O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бемаврид мулоҳазалар…

Бемаврид мулоҳазалар…
287 views
02 July 2020 - 22:19

БЕМАВРИД МУЛОҲАЗАЛАР…

Фақат яхши бўлмоқ жудаям камдир,
Жуда камлик қилар яшамоқ ҳалол.
Шавкат Раҳмон

Сарлавҳа хусусида: йўқсилларнинг энг машҳур ёзувчиси Максим Горкийнинг “Бемаврид мулоҳазалар” деб номланган китоби бор. Китобга мундай ном танлашининг сабаби – у бир умр мамлакатда йўқсиллар ҳокимиятга келишини ва даҳри-дунда мазлумларнинг ҳаққи адо бўлишини истаган эди. Бироқ инқилоб натижасида шўролар ҳукумати барпо бўлгач, кўрсаки, эски золимларнинг ўрнини кечаги мазлумларнинг ўзи эгаллаб олибди. Яъни, зулм йўқолмабди, аксинча, тобора томир отиб, шох ёзмоқда экан. Балким, кечаги мазлумларнинг дилидаги қасос чанқоғи ариса, адолат ва маърифатнинг ғолиб бўлиши учун йўл очилар, деб умид қилган Максим Горкий мамлакатдаги ҳақиқий аҳвол ҳақидаги мушоҳадаю мулоҳазаларини бемаврид ўйлар, дея баҳолаб, қўйин дафтарига ёзиб қўяберган.

Мен ҳам адабиёт ҳақидаги бугунги мулоҳазаларимни, аслида, бемаврид ҳисоблайман. Одамларимиз бир парча нонига суркаш учун сарёғ, овқатига солиш учун гўшт топиш, яъники, одамга ўхшаб яшаш илинжида ўзини тўрт томонга ураётган бугунги замонда адабиёт ҳақида гапирсанг, бировлар эшитмайди, деган қатъий қарорга келганимга анча бўлган. Шу қарордан ҳалигача қайтганим йўқ. Бироқ ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ ёшларнинг, келинг адабиёт ҳақида гаплашамиз, халқ бизни тушунмаётган бўлса, аввал ўзимизни ўзимизга, кейин халққа тушунтирамиз, деган чақириғи янграб, бир-иккита мақола пайдо бўлгач, негадир кўнглим ғимирлади. Ич-ичимда бир-икки фикр-мулоҳаза уйғонди. Уларни ўзимча таҳлил қилиб кўрдим ва “балким, бу мулоҳазалар ҳам бемавриддир”, деган хаёлга бордим.

Шундай бўлса ҳам, уларнинг айримларини эълон қилмоқчиман. Мавридли бўлса, эшитадиган қулоқ топилади. Бемаврид бўлса, ўша ўзаро гаплашаётган ёшларнинг ўзига сабоқ бўлар…

***

Ижтимоий тармоқларда Қарлуқ Хон тахаллуси билан шеърларини эълон этиб бораётган Раҳмиддин Абраев исмлик йигитнинг шеърлари тўғрисида Маҳмуд Муҳиддин деган укамиз мақола эълон қилибди. Шоир ва унинг ижоди тўғрисида илиқ фикрлар билдирган. Қўлидан келганча таҳлил ҳам этган. Бироқ мақола анча бўш чиқибди. Буни унинг тенгдошлари ҳам кўриб, пайқашибди.

Менинг назаримда бугунги адабиётга энг кўп керак нарса, бу – танқид. Афсуски, мазкур мақолада танқид йўқ. Негаки, шеърни шарҳлашга уринган киши ўзини шоирдан пастроқ кўра бошласа, танқид чиқмайди. Ёзганлари аравани қуруқ олиб қочишга ўхшаб қолади. Бундай битик унинг ўзига ҳам, шоирга ҳам, адабиётга ҳам хизмат қилмайди. Аксинча, шеър таҳлили натижасида бўй кўрсатадиган танқидий фикрлар ҳар доим долзарб. Адабиётшуноснинг танқидий фикрлари эса, ҳатто, тўғри бўлмаган тақдирда ҳам, бошқаларда фикр уйғотади, шеърни тушунишга туртки бўлади.

Қарлуқ Хоннинг ҳамма шеърини ўқиганман, доим кузатиб бораман, десам ғирт ёлғон айтган бўламан. Бироқ кейинги вақтларда ижтимоий тармоқда эълон этилган бир нечта шеърига кўзим тушди. Уларни ички қувонч билан ўқидим. Табиийки, сакта жойлари ҳам йўқ эмас. Шоирнинг танқидга дош берадиган сиёғи бор, деган ишонч билан айрим кузатишларимни айтгим келди.

