O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Беш кун (1-қисм)

Беш кун (1-қисм)
212 views
03 October 2021 - 17:14

Қисса

1-қисм

2017 йил сентабирининг 27-куни тонг-саҳарда Тошкент халқаро қўналғасининг темир эшик ва панжаралар билан ажратилган сирли бир бўлимида қўлларимга кишан урилди!

Шу кунгача тинч ва бир маромда давом этиб келган ҳаётим, ғилдираги издан чиқиб тўнкарилиб кетган поезддай, бирдан алғов-далғов бўлиб кетди.

Умрим ўша ондан бошлаб иккига ‒ “…гача” ва “…дан кейин”га бўлинди.

Мана, то ҳозиргача “…дан кейин”ги бир ғалати ҳаётни яшаб келяпман.

“Ичкари”да бир оз хўрландим, бир оз ҳақоратландим, аммо, Оллоҳга шукр, бир тукимга зарар етказилмади. Халқимнинг буюк ғайрати ва давлатимнинг иродаси билан беш кун тўлар-тўлмасидан қамоқдан чиқариб юборилдим.

Бугун уйимдаман. Қўлимдан моддий кишан ечиб олинди. Аммо…

“Бу кунлар” китобим қораланганича қолди, отим менга билдирмай “қора рўйхат”га тиркаб қўйилди. Натижада “…дан кейин”ги ҳаётим бир маънавий тутқунликда ‒ қўлига, оёғига, бўйнига, тилига, қулоғига, ҳатто ўй-хаёлига, тафаккурига, хуллас, бутун борлиғига кўринмас кишанлар уриб ташланган киши ҳаёти каби аросатда кечяпти.

Лекин ҳар ёмоннинг бир яхшиси, ҳар аччиқнинг бир чучуги, ҳар оғирнинг бир енгили, ҳар ғорнинг бир чиқиши бўлганидек, ҳаётимни қоқ иккига бўлиб қўйган ўша беш кунлик қамоқ ҳаёти менга унутилмас хотиралар ато этди! Уларни тўплаб, тартибга келтирган эдим, бир ҳужжатли қисса юзага келди! “Беш кун” деб атадим уни.

Ҳақиқатан, бу беш кунлик кечмишим менинг ҳаётимга шу дамгача ўзимга буткул ёт, буткул бегона дунё бўлиб кирди…

Б Е Ш  К У Н 

Қисса

Ҳеч бир иш тақдирдан ташда юз бермайди. Тақдирни Оллоҳ таоло битган. Бўлишни ҳам, бўлмасликни ҳам У белгилайди. Бўлдими, демак, бўлишини У истабди! Бўлмадими, демак, бўлмаслигини истабди У!

Одам бошига тушажак синовлар – яхшилигу ёмонлик, енгилчилигу оғирчилик бари-барчаси фақат ва фақат буюк Ҳикмат Эгаси олдиндан ёзган тақдирдандир.

Бунга том иқрорман, том таслимман.

Модам ирода илоҳий экан, табиий, ундан фақат яхшилик умид этилади.

Зотан, тўла ихлос ила юзланилса, Ирода Эгаси ҳам юзини сизга қаратади: ўтга ташлансангиз, ёндирмайди; сувга ирғитилсангиз, чўктирмайди; адашсангиз, Тўғри Йўлга чиқазади; мункисангиз, суяйди; йиқилсангиз, турғизади; қўрқсангиз, қўрийди; хато қилсангиз, кечиради; одамлар юз ўгирса, ёлғиз қўймайди!

Эй Оллоҳ, гуноҳга ботган мен қулингни кечир, бошимга бундан оғир синов юборма. Мен кучсизман, ортиғига чидай олмайман. Сен қулларингга ўта Меҳрибонсан – бўйинларимизга тоқатларимиз кўтара олмайдиган юк юкламасликка ваъда қилгансан.

Барча мақтовларим Сенгадир!

