СИРОЖИДДИН САЙИД ХОНАСИДА БЕШ СОАТЛИК ТЕРГОВ
Ҳаммаси “Ҳамза монологи”дан бошланди.
2014 йил 25 август куни “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган Юртменбоши И. А. Каримов фармонига кўра итоатгўй фуқаро иликли суяклар билан сийланади: яъни, МХХобдан чиғириқдан ўтказиб, ваҳший диктаторга юз фоиз садоқати аниқлангандан сўнг давлат мукофолари билан тақдирланган аҳоли вакиллари рўйхати чоп этилади.
Кимларга суяк ташланди, кимлар суякдан бебаҳра қолди?
Бу гал ҳам “халқ ёзувчиси” унвонидан мосуво бўлган устоз Эркин Аъзам “Халқ сўзи”нинг олти саҳифасини қайта-қайта қора қалам билан чизиб ўқиб, фиғони фалакка чиқиб кетади; дастлаб, укахони С. Сайидга телефон қилиб унга заҳрини сочади:
–Бир кун олдин кураторинг Жамшид Арабни огоҳлантирмаган экансан-да! Сабил қолгур унвонни қачон оламан? Ўлсам кафанимга медалини тақиб, Чиғатойга элтиб кўмасанларми? Инсоф борми сенларда!
–Ака, шогирдингиз Хайриддин акани ярим кечаси ҳам огоҳлантириб эдим…
–Бор-э, садқаи одам! Садқаи биринчи ўринбосар!..
Э. А. зардаси қайнаб иккинчи қават балконига чиқади; юрагини операция қилган доктори “Жонингизда қасдингиз бўлса, тамаки чекаверасиз, ака!” деб огоҳлантиргани учун сигарет қутисини ғижимлаб қопқоғини очиб бурнига тақаб узоқ ҳидлайди. Барибир хумори босилмайди.
Кимга қандай мукофот берилгани ҳам, берилмагани ҳам – чикора!
Ўша бадбахт газетанинг мукофотдор қавм рўйхати эълон қилинган айнан ўша сонида “Қуронов” деган ғалати исмли кимсанинг Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийни ёмонотлиқ қилган ундан ҳам ғалати мақоласи босилади. Камина Алишер Навоий номидаги кутубхонада “Халқ сўзи”нинг ўша сонини витринада кўриб қолиб ўқийман. Ниҳоятда ажабландим. Устоз Э. А. каби заҳримни сочиш учун Иқболгами ё Нодиргами телефон қилмоқчи ҳам бўлдим, аммо бирпас ўйлаб кўриб уларнинг таъбини тирриқ қилишдан наф йўқлигини дарров англадим; девонга танда қўйиб олган Пароканд Мирзога уларнинг гапи ўтмайди. Агар Ҳамзани бадном қиладиган Қуронов мақоласини МХХдаги Адабиёт куратори уюштирган бўлса, Пароканд Мирзо уни бадиий муҳаррир сифатида шунчаки таҳрир қилиб, сайқаллаб берган, холос. Бирор жойига эътироз билдира олмаган, мўйловининг бир учини ямлаб ўтириб муҳаррирлик маҳоратини намоён этган, албатта.
Орадан бир ой ўтди, қирқ кун ўтди. ГПУ агентлари томонидан 1929 йил 18 март куни усталик билан фитна уюштирилиб, маст-аласт оломон томонидан ўртага олиб уриб ўлдирилган Ҳамза 2014 йил 25 август куни Юртменбоши ИАК берган пинҳона кўрсатма асосида яна маънан қатл этилади. Маънавий қатл маъракаси бости-бости бўлади, чилла ҳам чиқади. Қаъда қилиб, ўликни ўз ҳолига қўйиш керак, уни ҳадеб безовта қилмоқ ножоиздир.
Ахта қилинган Ёзувчилар уюшмасидан Ҳамза ҳимояси учун сас-садо чиқмайди. Ахта қилинган Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган бир минг бир юз бир шоир-ёзувчидан Ҳамза ҳимояси учун миқ этган товуш чиқмайди.
“Шошма, дедим ўзимга ўзим, балки ИАК кетар жафосига лақмагина халқ орасида АДОЛАТЛИ ПРЕЗИДЕНТ эди деган афсонавий ном қолдириш учун жўрттага донгдор жадид адибимиз Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийни бабовларига талатиб қўйиб, ижодкор аҳлини синовдан ўтказаётган бўлса-чи?” деб хом хаёлларга берилдим. Соддадил халқимиз каби лақмароқ шоиримиз Шавкат Раҳмоннинг овунчоқ ривояти бот-бот хаёлимда айланаверади:
Юртдан омад юз бурмиш,
шоҳ саройи – сукутгоҳ.
Кеча-кундуз ўй сурмиш
адолатли, доно шоҳ.
Юрт тўлибди гадойга,
эл аҳволи оғирдир.
Шундай чоқда саройга
қасидалар ёғилмиш.
Бари тўла ҳамд-сано,
бари ёлғон, ғамзада.
Тинглайвериб тасанно,
шоҳ бўлибди дарғазаб.
Вазирига бермай сир,
бир кун кулиб доно шоҳ,
буюрибди, қани бил,
юртда неча шоир бор…
Қулоғи вазмин, кўзи хира тортиб қолган 125 яшар туркпараст адиби аввал Ҳамза бобони бабовлар чорраҳада куппа-кундузи хомталаш қилиб тортқилаётган бўлса-ю, на унвондор, на беунвон кисфурушлар лоақал пашага ўхшаб ғинг деган ун чиқариб хатардан уйқудаги эл-юртни огоҳ этмаса-я!
Шавкат Раҳмон оғзига талқон солиб жим турармиди?
Бироқ битта шоир бор,
турланмайди ҳар жойда,
асло ўзин қилмас хор,
зиндонда ҳам саройда.
Азалий ишқ, нафратдан
Айтмоқ унга жоиздир.
Салтанатни ғафлатдан
Огоҳ қилган шоирдир…
Қўқонга бориб Ҳамза бобо уй-музейида чанг босиб ётган жулдурвоқи жандани ими-жимида жомадонимга жойлаб, Қамчиқ довонида Тиллатопди муюлишидаги чакана бозоргоҳда четроққа ўтиб куя еган зармондани ошкора елкамга ташлаб кўрсам, э-э воҳ, томиримда қадимий турк қони гупуриб кетди-ку!
Ўзим ҳам билмай қолдим, ҳойнаҳой, эски жанда ўнгурига илашиб келган жин-пин йўлдан урдими, ишқилиб, Навоий кутубхонасида уч кун чошгоҳдан хуфтонгача муқим ўтириб “Ҳамза монологи”ни қоғозга туширдим, Билгисаярда кўчириб олдим. Сўнг оқ қоғозга чиқарилган етти нухасини Ёзувчилар уюшмасига, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларига, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Халқ сўзи”га, “Маърифат”, “Ўзбекистон овози” газеталари қабулхонасига махсус элтиб бердим.
Бир ҳафтадан сўнг бир-бир йўқлаб чиқдим, бирор жойдан сас-садо чиқмади.
Кутилмаганда “Халқ сўзи”нинг бош муҳаррири Ўткир Раҳмат ўзимга телефон қилиб, уйига меҳмонга таклиф қилди. Рози бўлдим меҳмонга боришга. Хуршида янга қўлбола самарқандча палов дамлаб бердилар. Ўткир ака билан Ҳамзани бадном қилиб ёзилган мақола тўғрисида очиқ гаплашдик: “Президент девонидан туширилди бу мақола, биз битта сўзини ҳам ўзгартирганимиз йўқ, – деб тан олади Ўткир Раҳмат. – “Ҳамза монологи”ни ўқиб ҳузур қилдим, укажон. Ўзимга қолса, битта сўзини ўзгарттирмасдан жон-жон деб раддия сифатида эълон қилган бўлардим, бироқ ихтиёрим ўзимда эмас, шу учун душанба куни президент девонига мурожаат қилиб кўраман. Маъқулми, укажон?” “Хўп, – дедим. – Янга, палов учун раҳмат”, деб хайрлашдим.
Ўткир Раҳмат душанба куни ойимсупурги каби елкаси билан девон деворларига ишқаланиб Х. Султон ҳузурига юкуниб боради.
–Шунақа-шунақа, – дейди хаста товушда йиғламсираб. – Укамиз Набижон Боқий ёт унсурлар таъсирига берилибдими, нима бало, Ислом ота фармониға қарши раддия ёзибди, матбуот тўғрисидаги қонунни рўкач қилиб “Халқ сўзи”да эълон қилдирмоқчи бўляпти. Сиздан нажот сўраб келдим, Хайриддин ака! – деб саккиз саҳифа “Ҳамза монологи”ни дик этиб туриб тўнқайиб қўш қўллаб узатади.
–Ростдан ҳам олий фармонға қарши раддия ёзибдими? – деб Х. С. мўйловини ямлаб қўлёзмани олади. – Бўпти, сиз бораверинг, ўзим ўқиб кўрай-чи, фикрлашиб натижасини айтаман.
Ўткир Раҳмат орқасига тисарилиб қабулхонага чиқади.
Х. С. “Ҳамза монологи”ни қалам билан чизиб ўқийди. Бисёр ҳайратланади: Ҳамзани бадном қилиб, номини ўчириб йўқотиш кампаниясиға Отадан фатво олишдан илгари айрим нозик масалалар ҳақида ўйлаб кўрилмаган экан, афсус! Яъни, келажакда қичийдиган жойларини олдиндан қашлаб қўйилса, минбаъд зарар қилмасди. Энди шошиброқ пиширилган гўжа ошни ичмоқдан бошқа иложи йўқ. Ҳазрат Қодирий асарларини хатм қилған талабалик чоғлари уйғонган инсоният виждони устоз Эркин Аъзам қутқуси сабаб бўлиб Девонға ишга ўтганидан буён катта дахада семириб уйқуға кетган ипак қуртиға ўхшаб қолған, ўзини ҳаргиз совимаған ўликдек ҳис этар эди. Қодирий сабоқларини унутиб бўлар эканми? Виждонни Қодирий назорат қилиб турғанини унутмоқ учун ҳар куни ўзини ДАВЛАТ ИШИҒА кўмиб оларди; ҳаргиз ўзини ҳокимиятпараст Худоёрхон Ўрдасида ишлаётқан мирзо Анвар қиёфасида кўрмоқни асло истамасди. Гўрдами! “Меҳробдан чаён”нинг сарғарган саҳифалари ёд бўлиб кетган бўлса, нима қилсин ахир!
“Анвар томонидан лабига тегизилган гулдан Раъно ўзини олиб қочди:
–Ҳазил ўлсин… Сизни мирзобоши қилмоқчиларми?
–Мени ҳар бало қилмоқчилар… Лекин бўлмаған сўз.
–Нега бўлмаған сўз, шаҳарға овоза бўлған эмиш-ку!
–Мени мирзобоши таъйин қилсалар яхшими, Раъно?
–Мен қайдан билай.
–Ёмон, Раъно.
–Нега ёмон?
–Ифлос иш. Агар бошқа иш топсам, Ўрдани бутунлай ташлаб кетар эдим.
–Ифлос иш?.. Сизнинг бек поччангиз ҳам шу хизматни қилар эди-ку!
–Мен бек почча бўлолмайман, Раъно, Ўрдаға тўкилиб турған гуноҳсиз қонлар, доим теваракдан эшитилиб турған оҳу зорлар маним юрагимни эзадир, тинчлиғимни оладир. Мен мирзобоши бўлиб қолсам, бу оҳу зорларнинг, тўкулган маъсум қонларнинг ичида билфеъл сузарман. Балки бунда иштирок ҳам қиларман. Чунки хонға яхши кўриниш учун кўб ишларни унинг истагича кўрсатиш, ЗУЛМ ПИЧОҒИНИ ҚАЙРАБ БЕРИШ – ШУ МАНСАБДА УЗОҚ ЯШАМОҒИМНИНГ АСОС ШАРТИДИР. Лекин мен бундай виждонсизлик учун яралмаған ўхшайман. Мадҳу сано, олқиш ва дуо замириға яширинған зулмдан фарёд, ҳақсизликдан дод маънолариға малҳам бўлиш, албатта, маним қўлимдан келмас. Чунки соябони марҳамат виждон кенгашига қулоқ солғучи аҳмақлардан эмасдир…”
Юракка ўйиб ёзилған Қодирий ҳукмини унутмоқ учун кўкрак қафасидан бир қадоқ гўштни юлиб олиб қутурған итларға хомталаш қилмоқдан бошқа илож йўқ эди. Ҳайҳотки, девонда ишлаб юриб мўмай даромадға, ҳар турли имтиёзларға мазахўрак бўлған кисфуруш ўзи ҳам қутурған итлар галасиға қўшилиб кетганини билмай қолар экан. Во ажаб…
“Ҳамза монологи” мутолаасидан сўнг фиғони фалакка чиқиб кетади, доим камарбаста шотирларидан Салим Ашурни ҳузурига чорлайди.
–Манавини кўпайтириб бародарларға тарқатинг, ўқинглар, муҳокама қилинглар. Сўнг дўстингиз Иқбол Мирзони чақириб, унға ҳам ўқитиб, ўқиётқанда ҳолатини зимдан кузатиб ўтириб, манға доклат қиласиз. Юртменбошининг эркатойиға маним номимдан маҳрам саволлар бериб, жавоблар олғайсиз. Ўзимға ҳам икки нусха берғайсиз. Тушундингизми?
–Тушундим, – деб Салим Ашур “Ҳамза монологи”га кўз қирини ташлаб хонадан ўқдай чиқиб кетади.
Шу куниёқ Иқбол Мирзо оёғини қўлига олиб Салим Ашур ҳузурида пайдо бўлади. Уни масъул шотир рўпарасига ўтқазиб қўйиб стол устида турган “Ҳамза монологи”ни ўқитади. Кулиб-кулиб мароқ билан мутолаани тугатган Иқболга ажабланиб тикилиб ўтирган Салим:
–Бирга ёздиларингми? – деб сўрайди.
–Нимани?
–Шу монологни-да.
–Ҳазиллашманг, жўра! Набижон ака мени ақлимга ҳам, талантимга ҳам муҳтож эмас. Нега мени соавтор деб гумон қиляпсиз, ўртоқ?
–Хайриддин ака сўраяпти, – деб юқори қаватга ишора қилади. – Бирга ёзмаган бўлсангиз, жўра, Наби акага айтинг, Ҳамза монологини қаерларга тарқатган бўлса, ҳамма нусхасини йиғиштириб олсин. Хайриддин ака шунақа деяпти.
–Мен қандай айтаман? – деб сукут қилади Иқбол. – Пошёл ты сувка, демайдими?
–Шунақа дейдими?
–Ҳа. Ким бўпманки, Наби акага буйруқ берсам!
–Эмасам, нима қиламиз?
–Аканинг ўзи айтсин.
–Хайриддин аками?
–Ҳа, нима бўпти? Улар бирга ишлаган, бир-бирини йўқлаб Бағдодга, Паркентга бориб юришарди.
Салим шотир ўйланиб қолади.
–Яхши. Акага айтиб кўраман, – дейди шотир.
Ёзувчилар уюшмасининг раиси Муҳаммад Алини эртаси куни Хайриддин ҳузурига чақиради.
–Хўш, ёзувчиларнинг аҳволи қалай? – деб савол беради мирзобоши ўсмоқчилаб.
–Командировкага юборяпмиз, Ижод боғига арзон путёвка тарқатяпмиз…
–Манави исқоти ҳам Ижод боғида ёзилганми? – деб “Ҳамза монологи”ни Калбош олдига отиб юборади. – Ўқинг! – деб ўдағайлайди.
Калбош қўллари қалтираб кўзойнак тақиб мутолаа бошлайди.
Чорак соатда монологни ўқиб чиқади.
–Хўш, нима дейсиз? – деб заҳрини сочади мирзобоши.
–Бизнинг мафкурамизга тўғри келмайди, – деб сайраб юборади Калбош.
–Қанақа мафкура! Нима деб ғўлдираяпсиз ўзи?!
–Хайриддин ака, кечирасиз, буни Ижод боғида ёзилганига ишонмайман, – деб минғирлайди Калбош. У сўқимдай семириб кетган эски хотини думалатиб қўйган боласи баробар таниш амалдаорни “ака-ака”лаб эмачагини ийдириб оламан деб ўйларди, чоғи.
–Ишонасизми-ишонмайсизми, бошимни қотирманг, хўпми!
–Хўп, ака! – деб ранги бўзрайиб ўрнидан туради. – Нима қилай?
–Ёзувчилар уюшмасининг раиси сиз бўлсангиз керак, уюшмангиз чора кўрсин! Ўринбосарларингиз бор, улар билан маслаҳатлашинг, натижасини тўхтовсиз менга хабар қилинг!
–Хўп-хўп, ака! – деб Калбош букчайганча тисарилиб хонадан чиқади.
Калбош оёғини қўлига олиб уюшмага югуриб кетади; хизмат машинаси келгунча девондан “Халқлар дўстлиги” майдони рўпарасида кўп қаватли бинога жойлашган уюшмага ҳаллослаб етиб боради. Ўринбосарларини хонасига тўплайди.
–Хўш, қандай чора кўрамиз? – деб масалани кўндаланг этиб қўяди Калбош.
–Уюшмадан ўчириш керак, – деб дангал айтади биринчи ўринбосари Сирожиддин Сайид.
–Ие, яхши мақола ёзган одам дарров уюшма аъзолигидан ўчириладими! – деб ҳайратланади Ижод фондининг раиси Шаҳзод. – Мен “Ҳамза монологи” авторига текинга уч хонали квартира совға қиламизмикан деб хомчўт қилиб қўйган эдим…
–Майли, сиз ҳисоб-китобни пухта қилаверинг, керак бўлсангиз ўзимиз чақирамиз, – деб Калбош Шаҳзодни мажлисдан чиқариб юборади.
Иқбол муғомбирона гап бошлайди:
–Биз бу ёқда Наби акани уюшма аъзолигидан ўчириб юборсак, у яна “Дунё ўзбеклари”да “Ҳамза монологи”нинг давомини эълон қилиб юборса, нима бўлади? – деб мийиғида кулиб қўяди.
–Монологнинг давоми ҳам бормикан? – деб ваҳима аралаш сўрайди Калбош.
–Худо билади, – деб мужмал жавоб беради Иқбол.
–Давоми бўлмаса керак, – дейди найнов умидвор бўлиб.
–Давоми “Дунё ўзбеклари”да чиқиб кетса нима бўлади? – деб савол беради Калбош.
–Халқаро шов-шув кўтарилса, уюшма-девон орасидаги мажора шахсан Юртменбошининг қулоғига етиб бориши мумкин, – деб тусмол қилади Иқбол.
–Етиб бормас, – деб умид билдиради найнов. – Хўп, етиб борса нима бўларди?
–Нима бўларди, ташкилий масала кўрилади-да!
–Йўғ-э! – деб сапчиб туриб кетади Калбош. – Амир Темур ҳақида тетрология ёзиб, бурнимни тортиб ишдан ҳайдалиб кетавераманми!
–Битта сиз эмас, ҳаммамиз ишдан кетсак ҳам осон қутилган бўламиз, – деб кўнгилларга ғулғула солади Иқбол.
–Нафасингизни иссиқ қилинг, Иқбол жўра! – деб норозилик билдиради найнов.
–Бўпти, мен айтдим-қўйдим-да, – деб кулимсирайди кечагина ёмон туш кўрган шоир. – Лекин нуқул қора туш кўрадиган бўлиб қолдим.
–Қанақа туш кўрдингиз, Иқболжон, – деди Калбош ялинчоқ оҳангда.
–Юртменбоши тўсатдан ўлиб қолар эмиш…
–Астағфируллоҳ!
–Астағфируллоҳ!
–Худо сақласин, илойим, дунё тургунча турсинлар! – деб кўкрагига тупуриб қўяди иримчи шоир. – Барибир иссиқ жон бир куни ўлади, шу учун ҳар эҳтимолга қарши “Ёдингиз ёдимдатур” деган марсия ёзиб қўйдум.
–Йўқ-йўқ, Юртменбоши дунё тургунча турсин! Тушингизни фақат сувга айтинг, асло сиртингизга чиқарманг, Иқболжон, ҳаммамизнинг бошимиз кетади-я! – деб Калбош жадал бориб қўш қаватли эшигини очиб, йўлакда одам бор-йўқлигини текшириб қайтади. – Ўртоқлар, бўпти, мажлисимизни ёпиқ деб эълон қиламан.
–Худо хоҳласа, Юртменбоши дунё тургунча турадилар! Мен ҳар куни хуфёна ўқийдурғон бомдод намозим адосида Парвардигори оламдан Ислом Абдуғани ўғлиға абадий ҳаёт тилайман, – дейди биринчи ўринбосар тантанавор оҳангда. – Зеро, эгаси бор юртнинг эртаси бордир.
–Илойим, тилакларингиз ижобат бўлғай! – деб Калбош юзига фотиҳа тортади. – Иқболжон, нега сиз юзингизга фотиҳа тортмаяпсиз? – деб шубҳали боқиш қилади.
–Абадий ҳаёт у ёқда бўлади, – деб Иқбол бошмалдоғи билан осмони фалакка ишора қилади ва муғомбирона кулиб ҳам қўяди. – Менимча, сизлар Юртменбошини тезроқ дорилфанога равона бўлишини истайсизлар, шекилли.
–Йўқ-йўқ, асло ундай бадбин ниятимиз йўқ!
–Астағфируллоҳ!
Учови ҳам бир-бирига шубҳали қараб-қараб, бошларини сарак-сарак қилади.
Ахийри ўринбосарлар бир-бирига мулозамат қилиб Калбош хонасини тарк этади.
Кейин нима бўлади?
Ажойиб кунларнинг бирида қўл телефоним жиринглади.
–Лаббай.
–Мен Ёзувчилар уюшмаси Кадрлар бўлимининг бошлиғи Дилбар опангиз бўламан, – деди ёғли овоз.
–Хўп, Дилбар опа, эшитаман.
–Набижон, сизни Раис Муҳаммад Али сўраяпти. Қачон бир келиб кетишга вақтингиз бўлади?
–Тинчликми? Калбошда мени ишим йўқ.
–Унақа деманг-да! Раис сизни ҳурмат қилади.
–Мен унинг ҳурматига қўйиб қўйганман, шунақа деб айтинг Калбошга!
–Майли, лекин атайлаб ўзи таклиф қиляпти, қачон вақтингиз бўлади?
Анчадан бери кўчага чиқмаган эдим, “Раис бува солномаси” номли буюртма китоб тарҳини бичиб бўлдим; энди Сўтак номидан ёзиб қўйганим Сўзбошини таҳрир қилиб, уч-тўрт кун мияга дам беришим лозим. Кейин қора сувоқни бошлайман.
–Яхши. Икки кундан кейин соат 15 атрофида уюшмага бораман, – дедим.
–Вой, раҳмат! Кутамиз, – деб қолди МХХ воқеанависи Дилбар хомсемиз.
Айтган вақтимда Уюшмага бордим. Қабулхона вазифасини бажарадиган салонда ўтирган қизлардан Раис хонасига киришга изн сўрадим.
–Олдиларида одам бор, – деди котиба Барно. – Бирпас кутиб туринг.
–Бўлмаса, мен Иқболни хонасида бўламан.
–Иқбол ака Сенат йиғилишига кетган, – деди Барно.
Пештахтага энгашиб:
–Устоз Рауф Парфи “Барно бону” туркумини сизга бағишлаганми? – деб сўрадим паст товушда.
–Ҳа. Нимайди?
–Тўлапберган Қаипберганов сизни кимга олиб бермоқчи бўлган эди?
–Билмасам, – деб ерга тикилди котиба. – Куёв билан учрашмаганман.
–Ўшанда рози бўлганингизда ҳозир тўнғич болангиз мактабга борган бўларди, –дедим кулиб. – Ерга ҳам етилган пайтида уруғ ташлаш керак. Ердан нами қочса уруғни кўкартирмайди.
–Қўйинг, уялтирманг.
–Ботаника илмининг нимаси уятли экан?
–Алдоқчи! Одам анатомиясидан илмоқли гап қиляпсиз-ку!
–Ў-ў-ў… Сирож хонасидами?
–Хонасида.
–Салом-алик қилиб чиқаман.
Ўнг томондаги хонага кирдим.
Сирожиддин Сайид эшикка тескари ўтирган бир йигит билан гаплашиб ўтирган экан; ўрнидан туриб келиб мен билан сўрашди, дивандан жой кўрсатди ва бир пиёла чой қуйиб келиб мулозамат қилди.
Эшикка орқа қилиб ўтирган йигит ҳолатини ўзгартирмади.
Сирожиддин гапни мухтасар қилди:
–Яхши. Бу масалади алоҳида учрашамиз, – деб ўрнидан турмасдан хайрлашди.
Бегона йигит ўрнидан туриб эшик томон йўналганда силлиқ башараси менга таниш туюлди: у кўз қирини ташлаб, бош силкитиб қўйди. Қаердадир кўрганман уни… Бўлди, эсладим: устоз Тўра Сулаймоннинг невараси Бекзод уни Дўрмондаги дала-ҳовлимга атайлаб олиб борган ва: “Оғайним бўлади. Эркин Воҳидов шеърларини дикторлардан ҳам жарангдор этиб ўқийди”, деб таништиради. Энсам қотади: “Дикторлар шеър ўқишни билмайди-ку!” дейман. “Телевидениега ишга кириб, адабиёт тўғрисида муаллифлик кўрсатуви қилмоқчиман”, дейди силлиқ йигит. “Боринг, қилаверинг, менга нима! Мен умуман телевизор кўрмайман”, дейман. “Танишларингизга тавсия этсангиз”, дейди уялинқираб. Баттар энсам қотади: “Мен танишларимга бир-иккитасини тавсия этганман, аммо улар телевидениега ишга кириш ўрнига телевидениеда ишлайдиган учар бўйдоқлар қўлига тушиб фоҳиша бўлиб кетган. Сизни тавсия этсам… соқолингиз йўқ экан-ку!” деб Бекзодга қараб жилмайаман. Бекзод гап пайновини пайқаб хахолаб юборади… Бесоқол бу нусха аввал-бошдан кўзимга шубҳали кўринган эди: МХХ идорасида ишламаса ҳам ўша идоранинг айғоқчиси эканини яққол билдирадиган тамға бор эди башарасида. У Бекзод билан қанақасига оғайни бўлиб олган экан, ҳайронман.
Ўша нусха сирғалиб келиб энди Сирожиддин билан астойдил ҳамкорлик қиляпти, шекилли.
Биз у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик. Сирожиддин ташқарига чиқиб чой дамлаб қайтди. Негадир ҳадеб кўзларини пирпиратиб, иссиқ-иссиқ чой қуйиб мулозамат қиларди.
–Чойнакни менга яқинроқ жойга қўйиб қўйинг! – дедим унинг мулозаматлари эриш туюлиб. – Ўзим қуйиб ичавераман.
Чойнакни диван рўпарасидаги столга келтириб қўйди.
–Мана, бемалол қуйиб ичаверинг, мен ҳозир, – деб ташқари чиқади Сирож.
Ажабо, биринчи ўринбосарнинг анави бесоқол айғоқчига қандай алоқаси бор экан?
Кўзларини пирпиратиб Сирожиддин хонасига қайтиб киради. Хаял ўтмай уч-тўрт варақни кўтарганча қўллари қалтираб Калбош – Муҳаммад Али кириб келади. Шу пайт телефонимга шошилинч келган smsни ўқиб ўтиргандим: “Сиз ўшами? Бохабар бўлинг!”
–Сиз Дўрмон Ижод боғидан чиқиб кетганмисиз? – деб сўради Калбош тепамга келиб.
Бошимни кўтарсам, тепамда Калбош қўлини чўзиб турибди. Ўрнимдан турмасдан сўрашдим.
–Ҳа, анча бўлган, – дедим.
–Нега чиқиб кетдингиз?
–Талмовсираяпсизми?
–Нега унақа деяпсиз?
–Боғ директори Абдусатторни ҳар куни икки мартадан дачамга юбориб ҳоли-жонимга қўймадингиз-ку!
–Йўқ, мен юбормаганман, – деб қош устига кўтарилган кўзойнагини қаншарига тушириб, ушлаб турган қоғозларни варақлаб кўздан кечира бошлади.
–Ёлғон гапирмаётган бўлсангиз, нега қўлларингиз қалтираяпти?
–Қўлларим эмас, қоғозлар қалтираяпти.
–Ҳм-м…
Калбош каловланиб Сирожиддин томон юзланиб:
–Юринг, анави масалани ҳал қилайлик, – деб эшик томон йўналади.
Биринчи ўринбосари унга юкунади.
–Мен олдингизга кирмоқчи эдим-ку! Нима қилай?
–Ҳозир, – деб пўнғиллайди Калбош.
Найнов кўзларини пирпиратиб валинеъмати кетидан эргашади.
Smsни Барно бону юборган бўлса керак деб тусмол қилдим-у, лекин у илгари уюшмага Одил Ёқубов раис бўлган даврда КГБ агенти эканини, кейин Жамол Камол раис бўлган даврдан бери МХХ агенти бўлиб олганини кўпчилик тусмол қиларди. Агент “Бохабар бўлинг!” деб хавф-хатардан огоҳлантириши мумкинми?
Пиёламдаги чойни янгилаб диванга ўтирган чоғим эшик очилиб барваста икки йигит бирин-кетин: “Мумкинми?” деб рухсат сўраб хонага кириб келди.
–Келинглар, – дедим. – Хонанинг эгаси ҳозир келса керак. Ўтириб туринглар, – деб рўпарамдаги Т шаклидаги столларнинг пойгаҳ томонига ишора қилдим. Улар Т пойчасининг икки ёнидаги стулларни мен тарафга қаратиб ўтиради; қирқ ёшлар чамаси бўлган новчароғи тепароққа ўтиб стулга ўтиргач,чарм папкасини стол устига қўйиб:
–Набижон ака, биз қаердан келганимизни пайқаган бўлсангиз керак, – деди ўктам товушда.
–Сирожнинг кўзлари пирпирашидан, Калбошнинг қўллари қалтирашидан қўтонга қашқир оралаганини сезиб ўтирибман, – дедим кулимсираб.
–Сиз билан самимий суҳбат қилмоқчимиз, Набижон ака.
–Тергов қилмайсизларми?
–Тергов қиладиган бўлсак, сизни бошқа жойга чақирган бўлардик.
–Хўп, эшитаман. – Ўрнимдан туриб улар тирсакларини тираб ўтирган столда турган чойнакдан пиёламга чой қуйиб ўтирдим. – Иссиқ чой бор, ўзларинг қуйиб ичиб ўтиринглар.
–Раҳмат.
–КГБ архивида бир йилдан ортиқроқ ўтириб ишлаганман. Матбуот гуруҳининг бошлиғи подполковник Александр Николаевич Благородов мен тушунмаган ҳар қандай саволимга профессионал чекист сифатида малакали жавоб берарди, агар ўзи жавоб тополмаса, маълум вақтдан кейин албатта жавоб топиб қўярди. Албатта, махфий масалаларга дуч келиб қолса, узр сўраб, қўлларини икки томонга ёйиб юборарди. Айтмоқчиманки, ГПУ-НКВД-КГБ-МХХ идорасининг моҳият-эътиборини вертикал ва горизонтал ҳолатда яхшигина ўрганиб чиққанман.
–“Қатлнома” китобингизни биламиз… Сизга гувоҳномамизни кўрсатиш шарт бўлмаса керак, – деди бамаънироқ ходим. – Мен ўзим Тошкент вилоятиданман. Исмим Рустам. Бу йигит Жамшид, бирга ишлаймиз.
–Яхши, – деб Жамшидга тикилиброқ қарадим. У йиртқич ҳайвондек қадалиб қараб ўтирарди боядан бери. – Жамшид, сизга ўхшаган қиёфаларни мен дарров эслаб қоламан. – Киприк қоқмай кулимсираб бирпас унга қараб ўтирдим. – КГБ архивида буюк зотларни тириклай еб юборган одамхўрларни ҳам кўрганман.
–Лекин МХХ ҳозир КГБдан кескин фарқ қилади, – деди Рустам.
–Жамшид, нима дейсиз? Шу гап тўғрими?
–Устоз айтяптилар, тўғри.
–Ўзингиз ишонмайсизми? – деб сўради Рустам жонланиб.
–Мени ишонгим келяпти, лекин Жамшид қўрғошиндек нигоҳи билан одамни тешиб юборгудек тикилиб ўтиргани учун шубҳаланиб қолдим.
–Йў-ўқ, ака, гапларингизни диққат билан эшитиб ўтирибман, – деди Жамшид хижолат бўлиб.
–Ҳазиллашдим, – дедим кулимсираб. Аслида, ҳазиллашмаган эдим.
–Бизда сўз эркинлиги борлигига ишонасизми? – деб риторик саволни ўртага ташлади Рустам.
Боядан бери гапларининг мазмунидан эмас, оҳангидан астойдил “амри маъруф” қилмоқчи эканини пайқаган эдим.
–Юз фоиз ишонмайман-у, лекин…
–Албатта, Европада ҳам бирорта мамлакатда юз фоиз сўз эркинлиги йўқ, – деб сўзимдан илдириб олди Рустам. – Бизда эса амалда сўз эркинлиги бор.
–Йўғ-э! – дедим баралла ишонқирамай.
–Ҳа!
–Ҳазиллашманг!
–Ҳозир мен сизга исботлаб бераман.
–Қани-қани.
–Телевизор кўрасизми?
–Йўқ. Ашқол-дашқолларимни Сулаймон Раҳмоннинг дала-ҳовлисига обориб ташлаганман. Ҳаммасини Зуҳриддинга сотсам керак.
–Майли. Олдин кўрармидиниз?
–Ҳа.
–“Тошкент” каналини ҳафтанинг маълум кунлари прямой кўрсатув бўлади. Унда навбати билан Тошкент шаҳар туманларининг ҳокимидан бошлаб барча масъул раҳбарлари студияга ўтқазиб қўйилади. Шу ернинг ўзида студиянинг уч-тўртта телефони шаҳар аҳолисининг шикоятларини қабул қилиб олади. Саволлар ҳокимга ё тегишли раҳбарга пешма-пеш етказиб турилади. Масалан, бирорта дом-уйда иссиқ сув келмай қолган бўлса, муаммо шу заҳоти ҳал этилади. Йўл-пўлда камчилик бўлса, у ҳам дарҳол тузатилади. Хуллас, икки соатли кўрсатув давомида шаҳарликларнинг юзлаб муаммоси ҳал этилади. Аҳоли сўз эркинлиги самарасидан амалда баҳраманд бўлади. Хўш, сўз эркинлиги бундан ортиқ тантана қиладими?! – деб Рустам кибор қиёфада ҳар ёнга разм солади.
–Лекин Ўзбекистон фақат Тошкент шаҳридан иборат эмас-ку! – деб эътироз билдираман.
–Демак, Тошкент каналида жорий этилган сўз эркинлигини республиканинг бошқа шаҳарларига ҳам тезроқ тақдим этиш керак.
–Шошманг, республика аҳолисининг қанчаси шаҳарда яшайди? Қирқ фоизими?
–Ҳозир халқимизнинг ярми шаҳарда яшаса керак, – деб тусмол қилади Жамшид.
–Ярми-чи?.. Қишлоқ аҳолиси қачон сўз эркинлигидан баҳраманд бўлади?
–Одамларнинг ўзлари ташаббус кўрсатиб ҳар бир туман марказида телестудия ташкил этиши керак-да! – дейди Жамшид.
–Аста-секин туман газеталари ёпиляпти, телестудияни маҳаллий бюджет молиялаштирадими? – дедим талмовсираб.
–Ҳозирча мамлакатимизда эллик фоиз сўз эркинлиги қарор топса ҳам ўтиш даври учун етиб ортади, – деб Рустам кўнгилларимизни хотиржам қилади.
–Ўтиш даври чорак аср давом этиши мумкинми? – деб илмоқли савол ташладим.
–Бизда барқарор тинчлик бор, ака. Яқинда Москвадан ФСБ зобити биздан тажриба ўрганиш учун бир ойлик командировкага келди. Уни четроқдаги меҳмонхонага жойлаштирдик. Мен баъзан кечки овқатни бирга қилардим, уйга қайтишимдан олдин кўчаларда, хиёбонларда сайр этардик. Шундай пайтлари: “Ҳатто Москвада ҳам кечки соат ўндан кейин кўчага чиқиб бўлмайди, ё ўғрилар тунаб кетади, ё гейлар зўрлаб кетади!” деб ҳаётимизга ҳавас қилади, – деди кўзлари чақнаб.
–Бизда майда ўғрилар ҳам, гейлар ҳам ҳокимият тизимига жойлашиб олган-ку! – деб кулдим.
–Э-э оласиз-да лекин! – деб бош чайқайди Рустам. Сўнг: – Муҳаммад Солиҳни танийсизми? – деб гапни бошқа томонга буради.
–Ҳа, яхши танийман, у ҳам мени танийди.
–У қанақа одам?
–Яхши одам.
–Ростдан сўраяпман.
–Ростдан айтдим мен ҳам.
–Ҳм… Хотинбоз дейишади-ку!
–Бу хотинларнинг гапими ё МХХ хулосасими?
–Оператив ва агентура маълумотлари шундай. – Рустам бирма-бир аёлларнинг номларини айтади.
Елкамни қисиб қўяман, холос.
–Муҳаммад Солиҳ табиатан ҳасадчи эмасми?
Кулгим қистади. Индамадим.
Рустам ўзининг бемаънироқ саволини асосламоқчи бўлади:
–Учта фарзандим бор. Катта қизим еттинчи синфда, ўртанчи ўғлим келаси йили боради мактабга. Кичик қизим боғчага боради. Август ойида аяси билан болаларни Ипподром бозорига олиб бордик. Катта қизимга қишки кийимлар олдик. Йўл-йўлакай овқатланиб уйга қайтдик. Машинани гаражга қўйиб, уйга кирсам кенжа қизим тўполонни бошлабди. Ҳайрон бўлиб: “Тинчликми, аяси?” деб сўрадим. “Опаси янги пальто олгани учун ҳасад қиляпти, куйканак!” деди аяси. “Бўпти, қизим, маош олишим билан Ипподромга бориб сенга ҳам ўзингга ёққан янги ипальто олиб бераман”, десам кўнса кошкийди… Ана, кўряпсизми, ҳасад одам боласининг қонида бор, ака!
–Мумкин, мумкин, – деб тасдиқладим. – Аммо Муҳаммад Солиҳ кимга ҳасад қилиши мумкин?
–Ўзи билади кимга ҳасад қилишни.
–Бировнинг бўйига ҳасад қилмаса керак, чунки Худо унга бўйдан берган. Бировнинг асбобига ҳам ҳасад қилмаса керак, боя ўзингиз бир туркум урғочиларни санаб бердингиз, навбатлари келгунча орқасидан пойлаб юришар экан-ку! Шундайми?
Рустам бош чайқаб заҳарханда қилади:
–Ҳозир ёши бир жойга бориб қолган, унақа ишлардан тийилган бўлса керак, – деди тусмолдан. – Лекин ҳасадчи эканини аниқ биламан, – деди ишонч билан.
–Ростданми?
–Бўлмасам-чи!
–Хўш-хўш…
–Отага ҳасад қилади, – деб менга маъноли тикилиб қолди.
–Йўлдош Охунбобоевгами? Усмон Юсуповгами? – дедим талмовсираб.
–Йўғ-э! Ўзимизнинг Отага ҳасад қилади.
–Диктатор ҳам Ота бўлиши мумкинми? – дедим ажабланиб.
–Нега унақа дейсиз?
–Конституцияни хоҳлаганча бузиб, хоҳлаганча ҳокимиятни эгаллаб ўтирадиган одам диктатор бўлмаса, ким диктатор?
–Биз Отанинг қадрини жойига қўйишимиз керак, ака.
–Сиз Миллий хавфсизлик хизматида зобит экансиз-а? МХХ миллат хавфсизлигини таъминлаши керакми ёки фақат битта Шахс ҳокимиятини қўриқлаш учун жонини жабборга бериши керакми?
–Ота миллат хавфсизлиги кафолатини ўз зиммасига олган. Биз миллат деганда Отани, Ота деганда миллатни тушунамиз, – деди Рустам ишонч билан.
–“Тинч Дон” муаллифи М. А. Шолоховга Нобел мукофоти берилганда Швеция пойтахтида тантанали маросимда нутқ сўзлаганда айнан сизнинг гапингизни айтган.
–Нима деган?
–Бизда адабиёт эркин, сўз эркин, биз ёзувчилар доим юрагимиз буюрганини ёзамиз. Юрагимиз эса партияникидир!
–Тўғри айтган экан-ку!
–Ҳа. Тўғри айтган. Компартиянинг қули эканини очиқчасига тан олган.
–Э-э, дарров гапни бу ёққа буряпсиз-да!
–Ўзингиз нима демоқчи эдингиз?
– Бўпти, Муҳаммад Солиҳ Отамизни диктатор дейди. Тўғрими?
–Бутун дунё ИАКни диктатор дейди.
–Ўзи-чи, диктатор эмасми?
–Муҳаммад Солиҳми?
–Ҳа-да.
–У ҳали давлат раҳбари бўлгани йўқ-ку, қанақасига диктатор бўлиши мумкин?
–“Эрк” партиясининг қачондан бери раиси?
–Ташкил топганидан бери.
–Бўпти-да! Ота ҳам Ўзбекистон мустақил бўлганидан буён президентимиз.
–Партия раиси билан мамлакат президенти ўртасида ер билан осмонча фарқ бўлса керак, менимча. Ё Ота “Эрк” партиясига ҳам бир-икки муҳлат раис бўлиб кўрмоқчимикан?
–Йўқ, униси ҳам, буниси ҳам ЎТИШ ДАВРИда раҳбарликни қўлдан бергиси келмаяпти, холос.
Кулиб юбордим.
–Туркияга борганингизда Муҳаммад Солиҳ билан учрашдингизми? – деб Рустам гапни яна бошқа томонга буради.
–Кўришган бўлсам ҳам, кўришмаган бўлсам ҳам мен сизга ҳисоб бермайман. Мен доносчик эмасман.
–Ҳисоб беринг деяётганим йўқ, шунчаки сўрадим, холос. Донос қилинг демаяпман.
–Ўзбекистон “Интерпол”га буюртма бериб Муҳаммад Солиҳни 2001 йилда Прагада тутуқлатди. Шундайми?
–Шундай.
–Прага шаҳар суди Муҳаммад Солиҳни оқлаб озод қилиб юбордими?
–Прага шаҳар суди адолатли ҳукм чиқармади, – деди Рустам хафа бўлиб.
–Ишқилиб, Прага шаҳар судининг ҳукми бирор жойда олий суд томонидан бекор қилинмаган.
–Бизнинг “Интерпол” Муҳаммад Солиҳни ҳамон қидирув рўйхатидан олиб ташламаган.
–У Туркияда ошкора истиқомат қиляпти-ку! Тўғрими?
–Тўғри-ку, лекин олдин муносабатларимиз яхши эди, кейин Муҳаммад Солиҳ туфайли ўртамизга совуқчилик тушди, – деб изоҳ беради Рустам.
–Бироқ Ўзбекистон билан Туркия ўртасида имзоланган “Абадий дўстлик” шартномаси бекор қилинмаган. Ўзаро совуқчилик ҳеч қандай қонуний кучга эга эмас.
–Бирга суратга тушган экансиз-а?
–Нима бўпти?
–Ҳеч нима.
–Қўлингизда бирга тушган суратимиз борми? Агар МХХ фолбинлари тусмол қилаётган сурат ихтиёрингизда бўлсайди, Калбош билан Пароканд Мирзо (Х. С.)нинг дод-войлари бўйича мени алдаб уюшмага таклиф этиб қўрқитиб ўтирмасдингиз, балки Қодирийлар тириклайин ёқиб юборилган жаллодхонага чақиртириб, ё чақимчиликка кўндирардингиз, ё тўппа-тўғри Жаслиққа жўнатардингиз. Тўғрими?
–Йўқ, биз сизни ҳурмат қиламиз, сиз билан самимий суҳбат қилиш учун ўзимиз уюшмага келдик.
–Бирорта айбимни топиб, результат қилмайсизларми?
Ўртага сукунат чўкади. Саволим жавобсиз қолади. Демак, сукут – аломати ризодир.
–Ҳозир нима ёзяпсиз?
–Буюртма китоб ёзяпман.
–Буюртма пулини ким тўлайди?
–Келажак.
–Ким-ким?
–Сизлар ишонмайдиган келажак тўлайди.
–Биз ҳам ишонамиз буюк келажакка.
–Сизлар, хойнаҳой, келажаги буюк давлат деган сафсатага унчалик ишонмасаларинг керак.
Жамшид ўтирган жойида илон чаққан одамдек тўлғонади; мени тилка-пора қилиб ташлашга шайланиб турган йиртқич ҳайвон қиёфасига киради.
Интелект даражаси юқорироқ бўлган Рустам ўзини нордон гапимни эшитмаганга солади.
–Бундан кейин ёзадиган асарингизни мана шу Жамшид шогирдимга ўқитиб олсангиз, майлими?
–Асарни Жамшид тушунармикан?
–Тушунишга ҳаракат қилади. Керак бўлса, бирорта нашриёт билан гаплашиб китобингиз чиқишига ҳам ёрдам беради.
–Мен китобларимни нашр этмоқчи эмасман-ку.
–Нега?
–Ҳамма нашриётда МХХ айғоқчилари раҳбар бўлиб ўтирган бўлса, мен аҳмақ бўлиб уларнинг жирканч даргоҳига қўлёзмамни кўтариб бораманми?
–Асарларингиз китоб бўлиб чиқмаса, нега ёзяпсиз?
–Аллақачон палағда этиб қўйилган авлод учун асар ёзмайман-ку.
–Ҳмм… – деб МХХ зобитлари бир-бирига қараб олади.
–Унвон илинжида ич-этини кемириб, пойга ўйнаб юрган хашаки қаламкашлар чоп этишни мўлжаллаб асар ёзади.
Ноқулайроқ сукунат чўкади.
–Ҳмм… Муҳаммад Алини ким уюшмага раис этиб қўйган? – деб сўради Рустам.
Елкамни қисдим.
–Қаерда яшаяпсиз?
–Касофатларинг билан Дўрмон Ижод боғини ташлаб чиққан бўлсам-да, лекин ёр-оғайнилар бошпана бериб турибди.
–Муҳаммад Али яхши ёзувчими ўзи?
Яна елка қисдим.
–Энам раҳматли доим “Ўрисга ўхшаб елкангни қисма!” деб танбеҳ берарди. Ўзи 1937 йилда Тошкентдан юк вагонда Қўқонга келгунча уч-тўртта тирик ўрисни кўрган, холос. Икки марта елкамни қисганимдан сўнг энам эсимга тушиб кетди.
–Кулак қилинганмиди? – деб илк бора савол беради Жамшид.
–Шунақа, шекилли. Тошкентнинг Бектемир шаҳарчаси яқинида Қўқоновул деган қишлоқда ўн йил сургунда яшаганлар.
–Бечоралар.
–Каттам (бобо) бечора эмас эди. У атеист раис-паисларни дангал “Отқулоқ!” деб сўкиб юбораверарди. Қишлоқ мозорида шайх бўлган, гўрков ҳам ўзи эди. Тарихчи домлам Мамарайим Раҳмонов каттамни яхши таниган экан.
–Қўқоновулдами?
–Чуваланчида.
Улар кўз уриштириб телефондан соатларига қараб олади.
Мен қўлларимни кўкракда чалиштириб хотиржам уларга қараб ўтирардим.
–Қайси хизматлари учун Муҳаммад Али Ёзувчилар уюшмасининг раиси этиб тайинланган? – деб сўради Рустам.
–Калбош шахсияти юзасидан учинчи марта савол беряпсиз. Ростини айтайми?
–Айтинг.
–СССР пайтида у Ленин бобо тўғрисида шеърий роман ёзган. Ота ўша даврда Калбошни кўз остига олиб қўйган экан. Ниҳоят, азбаройи Ленинга эҳтироми туфайли Калбошни уюшма раиси этиб қўйди, – дедим жиддий.
Улар ишонқирамай бир-бирига қаради.
–У амир Темур ҳақида китоб ёзмаганми? – деб сўради Жамшид.
–СССР пайтида ёзган китобидаги “Ленин” деган жойлари устидан ўчириб “Темур” деб ёзиб нашр қилдиряпти.
–Ростданми?
Кулиб юбордим.
–Ҳазиллашдингиз-а? – деди Рустам кулиб. – Майли, яхши гаплашдик. Бундан кейин шогирдим Жамшид сиздан айрим масалаларда маслаҳат сўраб туради, майлими?
–Майли, – дедим.
–Биз нималар тўғрисида гаплашганимизни анавиларга айтиш шарт эмас, – деб Рустам уюшма раҳбарларига ишора қилди.
Ичимда сезиб турибманки, Калбош ва Найнов билан гаплашганда мен ҳақимда ҳам уларни ич-ичидан қувонтирадиган йўсинда бошимдан мағзава ағдарган бўлсалар керак. Улар хизмат қиладиган ташкилот моҳият-эътибори билан ёвузлик ўчоғидир, эзгулик гўрковидир. Фақат ҳокимият ялоғини ялайдиган идора ҳеч қачон мазлум халқ манфаатини ҳимоя қилмайди.
–“Ҳамза монологи”ни ўқидингизми? – деб сўрадим.
Рустам индамади.
–Сиз-чи? – деб Жамшидга юзландим.
Ундан ҳам садо чиқмади.
Демак, Пароканд Мирзо ва Калбош буюртмаси бўйича мени “тўғри йўл”га солишни кўзлаб профилактика бошлаган шоввозлар муаммо нимадан бошланганини аниқ билмайди, ўзларининг мустақил фикрига ҳам эга эмас. Наҳот сиртдан соғлом кўринадиган йигитлар устоз Чингиз Айтматов салкам ўттиз йил олдин куйинчаклик билан ўртаниб ёзган Манқурт ривоятини ўқиб ўзларича кенгашиб кўрмаган? Ўзларига ҳисоб бермасмикан?
Улар хонани тарк этгач, ҳамон кўзларини пирпиратиб Сирожиддин хонасига кириб келди.
–Кетдикми? – деб ўрнимдан турдим.
–Мен ҳозир бир жойга телефон қилиб, кейин орқангиздан чиқаман, – деб хизмат телефонидан рақам тера бошлади.
Салонга чиқдим. Котиба ўтирган пештахта орқасида ҳеч ким йўқ.
Калбош чарм папкасини қўлтиқлаб хонасидан чиқиб келди.
–Мен уюшманинг янги гувоҳномасини берармикансиз, деб ўйлаган эдим.
Калбош башарасига жиддий тус бериб:
–Ўйлаб кўрамиз, – деди маънодор оҳангда.
–Ўйлаб кўриб, гувоҳномани тўрт буклаб кетингизга тиқиб олинг, ҳайми! – дедим дона-дона қилиб.
Калбош бақрайиб турган чоқда Сирожиддин хонасидан чиқиб қолади.
Биргаликда лифтда тушдик. Миқ этмадик. Ташқарига чиққан пайтимиз:
–Бўпти, Сирожиддин, – деб метро томон шошмасдан йўл олдим.
–Бўпти, жўра, – деб қолди Сирожиддин.
Сирожиддин Сайиднинг хонасида МХХ шоввозлари мени роппа-роса беш соат тергов қилади.
Уч кундан сўнг устоз Тўра Сулаймоннинг невараси Бекзод мени тушликка чақириб қолди. Бирга балиқхўрлик қилдик.
–Тинчликми ўзи? – деб сўради кулимсираб. – Жинингиз суймайдиган сиртдан силлиқ кўринадиган оғайним тунов куни: “Анави маразлар Набижон Боқийга ҳар томонлама қовоқаридек ёпишиб ётибди-я!” деб ваҳима қилди. Ўзи сизга шошилинч sms юборибди, уларни чалғитиш учун Кумуш биби лисонидан “Сиз ўшами? Бохабар бўлинг!” деб огоҳлантириб қўйибди.
–Ие, smsни Барно бону юбормаганмикан? – деб юбордим.
–Қайси Барно бону?
–Ўн йилча бурун негадир Тўлапберган оға ўша жувонани астойдил менга олиб бермоқчи бўлган эди…
Устоз Тўра Сулаймоннинг суюкли невараси МХХ агенти билан ош-қатиқ бўлиб юришини аввал-бошдан ақлимга сиғдира олмаган эдим…
Шавкат Раҳмон ривояти якунланиб боради:
Демак, вазир, унутма,
бир умрга эслаб қол,
бундан буён бир юртда
бир шоиру бир шоҳ бор…
Мустақиллик кўпроқ офат келтирган юртда Шавкат Раҳмон деган ўжар шоир 125 яшар Ҳамза бобони ҳимоя қилиб кўкрак кериб чиқса, нима бўларди?
Хўш, шоир-чи, қаерда,
шоҳ ё меҳр қўйдими?
Бирон макр тайёрлаб,
қарқиратиб сўйдими?
Биродарлар, МХХ билан сичқон-мушук ўйини энди бошланади. Давоми бор ҳали. Нафасни чуқур олаверинг.
Набижон БОҚИЙ