Кўнгил гул кабидир, айниқса,
Қизларнинг кўнгли гул кабидир.
Шу боис ошиқлар, айниқса,
Ҳароратли шеърлар ёд олар.
Мумкин-ку яшнамай қуримоқ,
Сув қуйиб турмасак гулдонга.
Энг оғири юракни тутмоқ,

Чўғ босмоқ оғирдир кулдонга.Дастлабки икки сатрда шоир ўзи янги деб ўйлаган бир ташбеҳ айтади: ҳар қандай кўнгил гулга ўхшайди, айниқса қизларнинг кўнгли. (Бу ташбеҳнинг янги ҳам, оригинал ҳам эмаслигини таъкидлаш ортиқча, деб ўйлайман.) Шеър деган санъатнинг қоидаси бўйича, матлаъда айтилган фикр ё ташбеҳ кейинги мисраларда ривожлантирилиши, кенгайтирилиши шарт. Бироқ мазкур шеърнинг кейинги мисраларида шу қоидага амал қилинмаган: ошиқлар ҳароратли шеър ёдлайди, деган жумланинг маъносини “гулдай кўнгил” ташбеҳи билан боғлаш жуда қийин. Қолаверса, тўртликнинг вазн-туроғи сакта, мусиқийлик, оҳангдорлик йўқ, қофия мутлақо келишмаган. Албатта, буларга мутлақо эътибор бермай, ҳатто, уларни атай инкор қилиб ҳам шеър ёзиш мумкин. Лекин мазкурда бу хусусиятни кўрмаймиз.

Иккинчи тўртликда “кўнгил – гул” ташбеҳи давом эттирилади: вужуд – гулдонга сув қуйиб турилмаса, гул яшнамай қуриб қолиши мумкин. Мабодо, илк тўртликдаги фикр – ошиқларнинг “ҳароратли шеърлар” ёдлашини гулдонга қуйиб туриладиган сувга қиёс этиш мумкиндир, деб ўйлайдиган бўлсак, ташбеҳнинг жуда-жуда заифлигини тан олишимиз керак. Чунки сув ва ҳарорат тушунчаларини ўзаро боғлаш қийин. Бу, худди, ўнг қўл билан чап қулоқни бошнинг орқасидан айлантириб ушлаганга ўхшайди. Анчайин ўхшовсиз чиққан.

Тўртликнинг кейинги икки мисрасида “кўнгил – гул”, “вужуд – гулдон” ташбеҳлари шоирнинг бутунлай ёдидан чиққанга ўхшайди. “Энг оғири юракни тутмоқ” – юрак ва кўнгилнинг икки сўзда ифода этилган бир нарса эканини эътиборда тутадиган бўлсак, шоир шеър сўнгида “кўнгил – гул” ташбеҳидан воз кечдимикин, деган ўйга ҳам боради киши. “Кулдонга чўғ босиш” тасвири оригинал, бироқ у кичиккина шеърнинг образлар тузилмасига деярли бегона. Бу сатрларни шеър билан боғлаб турадиган ягона ришта “чўғ” ва “ҳарорат” сўзларининг маъно жиҳатидан яқинлиги, холос…

Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари ғарб адабиётшунослигида структурализм деган адабий метод пайдо бўлган эди. Бу метод ҳар қандай адабий матнни структура деб тушунади ва унинг ички боғлиқлигини ўрганади. Ушбу метод ёрдамида чинакам бадиий асарнинг ички боғланиши жуда пишиқ, мустаҳкам ва мантиқий бўлиши исботлаб берилган эди. Юқоридаги шеърда эса ички боғланишнинг камлигини кўрдик.

Яна бир шеърда шоир “мен дарахтман, афсуски, атрофимдаги муҳит боис баргларим қовжираб боряпти”, деган ижтимоий залвори чўнг фикрни бадиий образлар қатига сингдиришга уринган. Бу образли фикрнинг оригинал эканини тан олган ҳолда, унинг сўзга кўчиш жараёни бир қатор ғализликларга эга эканини кўрсатиб ўтиш лозимга ўхшайди.

Одамлардан кўпроқ дарахтларда бор:
Муҳаббат, садоқат, меҳр ва шафқат.
Мен сиз ўйлагандай одам эмасман,
Дарахтман, дарахтман, дарахтман, дарахт!
Оёқ остидаги тупроқ йўлкага,
Болаларин қўйган ношуд отаман.
“Тўртта фасли баҳор“ бўлган ўлкада
Токай баргларимни қовжиратаман?!

Бу шеърдаги ички мантиқий бутунлик юқорида кўриб чиқилган шеърдагидан кўра кўпроқ. Бироқ “мен дарахтман” ташбеҳининг сифатлари анча оддий. “Муҳаббат, садоқат, меҳр ва шафқат” сифатларини дарахтга боғлаш анчайин “қулоғидан тортиб келинган ўхшатиш”. Қолаверса, учинчи мисра ўта ғализ. Шеър мантиғига кўра, шоир “Сиз мени одам деб ўйлаётирсиз, ундай эмас, мен дарахтман” демоқчи бўлган. Аммо “Мен сиз ўйлагандай одам эмасман” деган жумла бу маънони бермайди. Бу ерда маънонинг “Мен сиз ўйлагандай яхши (ёмон) одам эмасман” каби турли маъноларга бурилиб кетиш эҳтимоли бор.

Иккинчи тўртликда “йўлка” деган сўз ишлатилган. Ўзбекчада бунақа сўз йўқ. Йўл бор, кичик йўлни эса йўлак деймиз. “Болаларин қўйган” бирикмаси эса ўта қўпол. Айниқса, тупроққа қўйиш. Бунинг маъносини шарҳламасам ҳам бўлар. Қолаверса, йўлак оёқ остида бўлмайди. Йўлакдан юриб бораётган одамнинг оёғи остида хазонми, чўп-хасми, тошми, тиканми, чангиб ётган тупроқми бўлади. Зинҳор йўлак бўлмайди. Сўзнинг заргари бўлиши лозим саналган шоир буни билиши, ҳис этиши лозим ва лобуд. “Тўртта фасли баҳор” деган бирикма ҳам авомга манзур, хосга тўғри келмайди. Тўртта фасли баҳор дейилса, бешинчи ё олтинчи фаслнинг борлиги эҳтимолда тутилади. Бундай бўлиши эса соғлом мантиққа зид. (Катта бир шоиримиз бир вақтлар “Бешинчи фасл” деган китоб ҳам чоп қилган эди. Бундаги бешинчи фасл ибораси мантиқсизликдан мантиқ яратган ташбеҳ бўлган эди.) Шу боис “тўртта” сўзидаги “та” қўшимчаси бу ерда ортиқча. Бу қўшимча шеърга вазн талаби жиҳатидан ихтиёрсиз қўшилиб қолган, дейдиган бўлсак, шоирнинг ҳали бадиий маҳорат бобида анчагина тер тўкиши лозимлигини таъкидлашимизга тўғри келади.

Қарлуқ Хоннинг қуйидаги шеъри ҳам менга жуда маъқул бўлди. Афсуски, бу шеърда ҳам қатор камчиликлар манаман деб бўй чўзиб туради. Гўёки, чойхонада ош ошаётган вақтинг тишингга қарсиллаб тош теккани каби. Магарким ўйлаб кўрсак, гуручнинг тошини термаган ошпаз гўшт-сабзи танлашда ҳам эътиборсизлик қилган, қўлини ювмай капгирни ушлаган бўлиши эҳтимоли бор.

ТАРИХИЙ ЗАРУРАТ

Ҳар бир қум зарраси ҳатто ранглар ҳам,
Зарур пайт туғилган пайғамбарлар ҳам.

Қум зарраси нарса, жисм бўлиб, унга нисбатан зарур пайтда пайдо бўлган, дея жумла тузиш мумкин. Бу ерда мантиқ бузилмайди. Лекин қум зарраси деган сўзларга уюшадиган сўз ҳам жисмни англатиши шарт. Ранглар сўзи эса жисмни атамайди. Бу сўзларнинг ўзаро уюшиб келиши мантиқан тўғри эмас. Биринчи ўқиганда тўғрига ўхшаб туюладиган бу сатрда ботиний сакталик борлиги учун ҳам у дарровдан ўқирманнинг кўнглига ўтиришмайди. Қолаверса, пайғамбар сўзининг нарсаларни атайдиган сўзларга уюшиб келиши ҳам мантиқий сакталикдир. Аллоҳ ер юзига пайғамбарларни ўзи хоҳлаган вақтда туширади, деган исломий тушунчани тарихий зарурат тушунчаси билан алмаштириш моддиюнчилик фалсафасининг оқоваси.

“Тарихий зарурат” бўлмас эди гар,
Дунёни олмасди румлик Искандар.
Нозил бўлса эди жиҳодсиз Қуръон,
Туркийлар бўлмасди мўмин-мусулмон.
Демакки, ҳикмат бор бунда чиндан ҳам,
Сабаб топса бўлар Темучиндан ҳам.
“Мулки Туронмиз” деб туймасдик ғурур,
Зарур пайт қон тўкмай ўтсайди Темур.

“Мулки Турон” бирикмаси эса китоблардан китобларга ўтиб келаётган катта бир хато. Бу иборанинг манбаси сифатида Амир Темурнинг “Бизким, мулки Турон, амири Туркистонмиз” деган сўзлари кўрилади. Ўйлашимча, бу хатни кимдир қачондир хато ўқиган ва шу ҳолича бизнинг шууримизга кириб қолган. Менингча, Амир Темур “Бизким, малики Турон, амири Туркистонмиз”, яъни, биз Турон юртининг подшоҳи, Туркистон элининг эса амиримиз деган. Ёки бу битикни бошқача ўқиш ҳам мумкин: “Бизким, мулки Турон амири, Туркистониймиз”. Ҳарҳолда, ўзимиз ҳақимизда “Мулки Турон” – Турон мулкимиз деб ғурурланиш тўғри эмас. Ғурурланиш учун Турон мулкининг амиримиз, деб айтсак, тўғрироқ бўларди.

Тақлидга эргашар минглаб ҳавойи,

Битта “Хамса” ёзиб қўйса Навоий.Юқоридаги байтда жумла қурилиши ҳам, унинг мантиғи ҳам хато. Борингки, “Тақлидга” деб эмас, “Тақлидла” эргашар деб ёзилганида ҳам семантик жиҳатдан жумланинг маъноси тўғри бўларди. Шунда ҳам мантиқий жиҳатдан нотўғрилик йўқолмайди. “Навоий битта “Хамса” ёзиб қўйса, минглаб ҳавойи унга эргашиб кетади” дейиш Навоийни камситиш, ерга уриш, Хамсани тупроққа қориштириш демакдир. Лекин менинг назаримда Қарлуқ Хон мундай демоқчи эмас. У бунинг аксини айтмоқчи бўлса керак. Яъни, Навоий битта, унинг “Хамса”си ҳам битта, қолганларнинг ҳаммаси унга тақлид қилмоқчи бўлган ҳавойилар, демоқчи. Ҳарҳолда, мен шеърнинг руҳидан шу кайфиятни тушундим.
Энди, тасаввур қилиб кўринг, шу шеърни бошқа тилга таржима қилмоқчи бўлган мутаржим жумланинг семантик қурилишидан келиб чиқсинми ё умумий руҳидан? Бу ердаги жумла қурилишининг мисолини мақтов маъносидаги “Ёмон уста экан!” гапига қиёслаш мумкин. Мутаржим бу жумланинг мақтов маъносида айтилаётганини англаса-ку, ўз тилидан унинг муқобилини топади. Англамаса-чи? Компютер таржимон бўлса-чи!

Бобурдек қароқни ёшлаш вақти бор,
Зарур пайт Ватанни ташлаш вақти бор.

Бу байтдаги фикрларни тўғри, деб тушунадиган бўлсак, бир куни ҳаммамиз она Ватанимизни ташлаб кетамиз, деган хулосага келишимиз шарт. Ахир, бу нотўғри-ку! Ватанни ташлаш бошқа, ҳижрат бошқа нарса. Бобур шоҳлик орзусининг ортидан эргашиб, ватанни ташлади, кейин бир умр кўзда ёш билан Андижонни, ҳатто, унинг қовунлари ҳидини соғиниб ўтди. Ватандан кетишини алам билан “юз қаролиғ” деб атади. Менинг назаримда, ушбу шеърнинг, шоирнинг мен ўқиган бошқа шеърларининг умумий руҳидан келиб чиқсак, у аҳвол шу туришида давом этса, худди Бобур каби биз ҳам ҳижратни ихтиёр айлашимиз мумкин, демоқчи. Лекин ўшанда ҳам бу ташбеҳдаги сакталик шеърнинг бадииятини эзғилаб турган бўлар эди. Чунки Бобурнинг ватандан кетиши ҳижрат эмас эди. Бобурнинг подшоҳлигидан фарқли ўлароқ, ҳижратда саодат бор. Қарлуқ Хон Бобурнинг Ватандан чиқиб кетишини ҳижрат, деб атаганида хато қилган. Шу хато байтдаги тушуниксизликни келтириб чиқарган.

Ўз еринг ғанимдан қолмаскан ортиб,
Зарурат туғилса оларсан тортиб!
Жадидлар, юз йилки юзингиз қаро –
Битта гўр бермаган ҳукумат аро!

Юқоридаги байтни ҳам мутаржимнинг тўғри тушуниб, тўғри таржима қилишига шубҳа бор. Шеърни сўзма-сўз ўқиётган мутаржим “Шоир жадидларга қарата эй, жадидлар, сизларнинг юзингиз қаро, деяпти” деб тушунади. Ва тўғри тушунади! Чунки сўзлар семантик ва стилистик жиҳатдан ўзаро шундай боғланган. Ҳолбуки, шоир бундай демоқчи эмаслигини сезиб турибмиз-у, мутаржимга исботлай олмаймиз. Жуда жаҳли чиқиб кетган мутаржим ҳукумат одамлардан ташкил бўлади, унинг аъзолари бўлади, уларнинг ичида гўр бўлмайди, нега менинг бошимни оғритасизлар, деб туриб олиши мумкин.

Бўлакларга бўлиб ташланган макон,

Бугун заруратсан, Ота ТУРКИСТОН!Мен бу шеърнинг ғояси ҳақида атай ҳеч нима демадим. Чунки бу шусиз ҳам ҳаммамизга тушунарли. Ягона Туркистон ғояси бугун тарихий заруратга айланди, деган фикр аллақачон янгилик бўлмай қолди. Лекин мени хижолат қиладиган нарса шуки, шоир нега Турон ҳақида гап бошлаб, жумлани Туркистон жумласи билан тугатади?! Турон ва Туркистон тушунчалари ижтимоий-сиёсий жиҳатдан ҳам, жўғрофий жиҳатдан ўзаро тенг эмаслигини билмайдими? Туркистон ҳудуди “Мулки Турон”дан анча улкан эканини шоир укамизга эслатсак, бизга уятми, унгами? Ё у мактабда жўғрофия дарсларига қатнашмаганми?..

Хулоса ўрнида.

Тўғрисини айтсам, Қарлуқ Хоннинг кўп шеърлари менга ёқди. Бироқ уларнинг ютуқлари ҳақида гапиришни истамайман, сабаби, юқорида айтганим, бугунги адабиётга танқид керак. Адабиётимизда танқидни кўтара оладиган шоирлар қолса, эртамиздан умид қилсак бўлади. Кўтара олмайдиганлар тезроқ бошқа юмушнинг бошини тутгани тузук. Бу шоир ҳақидаги танқидий-таҳлилий фикрларимни эса шу ерда тўхтатишим ўзимга маъқул кўринмоқда. Катта бир шоиримиз бир вақтлар “мен ўзим тубига тушай бу сўзнинг”, деб айтган эди. Шундан хулоса қилсак, Қарлуқ Хон ҳам ўзи ишлатаётган сўзларнинг тубига тушиб кўрса, биз ҳали билмаган камчиликларни ҳам ўзи топади.

Қолаверса, шеър таҳлили жуда инжа, ингичка бир иш. Мутлоқ кўпчиликка жуда зерикарли ва аҳамиятсиз кўринадиган юқоридаги мулоҳазаларим, шеър таҳлилининг бир ушоғи, алифбоси десаям бўлаверади. Табиийки, алифбодан кейин ўқиш китоби, кейин жиддий асарлар, сўғинида эса адабиётнинг бугунги вазифасини қандай бажараётгани ҳақида тортишувлар бошланади.

Тасаввури тез, хаёли ўктам, руҳи баланд, шеърни яхши кўрадиган шоир укамиз Қарлуқ Хонда учрайдиган камчиликларнинг бир қисмини маҳоратнинг етишмаслиги билан, бошқа қисмини эса ҳали ёшлиги билан изоҳласак бўлади. Қунт бўлса – маҳорат эгалланадиган нарса; хоҳиш бўлса – билимнинг ўзи келади.

Мусулмон Намоз
адабиётшунос