшолмасди қуш…