Севгили қулинг ва элчинг, оламларга раҳмат қилиб юборганинг Пайғамбаримизга салот ва саломлар бўлсин!

КИРИШ

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан бошлайман.

Ўзбекистонда кейинги чорак аср давомида аста-секин ғалати бир ишонч –

“Давлат президентдир, президент давлатдир!” деган ақида шаклланди ва муқаддаслаштирилди. Бу ишончга кўра, президент:

– ҳар қандай хато ва камчиликдан пок, танқид ва айблашдан холи;

– фақат ҳурматланади ва улуғланади;

– ҳар куни ҳар онда ҳар иш учун унга ҳамду сано йўллаб туриш лозим;

– барча гапи-иши тўғри ва сўзсиз маъқулланади;

– барча яхшиликлар ундан, барча хатолар бошқалардан;

– тўғри-ёлғон ўлчови ҳам, ҳалол-ҳаром ўлчови ҳам унинг қўлида;

– одамлар ундан доим қўрқиб туриши, унга сўзсиз бўйин суниши керак…

Охирги юзйигирмабеш йиллик мустамлака шароитида устма-уст ортилган турфа “ақида”ларни кўтаравериб яғири чиқиб кетган бўйинларимизга янги бўйинтуруқ бўлди буниси!

Натижада “ҳеч кимникига ўхшамаган, ўзимизгагина хос ва ўзимизгагина мос” бир ҳаёт тарзи, тушкунлик илдизидан ўсиб чиққан ғалати бир дунёқараш юзага келди.

Ёлғонни ёлғон, ҳақсизликни ҳақсизлик дейиш қатъиян ясақланди.

Қинғирни тўғри, зулмни адолат деб қабул этиш шарт бўлди.

Кўрганни кўрмаганга, эшитганни эшитмаганга, билганни билмаганга олиб юриш ҳаёт тарзимизга айланди.

Тепаларда шод-ҳуррамлик, қуйиларда қайғу.

Тепаларда тўй, қуйиларда мотам.

Тепаларда қулоқларни қоматга келтирувчи карнай-сурнай, қуйиларда юракларни сиқувчи ўлик жимжитлик…

Ҳаёт бир-бирига тескари бу икки юзини бир вақтда кўрсатар, ҳолат ўта оғир ва тушунарсиз эди. Кимдир бунга жон-кўнглидан рози, кимдир мажбуран кўнган, аммо айримлар бу иккиюзлама ҳаётга кўниколмай эзилар.

Шу учинчи тоифа ўзини бундай ҳаётга ёт ҳис этарди. Уни бундай ҳаёт, бундай ҳаётни у инкор этди. Ўзини торта-торта, ҳаётнинг этакларига чекилди. Дардлар ичларга ютилди.

Жамият олти томондан ёпиқ, “…эшиги, туйнугидин йўқ нишон”[1] бир хонага – қорнига биқинди. Мамлакат улкан бир қоринхонага дўнди, овқатдан, емакдан бошқа ғам-ташвиш қолмади.

Вақт ўтгани сайин бу улкан қоринхонада ўзимиз чиқарган нафасга ўзимиз бўғила бошладик. Ҳаво заҳарга айланаётган эди. Ўпкалар ғижимлана-ғижимлана, юраклар сиқила-сиқила, ортиқ тоқат қилиб бўлмай қолди.

Ҳар қандай оғирчиликка бир чегарагача чидаса бўлади. У чегарадан ўтилса…

Лим тўла косани охирги бир томчи тоширади.

Пуфак шишиш имкони даражасида шишади, ортиқча бир пуф уни портлатади.

Хуллас, тўзим битди. Бир куни… тошдим, портладим. Инсонлик тамойилига тўғри келмайдиган, инсонлик шаънини ерга урадиган “ақида”га қарши бош кўтардим.

Сўнг онларгача чидаб келдим, аммо ортиғини кўтариб бўлмай қолди – руҳим бу ғалати “ақида” қолипларига сиғмай бошлади, қафасини синдирди, эркинликка талпинди.

