O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Беш кун (2-қисм)

Беш кун (2-қисм)
114 views
04 October 2021 - 15:49

Қисса

2-қисм

I. ҚАЙТИШ

1. Илк йўлчилик

Ўзбекистонга оилавий қайтиш пайига тушдик.

Илк ўлароқ 2017 йил июлининг 1-куни онаси бир ўзи Тошкентга учди.

Тўғриси, анча-мунча хавотирда эдим. Сўроқ-савол бўлади деб кутдим, албатта. Қийин-қистоққа солинмасин-да ишқилиб, деб таҳликада эдим.

Аммо қўналғада ҳеч бир муаммо бўлмабди. Омон-эсон уйга кириб борибди.

Яхши бир белги эди бу нарса. Истанбулда қолган бизлар жуда қувондик.

Орадан ўн икки кун ўтиб, кичик ўғлим Мирзо Фирдавс йўлга отланди.

Истанбул тижорат университети Халқаро муносабатлар (Uluslararası ilişkılar) бўлимининг магистратураси (yüksek lisansi)ни энди тугатиб, июлнинг 12-куни охирги имтиҳонини топширди ва, натижани кутиб ўтирмай, дипломни ҳам олмасдан, эртасигаёқ онаси орқасидан йўлга чиқди.

Ўғлимнинг чегарадан ўтиши анча қийин бўлди лекин. Учоқ асрга яқин соат 17:30 да Тошкентга қўнган бўлса, ичкарига олиб кириб кетишганича тунги 23:30 гача қўйиб юборишди. Нақ олти соат муттасил ушлаб туриб тергов қилишди!

Шундай кунларни бошдан ўтказганларга бу ҳодисани изоҳлаш шарт эмас. Четга чиқиб келган, айниқса, четда сал кўпроқ қолиб кетган кўпларнинг қўналғалардаги, вокзаллардаги можаролари маълум ва машҳур. Бошидан ўтказмаганлар ҳеч бўлмаса эшитган. Кечагача бу ишлар Ўзбекистон учун оддий ҳол эди. Аммо келажак насл ҳозирда мен ёзаётган ушбу воқеадан ҳайрон бўлиши, ҳеч ақлига сиғдирмаслиги мумкин. Шу боис қуйидаги изоҳ кўпроқ келгуси авлодга мўлжалланган. Шунақа ишлар бўлган экан-а, деб хабари бўлсин. Ўғлим бошига тушган ташвиш ва у туфайли оиламиз чеккан изтироб келгуси озод ва эркин замон кишиларига ҳам тушунарли бўлсин.

Изоҳ. Ислом Каримов даврида ватандошдан душман ясаш сиёсати кучайиб, зулм ҳаддан ошиб, оммавий қама-қамалар кўпайиб, бора-бора халқ ўз давлатидан қўрқиб яшайдиган бўлди – пиллақурт каби ичига-қобиғига биқиниб олди. Ва, табиий, давлат ҳам ўз халқидан ҳуркар эди. Бу иккиёқлама қўрқувнинг сабаби кўп, у сабаблар “Бу кунлар”да кенг ёритилган. Хуллас, давлат ўз халқи билан қилич ялонғочлаган ҳолда гаплашар эди.

Иқтисод ўтириб, ишлаб чиқаришлар чўкиб, юртда тирикчилиги ўтмай қолган ёки ичкарида кучайган зулм, таъқиб ва тазйиқлардан қочган ёшлар кўпи чет элларга чиқиб кетди. Ҳатто катта ёшдаги милёнлаган ватандош ҳам бола-чақасига бир бурда нон топиш илинжида иш ахтариб бегона юртларга бош урди.

Ичкарини сиёсий ва диний “хавф”дан тозалаб, энди ташқи “қора кучлар”га қарши кураш баҳонасида давлат турли аҳмоқона тартиблар жорий этди. Жумладан, қайси сабаб билан бўлмасин Ўзбекистондан ташқарига чиққанлар ватанга қайтиб кираётганида қаттиқ ва жиддий текширувдан, махсус хизматларнинг махсус суҳбатларидан ўтадиган бўлди. Шубҳа уйғотмаса, пораси олиниб юртга киритилади, салгина шубҳа туғдирса, ё келган жойига қайтариб юборилади (осонгина қутулгани бу!), ё кўп ҳолларда тутуқланади ва “билинмаган қаёқларгадир” олиб кетиб “яшириб” қўйилади. Турли-туман қийноқларга солиниб, йўқ ердаги айблар бўйнига илинади ва узоқ муддатларга қамаб юборилади…

Невараларим, эвара-чевараларим! Бу айтаётганларим эртак эмас, бизнинг кундалик ҳаётимиздан бир шингилдир, холос. Халқимиз шунақа кунларни кўрди, миллат ва давлат душмани Ислом Каримовнинг чорак аср сурган иқтидори остида зулм, хорлик ва хўрлик, ҳуқуқсизлик ва адолатсизлик ичра яшашга мажбур бўлди.

Ўғлим Мирзо Фирдавс юртга эркин киритилмагани, қўналғада махсус хизмат одамлари уни ҳеч қандай айбсиз тутуқлаб, узоқ вақт қийин-қистоққа солишлари ҳам ана ўша ғайриинсоний сиёсатнинг бир кўринишидир.

Ўғлим Тошкент қўналғасида тергов бераркан, у онларда биз Истанбулдагилар – тўнғичим Файзуллохон, келиним Нозимахон, қизларим Муслимахон билан Муҳсинахон ва мен бўларимиз бўлдик. Машъум 6 (олти!) соат ичидаги аҳволимизни баён қилишга ҳозир ҳам юрагим чидамайди. Соч-соқолимнинг учдан бири олдиндан оқ эди, яна бир қисми шу қисқа олти соат ичида оқариб кетди назаримда!

Ҳадеганда суюнчли хабар келавермагач, хаёлимни ёмон ўйлар босди. “Наҳот қамаб қўйса?! Наҳот мени деб болам жабр чекса?!” дея ич-этимни ер эдим.

Мирзо Фирдавс йўлга чиққанини уйга – Аяси билан келиним Нилуфархонга айтмаган эдик. Кутилмаганда, тўсатдан кириб борсин, бирдан суюниб кетишсин, деган эдик. Табиий, у ҳозир Тошкентда эканини, қўналғанинг махсус зиндонларидан бирида сўроқ бераётганини, эҳтимол аллақачон қамалганини (Оллоҳ асрасин!) улар билишмайди. Ҳеч нарсадан хабарсиз, хотиржам юришгандир.

Биз бўлсак, Истанбулда мих устида ўтирибмиз.

Ичим каби ташим ҳам бир аҳволда бўлса керак, Файзуллохон менга тасалли беришга уринади. Ҳар-ҳар замонда:

– Дадажон, хавотир олманг… чиқади… ҳар доимгидай савол-жавоб қилишади, сўнг қўйиб юборишади… – деб кўнглимни тинчлантирмоқчи бўлади.

Ҳолбуки, ўзи ҳам чуқур изтироб чекаётгани юзидан, кўзларидан билиниб турарди.

Файзуллохон Тошкент билан доимий алоқада бўлиб турди. Олдиндан келишувга кўра, Мирзо Фирдавснинг бир ўртоғи кутиб олиб уйга келтириб қўйиши керак эди. Лекин ҳадеганда ўғлим ичкаридан чиқавермагач, у ўртоқ қўналға ҳовлисида кута-кута, охири уйига қайтиб кетибди. Биз билан ҳам уйидан боғланиб, сўнгги хабарларни етказиб турди.

Истанбулда хуфтон вақти кирди. Намозни бошламасдан олдин ўғил-қизларимга:

‒ Ҳар руку ва ҳар саждада узоқ-узоқ хайрли дуо қилинглар,‒ деб тайинладим ва оилавий жамоат бўлиб намозга киришдик.

Рукуларимда, саждаларимда узоқ қолиб, йиғлаб дуо қила бошладим.

Охирги саждада юрак-юрагимдан ёлвориб: “Эй Оллоҳ, икки томонга салом бериб намоздан чиқишим билан мени хуш хабар билан севинтир!” деб сўрадим.

Намоз тугади.

Икки томонга салом бериб намоздан чиқдим.

Тасбиҳга киришмасимдан диванда тўнкарилиб ётган тилпон жиринглади.

Файзуллохонга ишора қилдим.

Дик этиб ўрнидан туриб тилпонни олди.

Фирдавснинг ўртоғи экан!

Жойнамозда ўтирарканман, юрак-юрагим билан эшитдим, товуши қулоғимга жаранглаб киргандай бўлди:

– Суюнчи беринг, Файзуллохон ака, ўртоғим чиқди! – дер эди у.

Бошқа гапини эшитмадим.

Менга шугинаси етарли эди! Мен шугинани кутган эдим!

Ўпкам лим-лим тўлиб турган экан, ўзимни тўхтата олмай қолдим – йиғлаб юбордим. Тирқираб отилиб чиққан ёшлар кўзимдангина эмас, юрагимдан, ўпкамдан, жигаримдан, оёқ-қўлимдан, қўйингки, бутун вужудимдан ситилиб чиқар эди гўё. Ҳар бир ҳужайрам алоҳида-алоҳида йиғлаётгандай эди.

Қизларим олдида товуш чиқармасликка уринаман, қўлимдан келмайди…

Баралла қўйиб юбордим.

Муслимахон қизим ўнг елкамга, Муҳсинахон қизим чап елкамга бошини қўйиб, улар ҳам пиқ-пиқ йиғлашарди.

– Севинганимдан… севинганимдан… – дейман болаларимга ора-орада.

Файзуллохон ҳам ҳадеб:

– Айтмадимми, Дадажон!.. Қўйиб юборишади, дедим-ку… Сал кўпроқ ушлаб қолишибди-да… Ана, чиқди-ку… – дер эди кўзлари ёшдан йилтираб.

Йиғи оғир нарса. Айниқса, кап-катта эркак одамнинг йиғиси. Уни кўтарган кўтаради.

Мен кўтардим. Кўтардим не, маза қилдим. Чиндан ҳам севинаётган эдим! Йиғлаган сарим енгил тортардим.

Ҳарҳолда, мен болаларимга бу йиғимни фақат севинч йиғиси деб кўрсатгим келарди. Оллоҳга шукроналик, айниқса ҳозиргина қилган дуоим зудлик билан қабул этилганидан ҳайрат, чексиз-чексиз қувонч туйғулари қўшилиб кетган муборак йиғи!

Айни чоқда, охирги икки йиллик соғинч-аламлар, бошимдан ўтказган оғир кунлар, эзгин ўй-хаёллар, “Бу кунлар”им учун эшитганим яхши гаплару таъна-маломатлардан келган турфа туйғулар ҳам бу йиғига қоришиқ эди.

Йиғимни зўрлаб тўхтатмадим. Бўш қўйдим. Кўнглимни охиригача бўшатиб олдим.

Ҳар ҳолим учун Оллоҳга У Ўзи рози бўладиган даражада, У Ўзи лойиқ даражада шукрлар қилдим!

Кейинчалик айтиб беришларича, ярим тунда Тошкентдаги уйимнинг дарвозаси жиринглоғи чалинганида ичкарида Аяси бошқа хонада, келиним билан неварам ўзларининг хонасида ухлаб ётишган экан.

Аяси туйқус уйғониб, бундай кеч маҳалда янграган жиринглоқдан хавотир олибди. Келин хонасига кириб, деразасидан ташқари мўралабди. Қанақадир шарпаларни кўрибди.

Жиринглоқдан неварам уйғониб кетмасин деб Аяси дарров ҳовлига чиқиб, ҳаллослаб бориб дарвозани очибди. Ва…

Уйда байрам бўлиб кетибди!

Табиий, ўғлим бошидан кечирган можароларни кечаси айтмаган. Яширган. Ётиғи билан, уйдагилар хавотир олмагудай, қўрқиб кетмагудай қилиб эрталаб айтган…

Эртаси куни Яшнобод туманимиз Ички ишлар бўлимига бориши тайинланган экан, Аяси билан иккиси айтилган жойга боришибди.

Яна сўроқ-савол бошланган. Кеча қўналғада “Дилшод” исмли мххчи йигит эзган бўлса, бугун асосан “Қобил” исмли терговчи давом эттирган. Ёнида кечаги “Дилшод” ўтирган. (Изоҳ: Йигитларнинг оти бошқа бўлиши мумкин. Одатда, бунақа ерларда ишлайдиганлар ўзларига иккинчи, учинчи от қўйиб олишади, деган гаплар юради халқ орасида. Шу учун бу ерда ва бундан кейинги бетларда келган отларни ўзгартирмай ёзяпман, чунки оти нима эканининг деярли аҳамияти йўқ. Бордию айрим отлар ҳақиқийсига тўғри келиб қолса, бу ҳол мутлақо менинг ихтиёримдан ташқарида юз берган бўлади. Чунки ўз отини яшириш одатини улар ўзлари бузган, мен эмас, мендан соқит.)

Менга тегишли ҳамма билги уларни қизиқтирган: нима қиляпти? қаерда яшаяпти? тирикчилиги ниманинг ё кимларнинг ҳисобидан? кимлар билан учрашяпти? ва ҳоказо…

Айниқса, Туркияда яшаётган сиёсий мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан муносабатимни кўп суриштиришган. Назарларидан ҳатто ўтган аср 90-йиллари бошидаги таржимонлик ва муҳаррирлик фаолиятим, туркчадан ўгирилган айрим асарларнинг ўзбекча нашрлари, чиқимини кимлар кўтаргани… каби масалалар ҳам четда қолмаган. У пайтларда ёш бола бўлганман, билмайман, деганига кўнишмаган. Йўқ ердаги нарсаларни айлантириб сўрайверишган, ундан эса “аниқ-аниқ жавоб” исташган. Улар истаган жавоб чиқмаса, “Сенга ҳам, отангга ҳам ёмон бўлади!” деб қўрқитишган. Менга – ўз отасига қарши кўргазма беришга ундашган. “Гапирасан! Ёзиб берасан!” дейишган. “Айтсанг, ўзингни ҳам, отангни ҳам қутқарасан”, деб аврашган. Бир нарсаларни ёздириб ҳам олишган.

Хуллас, беш соатча сурган сўроқ-саволдан кейин ҳартугул қўйиб юборишган.

Айб топишмаганми? Унда нимага узр сўрашмаган? Айби бўлса, нимага қўйиб юборишган? Ёки бошида ниятлари бузуқ бўлиб, сўнг режалари ўзгардимикан? Яъни, мақсадлари мени алдаб-сулдаб мамлакатга олиб келиб олиш бўлдимикан? Мана, хотининг келди, индамадик, ўғлинг келди, уни ҳам қўйиб юбордик, орқангдан қаттиқ тушган бўлганимизда бунақа меҳрибонликлар кўрсатармидик, демак, сен ҳам чўчимасдан келавер, деган ишорамиди менга?

Шундай бўлиши мумкинлиги менинг хаёлимга ҳам келди, албатта. Бу бир тузоқ деб ҳам ўйладим. Аммо бу тузоқ хаёли мени қайтиш хаёлидан қайтара олмасди барибир.

Айни чоқда, “тузоқ”лари менга ҳеч таъсир этмади, дея олмайман ҳам. Ана, хотиним мамлакатга ҳеч бир тўсиқсиз кирди-ку, ўғлим ҳам бугун бемалол яшаб юрибди-ку, деган чиройли гумонлар менинг кўнглимни бир қадар овунтиргани, тинчлантиргани ҳам бор гап…

Хуллас, Ички ишлар бўлимида кечган ярим кунлик суриштирув-тергов ишларидан кейин, тилпонда аяси айтишича, ўғлим ичкаридан бир аҳволда чиқиб келган. Рангида ранг йўқ эмиш. Чунки нафақат ўғлим, балки оиламиздан ҳеч ким илгари бунақа вазиятга тушмаган. Ҳаётнинг лаззати бўлганидек, ўта қаттиқ изтироблари, аянчли томонлари ҳам борлигини йигит ёшга етгунча кўриб-кузатиб юргандир, аммо бошига бир куни бунақа қўрқинчли ҳодиса туйқус тушиб қолишини сира кутмаган, албатта.

Ўтмишдан келаётган оилавий анъанамизга кўра, одамлар тўғрисида доим фақат ижобий тасаввурда бўламиз. Болаларимни тарбия қиларканман, худди ота-онам мени тарбия этганларидек, руҳлари ва онгларига имонни, фақат тўғриликни, фақат тўғрисўзликни, одамларга муҳаббатни, ёрдамсеварликни, меҳр-мурувватни сингдиришга ҳаракат қилганман. Ўзини ўйламай, бирламчи халқни, ватанни ўйлашга тарғиб этганман. Бундай тарбия орқасидан ўзим ҳаётим бўйи кўп дакки едим, қайғурганим одамларнинг оёқлари остида қолиблар кетдим, хўрландим, аммо барибир болаларимга шундай тарбия беришда давом этавердим. Чунки мен ҳеч қачон: “Фақат ўзингни ўйла! Одамлар билан ишинг бўлмасин! Одамлар сотқин! Яхшиликни билмайди! Кеча сендан меҳр кўрганлар эртага бошингга чиқиб ёнғоқ чақади!..” дея олмас эдим ҳам. Бундай десам ёки шундай қилсам, унда мен “мен” бўлмай қоламан, оилавий анъанамизга қарши борган бўламан. Менинг юрагимдан ва тилимдан фақат: “Худбин бўлма! Қўлингдан келганича одамларга яхшилик қил! Яхшиликни Оллоҳ учун қил, яхшилигингга яраша яхшилик кўрмасанг-да, Оллоҳ билиб турибди-ку, леган ишончдан кўнглинг хотиржам тортади. Чунки биз кутгандан ортиқ яхшиликни фақат Оллоҳ қила олади. Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил! Дилозор бўлма!..” каби йўриқлар чиққан ва чиқади.

Бошқача бўлиши мумкинмас!

Бундай тарбия кўрган, нуқул яхшилар орасида, зиёлилар муҳитида, фақат юмшоқ муомала кўриб ўсган, умрида илк марта бунақа ёввойи муҳитга, бунақа дағал, қўпол, миясида жиноят кодекси моддаларидан бошқа маълумот бўлмаган инсонлар орасига тушиб қолган ҳар қандай одам бошида бир оз довдираши табиий. Ўзини йўқотиб қўймаслиги мумкин эмас.

Балки у онлар ўғлим хотирасига йигирма саккиз ярим йиллик ҳаётининг энг аччиқ онлари ўлароқ муҳрланган бўлса эҳтимол.

Эй Оллоҳ, бундан кейин оилам ва болаларим бошига бунақа қора кунни солма!

2. Навбат менга келди

1. Йўл кўринди, чопон елкага минди…

2. Истанбулда томга чиқсам, Ўзбекистондаги уйимнинг

мўриси кўринди. Шартта чипта олдим.

3.Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилади.

Кейинги бекат… – ТОШКЕНТ!

4. Менинг тақдиримга қайғурган ва дуо қилган барчадан Оллоҳ рози бўлсин.

Давлатимиз ҳақида мен чиройли гумондаман, сиз ҳам чиройли гумон қилинг.

Юртимдан ўғил-қизларим олдига сафар нияти билан чиққанман,

энди сафарим битди – қайтяпман. Шу, холос.

(Қайтиш арафаларимда фейсбук саҳифамда қолдирган ёзувларим.)

Иккиланишу тараддудларга тўла узоқ мулоҳазадан сўнг ниҳоят мен ҳам ватанга қайтишга қатъий қарор қилдим.

Албатта, менинг қайтишим аясининг қайтиши каби енгил кўчмаслиги аниқ. Ҳатто ўғлим Мирзо Фирдавс бошига тушган можаролардан ҳам оғир можароларга йўлиқишим ғоятда мумкин. Чунки “давлат”га ёқмаган китобни улар эмас, мен ёзганман. (Изоҳ: Мен давлатнинг ўзини ҳам, давлат тушунчасини ҳам ҳурмат қиламан. Бу сўздаги қўштирноқ ҳар хил йўллар билан давлат тепасига келиб олиб, халқига ва давлатига кераклича хизмат қилмайдиган, асосан шахсий манфаатларини кўзлайдиганлар иқтидоридан чинакам давлатни ажратиш учундир.) Иқтидор улардан эмас, мендан аламзада. Биламан. Энди алами кетмагунича тинчимайли. Ўчини олмагунича тўхтамайди. Ялоқилари тили билан “қочоқ” деб кўрди, “ватан хоини” деб кўрди, “давлат душмани” деб кўрди. Лекин булар кам. Кўнглим сезишича, улар мени қамамоқчи. Қамаб, қамоқда минг бир азобни бошимга солиб, тавбамга таянтирмоқчи. Мени синдирмоқчи. Уриб хумори кетмайди, синсамгина хумордан чиқади. Чунки мен, бошда айтганимдек, уларнинг “худоси”га, мамлакатда у “худолари” жорий этган ақидаларга тегиниб қўйдим. Ислом Каримовнинг ва у қурган тузумнинг башарасига ойна тутдим. Ниятимнинг тозалиги уларни қизиқтирмайди. Мамлакатимга, ватанимга, халқимга, давлатимга фақат яхшилик соғинганим улар учун бир тийин.

Нимага бир тийин?

Чунки масала бир Каримовда эмас. Ғайримиллий, ғайриинсоний тузумнинг лойиҳачиси ва меъмори Каримов бўлгани билан уни оёққа тикка қилишда жонбозлик кўрсатганлар кўп. Каримов ўлди, улар тирик. Улар ҳаммаси ҳали от устида! Каримов тириклигида доим унинг панасида ишлаган бу “қурувчи”лар бугун ўзларининг башаралари очилиб қолишидан қўрқади. Шу учун ҳам ҳамон унинг тимсолини ҳимоя қилишга уринади.

Энди, тахминимча, олдимда мени икки хил тақдир кутарди: ё мамлакатдаги кейинги ижобий ўзгаришлар таъсирида оз-моз сўроқ-савол, дўқ-пўписа қилиб қўйиб юборишади, ёки ҳеч қанақа кириш-чиқиш сўзисиз шартта олиб қамоққа тиқишади!

Ичимга қамалиб пусиб ётган хавотирга қарамай, нимагадир мен ишим яхшилик билан тугашига кўпроқ ишонаётган эдим. Эски президент ўлиб, ўрнига Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, у гапираётган гаплар, қилаётган ишлар менда катта умид уйғотди.

Айниқса, у илк паллалар ҳар бир нутқида мен китобимда ўртага қўйган масалаларни биттама-битта кўтарар, мен танқид қилган камчиликларни бир бошдан танқид қилар, ҳатто танқидни мендан ҳам ошириб юборар эди. Китобда тавсия этилган ислоҳ йўлларини ҳам деярли бир хил тавсия этарди.

Албатта, бу нарса мени жуда ажаблантирди, руҳлантирди. Ҳар бир сўзи китобимни тасдиқлар, ҳар бир иши юзимни ёруғ қилар эди гўё!

Бош вазирлигида “Бу кунлар”ни ўқиганми-йўқми, билмайман. Балки китобимдан мутлақо хабарсиздир. Аммо ҳолат шуки, минбарларда баланд товушларда қилаётган танқидлари китобимдаги танқидларга том уйғун эди!

Шу ҳолнинг ўзи “Бу кунлар”да тилга олинган муаммолар ҳаётда чиндан ҳам борлигини, мен уларни ҳаводан олиб ёзмаганимни билвосита исботлаб турарди. Ҳайратим ҳам, қувончим ҳам шундан эди.

Натижада, мамлакатда аҳвол ижобий томонга ўзгаряпти, деб қаттиқ ишона бошладим.

Тақдир ёзгани бўйича жисмим вақтинча узоқда яшаркан, руҳим юртимдан бир сонияга ҳам узилмади. Ҳар куни бирга нафас олардим, бирга нафас чиқарардим.

Айниқса, янги иқтидор бошлаган ўзгаришларни ижтимоий тармоқлардан доимий равишда кузатиб, эшитиб, кўриб турдим. Мени энг қувонтиргани ‒ ижтимоий тармоқларда одамлар дардларини очиқ, қўрқмай гапира бошлади, Оллоҳга шукр. Узоқ йиллар тилини тийиб юришга мажбурланган халқим анча бийрон бўлиб қолди. Хоссатан, виждони уйғоқ ёшлар ошкоралик майдонларида қўрқмасдан жавлон ураётгани одамни қувонтиради. Ислом Каримовнинг нафасларни қайтарувчи ёпиқ-биқиқ сиёсатидан бўғилиб ўлар ҳолатга келган кўнгиллар шундай кунларни орзу этмаётганмиди, ахир?!

Гарчи мамлакат ичида яшовчи дўстлар ўзаро хабарлашмаларимизда “Ҳали ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Кўпи қуруқ гап. От устидагилар ҳаммаси Каримов одами, улар ўзгаришни истамайди ҳам, ўзгаришга қўймайди ҳам!” каби огоҳлантиришлар устун бўлса-да, Ўзбекистонга талпинишим кундан-кунга кучайиб бораверди. Ўзимни ўзим нуқул яхши гумон томонга оғдирар эдим.

2016 йил нўябири охирларида Ўзбекистон Республикаси президенти вазифасини вақтинча бажариб турган Шавкат Мирзиёевга хат ёздим. Ўзимни ва “Бу кунлар” китобимни танитдим. Мулоҳаза ва таклифларимни билдирдим.

Хатга тезликда девонхона бошлиғидан ижобий жавоб ҳам олдим.

Сўнгра Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али номига хат йўллаб, Бош вазир девонхонасининг жавобини ҳамда рўманимни илова қилдим. Синчи адибларимизга тарқатсангиз, асаримни муҳокамага қўйсангиз, ўқиб тайёр бўлиб туришса, баҳорларда ватанга қайтиб, муҳокамада қатнашаман, деб илтимос қилдим.

Кутдим. Жавоб бўлмади. Табиий, баҳорда келолмадим.

Сентабир ўрталарида президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеяси йиғилишида қатнашди. У ерда оташин нутқ сўзлади. Сўнгра Амрикада яшаётган бир гуруҳ ватандош билан учрашди. Улар олдида етти ухлаб тушимизга кирмайдиган гапларни гапирди.

“Ватанга қайтинглар!” деди.

“Биргаликда янги Ўзбекистонни қурайлик!” деди.

“Ҳар бирингизга биттадан уй қуриб бераман!” деди.

“Амрикада топаётган пулларинг миқдорида ойлик маошлар тайинлайман!” деди.

“Йўлкираларингни ҳам тўлайман!” деди.

“Истасаларинг, ўзимнинг учоғимда олиб кетаман!” деди.

Яна нималар деб юбормади!

Бир юртнинг президенти бўлса шунчалик бўлади!

Бу ваъдаларни бераётганида юзи очиқ, жилмайишлари ёқимли эди, сўзлаётганида кўзи ёниб-чарақлаб турди! Сўзлари юрагидан, самимий чиқаётгандек туюлди!

Албатта, ёш бола эмасман. Бирданига дўппимни осмонга отганим йўқ.

Амрикалик ватандошларимиз ҳам кўпни кўрган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган кишилар экан, биронтаси ўша заҳоти “Мана, мен қайтаман!” деб отилиб чиқмади. Президентнинг бу сўзлари самимий эканига балки улар ҳам ўша онда ишониб туришгандир, аммо, айни чоқда, юракларининг бир чеккасидан мўралаб турган “Булар бари ҳозирча қуруқ сўзлар бўлиши мумкин” деган шубҳа тарозининг иккинчи палласини босиб турган бўлиши мумкин.

Лекин барибир Президент оғзидан бунақа умидбахш, чапани сўзлар чиққани менинг кўнглимда аллақандай илиқлик уйғотди.

Аслида, менинг ватанга қайтиш қарорим Шавкат Мирзиёевнинг Янги Йўрк шаҳридаги ваъдаларига боғлиқ эмас. Бир йилча бурун – Ислом Каримов ўлиб, сиёсатда бир оз юмшаш бошланганини сезганимдан кейиноқ бу қарорга келиб бўлганман. Ҳатто Ислом Каримов ўлмаган тақдирда ҳам барибир бир куни қайтмоқчи эдим. 2015 йил сентабирининг 12-куни Тошкентдан чиқишда айрим дўстларимга: “Икки йилда қайтаман! Жа чўзилса, уч йил юрсам керак”, деганимда кўнглимдагини айтганман…

Мамлакат ичию ташидаги таниш-билиш ва дўстларим, файзбоғдошларим юртга қайтишим масаласида иккига – эҳтиётчиларга ва таваккалчиларга бўлинишди.

Эҳтиётчилар: “Келмай (бормай) туринг. Ҳали эрта. Билиб бўлмайди…”

Таваккалчилар: “Кела (бора)веринг, ватанда ўзгаришлар катта!”

“Ўзингизни қурбон қиляпсиз! Шошманг! Ҳали биронта жиддий одам қайтмади. Қуруқ ваъдаларга ишонманг, сиз синовчи бўлманг! Билиб туриб бошингизни кундага қўйяпсиз!” деганлар ҳам бўлди.

Ҳатто бирилари: “Борсангиз, сизни одам ўрнида кўрмайдиган гиёҳванд терговчилар қўлига тушасиз! Кўзингиз ўнгида анавиндан тортиб олади ёки кукунидан ҳидлайди-да, бурнини жийириб: «Қани, гапир-чи, нима бўқ единг!» деб бошлайди гапини. Ёзувчисиз, биламан кўнглингиз нозик, уларнинг муомаласига чидашингиз қийин, ака”, деб қаттиқ огоҳлантирди ҳам.

Аммо мен тақдиримни узил-кесил танлаган эдим.

Жоним ё озодлигим хавф остида қолиши мумкин, бу хавф худди жоду тиғидай қачондан бери бошим узра очилиб турибди, лекин барибир юрагим туб-тубидаги савқи табиийим мени яхши натижа билан умидлантирар эди. Тақдиримга қайғурган дўстларимга эса: “Мен давлатим тўғрисида яхши гумондаман, сизлар ҳам яхши гумон қилинглар!” деб мурожаат этдим.

Ора-орада Жанубий Қурияда яшаб турган катта қизим Марямхон билан ҳам юртга қайтиш хусусида маслаҳатлашиб турардим. Энди унга охирги қароримни ҳам билдирдим. Тилида рози ва қўллаб турган бўлса-да, аслида у ҳам қаттиқ хавотир олаётган эди. Бу нарса у билан ҳар гал imo да гаплашганимда кўзларидан сезилиб турарди.

Зотан, бунақа хавотир оиламизнинг барча аъзоларида бор эди.

Марямхон қизимга раҳматли Бувижонимнинг исмларини қўйганим учун уни туғилганидан бери “Бувижон” деб чақираман. Бора-бора Бувижоним ўринларида “Бувижон” деб қабул қиладиган бўлдим. Раҳматли Дадамнинг оналари Бувижонимга бўлган меҳрим исм билан қўшилиб қизимга ҳам ўтган бўлиши табиий. Доим: “Узоқдасан, мусофирсан, ҳақимга дуо қилиб тур”, дейман.

Ватанга қайтишдан олдин ҳам “Бувижоним”нинг алоҳида дуосини олдим.

Давоми бор

Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН