O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бемаъни уйдирмаларни рад этаман

Бемаъни уйдирмаларни рад этаман
206 views
10 October 2017 - 21:30

БЕМАЪНИ УЙДИРМАЛАРНИ РАД ЭТАМАН

Халқим манфаати ва жамиятимизга алоқадор мавзулардан ташқари, шахсий масалаларим бўйича давлат бошлиқларига ҳеч қачон мурожаат ёзмаганман. Бундай мурожаатлар ҳам доим “очиқ хат” шаклида бўлган ва матбуотда босилган.

Аммо икки ой аввал умримда биринчи марта ўз шахсий ишим бўйича бир мактуб ёздим ва уни Ўзбекистон президентининг виртуал қабулхонасига жўнатдим.

Бугун журналист Бобомурод Абдуллаевнинг ҳибсга олиниши муносабати билан ўша мактубни истамасам ҳам чоп этишга мажбур бўляпман. Чунки Бобомурод Абдуллаевни ишини олиб бораётган прокурорнинг айбловида “М.Солих Бобомурод Абдуллаевга Ўзбекистоннинг ўлган ва жорий президентларига қарши инкилоб тайёрлашни буюрди” деган бемаъни бир жумла бор. Бу уйдурмани рад этиш учун мен ўша виртуал қабулхонага юборган мактубимни ОШКОР ЭТИШга мажбур бўлдим:

“Ўзбекистон Жумҳурияти Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга

Ҳурматли Шавкат Миромонович, умримда давлат бошлиқларидан бирор нарса истаб хат ёзмаганман. Бу сизга йўлланаётган нома ҳам на арздир, на-да илтимос хати.

Бу 27 йил давомида Каримов режими тарафидан зулмга тобе тутилган бир оила, бир уруғ ва бир миллатнинг мутавозе вакилининг поймол этилган ҳақларини тиклаш талабидир холос.

Агар сиёсатингизда баъзи ижобий силжишларни кўриб умидланмаганимда эди, мен ўз ҳақларимни ҳам талаб этмасдим. Худди 27 йил давомида Каримов режимидан талаб этмаганим каби.

Биласиз, 1991 йил Президентлик сайловларида И.Каримовга қарши номзод булиб, сайловга кирганим учун, сайловдан кейин 1992 йил май ойида Каримовнинг ҳукуматдан лавозим олиш таклифига кўнмаганим учун, ватан ва миллат тушунчаларини лавозим ва бойлик орттиришдан устун қўйганим учун Каримов мени “халқ душмани” деб эълон қилди.

1999 йил 16 февралда “Тошкент портлашлари” уюштирилди ва бунда мени айблашди. 2000 йил август ойида 15.5 йил қамоқ жазосига ҳукм этилдим. Аммо маҳкамада менга қарши кўрсатма берган ягона гувоҳ Зайниддин Асқаров 2003 йил ноябр ойида “ВВС” ва “Озодлик” радиоларига “Муҳаммад Солиҳга қарши берган кўрсатмаларимни вазир З.Алматов босими билан бердим, М.Солиҳнинг 1999 йил 19 феврал портлашларига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мен ўзбек халқидан ва Муҳаммад Солиҳдан узр сўрайман” дея бутун дунёга эълон қилди. (https://soundcloud.com/uzbek-fm-online-radio/zayniddin-asqarovning-bbc-ozodlik-va-amerika-ovozi-jurnalistlariga-bergan-intervyusidan-parcha-2003-noyabr). Бу жасорати учун Зайниддинни турмада ўлдирдилар.

Зайниддин Асқаров баёноти каби баёнотдан сўнгра ҳар қандай ҳуқуқ давлати бизга чиқарилган адолатсиз ҳукмни бекор қилган бўларди, аммо бу адолатни Каримов режимидан кутмадим.

Бугун Ўзбекистондаги ўзгаришлар матбуотда тасвирланётгани каби позитив эса, мен каби зулмга учраган минглаб инсонлар дарҳол оқланиши ва ҳақлари дарҳол қайтиб берилиши керак.

Шахсимга оид талабим шу:

1.Юксак Маҳкама тарафидан шахсимга йўналтирилган айблар бекор қилиниб, эл-юрт олдида оқланишни (реаблитация қилинишни) кутаман.

2. 1993 йил қонунсиз равишда тортиб олинган уй-жойларимни қайтариб берилишини талаб қиламан.

Ҳурмат билан 
Муҳаммад Солиҳ

Ўзбекистон Жумҳурияти ватандоши (граждани), 
Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати 
Ўзбекистон «ЭРК» Партияси ва 
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати лидери

Иловада:

1. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1999 йил портлашлар иши буйича бизнинг ҳақларимизни тикланиши талаби билан олинган Қарори.

2. Чехиядаги Прага шаҳри Маҳкамасининг Ўзбекистон Маҳкамасининг каминага йўналтирган айбловларини рад қилувчи Қарори ва бошқа муҳим ҳужжатлар.”

Бу мактуб 18 август 2017 йилда Ўзбекситон Президентининг виртуал қабулхонасига юборилди, аммо ханузгача жавоби келгани йук. Аммо бу мени Ўзбекистон раҳбариятига нисбатан тутган позициямни яна бир марта намойиш қилишимга монелик қилаолмайди.

Ҳар холда, бу мактуб МХХ нинг жиноий элитасини хавотирга солди. Чунки бу мактуб Каримов даврида узилган мухолифат ва ҳукумат ўртасидаги диалогни қайтадан тиклаш учун тамал яратиши эҳтимоли мавжуд эди. Шу боис, тезкорлик билан “Бобомурод иши” каштаси тўқилди ва унга оқ иплар билан менинг исмим ҳам тикилди.

Мен икки ўйин қиладиган биттаси эмасман. Бир қўли билан президентга хат ёзиб, иккинчиси билан унга қарши “инқилоб” тайёрлайдиган шахс эмасман ҳеч. Бу менинг эътиқодимга зид, инсоний сифатларимга бегонадир.

Мен ҳали ҳам Ўзбекистон раҳбарининг янгидан бошланган “жинлар ови”га қарши “тўхта!” дейишини ва сўз эркинлиги қурбонлари бўлган Бобомурод Абуллаев ва у балодош ўртоқлари Ровшанбек Салоев, Шавкатжон Оллоёров ва Акром Маликларнинг озод қилиниши учун ҳаракатга кечади деган умиддаман.

Муҳамамд Солиҳ

facebook.com