“Эшиги, туйнугидин йўқ нишон” хонанинг ҳавоўтказмас қалин деворини бузгим, ҳеч бўлмаганда бир чеккасидан туйнук очиб, ичдаги бўғиқ ҳавони янгилагим келаверди.

Заҳарли ҳаводан нафас олишдан кўра заҳарли ҳавога кўникиб қолиш хавфли. Кўникилса, ўпка карахтлашади, тоза ҳаво билан бузуқ ҳавони ажратиб бўлмай қолади. Одамлар вақтида огоҳлантирилмаса ё қутқарилмаса, ҳалокат муқаррар бўлади.

“Бу кунлар” асари (2011 – 2013) мана шу ғам, мана шу дардда ёзилди.

Уч йил муттасил таҳрир ва тўлдиришлардан сўнг 2016 йил апрели охирларида шахсий веб-сайтимда эълон қиларканман, табиий, мен қаттиқ ҳаяжонда эдим. Яккаҳоким Ислом Каримов бошлиқ “давлат” ва у яратган тузум китобимга қандай муносабатда бўлишини тахмин қилардим ва ҳар қандай натижага тайёр эдим. Мен учун муҳими оддий одамларнинг, халқимизнинг муносабати эди. “Нима деркин? Хуш қабул қилармикин?” деб кўнглим типирчилар эди.

Кутганимдай бўлди.

Биқиқ муҳитдан нафаси қисилган, аммо ҳали ўпкаси бузилиб улгурмаган, тоза ҳавога муштоқ кишиларга бу китоб ва унинг шабадаси ёрдамга юборилган тоза ҳаво (кислород)дай таъсир этди, албатта. Ўпкасини тўлдириб симирди. Кўзини очди, бошини кўтарди, жонланиб, тор хонаси туйнугидан оламга зийрак боқа бошлади.

Аммо заҳарли ҳавога аллақачон кўникиб, ўпкаси, юраги, онги ҳам булғаниб улгурган, оч қорним – тинч қулоғим деб ғимирлаб умр ўтказаётган оз миқдордаги бир тоифага бу тоза ҳаво ёқмади, ҳазм қилолмади – қорни ғўлдиради, қулоғи шанғиллади, ҳатто кўнгли айниди: ўхчиди, қусди, энгил-бошини, теварак-атрофини булғади.

Ва, одатдагидай, яна янглишди: уни бу ҳолга туширган заҳарли ҳавони эмас, заҳарли ўпкасини алағда қилган тоза ҳавони айблади! Заҳар қолиб, тоза ҳавони ёмон кўрди…

***

Илк иқтидор (Ислом Каримов “давлати”)нинг қатъий миллий мафкураси йўқ эди. Арбоблар деярли барчаси коммунистик мафкура асоратида эди. Бошқарув ва иш юритув услубидан тортиб, то давлат тузилишигача эски советча асосда қолди…

Натижада халқ хоҳиш-иродаси билан давлат бошқарув услуби орасида қарама-қаршилик юзага келди. Бу қарама-қаршилик кўзга яққол чалинмаса-да, кейинги барча кўргилик тагида шу нарса ётибди.

Бунинг устига, давлат ЁЛҒОН ва ҚЎРҚИТУВ услубида бошқарилди. Сиёсат шу икки чиркин асосга қурилди.

Бу нима дегани?

Бир томондан, мияларга муттасил ёлғон қуйилди, жамият ёлғонга бўктирилди, иккинчи томондан, қама-қамаю “ўлдир-йўққил”лар билан юраклар даҳшат ва қўрқувга тутқун этилди.

Одатда энг тубан хислат бўлган бу икки нарса – ЁЛҒОН ва ҚЎРҚУВ илк иқтидор чоғи олий чўққиларга чиқди!

Бундай аянчли ва хавфли паллада кимдир нимадир дейиши лозим эди, албатта. Бир нарса деб юбориши табиий эди. Индамаслик хиёнат бўларди. Ҳақ ҳеч бўлмаганда фарзи кифоя тариқасида айтилмаса, шарафсизлик бутун миллат бўйнига тушарди.

“Бу кунлар” мана шу бурч ҳиссидан майдонга келди.

Аслида, у фавқулодда бир нарса эмас. Бир ойна, холос. Сиёсат юзига, жамият юзига тутилган бир ойна. Аҳволимизни ўзимизга кўрсатиб, у-бу ишларимизни тузатиб олишимизга бир самимий чақириқ.

Аммо бу ойна, кутилганидай, иқтидорга ёқмади. Унда совуқ ва қийшиқ башарасини кўриб, тутаб кетди. Пешонаси тиришди. Ғазабдан бўйин томирлари шишди. Юзи, кўзи қонга тўлди.

Хуллас, юрагига оғир олди. Аптиданмас, ойнадан ўпкалади[2].

Бундан кўра, хаёлидаги ҳаётда яшайвергани яхши эди. Ёлғон бўлса ҳам, ширин эди у. Кайфиятни бузмайди. Иштаҳани бўғмайди. Қулоқларга хуш ёққанидай, томоқлардан ҳам мойдек силлиқ ўтади. Ошқозонда осон ҳазм бўлади.

Ҳақ минг ҳақ бўлмасин, ёлғонни шимиб ўрганганларга у аччиқ ё тахир туюлади ва, табиий, ёқмайди. Ичини бузади, юзини буриштиради. Ёлғон бир текис, сип-силлиқ, ҳақ кўпинча ғўдриш, қирралари ўткир – тегиб кетса, “силлиқ юзлар”ни шилиб юборади.

Хуллас, аралаш-қуралаш ахлатга тўла ошқозонлар “Бу кунлар”ни туйқус ҳазм эта олмади. Ҳазм не, томоғидан ўтказиши, ютиши жуда қийин бўлди. Силлиқ ва юмшоқ емак (ёлғон)ларга ўрганиб қолган кекирдагини қириб юбордими ё томоғида суяк каби кўндаланг туриб қолдими, ишқилиб, уни ёмон кўрди. Китоб қатағонга учради, муаллифи “қора рўйхат”га киритилди. Ҳатто орқасидан жиноят иши очилди.

У пайтда оилам билан бирга вақтинча Туркияда, талаба болаларим ёнида яшаб турган эдим, Ватанга қайта олмайдиган бўлиб қолдим.

***

Орада “Бу кунлар”нинг асосий “қаҳрамони” эски президент Ислом Каримов ўлди[3]. Мамлакатни ҳартомонлама ботқоққа ботириб қўйган одам[4]ни Оллоҳ ўртадан кўтарди. Давлат тепасига янги одам – Шавкат Мирзиёев келди. Неча йиллардан бери сиёсий ва диний таъқиб-тазйиқдан қочиб муҳожиратда юрган ватандошлар қатори менинг ҳам кўнглимда қандайдир умид уйғонди.

Ёлғон катталаша-катталаша, зулм оғирлаша-оғирлаша охирги чегарасига келиб, халқ ортиқ буларни кўтара олмайдиган ҳолга етган эди. Деярли ҳамма соҳа жар ёқасида қалқиб турарди. Давлат порахўрлик, ўғрилик, зулм ботқоғига бурнигача ботган, буни ҳатто давлат одамлари ўзлари ҳам сезиб турар эди.[5]

Сиёсий иқлим кескин ўзгармаса – қаттиқлар юмшатилмаса, оғирлар енгиллатилмаса, оқибат аянчли бўлиши муқаррар. Халқ тушкун, қачондир бизга ҳам қуёш кулиб боқармикан, кўксимизга шабада тегармикан, деб қолган.

Мана шундай оғир бир паллада тўп этиб бошимизга янги бошлиқ келди.

Ва, орзиқиб кутилганидек, бу янги бошлиқ илк кунлардан одамларда умид уйғотди. Қаерга бормасин, ким билан учрашмасин, илгари биз ўрганмаган оҳангда сўзлаб, анчадан бери қулоқларимиз эшитмай қўйган гапларни айта бошлади.

Ислом Каримов “қурган” тузум камчиликларини, қурувчисининг отини тилга олмасдан ҳам, қисқа вақт ичида бир бошдан танқид қилиб чиқди.

Эски давр тугаб, янги давр бошланганини ишоратан ва очиқ эълон этди.

Кўнглимда ҳеч қачон сўнмаган чўғ – ватанга қайтиш иштиёқим алангаланди. Янги иқтидорнинг сўзлари, ниятлари менга самимий туюлди. Ўзгаришни энг қаттиқ истаган инсонлардан бири ўлароқ, тезроқ юртга қайтгим, яхшиликларга қўлимдан келганича ҳисса қўшгим келди.

—————————-

[1] Увайсийнинг машҳур “Анор” чистонидан.

[2] Менга етиб келган хабарга кўра, 2016 йил май ойи охирларида Ислом Каримов (ёки теварагидагилар) топшириғи билан “Бу кунлар” бўйича ҳукумат текширув ҳайъати тузилади. Экспертлик хулоса учун бир “маънавиятчи”га ўқишга берилади. У “маънавиятчи” асарни ва муаллифини 37-йилчасига олиб роса уриб беради, ер билан битта қилиб пийпалаб ташлайди. Ҳатто ҳайъат аъзолари уни ҳаддан ошириб юборган деб ўйлашган бўлса керак, иккинчи марта – энди бошқа мутасадди экспертга беришади. Мана шу иккинчи эксперт ўз оғзи билан менга айтишича, ҳайъат олдида “Бу кунлар”ни деярли оқлаб ярим соат гапирган! “Битта-иккита жойига қўшилмайман, аммо қолган тўқсон беш фойиз қисми айни бор гаплар, биз бунга қарши бирнима дея олмаймиз. Десак ва қарши ташвиқот юритсак, шарманда бўламиз!” деган. Чиндан шундай деганми-йўқми – айтувчининг виждонига ҳавола. Тўғри бўлса, тахминимча, шу гап билан давлатнинг бир оз ҳоври босилган.

[3] 2016 йил августининг 27-кунидан сентабирининг 2-кунигача оралиқда.

[4] Ислом Каримовга нисбат бериб, “Мамлакатни ҳартомонлама ботқоққа ботириб қўйган” деган ибора қўллаб бир мақола ёзсам, ёшлардан бири эътироз билдирибди: “Аксинча, у одам юртни ботқоқдан олиб чиқди”, дебди. Чорак асрлик муттасил ёлғондан заҳарланиб етишган манқурт зеҳният сўзи эди бу. Миллат ҳақ билан ботилнинг фарқига бормай қолганининг, адолат туйғуси тўмтоқлашганининг кўрсаткичи эди бу. Ички ва ташқи сиёсат бошиберк кўчада; иқтисод тамомила ўтирди; оғир ва енгил саноат ўлди; халқ қашшоқлашди; ишсизлик чўққига чиқиб, бир бурда нон учун ўзга мамлакатларда йигитлар қул, қизлар фоҳиша бўлди; илм-фан юксалиш тугул, орқага кетди; дин тўхтовсиз таъқиб-тазйиқ остига олинди; жамиятда ёлғон, ўғрилик, порахўрлик оддий ҳолга айланди; одоб-ахлоқ издан чиқди; жамиятда аёл мардикорлар синфи пайдо бўлди… ва ҳоказо ҳолатлар биз қўллаган ибора ҳақ эканини исботлайди.

[5] Бу гапларни янги президент Шавкат Мирзиёев дастлаб деярли ҳар куни айтди ва ҳамон айтиб келяпти.

Давоми бор

Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН