O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Беш кун (3-қисм)

Беш кун (3-қисм)
136 views
06 October 2021 - 17:41

II. КУНМА-КУН БИР БОШДАН

2017 йил сентабирининг 26-куни, сешанба.

Бомдоддан кейин тўнғичим Файзуллохон:

– Дадажон, кетар олдингиздан фб.да жонли суҳбат қиласизми? – деди.

– Йўқ, – дедим.

– Унда, ҳеч бўлмаса, ўзимиз учун эсдаликка филмча қилиб қўяйлик, – деди.

Яна кўнмадим.

Бир кун бурун “Озодлик”дан Шуҳрат Бобожон ва Сирожиддин Толиб ҳам шунга ўхшаш таклифни қилишган, уларга: “Ўйлаб кўрарман”, деган эдим. Лекин бу ишга кўнглим унча чопавермади. Қандайдир ўнғайсиз сезардим. Шахсимга ва юртга қайтишимга ортиқча эътибор бериб юборилаётгандай хижолат тортардим.

Бир пайт қизим Муслимахон ҳам худди шу таклифни айтиб қолди. Ажиб. Бир-биридан хабарсиз шунча одам бир нарсани истаётган эди. Бунда бир гап бўлса керак, деб ниҳоят рози бўлдим.

– Майли, – дедим. – Эсдаликка бўлса, майли…

Шундай қилиб, икки йиллик Туркия ҳаётимга қисқача хулоса ўлароқ айрим лавҳалар қилдик. Уйда бошланди. То қўналғага келгунимизча оз-оздан тасвирга туширишди…

Сўнгра…

…етти ухлаб тушимизга кирмаган ишлар бўлиб кетибди: мени Тошкент қўналғасидан қўлимга кишан солиб олиб чиқиб кетишганидан кейин Рейтер ахборот агентлиги тезкорлиги билан бу хабар бирпасда дунёга ёйилибди; ”Озодлик”чилар ўғлим Файзуллохондан менинг бор сурату тасвирларимни сўраб олишибди ва қисқа муддатда қойилмақом қилиб икки-уч дақиқалик видеоклип яратишибди; бу клип ижтимоий тармоқларга қўйилибди; бирданига минглаб одам томоша қилибди!

“Қани, нима бўларкин?” деб кутиб-кузатиб турган одамларга бу клип бўмбадай таъсир этибди!

Қамоқдан чиқарилганимдан кейин болаларим менга ҳам қўйиб беришди. Кўрдим. Кўзимдан ёш чиқди. Йиғладим. Оғир дамларимда мени ҳартомонлама қўллаган барча-барчанинг миннатини бошим устига олдим. Бир умрга қарздорлик ҳис этдим…

Булар кейин бўлади, албатта. Ҳали бу миннатларни бўйнимга олишимгача анча гап бор. Ҳозирча бир бошдан соатма-соат кунма-кун ҳикоямни давом эттираверай.

Пешин намозини Файзуллохон иккимиз маҳалламиз мачитида ўқидик.

Меҳмет Окиф Эрсўй маҳалласидаги “Холид ибн Валид” жомеси!

Икки йил давомида иложи борича беш вақт ва жума намозларимни шу мачитда ўқидим!

У менга, мен унга ўргандик.

Имомимиз Саъди Уғрашқан (Sadı Uğraşkan) исмли бир хўжа (домла) эди. Яхши йигит. Мачитга чиқа бошлаган илк кунимдаёқ келгинди эканимни сезди. Эртаси ўзи келиб танишди. Бир-икки марта ўғилларимга финдиқ ёнғоғидан ҳадя қилди. “Қишлоқдан, ўзимизнинг боғдан”, деди. Бу билан гўё биз мусофирларни йўқлаб турди. Кейин ҳам ҳар-ҳар замонда мендан ҳол сўраб турарди.

Яхшими-ёмонми кунларим шу маҳаллада кечди. Одамлар мени бегонасиратмади. Онда-сонда бир-икки оғиз гаплашиб қолсак, дарров Ўзбекистон ҳақида сўрайди. Жон қулоғи билан тинглайди. Сўнгида ҳозир қандай яшаётганим билан қизиқади. Қийналмаяпсизларми, нима камчиликлар бор, деб суриштириб, кўнглимни кўтаради.

Мачит қавми ярми турк, ярми курд эди. Шундан маҳалла таркибини билиб олса бўлади. Уч-тўрт суриялик оила ҳам шу маҳалладан қўним топибди.

Муҳими, ҳаммалари яхши одамлар!

Туб истанбуллик деярли йўқ, аҳоли вилоятлардан кўчиб келиб ўрнашиб қолган. Бегоналар бир-бири билан кўришганида биринчи бўлиб “Memleket neresı?” (Қайси мамлакатдансан?) деб сўрайди. Турклар “мамлакат” деганда туғилиб ўсган ерини назарда тутади. “Ёзда юртимга (қишлоғимга, шаҳримга) бордим”, демоқчи бўлса, “Ёзда мамлакатимга бордим”, дейди. Суҳбатларда ҳар бири ўзининг “мамлакати” ҳақида гапиради.

Катта ёшдагилар (yaşliler) кўпи бола-чақаси ёнига қишлагани келади. Баҳордан ил (вилоят)ларига, илча (туман)ларига кетишади, куз ўрталаридан тағин Истанбулга кела бошлашади. Шу боис мачит жамоатимиз ёзда камайиб, қишда кўпайишиброқ қолади…

Намоздан кейин Файзуллохон имомга мен қавм билан хайрлашмоқчи эканимни билдирди. Бир ҳафтача бурун имомга юртимга қайтишга қарор қилганимни айтганман, бир оз суҳбатлашганмиз, хабари бор, аммо айнан қайси кун жўнашимни билмас эди. Бугун асрдан кейин жўнаётганимни билгач – юзи-кўзидан сезилди – бир ғалати бўлиб кетди. Сўнг дарров микрофонни қўлига олиб, қавмга эълон қилди.

Ташқари чиқишга ҳозирланиб ўринларидан турганлар бари тўхтади.

Имом мени меҳробга яқин ерга чорлаб-турғазиб, ҳақимда икки-уч дақиқа илиқ сўзлар айтди. Менга ҳам сўз берди.

“Ҳаққиларимизни ҳалоллашдик” (“Рози-ризочилик тилашдик” маъносидаги усмонлича ибора. – Н.М.Р.).

Ниҳоятда ҳаяжонли онларни яшадим. Мачит аҳли туйғуланди. Ҳамма бир-бир келиб мен билан қучоқлашиб кўришиб, яхши дуолар қилди, ҳалоллашди. Сўзлари чин юракдан чиқаётганини мен ҳам юрак-юрагимдан ҳис этиб турардим.

Икки йил бўйи мен буларнинг кўпи билан фақат саломлашганман. Намоздан кейин “Оллоҳ қабул этсин!”дан нарига ўтишмаганмиз. Мачитга кирардим, намозимни ўқирдим, чиқиб кетардим. Ҳеч ким билан қалин дўстлашиб кетмагандирман, лекин ҳеч бириларига оғирим ҳам тушмади. Бир одамови келгинди каби кўрса керак деб ўйлардим.

Йўқ, ичларида ҳурмат қилиб юришган экан, ҳозир бутун самимиятларини бирданига изҳор этишаётган эди гўё. Ичимда бир ҳаяжон қалқди. Тўлқинландим.

Кўзлар намланди, юраклар ҳазинлашди.

Ўғлим бу паллаларни тилпонига тасвирга туширар эди.

Ташқари чиққанимиздан кейин ҳам икки-уч дақиқача туриб қолдик. Ҳеч ким бирданига тарқалиб кетгиси келмаётгандай эди. Яна бир бор қўл олишиб, елка қоқишиб, сўнг битта-битта бўлиб уйларига тарқалишди. Охирида имом ва яна уч-тўрт қўшни қолдик. Қайтадан хайрлашар эканмиз, имом ўзини тутолмади. Кўзидан юзига ёш сизиб чиқди. Елкамга қўлини бир қўйдию… отилиб ичкари қайтиб кириб кетди.

Оллоҳ рози бўлсин барчаларидан! Бир умр соғиниб эслайман, иншаоллоҳ.

Шундай қилиб, 2017 йил сентабирининг 26-куни аср намозини уйда ўқиб, келиним Нозимахон,  қизларим Муслимахону Муҳсинахон тайёрлаган овқатни еб, ўғлим ва икки қизим йўлдошлигида тўрттовлон havaliman (қўналға) сари йўлга тушдик.

Қадрдоним “15 С (ж)” рақамли автобус! У менга кўп хизмат қилди. İndirımli хизмат қилди. Яъни, “15 С”да йўлкира бошқа йўналиш автобуслариникига қараганда арзонроқ эди. Кўнглим тусаб қолганида ё бир иш билан қаергадир бормоқчи бўлиб кўчага чиққанимда мени маҳалламиздан оларди-да, Ускудар баладия марказига – денгиз соҳилига элтиб қўярди. Кундузими-кечқурунми қайтганимда яна очиқ чеҳра билан кутиб олар, ўн етти бекат юриб, Меҳмет Окиф Эрсўй маҳалласига тушириб кетар эди. Йўлакай рангба-ранг, хилма-хил уйларни, кўчаларни, одамларни томоша қилдирарди. Гўзал хотираларимга сабабчи ва шерик бўларди. Кўпинча хаёлларим билан ёлғиз қолишимга қўйиб берарди. Ўй суриб бориб, ўй суриб қайтиб келардим.

Лекин бу галги йўлчилигим бошқача эди. Мен охирги икки йил яшаган уйимдан бугун кўчага шунчаки айлангани чиқмадим, ахир. Мен энди икки йиллик қадрдоним “15 С” хизматидан балки охирги марта фойдаланаётган эдим. Бугун уйга қайтмайман, эртага ҳам қайтмайман, умуман, яқин орада қайтмасам керак. Чунки бу гал мен борар-келар йўлигамас, фақат кетар йўлига чиққан эдим. Насиб қўшса, яқин ораларда балки Туркияга, Истанбулга тағин келарман, ўшанда havalimanдан метрога ўтириб, икки марта йўл алмаштириб, бирон соатлардан кейин гўзал Ускударимга етиб келганимда соҳил бўйидаги condurak (сўнг дуроқ – охирги бекат)да қадрдоним “15 С” тағин мени хуш кутиб олар, indirımli хизматини яна миннатсиз тақдим этар балки, аммо бу иш қачон бўлади – ҳозир билмасдим.

Автобусда кетарканман, шу айтилганлардан бошқа ўй-хаёл ё туйғу йўқ эди бошимда. Умуман, у дамда қандай туйғулар оғушида бўлганимни ҳозир тушунтириб ҳам бера олмайман, ҳатто кўпи эсимда қолмади. Йўлакай ўғлим ё қизларим билан бир-икки оғиз гаплашиб қўяман. Деразадан Истанбулга қарайман. Яна қачон келаркинман деб хаёлимдан ўтади. Шу.

Икки йил менга иссиқ бағридан бошпана берган бу улкан шаҳардан айрилиқ қандайдир қўшимча ҳисларни уйғотиши керак эди одатда. Аммо менда на айрилиқдан ўткир соғинч, на ватанимга қайтаётганликдан очиқ хурсандлик бор эди у онларда.

Тушунарсиз бир ҳолат.

Болаларим йўлакай эсдаликка кичик-кичик видеолавҳа қилиб боришди

Мана, энди – Ватанимга, Тошкентимга қайтиб, кишан билан кутиб олиниб, беш кун қамалиб ҳам чиқиб, уйимда, кун бўйи кети узилмаган йўқловчиларни кутиб, орадан икки ойлар ўтиб, ниҳоят оз-оз ёлғиз қолган кунларим ушбу сўзларни ёзарканман, бундай ўйлаб қарасам, ўша дамларда юрагимнинг қават-қават ичларида Ўзбекистонда мени кутиб турган тақдиримдан қанақадир хавотир ҳислари биқиниб олганини элас-элас эслайман. Ва бу хавотир шарпалари Истанбул айрилиғидан кўнгилда туйилгуси соғинчли ҳузун туйғулари ҳам, ватанга қовушиш арафалари туйилгуси орзиқтирувчи хурсандлик ҳислари ҳам бор бўйи билан бош кўтаришига йўл қўймаган, шекилли.

Билмадим.

Ҳарҳолда мен ўша онларда ўзини аниқ бир оламда ҳис этаётган одамдан кўра кўпроқ кирар-чиқар ери йўқ ўрмонда йўлини йўқотган, энди нима қиларини, қаёққа юрарини билмай, оёғи ботган ерда гарангсиб туриб қолган карахт бир йўлчига ўхшар эдим.

Ускударга келдик. Бўғоз соҳилида денгиз сувини пича томоша қилиб турдим. У ёқ-бу ёқларга кетаётган, у ёқ-бу ёқлардан келаётган, соҳилга тумшуғини тираб йўловчиларини кутаётган катта-кичик кемаларга бир-бир боқдим. “Хайр, яхши қол, денгиз!” дедим хаёлан.

Сўнг Мармарай метросига тушдик. Йўлда бошқасига алмашиб миниб, қирқ беш дақиқаларда қўналғагача етиб олдик.

Қўналғада болаларим билан бирор соат бирга бўлгач, ниҳоят хайрлаша бошладим. Қиз бола барибир қиз бола. Муслимахон билан Муҳсинахон кўзида дув-дув ёш билан хайрлашишди.

Уларнинг кўзида, менинг юрагимда эди ёш.

Ўғил барибир ўғил, эркак барибир эркак-да, билдирмайди: юзига боқсангиз, гўё кулиб турибди, ичида нималар кечаётгани ёлғиз Оллоҳга аён.

Биргаликдаги сўнг онларимизни яна тилпонида тасвирга туширди. Икки оғиз бирнималар дедим. “Мен Туркия ва Истанбулдан розиман, Туркия ва Истанбул ҳам мендан рози бўлсин!” деганим эсимда.

Хайрлашдик. Жомадонимни судраб аста-секин болаларимдан, Истанбулдан, Туркиядан узоқлаша бошладим.

Паспорт назоратидан эсон-омон ўтиб олгач, мен чегаранинг у томонида, ўғил-қизларим бу томонида туриб, сўнг бор қўлларимизни силкишиб, хайрлашдик…

2017 йил сентабирининг 26-куни, сешанба кечаси.

Озгина кутиш… сўнг учоқ… сўнг учиш… сўнг осмон…

Ойнакчадан зимистон бўшлиқларга маюс боқдим.

Пастда қорамтир денгиз… Икки қирғоқда ялтир-юлтир чироқларга бурканган Истанбул… Туркия…

Ҳа, қоронғи кечада денгиз қоп-қорайиб кўринади. Қаёқларгадир кетаётган ва қаёқлардандир келаётган кемаларнинг чироқ шуълалари сув юзасида кучсиз живирлайди.

Одам боласи тинмайди-я! Кимлардир автоларда, кимлардир сувда, яна кимлардир мен каби кўкда…

Икки қирғоққа жойлашган бу улкан шаҳар милёнлаган чироқ оғушида ҳар доимгидай чароғон порлаб турар эди.

Юракда эса, лип-лип умид… “Нима бўларкин?” деган сезилар-сезилмас хавотир… ва бу қоришиқ туйғу уйғотган аллақандай тушуниксиз ҳолат…

Ўзимни хотиржам тутишга қанча уринмай, томирларимда қонга қўшилиб шу дамгача илғамаганим қандайдир бегона ҳаяжон ҳам оқаётганини сезиб турардим.

Менинг жойим учоқ думида экан. 44-қатор, икки кишилик ўриндиқдан йўлак томонидагиси. Орқамдаги уч-тўрт қаторга одам чиқмади, бўш қолди.

Ёнимдаги жойга ҳам биров келмади. Учоққа ҳамма миниб бўлди, эшиклар ёпилди, жарчи бир нарсалар деди, мотор ўт олдирилди, шунда ҳам кимса ўтирмади. Ичимда: “Яхши бўлди, бир ўзим кетаман, хаёлларимга биров халақит қилмайди!” деб қўйдим.

Учоқ ўрнидан жилиш арафасидагина бир жувон келди.

– Шу жой меники экан, – деди.

Туриб йўл бердим. Ойна тарафга ўтиб ўтирди. Салдан кейин узр сўраб, турди. Яна йўл бериб йўлакка чиқардим. Нарироқ бориб, кимлардир билан гаплашиб, қайтиб келди. Яна ўзича узр сўраб, нарсаларини олиб кетди. Бир дақиқа ўтмасидан ўрнига чиройлигина бошқа бир жувон келди. Ҳалигидан ёшроқ.

– Алмашдик, мени бу ёққа юборишди, – деди.

Унга ҳам йўл бердим, жойига ўтиб ўтирди.

Учоқ осмонга росмана кўтарилиб олар-олмасидан бир йигит келди.

Ўзи бу йигит учоққа минганимдан бери икки-уч марта у ёқ-бу ёққа ўтиб юрувди. Нимагадир эътиборимни тортди. Ҳамма қатори бир йигит. Лекин йўловчига ҳам, учоқ хизматчиларига ҳам ўхшамасди. Ўзини худди уй эгасидай тутарди. Юзи силлиқ. Нигоҳи қатъий.

Тепамда тўхтади. Жувонга маъноли қаради. Бир-бирлари билан таниш, шекилли.

– Мана шу ер менга экан энди, – деди жувон йигитга. Овозидан бир оз нозлангани сезилиб турарди.

– Орқага ўт! – деди йигит худди эр хотинига буюргандай оҳангда. Сенсираб.

Жувон ҳам миқ этмай ўрнидан турди. Менга “Узр” деб орқага ўтиб кетди.

Қаторимда яна ёлғиз қолдим. Ёнимдаги жой энди росмана бўшаганига ишонч ҳосил қилиб, ойна тагига ўтиб олдим.

Тун қоронғулигида, бўм-бўш осмонда – на тепада, на қуйида, бирон нарсани кўриб бўлмаса ҳам, шу тим қора оламга боқиб, ҳеч йўқ кўнглимдаги ўй-хаёлларимни томоша қилиб кетарман, дедим…

Шу бўйи то Тошкентга қўнгунимизча икки кишилик қаторда ёлғиз ўзим келдим.

Орада оёқларимни ёзиш учун ўрнимдан турганимда кўрдим, икки қатор орқада ҳалиги йигит билан жувон бир-бирининг пинжига киргудай бўлиб гаплашиб келишарди.

Ойнадан тун қаърига мўралар эканман, хаёлларимни ҳамон бир ипга тиза олмас эдим. Пала-партиш ва узун-қисқа ўйларим, бир-бири билан аралашиб-чигаллашиб кетган хилма-хил иплар каби, учи-кети йўқолган эди гўё.

Узоқда пиёланинг ярмича бўлиб ой кўринди. Хаёлим бўлинди. Битта нарсага боқсам, ўйларим ҳам тартибга тушиб қолар шояд дегандай бутун диққатимни тўплаб, яримтаки шу ойга тикилиб қолдим.

Тикилиб тураверсангиз, узоқлиги ҳам билинмай қоларкан. Ҳатто қўл узатсангиз етгудай масофада бўлиб туюлар эди ой.

Жуда гўзал! Қуюқ қоронғуликда битта ўзи порлаб, чеккалари живир-живир қилар эди. Кўзимни ололмай қолдим. Қараган сарим нигоҳимни узиш қийинлашиб борарди. Турган ерида қилт этмай турибди. Учоқ учгани сайин худди у яримпиёла ой ҳам ўнг ёнбошимизда, биз билан бирга, бир хил тезликда сузиб бораётгандай.

Ой олисда бўлгани учун шунақа кўринади, деб қўйдим ичимда.

Лекин бу ой бўлакча эди. Орада бир мизғиб олиб қарасам ҳам, ой ўз ерида қилт этмай турибди.

Туйғулар чекиниб, ақл орага суқилди.

Наҳот, дейман. Жуғрофий ўлчовга кўра биз ойчиқар томон учиб боряпмиз. Бу дегани, қачондир у биздан орқада қолиши керак эди. Тўғрими? Ойботар томон учганимизда бу ҳолни илмий йўл билан тушунтирса бўларди. Ҳа, энди, масофалараро тезлигимиз бир-бирига тўғри келиб қолиб, у ҳам биз билан ёнма-ён сузиб келяпти, дердик. Ҳолбуки, учоқ ойчиқарга қараб учяпти, ой эса учоққа қарама-қарши томонга – ўзининг уйига ботишга қараб кетяпти. Шунга қарамай, биз ҳали ҳам ойдан узилиб кетолмабмиз, ой ҳам биздан орқада қолмабди!

Ажиб! Албатта, бунда бир сир бўлиши керак…

Шу яримтаки ой менинг хаёлимни банд қилиб қўйди. Соатлар ўтиб, Ўзбекистонга яқинлашдик ҳам, ой учоққа йўлдош эди! Бир йўналишда, бир хил тезликда, бир хил ҳолатда учоғимизни таъқиб қилиб келарди.

Зимистон қоронғулик, учоқ ва яримтаки ой…

Ўзбекистон осмонида бу сирнинг ҳақиқати очилди. Кулиб юбордим. Завқланиб кулдимми, ўзимнинг устимдан кулдимми ё бу кулгимда иккаласи ҳам қоришиқмиди – билмадим, аммо-лекин мириқиб кулдим. Ҳатто товушимни кўтариб кулдим.

– Наҳот шуни билмадим?! Наҳот хаёлимга келмади?! – деб бақириб юборай дедим.

Мен яримтаки ой деб ўйлаганим учоқнинг ўнг қаноти учига ўрнатилган чироқ экан!

“Ўл-а, шуниям билмадингми?! Ёш болаям биларди!” дейман ўзимни ўзим масхара қилиб.

Тун қоронғулигида қанот мутлақо кўринмаганидан у чироқни мен олис осмонда муаллақ турган ой деб ўйлабман! Яна, учоқ бир хил учмайди-ку, ўнгга-чапга бурилиб туради-ку, ўнгга бурилса, ой олдимизга ўтиб кетиши, чапга бурилса, орқамизда қолиши керак-ку – шу оддий ҳол ҳам хаёлимга келмабди! Ол-а!

Тун чекина бошлаб, қанот шарпаси кўзимга элас-элас чалинганидан кейин пайқадим: “ой” деб ўйлаганим оддийгина бир чироқ бўлиб чиқди!

Оллоҳ-Оллоҳ, шу қадар адашаманми?!

Лекин бу ҳақиқатда адашувми?

Нимагадир кўнглим бу ишни шунчаки адашув деб тан олгиси келмасди. Тан олса, худди шармандаликни бўйнига олаётгандек, кўнмай, ўзича бу кулгили ҳодисадан жўяли бирон ҳикмат ахтарар эди.

Мана, ҳозир ўша воқеани қоғозга туширар эканман, бундоқ ўйлаб қарасам, чироқни ой деб ўйлашим ўша дамдаги ҳолатимга тўла мос экан. Бошида қамалиш ё бошқа бирон мусибат таҳликаси тургани ҳолда, юртда буюк ўзгаришлар бошланди, деган чиройли гумонда ватанга қайтишдек қалтис бир ишга қарор қилган одамда яна қандай ҳолат бўлсин?!

Учоқ қаноти учидаги муштумдай чироқни осмондаги ой деб кўрибман!

Юртимда жинчироқ липиллаган экан, мен қуёш чиқди деб ўйлабман!

Ҳа…

2017 йил сентабирининг 27-куни, чоршанба.

Ниҳоят, Тошкент устига етиб келдик.

Бир қаватли, ярим қоронғи Тошкентим!

Ўртандим.

Учоқ росмана қўниб, паккасига келиб тўхтаганида соат тонгги 5:20 ни кўрсатиб турарди.

Хаёл кўзи билан кўриб турибман: оғзи аждарҳонинг оғзидек ланг очиқ узун кўчма йўлак оҳиста келиб, туя лабларини эслатадиган валангор “лаб”ларини учоқ эшиги теварагига қапиштирди. Эшик очилар-очилмас йўловчилар гурр этиб ўрнидан турди. Ҳали мотор шовқини тузукли тиниб улгурмасидан, осма сандиқлардан қўл юкларини ола бошлади. Бирпасда йўлакларда тиқилинч ҳосил бўлди. Хизматчилар шошилманглар деб қайта-қайта огоҳлантирганига қарамай, тоқатсиз оломон бақир-чақир, ур-сур билан чиқиш томон суринар эди.

Ўрним учоқнинг думида бўлгани учун ўзидан-ўзи “навбат”нинг ҳам думида бўлиб қолдим. Ёнламачасига сантиметрлаб олға силжир эканман, “Ишқилиб, тинчлик билан кириб олайин-да”, деган хаёл ичимда ғулғула кўтаришга шайланди. Ортиқча ҳаяжонланмаслик, хавотирланмаслик учун ўзимни босиб олишга уринардим. Ҳозирги ҳолатимга мутлақо алоқаси йўқ алланималарни ўйлашга тиришардим.

Кўчма йўлакдан ўтиб, ниҳоят қўналға биносига кириб бордик. Чўнтакдан тилпонимни олиб, видео хизматини очиб, гўё илк онлардаги туйғуларимни тасвирга тушириб қўйдим. Икки оғиз бирнималар дедим.

Шу пайт учоқда бутун сафар бўйи орқамда ўтириб келган жувонни кўриб қолдим. Йигит ҳам кўзимга бир чалингандай бўлди.

Йигит билан қиз тағин эътиборимни тортган бўлса, улар ҳақида бирон нарса гумон қилганимдан эмас эди. Ихтиёрсиз равишда бўлди бу. Қиз учоқда ёнимга келди, ўтирди, анов йигитнинг бир оғиз гапи билан жойини алмаштирди – шу. Ҳатто ярим йўлда мен уларни буткул унутган эдим. Тушаётганимизда ҳам эсимда бўлмади улар: мендан олдин тушдими, кейин тушдими – билмайман. Фақат, бино ичида яна кўзим тушиб қолгани учунгина эслаб қўйяпман, холос.

Умуман, сафар давомида мен ҳеч кимдан ҳеч нарса гумон қилмадим, ҳеч нарсадан ҳеч қанақа шумланмадим. Шунчаки. Кўрдим. Эсимда қолди. Ҳозир ҳам кўзим тушди. Танидим. Бошқа ҳеч гап йўқ. Кўрганларимни, хаёлимдан ўтганларни ёзаётганим учун, табиий, буларни ҳам қўшиб кетяпман.

Жувон узун йўлак бошроғига борганда ҳожатхона томонга бурилиб кириб кетди. Демак, аслида ҳам ҳеч қандай гумонга ўрин йўқ.

Шундай ишлар юз беради, у сизнинг тақдирингиз билан боғлиқдай кўринади, аммо ажрашиб кетганингиздан кейин у бутунлай бошқа нарса эканини, сизга мутлақо алоқаси йўқлигини биласиз. Одам ҳаёти давомида минглар, милёнлар билан йўли кесишади, умрида бир марта кимлардир лип этиб кўзи олдидан ўтади, шундан кейин то дунёни тарк этиб кетгунигача уларни кўрмайди.

Қиз билан йигит ҳодисаси ҳам, чамамда, мендан мустақил, буткул ўзларига хос ҳодиса бўлиши мумкин. Боғлиқлик нуқтаси – биз бир учоқда, бир пайтда, орқама-кетин ўриндиқларда учиб келдик ва бир-икки марта кўз кўзга тушди. Шу, холос, бундан бошқа нарса эмас.

Айтганча, Истанбулдан Тошкент сари учмасимдан бурун айрим яхши кишилар танишлари орқали Ўзбекистон рақамли тилпон олдириб келиб, қўналғада менга ҳадя этган эди (Жосуслик идорамиз аъло ишлашига шу тилпон воқеасида тан бериб юбордим! Уни мен танимайдиган қўқонлик бир юртдошим ўз номига олган, ким учун олганини мутлақо билмаган ҳолда бошқа бир йўловчи орқали Истанбулга жўнатган, шунинг учун рақамим қўқонрақам бўлиб қолган эди. Мен қўналғада қўлга олинганимдан кейин жосуслик идорамиз ишга тушиб, менга олиб берилган рақамни ҳам, рақам эгасини ҳам бирпасда аниқлабди!

Қойил!

Чин юрагимдан айтяпман: қойил лекин!

Мен бу икир-чикирларни қамоқдан қутилганимдан кейин танишлардан эшитдим. Холис хизмат қилган у йигитга ҳартугул индашмабди. Бир-икки нарса сўраб, қўйиб юборишибди. Менинг орқамдан биров жавр чекмабди, шунисига ҳам шукр). Ўша эсимга келди-да, қўналғага қўнган заҳотимиз, ҳали учоқ тўхтаб улгурмасидан Аясига тилпон қилдим. Қўнганимизни билдирдим. Ўғлим Мирзо Фирдавс иккиси уйдан чиқиб, қўналғага қараб келишаётган экан.

‒ Ҳозир етамиз, яхши чиқиб олинг! ‒ деди.

Яқин ўн беш-йигирма кундан бери ичимда ғимирлаб юрган, сўнг дамгача босиб келганим тушуниксиз бир ҳаяжон паспорт назоратига яқинлашганим сари яна бош кўтара бошлади.

Тилимда тинимсиз дуо, кетидан ҳар гал “омин”…

Мен ҳамон яхшиликдан умид қилар эдим. Эсон-омон чегарадан ўтаману ватанимга ва оиламга қовушаман…

Қатор ойнаванд уйчалар. Ҳар бирида икки нафардан чегарачи ўтирибди. Йўловчиларни бир-бир текширувдан ўтказяпти. Мен бўлсам уларни кузатяпман. Ҳар бирининг юзига боқиб чиқдим. Ўзимча истаралисини танлаб, ўшанинг қаторига турмоқчи бўлдим.

Чегарачилар кийими бир хил бўлганидай, юз ифодалари ҳам менга бир хил туюлди: ҳаммаси совуққон, ҳиссиз, туйғусиз. Балки мен адашаётгандирман, балки ўша онда ўша кайфиятда улар менинг кўзимга шунақа кўрингандир.

Бир ҳисобга, бу хизматда бундан бошқача бўлиб ҳам бўлмайди. Давлат чегараси деган масъулият улардан ўта жиддийликни талаб этади, албатта.

Шу боқимдан қаралса, ёмон йигитларга ўхшамади ҳеч бири.

Таваккал, бирини танладим. Навбатга турдим. Силжиб-силжиб, охири навбатим етди.

Паспортимни узатдим.

Ҳозир қайтариб беради деб ўзимни ишонтириб турибман: у ёқ-бу ёғига қарайди, варақлаб кўради, сўнг кампутирига солиштиради-да, “Хуш келибсиз! Марҳамат, ўтинг!” дейди!

Балки ундан кейин суҳбат қилишар. Балки “Эрта-индин Ички ишларга бир учраб қўярсиз”, дейишар.

Нима бўлганида ҳам, ярим соатларга қолмай охирги икки йиллик айрилиқдан кейин Тошкентим тупроғига яна қадам босаман! Яқин уч ойдан бери кўрмаган оиламни, ўғлимни, неварамни кўраман!

Қучоқлашиб кўришамиз!

Ичимизда бир-биримизга айтадиган гапимиз кўп, ҳаммасини бирдан тўкиб-солгимиз келади. Сўзга оғиз жуфтлаймиз-у, бир нарса дея олмаймиз. Озгина салом-алик ва яна нималардир, сўнг тамом – гапимиз қолмайди!

Энди бу ёғига тилсиз суҳбатлашамиз, ҳис-туйғулар ўзи гапиради! Бир-биримизга тикиламиз! Ҳайрат ва хурсандчиликдан қанақадир ҳаяжонли товушлар чиқарамиз! Мошинамизда то уйимизга кела-келгунча елкаларимизга туртишиб, юзларимизни силашиб, бир-биримизнинг дийдоримизга сира тўймай, ўзаро боғланмаган нималарнидир валақилайверамиз!..

Йўқ. Бундай бўлмади.

Чегарачи йигит паспортимни қўлига олди. У бет-бу бетини варақлаб кўрди. Кўзимга қаради. Юзимга синчиклаб разм солди. Кампутирига тикилди. Сўнг:

– Бир четга ўтиб туринг, дўда! – деди.

Мен кутган, лекин ўй-хаёлимдан қувишга ҳаракат қилган иш юз берган эди…

Сал нарига ўтиб, кута бошладим.

Шу пайт Аяси тилпон қилиб қолди. Чегарачилар паспортимни ушлаб қолганини, кутаётганимни айтдим.

Сездим, овозида ишонч ва қувонч бир оз сусайгандай бўлди. Албатта-да. Хаёлга нелар келмайди бунақа ҳолатда?! Бу қисқа вақт оралиғида ўзим нималарни ўйлаб юбормадим!..

Салдан кейин Абдураҳмон Ташанов исмли йигит тилпон қилди. Унга ҳам шуни айтдим.

Абдураҳмон Ташановни мен ҳаётда кўрмаганман. Лекин ижтимоий тармоқ хабарларидан “Эзгулик” жамиятида ишлашини, инсон ҳуқуқлари билан шуғулланишини юзаки биламан. Бу ёққа йўлга чиқишим арафасида “Озодлик”дан Шуҳрат Бобожон эҳтиёт шарт мухбиримизни қўналғага чиқарамиз деган ва мухбир деб шу Абдураҳмонни айтган. Ўзбекистон тилпон рақамим кеча Истанбул қўналғасида маълум бўлгач, уни ўғлим ёзиб олган эди. Менимча, “озодлик”чилар ўғлимдан олиб Абдураҳмонга етказган бўлишса керак.

Ўн беш дақиқалар кечгандир. Назаримда, бутун бир умр кечгандай бўлди.

Чегарадан ўтаётган одамлар оёғи узилгач, паспортимни ушлаб қолган йигит “уйча”сидан чиқиб, менга ишора қилди.

Ёнига бордим.

– Орқамдан юринг, – деди ва ичкари бошлади.

Ортидан эргашдим.

– Нима айб қилган эдингиз? – деб сўради йўлакай.

– Билмадим… Айб қилмаганман… – дедим мен.

– Айбсиз одамнинг йўли тўсилмайди бизда, – деди ярим ўгирилиб.

– Туркияда узоқроқ қолиб кетдим, шунгадир-да, – деб қўйдим.

Баҳонам уни қониқтирмаганини боқишидан сездим. Чунки кампутирида менинг исмим қаршисига қанақа белги қўйилганини мен билмасдим, у биларди.

Юк олинадиган майдонни кесиб ўтиб бориб бир эшикни очди. Кирди. Орқасидан мен ҳам кирдим.

Қўл юким билан елкамдаги ноутбукимни кираверишда турган навбатчига топширишимни буюрди. Ҳатто тилпонимгача олиб қолди. Ўрнига рақам ёзилган бир нарса берди.

– Чиқаётганингизда кўрсатасиз, нарсаларингизни қайтариб бераман, – деди навбатчи.

Узун, тор йўлакнинг икки томонида кета-кетгунча бир нечта эшик бор эди. Эргаштириб келган йигит мени бошқа бирига топширди. У йўлак этакроғига бошлаб борди ва ўнг қўлдаги бир хона эшигини очди.

– Шу ерда кутиб туринг, – деди.

“Суҳбатхоналари бўлса керак”, деган ўй ўтди хаёлимдан.

Ўғлим Мирзо Фирдавсни олиб кириб сўроқ қилганлари эсимга тушди. “Шу хоналардан бирида ушлаб ўтиришган уни ҳам”, деб қўйдим.

“Мен билан ким гаплашаркин? Сўроқ-савол қанақа бўларкин? Ишқилиб, тез ва осон кўчсин-да ишим”, деб турибман.

Хона тахминан эни икки ярим, бўйи тўрт ярим метрча келади. Икки метрдан кейин у ёғи панжара билан ажратилган. Панжара ичи ҳам яна узунасига иккига бўлинган. Ҳар бирида биттадан узун темир ўриндиқ бор. Ўтирсангиз, тиззангиз деворга тақалгудай тор.

Менга панжара ичини кўрсатишди.

Тўғриси, ўзимни хўрланган ҳис этдим. Энди шу турқи совуқ панжара ичида ўтираманми?! Қайси айбим учун?! Айбим – Ватанга ўз оёғим билан кириб келганимми?!

Иккинчидан, темир ўриндиқ совуқ бўлади, менинг эса белим оғрийди. Ундан кўра, тик турганим яхши.

Панжара ичига кирмадим. Индашмади. Берида туриб кута бошладим.

Кирганимда хона бўш эмасди. Кўринишидан қозоққа ўхшаб кетадиган бир йигит мутасаддига ярим ўзбекча-ярим ўрисча қилиб нималарнидир уқтираётган эди.

Тушунишимча, Канададан Туркия орқали учиб келибди. Кетганига анча бўлган экан. Эски паспортини алмаштирмаган, бунинг устига, четда юрганида бошқа мамлакатларга ҳам ўтиб келган. Чегарачи, мана шу иш сенинг хатоинг бўлган, деяпти.

Анча вақт овора бўлиб ундан тушунтириш хати ёздириб олишди, сўнгра хатга қўшиб ўзини ҳам олиб чиқиб кетишди.

Бирпас ўтмасдан кетма-кет уч қизни олиб киришди.

Иккиси кийинишидан тортиб ўзини тутишигача кўча қизларига ўхшаб кетади. Ҳеч тинч турмайди. Арқонидан бўшалиб кетган эчкилардай, ўтирган ерида ҳам шаталоқ отиб ўтирибди.

Оллоҳ кечирсин, асоссиз ёмон хаёлга бориш яхшимас, лекин бу икки қиз ўзларини шундай тутардики, одам ихтиёрсиз равишда улар ҳақда ёмон гумонларга боради. Худди кўпни кўрган “қиз”лардай хаёлларни қочиради.

Ўзларини бундай эмин-эркин тутишлари яна бир тахминни оёқлантирди: улар бу ерга биринчи марта тушмаган ва ҳар сафар осонгина қутулиб чиқиб кетган. Юзда, кўзда ҳадик-хавотирдан заррача аломат йўқ.

Учинчиси сал бошқача эди. Бошида ўзбекча ўралган рўмол, кийими нисбатан одоб доирасида, ўзини ҳам анавилардан анча сипо тутяпти.

Анави иккаласи ўзаро гаплашганида ҳам, хизматчилар саволига жавоб бераётганида ҳам тилини ҳаддан ташқари бўш қўйиб юборарди. Тек ўтирмайди. Сал нарсага ҳаҳолаб кулади, туради, юради, ўтиради, ўтган-кетганга гап отади.

Бир пайт биттаси ҳожатхона истаб қолди.

– Анавилардан сўра! – деб ақл ўргатди иккинчиси.

Қистаб қолгани шаҳд билан ўрнидан тураётган эди, рўмолли қиз:

– Сал келиштириб сўранг, бети қаттиқ экан деб ўйлашмасин тағин, – деди.

Бу ёқда ўтирган шериги шартакиларча кулиб:

– Шунча вақт чет элда ёлғиз юрган қизнинг бети қотмай қолармиди! – деди.

Кўнглимдан “Кимларнингдир қизи, кимларнингдир синглиси булар! Худо кўрсатмасин, балки кимларнингдир хотини ҳамдир!” деган оғриқли ўй ўтди.

Ичим зирқиради.

Ўттиз йил бурун ўрис қизлари шунақа эди. Бизнинг қизлар уларни кўрса: “Аптинг қурсин, оққулоқлар!” дерди. Энди ўша пайтлари ва ундан кейин туғилган ўзимизнинг қизларга боқинг! Юз йил ўрис қўлида бузилмаган ёки секин бузилиб келган ахлоқ бор-йўғи йигирма олти йил (2017 ‒ 1991 = 26.) ичида бу қадар тубан аҳволга келди-я?!

“Бузилиш бунча тез?! Нимага?! Қаерда хато қилдик?!” деб ич-этимни ейман. Ўзимнинг бошимдаги ташвишни ҳам унутаман.

Дарвоқе, ҳожати қистаган ва буни беш-олти киши олдида бемалол бақириб айтган қиз йўлакдан ўтиб бораётган бир чегарачи йигитни шартта тўхтатди-да:

– Туалет қатта бўтта? Борми ўзи туалетларинг? – деб сўради шарақлаб.

Чегарачи кулиб, уни қаёққадир бошлаб кетди…

Давоми бор

Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН