O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Беш кун (4-қисм)

Беш кун (4-қисм)
266 views
10 October 2021 - 13:19

4-қисм

Орадан соатлар ўта бошлади. Нечта давлатдан учоқлар келиб қўнди. Мен каби тутуқланганлардан бир нечаси хонага олиб кирилди, олиб чиқиб кетилди. Биридан тушунтириш хати олиб, бошқаси билан икки-уч оғиз гаплашиб, уларни қўйиб юборишар, мени эса гўё унутишган эди.

“Мен билан ким шуғулланади? Кимни, нимани кутяпмиз?” деган саволимга бири: “Ҳозир… Шошмай туринг…” дейди, бошқаси: “Сизнинг ишингиз биздамас…” дейди.

Сўнгра биттаси келиб барибир мени панжарага қамади.

– Ичкарида ўтириб туринг! – деди.

– Темир ўриндиққа ўтиролмайман, белим, оёғим оғрийди, – деган эдим, бошқа хонадан юмшоқ устул опчиқиб қўйиб берди.

Панжара ичига киришга мажбур бўлдим. Аммо устимдан қулфлашига чидамадим.

– Очиқ тураверсин, бирон ёққа қочиб кетармидим! – дедим норози оҳангда.

– Тартиб шунақа! – деб кесиб жавоб қилди бояги чегарачи йигит совуққина.

“Тартиб шунақа!” деган бу совуқ товушлар бирикмасини бундан кейин жуда кўп бора эшитишимни ҳали у пайтда билмас эдим.

Тобора хавотир ола бошладим. Ҳозиргача ёмонликни ўйламасликка, хаёлимга келса ҳам, тез қувишга ҳаракат қилаётган эдим. Энди: “Ишим жиддий шекилли… Жиддий жойдан жиддий одамлар келиб шуғулланса керак мен билан”, деб ўйлай бошладим.

***

Учоқ Тошкент қўналғасига қўнганидан чамаси икки ярим-уч соатлар (менга шунча туюлди) ўтгач, ниҳоят, каминани ҳам “йўқлаб” келишди.

Панжарадан чиқаришди. Йўлакка опчиқишди. У ерда бир бадқовоқ, гавдалигина йигит ёнида аскарча далапўрим кийинган ёрдамчиси билан турарди.

Бадқовоқ ҳалиги йигитга ишора қилди. У чўнтагидан кишан олди. Менга эканини билдим.

– Шу зарилми? – дедим.

– Ҳа, – деб жавоб қилди бадқовоқ.

– Тўғри қилмаяпсиз. Оғир жиноят қилиб қочиб юрган бўлсам-у, сиз мени ўша қочиб юрган еримдан тутиб келтирганингизда бундай “дабдаба” қилсангиз ярашарди. Ўз оёғи билан келган одамнинг қўлига кишан солиш марднинг иши эмас, – дедим.

Кўнмади. Унинг одамга маъносиз боқувчи кўзлари: “Мард дегани нима дегани?!” дерди гўё.

– Оилам олдига тинчгина чиқай. Кўришиб олай. Бирон ерга қочиб кетмасман, ахир. Туркиядан шу ергача келган одам, айтган вақтингизда айтган ерингизга бормайдими?! – деб ҳам кўрдим.

Яна кўнмади. Яна йўлга солишга уриндим:

– Шунча одам кўзида кишан солиб олиб чиқманглар, орқаларингдан боравераман, унақа қилманг!

Бадқовоқ нафақат қовоғи солиқ, феъли ҳам ўшанга яраша қўпол экан, қарорида туриб олди.

Тўртинчи марта эътироз билдиришга ҳаракат қилдим. Бу гал сиёсатдан келдим:

– Бу ишларинг, менимча, давлатнинг бугунги сиёсатига тўғри келмайди. Яхши қилмаяпсизлар. Кечагина Президент Амрикада чет элдаги ватандошларни ватанга қайтишга чақирди, бутун дунё кўрди. Энди ўша дунё давлатим мени қандай кутиб олишига қараб турибди. Сиз эсангиз, биринчи бўлиб ўз ихтиёри билан ватанига қайтган одамни қўналғадан қўлига кишан солиб олиб чиқмоқчисиз! Дунё кўзи ўнгида! Президентнинг сўзини синдиришмасми бу?! – дедим.

Мени шармандаларча тутиб кетаётган давлат одамига мен бир тутқин одам ўлиб-тирилиб давлат манфаатини эслатишга уринар эдим. Аммо бу гапим ҳам ҳавога учди ‒ бадқовоқ шаштидан қайтмади.

– Бизда тартиб шунақа! – деган жавобни олдим.

На чора? Бўйин сунмасдан бошқа иложим қолмади. Хўп дедим. Ўнг қўлимни тутдим. Иккинчи кишанни аскарча далакийим кийган ходим чап қўлига тақди. Бадқовоқ уни қулфлади. Ташқари бошлади.

Чиқаверишда ҳалиги рақамни бериб нарсаларимни олдим. Қўналғанинг юк олиш майдонидан иккита йирик жомадонимни излаб топдим. Юкларимни иккала ходим кўтариб олди.

Ҳамма бизга қарайди. Бир бақалоқ мелиса йигит мени олиб кетгани келган “ходим”ларга улар сўрамаса ҳам ёрдамлашиб юрди. То эшик тагигача кузатиб қўйди ялтоқи.

Ташқари чиқарканмиз, бошқа йўловчилар ўнг томон юрса, бадқовоқ чап томонга бурилди. “Ашаддий жиноятчи”ни тутган қиёфада. Мағрур! Теваракка боқмай, кимсани назар писанд қилмай! Қўлимга кишан солиб!

Узоқда – панжара тўсиқ ортида турган аясига кўзим тушди. Қўлини кўтариб силкир эди. Мен ҳам чап қўлимни кўтариб, бир ёқларга олиб кетишяпти, деган ишорани қилдим.

Нимагадир ўғлим Мирзо Фирдавс кўринмасди.

Панжара тўсиқдан ўтаётганимда, қарасам, ўғлим ўзи шу томонда турган экан. Аяси ҳам бирпасда ҳовлиқиб-ҳалпиллаб етиб келди. Кўришамиз десак, кўриштирмайди.

– Мумкинмас! Қочинг анақа! – деб уларни ҳайдашга уринди.

– Нимага кўришмаймиз! Бу хотиним, буниси ўғлим! – дедим овозимни кўтариб.

Аяси ҳам шунга ўхшаш бирнималар деди.

Сўнг Бадқовоқ кўрмаганга олиб мошинаси сари юрди, биз амаллаб бирров-бирров кўришиб олдик.

Ўғлим билан аяси:

– Ҳеч бўлмаса, қаёққа опкетаётганларингни айтинглар! – деб сўрашган эди,

– Яшнобод ички ишларига! – деб қўйди Бадқовоқ.

“Яшнобод” эски Ҳамза туманининг янги номи. Биз шу туманда яшаймиз.

“Ҳа, ўзимизнинг туманга экан-да”, деб ўйладим. Ҳартугул МХХга эмаскан.

Бир оз енгил тортдим. Ўзимизнинг туманга олиб борса, худди ишим осон кўчадигандек эди.

Ажиб ҳолат: учоқдан инишда ҳам, мени чегарачилар ушлаб қолганида ҳам ва мана энди манави “Бадқовоқ” бошлиқ икки кишилик гуруҳ мени билиб бўлмас тақдир сари судраб кетаётганида ҳам… мен анча хотиржам эдим.

Ҳайронман: ҳақиқатда хотиржам эдим. Ҳали ҳам кўнглимда липиллаб:

“Тез орада қўйиб юборишади”, деган умид яшарди.

“Туман ИИБсида узоқ қолиб кетмасам керак”, деб ўйлардим.

Шундай. Лекин манави кишан?..

“Ишим енгил бўлганида булар қўлимга кишан солармиди?” деган шубҳа туйқус кўнглим кўчаларидан от чоптириб ўтиб қолди.

Ҳа, ёлғон бўлмасин, мутлақо хотиржам эдим дея олмайман. Айниқса, қўлимга кишан уришганидан кейин. Лекин хавотирим даражаси қўлим кишанланган тарзда тутуқланишим ваҳимасига тенг эмаслиги ҳам аниқ.

***

Бадқовоқ эски русумли Нексия мошинасининг орқа эшигини очди, кишанбанд тутқун билан кишандор ходим орқама-кетин амаллаб ўтириб олдик.

Мошина жилди.

Мен ҳеч нарса ўйламасликка тиришиб борардим.

Бадқовоқ сал ҳовлиқмароқ экан. Мелисахонада иши обрўлироқ шекилли, йўл қоидаларига риоя этмасди. Бошқа мошиналарни писанд қилмас, йўлини сал тўсиб қўйса, ўзи ҳақсиз бўлса-да, уларни бўралаб сўкар эди. Гоҳо дўриллоқ сигналини чалиб қўяди.

Ҳа, уни шишираётган ва ҳовлиқтираётган нарса шу дўриллоқ сигнали эди. Бунақа дўриллоқ сигнал кимларда бўлишини халқ билади.

Кета-кетгунча индамадим. Гапиргим келмади. Ҳатто келгуси тақдиримга тегишли бирон нарса ҳам сўрамадим. Тошкент кўчаларини, одамларни томоша қилиб боравердим.

Мен сени соғинган эдим, Шаҳрим! Вақтинча қирғоққа чиқиб қолган балиқ қайтиб сувга тушганида яйраб кетганидек, мен ҳам вақтинчалик айрилиқдан кейин Ўзбекистонимга яйраб-яшнаб кириб келгим, ватандошларим билан ўз тилимда, руҳимиз руҳимизга мос келиб, тўйиб-тўйиб суҳбатлашгим бор эди!

Кўп кўришди шуни ҳам…

***

Манзилга етдик шекилли, мошинамиз қуюқ қорамтир яшил тусга бўялган панжара дарвоза қаршисида тўхтади. Бадқовоқ махсус сигналини дўриллатиб чалди. Дарвоза очилди. Катта ҳовлига кирдик. Мошина тўғри бориб ўнг ёнбошдаги учми-тўртми қаватли бино эшиги яқинига бориб тўхтади.

Тушдик. Мошинадан тушар-тушмасимдан ўз ишлари билан ҳовлида ивирсиб юрган, бинога кираётган, чиқаётган мелиса болалар мени томоша қила бошлади. Биринчи қаватдаги айрим хонадагилар ё деразадан, ё эшикдан атай бош чиқариб, билдириб-билдирмасдан менга қараб қўярди.

Оббо, улар назарида жуда катта “ов”ман шекилли! Умумий тараддуд, умумий қизиқиш келишимни, тўғрироғи, мени “опкелишлари”ни бу ерда анчадан бери кутишганини яққол кўрсатиб турарди.

Ҳолларидан англашимча, Ички ишлар бўлимининг узун ва нурсиз йўлакларида, очиқ-ёпиқ хоналарида, ҳовлиларида мен ҳақимда кўп ва қизғин гап бўлган. Ўзларича бугун жуда катта балиқни қармоққа илинтиришгану энди ҳамма бир-бир ўша балиқни томоша қилар эди.

Бунга сари Бадқовоқ ҳам мисли кўрилмаган қаҳрамондай тутарди ўзини. Гўё неча йиллардан бери дунёнинг кўздан пана бурчакларида тутқич бермай қочиб юрган ўтакетган жиноятчи изини у топган ва муҳташам бир амалиёт уюштириб тутишга у муваффақ бўлгандай!

Оббо, шу кам эди ўзи!

Ичкари кирдик. Кейин билдим, мени олиб кирган бир табақали темир эшик бинонинг орқа чиқиш йўли экан. Нимага дабдабаю асъаса билан асосий киришдан олиб кирмади – билмайман. Ишининг аҳамияти ва қадрини янада бўрттириб кўрсатарди-ку шундай қилса! Ёки олддаги катта ойнаванд эшик бошлиқлар ва ходимлардан иборат киборларгина кириб-чиқадиган эшикмикан? Биз каби “жиноятчи”лар “кир оёқлар”имиз билан уларнинг йўлларини ифлослантирмаслигимиз, кайфиятларини бузмаслигимиз керакдир балки? “Жиноятчи қора халқ”қа орқа эшик ҳам бўлаверади, дейишардир-да.

Хуллас, Бадқовоқ ошиқ-мошиқлари ёғсираган оғир темир эшикни ғийқиллатиб очиб, мени ичкари бошлади. Ўнг томонга қараб кетган йўлакка бурилдик. Этакроғидаги бир хона эшигига етганимизда чўнтагидан калитча чиқариб, қўлимга солинган кишан қулфини очди. Сўнг хонасининг эшигига калит солди.

***

Хона тартибсиз эди. Устол-устул эски. Устол устида ҳам, дераза билан бурчак оралиғидаги очиқ жавон токчаларида ҳам ҳар хил қоғоз қалашиб ётибди. Пол кир. Хона эгалари чекувчи шекилли, охирги марта қачон таъмирлангани билинмайдиган деворларга, эскилигидан асл тусини йўқотган, яғири чиқиб кетган пардаларга тутуннинг қўланса ҳиди ўрнашиб қолган, янги кирган одамнинг кўнглини бир ағдариб олгудек эди.

Бундай қараганда худди ўтган аср 37 – 38-йиллар сўроқхонасининг умумий манзарасини эслатади.

Албатта, мен у мудҳиш замонда яшамаганман, лекин кинолардан, собиқ тутқунларнинг хотираларидан, китоблардаги суратлардан мана шунақа хона, мана шунақа манзара кўзимга ўрнашиб қолган.

Худди ўзи!

Фақат тўртоёқ ёғоч курси (табура ‒ табурет) йўқ…

Туман Ички ишлар бўлими бу шароитда ишласа, биносининг аҳволи шу бўлса, ҳали биз тош асрида яшаётган эканмиз, деб қўйдим ичимда. Айниқса, кечагина хайрлашиб чиққаним Истанбулда кўрганим шароитларга солиштирганда!

Сал маданий савияга чиқишимиз учун ҳали кўп ўсишимиз керак экан.

Жин урсин! Мен нимага бу ердаман? Бинони ва иш шароитини ўрганиш учунми? Ўзимнинг аҳволим нима-ю, нималарни ўйлаб ётибман!

Бошқалар “Юсуф ака”, “Юсуф” деганидан билдим: қўлимга кишан уриб қўналғадан бўлимга олиб келган бадқовоқнинг оти “Юсуф” экан. (Изоҳ: Бу ва бошқа одам отлари ҳақида яна бир марта изоҳ бермасам бўлмади. Бир хаёлим ҳаммасига ясама от қўйиб чиқайми дедим. Асарим бадиий-тўқима бўлмагани билан қатнашчиларнинг ўз отларини қўйиш қандайдир ўнғайсиз туюлди. Лекин қўлёзмани ўқиган дўстларим бошқача фикр билдиришди: “Ҳеч қиси йўқ. Бу асар бошдан ўтган ишлар ҳақида. Шундай экан, ҳар ким ўз оти билан қатнашиши табиий. Қолаверса, сиз эшитган у отлар ўз отлари бўлмаслиги ҳам мумкин. Кучишлатар идора опер ходимлари кўпинча ўз отини яшириб, ясамасини қўллайди”, дейишди. Шу фикр устун келди. Қабул этдим. Айрим ўринларда отларни қўштирноққа олганим сабаби шу.)

Шу тор хонада уч киши ишласа керак. Кирганда чап томон эшик тагидаги устолда бир эски кампутир турибди. Дераза тагида яна бир устол жойлаштирилган. Жавонга орқа қилиб ўтириладиган ўнгдаги устол Юсуфники эди.

Устоллар неча йиллик бўлса! Чизилган, тирналган! Кўримсиз!

Устол устида, ярим очиқ ғаладонлар ичида, орқадаги эски жавон токчаларида мен каби яна қанча инсоннинг тақдири битилган қоғозлар устма-уст, пала-партиш қалаб ташланган!

Ниҳоят, қаршисидан менга жой кўрсатди. Ўтирдим.

Туркияга қачон, нимага борганим, нега бунча узоқ қолиб кетганим ҳақларида бирнималарни сўради. Жавоб бердим.

Тушунтириш хати ёзишимни айтди. Ёздим.

Бу орада унинг хонасига оддий кийимда ёки мелиса кийимида кўп одам бош суқиб, аҳамиятсиз у-бу нарсаларни сўраб кетарди. Ва албатта менга бошдан-охир бир разм солиб қўярди.

***

Ярим соатлардан кейин бир ўрис хотин кирди. Чап қўлдаги устол уники экан. Кампутирда бу ердагиларнинг майда-чуйда ишларини қилиб юрса керак. Устоли, кампутир атрофи ёзилган-ёзилмаган қоғозга тўла.

Озғин. Ёқимсиз даражада ўта хунук.

Балки унчалик хунук эмасдир. Вақт ўтса, кўзлар кўникса, баҳо ҳам ўзгарар. Ҳарҳолда менинг ҳолатим ва кайфиятимда илк таассурот шундай бўлди.

Аслида-ку, ҳуснни (чиройли ё хунукликни) ташқи кўринишгина белгиламайди. Ичга ҳам боқилади. Яъни, одамнинг хулқи-одоби чиройли бўлса, нуқси юзга ҳам уриб, кўзга иссиқ кўрина бошлайди.

Бу хотинни Оллоҳ шу истарадан ҳам қисгандек эди. Турқи совуқ, дейдими бунақаларни? Тиришиб кетган башара бўкиб ичувчи хотинларнинг аптини эслатарди.

Кампутир ишларидан бўшаган пайтлари хонадошларига чойми-қаҳвами қилиб бериб турса керак, устолининг деворга тақалган томонида ўзимизнинг ўзбаки пиёла, балдоқчали пиёла, қайнатма идишлар турибди…

Ҳолбуки, унинг қўлидан бир пиёла чой ичиш тугул, хонада бирга ўтиришнинг ўзи кўнгилни айнатарди.

Бу истарасиз хотин мелисахонада анчадан бери, балки қизлик пайтидан буён ишлаб келаётган бўлса керак. Чунки уни ҳозирги ёшида, шу туришида янгидан биров ишга олмаслиги тайин.

Ёки ёшлигида мелиса кийимини кийишни ёқтирган қизлардандир. Бир кийгану… шу билан ечгиси келмай қолиб кетган. Ўтириб қолган, деса ҳам бўлади. Мана энди кампир бўлиб, эти суягига ёпишгудай шафтолиқоқи бўлиб қолганида ҳам бу ердан кетгиси йўқ.

Бундайлар кўпинча иш жойининг обрўйи, савлати ва ҳайбатидан фойдаланиб яшайди. Кўп шахсий муаммоларини мелиса идораси номидан ҳал этиб юради: яшашига қулай шароит қилиб олади, битмайдиган ишларини битиради, қўшимча кирим ҳам йўқ эмас – бировларнинг ўртасига тушади, пул олди-бердисида орачилик қилади ва ҳоказо. Ҳилкиллаб қолгунича ишлаб юраверади. Чунки шунга ўрганган. Кетса, куни ўтмайди. Ё пақ этиб ўлиб қолади. Ҳарҳолда, ўзларига шундай туюлади. (Изоҳ: Қиссани чопга тайёрлар эканман, шу хотин сурати ва сийрати чизилган бўлакка келганда ўйланиб қолдим: унинг қиёфасини бадиий асар услубида тасвирлаш тўғри бўлармикан? Ҳаётда у аёл бошқача, ҳатто ижобий бўлиши мумкин. Бу хил тасвир унинг орига тегиб кетар ва муаллифдан қаттиқ ранжир. Жаҳли чиқса, ҳатто келиб жанжаллашар. Ўчириб ташлаганим яхшимикан, дедим.

Бир-икки кун ўйланиб юрдим. Охири қолдиришга қарор қилдим.

Биринчидан, муаллиф ҳақсиз тутуқланган. Демак, хўрланган, мазлум бир одам. Ўша пайтда унинг кўзига кўп нарса ижобий кўринмаслиги табиий. Хўрлик остида ҳатто бўртиб салбий кўринади.

Иккинчидан, адабий асар талабидан чиқиб келиб боқилса, ҳақсиз тутуқланган кишининг руҳий кечинмалари, аянчли ҳолати маконга, одамларга, ҳодисаларга унинг ўша ондаги муносабати орқали очилиши ҳам бор гап. Шунинг учун бошда – ҳали таассуротлар эскимаган пайтда шундай ёзилди. Агар бу бўлак олиб қўйилса, ҳақсиз тутуқланган кишининг ички кечинмалари табиий чиқмай қолади.

Учинчидан, унинг оти ёзилмади. Муаллиф бу йўл билан ичидаги нафратни бўрттириб кўрсатгиси келгандир.

Яхшиси, қиссада тасвирланган аёл ҳақиқатда у ерда ишлайдиган аёлга алоқаси йўқ деб ҳисоблаб қўяқолайлик. Чунки у аёл чиндан бошқача бўлиши мумкин. Кўп йил бир жойда ишлаб, ўзига яраша ҳурмат-эътибор ҳам қозонгандир.

Шу уч мулоҳазани ўзимга оқлов қилиб, бу кичик бўлакни ўчирмадим. Тасаввуримдаги кампир тасвири учун ҳаётдаги кампир ранжимаслигини ғойибона сўраган ҳолда жойида қолдирдим. Тўғри тушунасизлар.)

Чалғиб кетдим. Асосий масалага қайтай.

***

Орада Юсуф ташқари чиқиб кетди. Бошқа бир йигит кирди. Ўзини таништирмади. Бирдан сўроққа тута бошлади.

– Китобингизда нималарни ёзгансиз? – деб сўради дўқ урганнамо оҳангда.

Мен босиқ-вазминлик билан жавоб бердим.

Ажиб ҳол, Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ атай хотиримни жам қилиб қўйгандек эди. Ўзимни бемалол ҳис этардим. Гўё ҳозир яна бир-икки савол беришади-да, жавобимни олгач, узрларини айтиб, уйимга қўйиб юборишадигандай.

Жавобларим қониқтирмади шекилли:

– Ўзингиздан ўзингиз келиб қолмайсиз бу ерга! – деди яна қаттиқ товушда.

– Билмадим бўлмаса… – деб қўйдим.

Бундан ортиқча гап унга ортиқча эканини ҳис этдим. Фойдасиз ҳам эди.

Қанчадир вақтдан кейин Юсуф қайтиб келди. Ёзган “Тушунтириш хат”имга тик турган бўйи кўз ташлаб чиқди.

Юсуфга тергов бериб ўтирганимда хонадагилар бирдан ўринларидан туриб кетишди. Эшикка орқа қилиб ўтирганим учун ким кирганини бошида кўрмай қолдим. Кейин ярим ўгирилиб қарадим.

Остонада оддий одамлар кийимида бир йигит турарди. Бошлиқ бўлса керак. Ҳарҳолда хонадагилар аскарга ўхшаб дик этиб ўриндан туриб кетганидан у майда-чуйда лавозимда эмаслиги аён эди.

Ҳозир эсимда йўқ, ниманидир сўради. Юсуф жавоб берди.

Балки у ҳам мени кўргани киргандир. Ёки гапираётиб орқадан менга тегишли бирон ишора қилган бўлиши мумкин.

Тахминим тўғри чиқди.

Бир пайт Юсуф ўрнидан туриб:

– Орқамдан юринг! – деди-да, хонадан чиқиб, ўнгга бурилди.

Йўлак охири бир эшикка тақалар, пешанасига “Қабулхона” деб ёзиб қўйилган эди. Ичкари кирсангиз, кўндалангига кетган даҳлизда пайдо бўласиз. Хиёл чапроқда бошлиқнинг қабулхонаси экан.

Юсуф мени бошлиққа топширди. (Афсус, бошлиқнинг исм-фамилиясини эшикда кўрмай қолдим, ўзидан ҳам сўрамадим.)

***

Саломлашдик. Жой кўрсатди. Ўтирдим.

Худди чойхонада ўтиргандек у ёқ-бу ёқдан гапира бошлади.

– Туркияда ҳаёт қалай? – деб сўради.

Бир нарсалар деган бўлдим. Яна бошқа нарсалардан сўради. Орада:

– Президентга хатни ўзингиз ёзганмисиз? – деди. Тасдиқ жавобини олгач, қўлтиғига ястаниб ўтирганча: – Нимага бунча хатоси кўп? – деб қолди.

– Қанақа хато экан? – дедим.

– Имло хато-да. Ғиж-ғиж, ўқиб бўлмайди.

– Бўлиши мумкин эмас, менда хато ғиж-ғиж бўлмайди. Қайта-қайта текширганман, хатоси йўқ, – дедим.

– Мен кўриб чиқдим, бошдан-охир хато!..

– Интернетдан кўчирган бўлсангиз, кампутирингиз тўғри ўқимагандир. Бўлади шунақа – ҳарфлар бузилиб кетади. Яна қайтараман, мендан хато ўтиши жуда қийин! Ўтса, битта-иккита ўтар.

– Чой ичасизми?

– Майли, чоймиди, сувмиди бўлса, бир қултум ичиб олардим. Икки соатдан бери гапиртиришади, томоқларим қуриб кетди, – дедим.

Бошлиқ кимнингдир отини айтиб чақирди. Чой буюрди.

Бу баҳона бошқа нарса эсимга тушди.

– Мумкин бўлса, ҳожатга чиқиб келсам.

Ўтирган ерида:

– Юсуф! – деб бақирди. У эшикда кўрингач, буюрди: – Акани ҳожатга олиб бориб кел!

Қайтиб келганимда чой ҳам, сув ҳам эсида йўқ, бошлиқ мени яна Юсуфнинг қўлига топширди. Паспортимни унга тутқазаркан:

– Эҳтиёт қил! – деб қўйди.

Бу гап нимагадир ишора эканини сездим. “Паспортини бермаймиз, темир сандиққа ташлаб қўй, катта ишни бошланглар!” демоқчи бўлгандир балки.

“Ҳа, ишим чиндан жиддий экан, – деган ўй ўтди яна кўнглимдан. – Булар мени ҳали-вери қўйиб юбормоқчимас!”

***

Воқеанинг бундан бу ёғини онма-он ёза олмайман. Ипидан-игнасигача ёзсам, шу бир кунлик кўрган-кечирганларим ўзи бир китоб бўлиб кетади. Кимга керак икир-чикир. Сўроқ қилувчилар ҳар хил бўлгани билан саволлари деярли бир хил бўлганидан ўқувчи ҳам зерикади.

Кун давомида туман ички ишлар бўлимида ким бекорчи бўлса, еталаб хонасига олиб кириб кетарди. Бир хил нарса сўрайди. “Тушунтириш хат” ёздиради. Сўнг бошқасига топширади.

Мендан бошқа ишлари йўқми, хира пашшадай ҳаммаси менга ёпишиб олди. Ҳайронман.

Юсуф қидирув бўлими бошлиғи бўлса керак. Кейин уни кўрмадим. Унинг иши битган, шекилли. Кейин мен билан “Даврон”, “Баҳром” исмли терговчилар кўпроқ шуғулланишди.

“Даврон”ни ҳеч тушунмадим: югурдакми у ё терговчими? Тайинли бир иш қилмайди. У хонадан олади, бошқа хонага элтади. У терговчининг ёнига турволиб савол ташлайди, бу терговчининг ёнига турволиб гапга аралашади. Яна, бунинг устига, ҳар у ёқ-бу ёққа еталаганида кўнглимни овламоқчи бўлади. Кўзларини аланг-жаланг қилиб, “дўстона” гапиради:

“– Мен ҳам фарғоналикман…”

“– Олим, академикнинг боласиман…”

“– Зиёли оилада туғилганман… Мен сизнинг аҳволингизни тушунаман…”

“– Холам қизишмасинлар, ҳаммаси яхши бўлади…”

Ва ҳоказо.

Эзма. Жонга тегди. Бунақа болалар ўзини сизга мойил қилиб кўрсатгани билан кўпинча энг ипирисқи бўлиб чиқади. Шу учунми, бошдаёқ ёқмай қолди.

“Баҳром” дегани ўзининг хонасида кўпроқ ушлаб ўтиришга тиришарди. Бошқалар сўраб кирса ҳам, “Ҳозир тугатиб олай”, деб мени қўйиб юбормасди.

Президентга ёзган хатимга қараш учун кампутирини очган эди, кейинги пайтларда ёзган барча мақолам, фб.даги ижодим биттама-битта тўпланганини кўрдим. Бошқаларнинг мақоласига ёзган кичкина изоҳим ҳам назарларидан четда қолмабди! Қойил! Тайёр архив! “Бир нусхасини ўзимга ҳам беришса бўларкан”, деган ўй ўтди хаёлимдан. Чунки шу пайтгача ижодимга ўзим буларчалик қаттиқ диққат қилмаганман ва тўпламаганман.

“Олдиндан пухта тайёргарлик кўришибди азаматлар!” деб қўйдим.

– Нашриётдан нимага ишдан кетгансиз? – деб сўради. (Изоҳ: 1999 йил июлидан бошлаб Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фикр тарқатувчиси “Ҳидоят” жўрнали Бош муҳаррири бўлиб ишладим. Жўрнал жуда машҳур бўлди. Охирги йили адади 80 000 (саксон минг)дан ошиб кетди. 2010 йили мени “Мовароуннаҳр” нашриёти Бош директори этиб тайинлашди. Айни чоқда жўрналдаги лавозимим ҳам сақланди. 2013 йили май-июн ойлари меҳнат таътилимни ўтказиш учун Туркияга бориб-келдим. Каримовнинг Туркия билан муносабати жуда совиган пайтлар эди. Шу учунми, асли МХХ кадри, ЎМИ га раис ўринбосари этиб ташланган Айдарбек Тўлепов анчагина жиғибийрон бўлди. Бунинг устига, ўша йил ўктабир ойида ББС га берган суҳбатим ҳам қўшилди шекилли, декабирнинг охирги кунлари мени ишдан ҳайдашди. Ҳайдалишим сабабини аниқ билмайман, булар менинг тахминим.)

– Билмайман, – дедим. – Аризани ёзинг, дейишди, нимага деб сўрамасдан ёзиб бердим. Кейин ҳам суриштирмадим.

– Мен биламан, – деди Баҳром кўзларимга тикилиб. – Атай бориб сўраб келганман.

Ишдан ҳайдалиш сабабини билишга қизиқар, сўрар, деб кутгандир. Лекин мен сўрамадим. Қизиқмадим. Ҳатто парво қилмадим. У ҳам айтмади.

Шу хонада эканман, соат учларга яқин ўғлим билан онаси менга ул-бул егулик олиб келишди. Киритишибди. Уйда қилинган сомса экан. Мен бўлсам, қандай қилиб пешин намозини ўқиб олсам экан деб ичимдан типирчилар турган эдим. Вақт асрга қараб борарди.

Баҳром бир чеккада турган ноутбукимни олдига сурди. Қопқоғини кўтарди. Махсус кўд билан қулфланган эди. Табиий, очилмади.

‒ Очиб беринг, ‒ деб мен турган томонга сурди.

Қайсарлик қилишдан фойда йўқ эди. Барибир очтиришади. Қолаверса, ичида қўрқишга арзигулик қинғир ҳеч бир нарса йўқ, ижодим, кундаликларим, ёзишмаларим, бошқаларнинг асарлари бор, холос.

Кўдини тердим. Экран ёришди.

‒ Сиз овқатланиб олаверинг, ‒ деб менга йўлакка жой қилиб берди.

Бу ёғини ‒ қандай тушлик қилганим, намозимни қандай ўқиб олганим ҳақида ўрни билан кейинроқ ёзаман.

***

“Акбар” исмли терговчи ҳақида икки оғиз алоҳида гапирмасам бўлмайди.

Айтишларича ва тахмин қилишимизча, террорчиликка қарши кураш бўлимида ишлайди. Бу йигитни таниб-эслаб қолганимизнинг сабаби бор.

Менга асосий тузоқни қуришда шу “Акбар” деганлари бевосита иштирок этган.

2017 йил августининг 7-куни уйимизга маҳалла бошлиғимиз келиб, хотинимга: “Эртага Яшнобод тумани ҳокимлигида махсус йиғилиш бўлади. Боришингиз шарт экан. У ерда хўжайинингизга тегишли муҳим гап бўлади”, деган.

Эртансига аёлим билан келиним бирга боришган. Ислом Каримов даврида “қора рўйхат”ларга киритилган диндорларни ўша лаънати рўйхатдан ўчириш маросими экан.

Саҳнада ҳоким ўринбосари, МХХ, ИИВ, прокуратура вакиллари ва улар қаторида бир имом ва мана шу “Акбар” ҳам ўтирган.

Умумий гап-сўзлардан кейин исм-фамилиялар ўқилган ва орада менинг ҳам отим кечган.

Тепада ҳайъатда ўтирганлардан кимдир хотинимдан:

‒ Хўжайинингиз нима айб қилган эди? Қайси оқим? деб сўрабди.

Хотиним ўрнидан туриб:

‒ Ҳеч қанақа айблари йўқ! У киши… – дея сўз бошлаб, энди “…бир китоб ёзганлар” демоқчи бўлганида “Акбар” ўрнидан шартта отилиб турган ва:

‒ Йўқ, у киши чет элда узоқроқ қолиб кетганлардан, ‒ деб гапни буриб юборган.

Бошида ишим ҳақиқатда шунақа енгил бўлганми ё у бола атай асл ҳақиқатни айтмаганми?

Тахминимча, ўшанда бу гап билан у иккита мақсадни кўзлаган: биринчиси ‒ йиғилишда китобим тилга олинишини, ёзган асарим учун “қора рўйхат”га тиркалганим ошкор бўлишини истамаган; иккинчиси ‒ мамлакатга қайтиш-қайтмаслик борасида иккиланиб турган менга “иш”имни енгил кўрсатмоқчи бўлган. Яъни, арзирли айби йўқ, чет элда узоқ қолиб кетгани учунгина “қора рўйхат”га киритилган, холос. Унинг назарида, бу менга “хуш хабар” бўлади: қўрқмасдан қайтаверинг, сизга оғир айб қўйилмаган…

Йиғилишдан кейин хотинимнинг олдига келиб ҳатто:

‒ Амаким энди қайтаверсинлар, ҳеч қанақа муаммо қолмади!.. ‒ деган.

Ўша куниёқ аёлим Истанбулга тилпон қилиб, менга бу “хуш хабар”ни етказди, албатта.

Биз ўғлим Файзуллохон иккимиз бу пайтда “Kirazlitepe (Гилостепа) Yaşam Merkezi”даги ҳовузда бир соат чўмилиб, ташқарида тепаликдаги боғда Истанбулни – икки денгизни боғлаб қаршимизда, ҳув пастда ястаниб оқиб ётган улкан сувни, гўзалдан-гўзал бўғоз қирғоқларини томоша қилиб ўтирган эдик. Янгиликни эшитиб, хурсанд бўлиб кетдик.

‒ Суюнчисига кечқурун битта ош мендан! ‒ деб юбордим.

Уйга қайтгач, икки ракат шукр намозини адо этдим. Ошга уннаш олдидан бу воқеани файзбоғга ёзиб, оламга ёйдим:

“ХУШХАБАР

Ҳозиргина уйдан тилпон қилишди.

Туманимиз ҳокимиятига чақиришибди.

Бу ёғи ҳамма биладиган гап: ўзлари тузган “қора рўйхат”дан менинг номимни ўчиришганини эълон қилишибди!

“Чеккадагилар ҳам юрт қайтсин, билет олиб беришимиз ҳам мумкин”, дейишибди.

Тафсилотини ёзиб ўтирмайман. Мен айтадиган гап бошқа:

Мен сизларнинг “қора рўйхат”ларингга лойиқ иш қилганим йўқ! Мен Ислом Каримов ўрнатган тузумнинг камчиликларини таҳлил қилиб китоб ёздим, шу холос!

Афсус, Каримов сиёсати “Бу кунлар”да кўрсатилган камчиликлар бир ёқда қолиб, камчиликни кўрсатган одам билан шуғулланишга киришиб кетди. Уйимга десант ташлади, айрим қўлёзмаларим ва китобларимни мошинга босиб олиб кетди. Интернет тармоқларида номимни булғай бошлади.

Мен бу ишлар ҳақида халқимга шикоят қилмадим, индамадим. Фақат, фб. да бир гал: “Давлатимга ҳайронман, мен билан шуғуллангунча камчиликлар билан шуғулланса бўлмайдими?!” деб ишора қилдим, холос.

Мана, бўларкан-ку! Бугунги Президент салафидан қолган камчиликларни тузатишга киришди! Жиддий киришди шекилли, энг хунук мерослардан бирини – “қора рўйхат” деган балони ўртадан кўтарди! Менинг ва мен каби минглаган ватандошимизнинг юзини қора деганларнинг ўзларининг юзи қора бўлди! Энди, иншаоллоҳ, тез кунларда қамоқларда ҳақсиз ётганларга ҳам қутқарилиш онлари келади деб ўйлайман.

Ҳақиқат аста-секинлик билан бўлса-да қарор топиб боряпти. Оллоҳнинг қудратига қойил қолмасдан илож йўқ: ердаги бу рўйхатни тузган ва туздирган золим ўлди, у тузган “қора рўйхат” эса бир йилга бориб-бормай тарихдан ўчди, алҳамдулиллоҳ!

Аммо золимлар унутмасин, Оллоҳнинг бир қора рўйхати борки, у ҳеч қачон ўчмайди! У рўйхатнинг энг бошларида…

Шуниси кўнгилларга таскин беради.

Оллоҳ буюкдир!

2017 августининг 8-куни”.

***

Мана, ҳозир Яшнобод туман Ички ишлар бўлимида кун ярмигача қўлма-қўл бўлиб, мингта бекорчига тергов бериб юрарканман, “даврон-баҳром”ларнинг гап-сўзидан сезиб қолдим: “Қора рўйхат”дан ўчирилган у олтмиш киши қаторида аслида менинг отим бўлмаган! У бир тузоқ бўлган! Ва менинг бу тузоққа илинишимни мўлжаллашган!

Давоми бор

Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН