O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бердимуҳамедов Тошкентда

Бердимуҳамедов Тошкентда
206 views
23 April 2018 - 14:16

Бу – Туркманистон раҳбарининг Шавкат Мирзиёев расман президент ўлароқ қудратга келиши ортидан Ўзбекистонга қилаётган илк давлат ташрифи бўлади.

Расмий хабарларга кўра, Гурбангули Бердимуҳамедов бу ташрифни президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан амалга оширмоқда.

Маълум қилинишича, Туркманистон президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи дастури кенг ва мазмунга бой тарзда тузилган.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов икки кунлик ташрифининг илк кунида ўзбекистонлик ҳамкасби билан Кўксаройда тор ва кенг доирада музокаралар ўтказади.

Кейин президент Шавкат Мирзиёев билан бирга пойтахт Тошкентдаги Ашхобод сайилгоҳи расман ва тантанали равишда очиб беради.

Туркманистон раҳбари бунинг ортидан эртага, 24 апрель куни Туркманистонга бевосита чегарадош Хоразм вилоятига сафар қилади.

Туркманистон президенти Урганч туманидаги “Улли ҳовли” ёдгорлиги ва Хивадаги “Ичан қалъа” тарихий мажмуаларини бориб кўради. Бошқа маданий тадбирларда иштирок этади.

Таъкидлаш жоиз, мамлакат мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида бирор бир минтақа давлати раҳбарининг Ўзбекистонга давлат ташрифи дастури бу қадар кенг қамровли тузилмаган.

Тошкентда бирор бир Марказий Осиё мамлакати пойтахти номида сайилгоҳ барпо этилмаган.

Ўзбекистон-Туркманистон

Нейтрал ва энергия заҳираларига бой Туркманистон Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги президенти сифатида ўзининг илк хорижий давлат ташрифини амалга оширган давлат бўлади.

Худди шу ташриф чоғида бу икки қўшни мамлакат ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланган.

Томонлар, шунингдек, иқтисодий, темир йўл транспорти, келаси икки йилга мўлжалланган маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга оид меморандум ва дастурларга ҳам имзо чекишган.

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовга Махтумқулининг яқинда Ўзбекистонда чоп этилган “Элингга бахш айла” деб номланган китобини совға қилган.

Туркманистон Президенти эса, Шавкат Мирзиёевга зотдор Ахалтеки отини совға қилишгача борган.

Ўзбекистоннинг янги раҳбари бу билан ҳам кифояланмаган, орада девон-дармиён қўшнилариникига амалий ташриф билан ҳам борган.

Туркманистон яқинда мезбонлик қилган Ёпиқ иншоотлардаги V Осиё Ўйинларининг расмий очилиш маросимида иштироки баҳона яна Гурбангули Бердимуҳамедов билан гаплашиб олган.

Ўзбекистон янги президентининг айниқса, ўтган йил май ойида Туркманистонга қилган амалий ташрифи минтақавий таҳлилчиларнинг алоҳида эътиборини тортган.

Бу ташриф чоғида Ўзбекларнинг Каспийга чиқиш умидлари қайта жонланган.

Ўзбекистон раҳбари Туркманистонга сафари давомида мамлакатининг Каспий нефтини қазиб олиш ишларида иштирок этиш истагида эканини урғулаган.

Айни пайтда энергия заҳираларига бой бу қўшни давлат Ўзбекистонни ўзи муҳим муҳим минтақавий транзит йўлига ҳам айлантирмоқчи.

Минтақавий сиёсий таҳлилчилар наздларида президент Мирзиёевнинг устма-уст сафарлари манзарасида ҳам Туркманистон раҳбарининг бир ярим йил деган Ўзбекистонга амалга ошираётган илк давлат ташрифи алоҳида таҳлилга лойиқ воқеълик эмас.

Уларга кўра, бунинг бирор бир чуқур сиёсий ёки геосиёсий сабаблари мавжуд эмас.

“Менинг назаримда, Ўзбекистонга “кечикиб қилинган” ташрифнинг асосий сабаби – Туркманистонда шаклланган бир сиёсий маданият ёки ташқи сиёсат ҳам дейиш мумкин”, – дейди Францияидан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

“Биз биламизки Туркманистоннинг ташқи сиёсатдаги асосий тамойили – нейтраллик, бу биринчидан. Иккинчидан, Туркманистон Президенти Гурнбангули Бердимуҳамедов айнан Ашхободда ўтиришни ва давлатнинг ичкарисида туриб вазиятни назорат қилишни хуш кўради”.

Янги имкониятлар эшиги

Айнан Туркманистон билан иқтисодий, энергетика ва транзит соҳасидаги ҳамкорлик хусусида сўз кетганда, минтақавий экспертларнинг умумий баҳоси ана шу ягона сўзда жам бўлади.

Туркманистон газ бойлиги бўйича дунёдаги илк бешликда. Ўзбекистон эса муттасил энергия тақчиллигига юз тутиб келмоқда.

Лекин Тошкент Ашхободга хавфсизлик масаласида катта ёрдам бериши мумкин.

Туркманистон Ўзбекистоннинг нефтни қайта ишлаш заводлари учун муҳим хомашё манбаси ҳам бўла олади.

Мамлакатдаги йирик Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари ёнига энди Жиззахда ҳам улкан корхона қурилмоқда.

Четдан мунтазам ёқилғи келмаса, Ўзбекистон уларни ўз ҳолича хомашё билан таъминлай олмайди.

Туркманистоннинг Қозоғистон ва Қирғизистонга сотиладиган электр симлари ҳам Ўзбекистон ҳудудлари орқали ўтиши айтилаяпти.

Ўзбекистон бир неча йил олдин Туркман газини Хитойга етказадиган газ қувурининг ўз ҳудудидан ўтишига эришганди.

Ҳозирги ҳажми билан ҳали яна 300 йилга етадиган Туркман гази Ўзбекистон газ-кимё саноати учун муҳим.

Негаки, Ўзбекистоннинг ўз газ бойликлари келаси 30 йил ичида тугаши мумкинлиги айтиб келинади.

Мутахассисларга кўра, минтақадаги энг аҳолиси катта Ўзбекистон ўзининг энергия ва сув таъминоти хавфсизлигини таъминлаш йўлида қўшнилар қўлловига эҳтиёжманд.

Икки қўшни давлат 2011 йилда геостратегик аҳамиятга эга Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон халқаро транспорт-коммуникация коридорини барпо этиш бўйича битим ҳам имзолашган.

Амударё устида қурилган ва ўтган йил ҳар икки давлат раҳбарлари иштирокида ишга туширилган автомобиль ва темир йўл кўприклари мазкур транспорт йўлагининг муҳим қисми ҳисобланиши айтилганди.

Аммо, лекин, бироқ

Шўролар Иттифоқи ўрнида янги мустақил давлатлар пайдо бўлганига чорак асрдан кўпроқ вақт ўтганига қарамай, Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида ҳал этилмаган кўплаб муаммолар қолмоқда.

Булардан асосийлари чегара масалалари – сарҳадларни делимитация қилиш, одамларнинг борди-келдиси ва ўзаро чегарада жойлашган газ конлари масалалари бўлади.

Янги президенти Шавкат Мирзиёев қудратга келган қисқа вақтнинг ичида Қирғизистон ва Тожикистон билан икки ўртада амалда бўлган виза тизими муаммоси ўзининг ижобий ечимини топган бир манзарада, Туркманистон билан айни жараён ҳануз амалда.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги 1,65 минг км узунликдаги давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича музокаралар жараёни шу йил март ойида қайта тикланган.

26 март-1 апрель кунлари Туркманобод шаҳрида Ўзбекистон-Туркманистон қўшма ҳукуматлараро комиссияси ишчи гуруҳларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтган.

Учрашув давомида Ўзбекистон-Туркманистон Давлат чегарасининг алоҳида участкалари биргаликда олиб борилган топографик ва геодезик ишларнинг натижаси кўриб чиқилган.

Жорий – 2018 йилга мўлжалланган режа дастури асосида уларни давом эттириш бўйича келишувга ҳам эришилган.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, айнан шу муаммолар бу икки қўшни давлат ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликка тўсқинлик қилаётган асосий омиллар бўлади.

Уларнинг наздларида, айниқса, йилларки, икки ўртада амалда бўлган виза тизими масаласи ҳал қилинса, бундан ҳар икки давлат ҳам бирдек фойда кўради.

Таҳлилчилар, ўз ўрнида, мазкур муаммо президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Тошкентга сафари давомида ўзининг ижобий ечимини топишига умид қилаётган масалаларидан бири бўлади.

Уларга кўра, трансчегаравий дарёлардан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш – ҳар икки давлат раҳбарлари жадал ва жиддий эътибор қаратишлари лозим бўлган бошқа қатор муаммолар сирасига киради.

Яхши қўшничилик сиёсати

Президент Мирзиёев қўшни давлатлар билан алоқаларни яхшилашни ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан деб эълон қилган.

У ҳокимиятга келган илк кунларданоқ хусусан, Тожикистон ва Қирғизистон билан муносабатларни яхшилаш сари қадамларни қўйган.

Марҳум президент Каримов даврида Ўзбекистоннинг бу икки давлат билан муносабатлари муаммоли бўлиб келган.

Тошкент кичик қўшниларининг гидроэнергетика иншоотлари барпо этиш режаларига қарши чиққан, ўз навбатида Душанбе ва Бишкек Ўзбекистонни энергетикадан сиёсий босим воситаси сифатида фойдаланишда айблаганлар.

Каримов қўшниларни сув можароси минтақада урушга олиб келиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирганди.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек