ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ
(44)
(давоми)
БЕШ ВАҚТ НАМОЗ
Ҳасаннинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:
“Беш вақт намоз ҳар бирингизнинг уйингиз олдидан оққан, кунда беш марта ичига кириб, ювинадиганингиз бир жўшқин дарё кабидир. Бундай ювинган одамнинг устида кир қоладими?”
Яъни беш вақт намоз инсондаги – катта гуноҳлардан бошқа – бутун гуноҳларни ювиб юборади.
Аммо бунинг шарти – намоз буюк ҳурмат ила қилиниши, руку ва саждалари тўкис бажарилмоғи керакдир.
Анас бин Моликнинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деди:
“Ким қирқ кун бир ракатни ҳам қолдирмасдан намозларини жамоат билан қилса, Аллоҳ унинг номига бароотнома чиқаради. Биттаси унинг жаҳаннамдан озод бўлиши ҳақида, иккинчиси унинг мунофиқликка алоқаси йўқлигини билдиради”.
Ҳасаннинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир куни саҳобийларга: “Сизларга энг катта ўғри ким эканини айтайми?” деди.
– Ким у, Ё Расулуллоҳ?,- дейишди саҳобийлар:
– Булар ўз намозларидан ўғирлаган ўғрилардир,- деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.
– Намоздан қандай ўғирлаш мумкин, ё Расулуллоҳ, – деб сўрашди саҳобийлар .
– Одам намозида руку ва саждани тўла-тўкис адо этмаса, у ўз намозидан ўғирлаган бўлади,- деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.
Абу Ҳурайранинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:
“Мунофиқларга энг оғир келган намозлар хуфтон ва бомдод намозларидир. Агар улар бу икки намознинг мукофотини билсалар эди, эмаклаб бўлса-да, намозини қилишга боришар эди”.
Буридат-ул Асламийнинг ривоят этишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:
“Қоронғу кечада юриб масжидга кетганларга, Қиёмат куни том бир ойдинликдан хушхабар бер”.
Уббода бин Сомийнинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этишига кўра, Пайғамбаримиз алаҳиссалом шундай деган:
“Беш вақт намозни Аллоҳ ўз қулларига фарз қилди. Ким бу беш вақт намозни кам-кўстсиз ва қусурсиз ўлароқ, беписандлик қилмасдан адо этса, Аллоҳ уни Жаннатга қўйишни ваъда қилган.
Ким бу намозларни писанд қилмай, уларни қилмаса, бундай кишиларга Аллоҳнинг ваъдаси йўқдир. Аллоҳ таоло бундайларга истаса марҳамат қилар, истаса азобга учратар”.
Муҳаммад Солиҳ таржимаси