O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бефарқлик ҳам катта бахт

Бефарқлик ҳам катта бахт
149 views
08 May 2013 - 9:36

mediumҲазрат Мир Алишер Навоийнинг бир сўзи бор: “Одами эрсанг демагилки одами, аники йўқ эл ғамидин ғами!”. Бу сўзларни Горбачев даври демократисида бошқача талқин қилганлар ҳам бўларди бизда. Яъниким, Ҳазрат Навоий “… аники йўқ эл ғами, дин ғами” деган. Аслида бу нотўғри талқин эди.

Инсоният яшаб келаяптики, нималаргадир интилиб келади. Янгиликлар эса ҳамма вақт эски турмуш тарзига одатланганлар томонидан қаршиликларига дуч келган. Масалан, бизнинг кўҳна Туркистонда ҳам XIX аср охири ва XX бошларида темир йўллари ривожланиб келаркан, ўша даврдаги муттаасибларимиз паровозларни “шайтон ароба” деб аташгача ҳам боришган. Яъни, уларни шайтон тортади ва мусулмонлар учун улардан фойдаланиш макруҳ. Лекин ҳозирда бирор жонивор тортмайдиган бунақа “шайтон аробалар” ҳаммамизнинг турмуш тарзимизга кириб бўлди ва уни биров на гуноҳ дейди ва на макруҳ.

Янги давримиздаги бизнинг Ўзбекистон ҳукумати ҳам янгиликларга душманлик қиладиган мамлакат. Бунда ҳам ҳукуматимиз қандайдир бир ўзгаришлар бўлишини истамайди. Масалан, Совет даврида порахўрлик каби иллат бўларди ва унга қарши етарлик даражада кураш олиб борилмади. Натижа нима бўлди?  Коррупция дунёнинг энг йирик давлати бўлган Советлар диёрини парчалаб ташлади. Оқибат хайрлик бўлганида ҳам майли эди, аммо бу жирканч иллат мустақиллигимиз йилларида одат тусига кирди ва мана энди, порахўрлик жиноят деб кўрилмайди, балки аксинча рағбатлантирилади. Ватанимиз бир неча йиллардирки, дунёнинг энг коррупциялашган мамлакатлари рўйхатида турибди.  Ўзбекистон ҳукуматининг янгиликларга қарши туришининг боиси ҳам мана шу коррупция. У бу ҳолатни ўзгартирмоқчи эмас ва пора билан бўлсада, кўпроқ ва яна кўпроқ бойлик ортиришни ўйлашади. Ҳаром деган тушунча ҳам деярлик унут бўлган.

Одатда одамлар ўзининг тинчини, оромини бузмасликка мойил бўлишади. Оромни эса ҳар ким ўз ўрнида, ҳар усулда топаркан. Камина ҳам ўзбекларимизни ўз оромларини бузишга кўп бора чақирганман, лекин бу чақириқлар шунчаки йўқ бўлиб кетмади, ҳаттоки кўплаб эски дўстларни собиқларга айлантирди. Кўриниб турганидек, инсон ўз шахсий ҳаётини ҳам қай бир йўналиш томон бўлсин, ўзгартиришга ҳаракат қилмайди.

Леккин бу каби тафаккур фақат биз шарқликларда бор. Ғарб кишилари тафакури эса бутунлай бошқача. Улар доимо нималаргадир интилиб яшашади. Нималарнидир ўзгартирмоқчи бўлишади. Масалан, ҳозирда Голландияда Марс сайёрасига кўчиб ўтиш истагини билдирувчи кўнгиллилардан аризалар қабул қилинаяпти. Евронюс ахборот агентлиги бу ҳақида хабар тарқатаркан, ерлик кўнгиллиларни Марсга кўчириш тахминан 2033 йилда амалга оширилишини келтириб ўтди (ru.euronews.com). Улар қайтиб келишмайди, ўша жойда қолишади. Аммо бунда ўша кўнгиллилар бўлмайди деб айта олмаймиз. Бўлишади албатта, фақат улар орасида шарқликлар бўлмайди. Бу келтирганимиз, бир мисол холос.

Ўзбек мухолифати Ўзбекистон мустақиллиги олдидан шаклланиб бўлганди ва бу сиёсий ҳаракат, ҳамда партиялар ҳам Ватанда қандайдир бир ўзгаришлар яратишни исташарди, ҳамда шу сиёсий ўзгаришлар учун кураш бошлади. Ажабланарлик томони шундаки, ўзини мухолифат билганларнинг ҳаммаси Ўзбекистондаги Каримов диктатурасига қарши турсада, бироқ бири бири билан тил топиша олмайди. “Мен сендан камми?”, ёки “Сен медан ортиқ эмассан!” деган қийшиқ бир фалсафа устунлик қилади. Натижани қарангки, Ўзбекистондаги режим гуллаб-яшанаб келмоқда ва ҳали бери ватанда бирор ўзгариш бўлмайди ҳам.

Айни шундай ҳолатни диний жамоаларда ҳам кузатиш мумкин. Уларнинг ҳаммаси дунёвий мухолифатга ва Ўзбекистон ҳукуматига қарши туришгани камлик қилганидек, бир бирларига ҳам зиддирлар. “Ҳизб-ут-таҳрир”, “Таблиғ”, “Ваҳобия”, “Нақшбандийлар” ва биров билмган, биров билмаган турли гуруҳлар. Ҳаммаси бир бирига зид, натижани қарангки, Ўзбекиистонда ҳар куни кимдир диний сабаблар билан қамоққа олинади, қамалади ва кимдир ўлади. Диний жамоалар ҳам ўз оромларини бузишни исташмайди ва ўз ўзларини алдашади: “Ҳамма нарса Оллоҳдан!”.

Камина кўп бора танқидий чиқишлар қилдим. Кимлардир буни ҳақорат деб қаради, тағин кимлардир мени дин душманига ҳам чиқарди. Лекин  бутун бошлик мамлакатларни ва халқларни дин билан бошқариш давлари узоқ таърихда қолиб кетган. Биров буни тушунишни истамайди шекилли. Бугунги давр бунақа сиёсатларни кўтара олмайди ва инсон ҳақлари масаласи олдинги планга чиқиб олган. Кимдир биров айтади: “Биз Европага келибмиз, буни Оллоҳнинг ўзи бизга раво кўрди ва биз энди динни ёйишга масъулмиз”! Балки ҳақиқатдан ҳам шундайдир, тағин бўлса, Европада Ислом динига қизиқиш ортиб бораётганлиги ҳам кузатилинади. Бунинг боисини, юқорида таъкидлаганимиздек, ғарб аҳлининг янгиликларга ўчлигидан келиб чиқиш керак. Ислом – булар учун янгилик! Бу ерлик аҳоли ғарб цивилизациясининг тараққиёти ортидан, инсонлардаги маънавият қанчалар бузилиб кетганлигини кўрпаяпти ва кўнгиллар бошқа бир янгиликни истаяпти.

Бироқ мусулмон бўлмоқлик, келгусида уларни ҳам худди биздек, ўзгалар тақлдирига бефарқ қилиб қўйиши мумкинлигини ҳозирда биров ўйлаб ҳам кўрмади шекиллик. Ҳа азизлар, камина айтаётган бу сўз сизга ёқадими, ёки йўқ, лекин биз бир биримизга бефарқ одамлар эканлигимиз ҳақиқат!  Кимнинг қозонида нима қайнаяпти, ҳаттоки шу билан ҳам ишимиз йўқ. Озодлик истаб турмаларда азоб чекаётганлар масаласи эса, иккинчи ҳам эмас, балки ўнинчи даражадаги масалалардир. Ўз оромимизни бузгимиз келмайди ва ҳаттоки бир қориндан тушган ака-укаларимиз учун қайғура олмайдиган даражадаги бефарқларга айланганмиз. Камина ёзган турли мақолаолар эса биздаги айни мана шу хислатга қарши отилган тошлардир.

Кўп ҳолларда ўзбек мусулмонлари ватанда диний ҳукумат бўлишига тарафдор эканликларини таъкидлашади, аммо бу мақсадда бирор ҳаракат қилишмайди ҳам. Шу ўринда Ўзбекистон ҳукуматидагилар ҳам намоз ўқийдиганларни беҳудага қамоққа тиқиб азоблашаётганликларни тушуниб олиш мумкин. Аслида бу намозхонларнинг давлат тузилмаларига зиён етказаётган жойи йўқ. Хатар бўлганида Европада яшаётган ўзбек мусулмонлари айни йўналишда бирор ҳаракат бошлаб юборишган бўлишарди. Таъсуфки, бунақа ҳаракат кузтилинмайди. Бу ҳол нафақат динийлар, динсизлар  ҳам худди шундай, оммавий ҳаракатсизлик кузатилинади.

Мақоламиз бошида ҳазрат мир Алишер Навоийнинг бир ўгитини келтиргандик. “Одами эрсанг демагилки одами, анингки йўқ эл ғамидин ғами”.

Алишер Навоийнинг бу пурмаъно сўзлари балки ўша даврда аъло билингандир, лекин у бугунги давримизга тўғри келмайдигандек. “Эл ғами” каби тушунча одамизотга бундан бир неча ўн йиллар олдин бегона бўлганди. Камина эса, шунча ёзишларим билан, аслида ўша ғамсизларга ҳавасим келади. Буни қарангки, дунёни сув босса ҳам тўпиғига келмайдиганлар қанчалар бахтлик инсонлардир. Ўз ўзини улар нималар биландир овута олишади, ўз ўзларига таскин бера олишдек катта бир бахтга муяссар бўла олишган.

Уларни на ватандаги адолатсизлик, на қийноқлар ва на миллатнинг юз тубан ётганлиги ҳам ташвишга солмайди ва ўз ҳаётлари, ўз оромлари билан машғул бўлишади. Бу эса инсоният цивилизациясининг эришган энг юксак маррасидир. Масалан, ўзбекни тириклайин ёқиб юборишадими, тепккилаб ўлдиришадими, қайноқ қозонда қайнатишадими, буларга бефарқ бўлиш учун ўзбекнинг камолоти қай даражада ривожланиши керак экан? Афсус, камина буни билмайман. Чунки бу даражада ривожлана олмаганман ва шунинг учун ҳам тушунтириб бера олиш имконига ҳам эга эмасман. Фақат бир нарсани аниқ биламан. Улар энг бахтиёр инсонлардир!

Тўлқин Қораев
Швеция