Хавфсизлик масалалари бўйича мустақил таҳлилчи Амруллоҳ Собир эса Ўзбекистон президенти Каримовнинг фикрларида жон борлигини айтади.
Унингча, келгуси икки йил ичида Марказий Осиё ташқи кучлар ёки сиёсий ўйинчилар таъсири остида доимий беқарорлик ўчоғига айланиши мумкин.
– Ҳақиқатан Марказий Осиё арзон электр, сув, табиий газ ва атом энергиясининг асосий манбаи саналади. Сўнгги йилларда фойдаланилмай келинган бу манбаларни эгаллаш иштиёқи кучли бўлган Россия, АҚШ ва Хитой каби давлатлар ўз манфаатларидан келиб чиқиб, минтақада беқарорликни юзага келтириши мумкин, – дея мулоҳаза билдиради таҳлилчи Амруллоҳ Собир.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мазкур нутқида яна Марказий Осиёнинг айрим давлатларидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг ёмонлиги минтақавий хавфсизликка таҳдид солаётганини ҳам қайд этган.
“Минтақада жойлашган айрим мамлакатлардаги ижтимоий норозиликнинг кучайиши, ёмонлашиб бораётган ижтимоий-иқтисодий вазият минтақавий барқарорлик ва хавфсизликка қарши жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда”, деган президент Каримов гап қайси давлат ҳақида бораётганига аниқлик киритмайди.
Тожикистонлик мустақил таҳлилчи Нўъмонжон Фахриддинов тахминича, Ўзбекистон президенти бу ўринда минтақа давлатларидан кўпроқ Тожикистонни назарда тутаётир.
– Номини тилга олмаган бўлса ҳам, бу ерда Тожикистонни кўзда тутгани сезилиб турилибди. Ҳар қандай ўзини билган одам шундай хулосага келади. Лекин бизнинг иқтисодий кучсиз бўлишимизга, биринчидан, Ўзбекистоннинг ўзи сабабчи бўлаяпти. Мана, нарх-наволар ошиб кетаяпти. Йирик давлатлар бизга – кичкина бир республикага шунчалик катта мушкулликлар келтираяпти. Ундан ортиқ яна қандай хавф-хатар бўлиши мумкин? – дея савол ташлайди мустақил таҳлилчи Фахриддинов.
Шу ўринда айтиб ўтсак, АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этиши ортидан минтақада беқарорлик хавфи кучайиши мумкинлиги ҳақида Тожикистон расмийлари ҳам жамоатчиликни ўтган йил бошларида огоҳлантирган эди.
Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази экспертлари хулосасича, Марказий Осиё хавфсизлигига таҳдид бўлаётган асосий омиллар минтақанинг ўзидадир. Тожик экспертлари фикрича, қўшни давлатлар кўп ҳолларда яхши қўшничилик принципларига амал қилмаётгани ва айрим давлатлар минтақада якка ҳокимликни даъво қилаётгани Марказий Осиё барқарорлигини савол остига қўймоқда.