Туркистон жадидчилик мактабининг асосчиси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сўнгги кунлари, фожиали ўлими тўғрисида ёзиш оғир. Аммо бу тараққийпарвар, юртпарвар аждодимиз ҳаётининг нисбатан кам тадқиқ қилинган қисмига боғлиқ бўлгани боис ҳам шунга жазм этдик. Зеро, ўтмиш инсониятни ҳушёрликка чорлаб, сабоқ чиқаришга ундаб туради.
Маълумки, Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз шериклари Мардонқул Шомуҳаммадзода ва Муҳаммадқул Ўринбой ўғли билан бирга Бухоро амирлигига қарашли Шаҳрисабзда қўлга олинган ва Қаршига келтирилган. Қарши беги Тоғайбек буйруғи билан зиндон яқинидаги “подшолик” чорбоғида амирнинг Қарши шаҳридаги волийси Нуриддин Оғалиқ томонидан 1919 йил 25 мартда ваҳшиёна ўлдирилган.
Албатта, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ваҳшиёна ва хиёнаткорона ўлими халқимизни ларзага солган. 1920 йилнинг апрелида бу табаррук инсон туғилган Самарқанд шаҳрида Бухоро амири ва унинг жоҳил амалдорларига қарши умумхалқ намойиши бўлиб ўтади. Намойишчилар амирдан Беҳбудий қотилларини жазолашни қатъий талаб қилишади. Халқнинг талаби амир томонидан инобатга олинмаганлиги Беҳбудийнинг фожиали ўлимида амирлик ва совет ҳукумати махфий келишуви борлигини кўрсатади. Совет ҳокимияти йилларида авж олдирилган дискриминация сиёсатининг тиғи Туркистон минтақасидаги зиёлиларни бирин-кетин йўқотишга ҳам қаратилган эди.
1920 йил сентябрь ойи бошида амир ҳукумати ағдарилиб, Бухоро Халқ Совет Республикаси ташкил топганидан сўнг, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Самарқандда фаолият юритаётган шогирдлари, сафдош ва маслакдошлари унинг қабрини излаб топиш, қотилларни аниқлаш ҳаракатига тушишади.
Бухоро Халқ Совет Республикаси 9 вилоятдан иборат бўлиб, уларнинг бири Қарши эди. Қаршида ушр-солиқ назорати идорасининг бошлиғи бўлган Нуриддин Оғалиқ (Нуриддинхўжа Оғалиқ Аҳмадхўжа ўғли) “Самарқанд комиссияси”нинг Қаршидаги фаолиятига йўл қўймаган. Қарши шаҳридаги ҳукумат аъзолари эса унинг хоҳиш-иродасига қарши боролмаганлар.
Шу ўринда кишини ўйлантирадиган бир савол туғилади. Амир даврида эътиборли мансабда ишлаган Нуриддин Оғалиқ Шўро ҳукуматида ҳам ўз мавқеини сақлаб қолишга қандай эришди экан? Бу ҳанузгача жумбоқ бўлиб қоляпти. Нуриддин Оғалиқ комиссия фаолиятига йўл қўймай “ёпиқлиқ қозон ёпиғлигича қолади”, деб ўйлаган. Лекин БХСР ҳукумати тафтиш комиссияси 1923 йилнинг кузида Қарши вилояти солиқ идораси фаолиятини текширувдан ўтказади. Комиссия Оғалиқ ҳамда унинг сафдошлари катта қонунбузарлик ва жиноятга қўл урганлигини аниқлайди. Нуриддин Оғалиқ ва унинг ҳамтовоқлари Ҳожи Абдулазиз Боқиев, Мирзо Маҳмуд Ҳожи Ибод ўғли кабилар олий инқилоб трибунали судига берилади.
Нуриддин Оғалиқ солиқ идорасининг бошида турганида: “ҳукуматнинг 42 минг пуд буғдойини, 20 минг олтин газмолини ўғирлағон. 2000 қўй, 20000 қоракўл териси бўлғон, меҳнаткашлардан 1000 — 2000 нафарини ярим оч, ярим тўқ ҳолатда ўз ерларида ишлатғон… Оғалиқнинг қилғон ишларини, жабр ва зулмларини, хиёнатларини ёзиб, учиға чиқариш мумкин эмас”, деб ёзади “Бухоро ахбори” газетаси. Ушбу шахснинг юқоридаги қонунбузарликка қаратилган хатти-ҳаракатларига буюк мутафаккир Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаётига зомин бўлганлиги билан боғлиқ жинояти ҳам қўшилган.
Суд “Нуриддин Оғалиқни отишга, қолғон иккисини беш йилга қамоққа олишга қарор қилди. Ҳукм Регистонда бўлиб, 5 мингга яқин киши иштирок қилди”. Нуриддин Оғалиқни отиш ҳукми 1923 йил 19 сентябрь кеч соат 7.00 да ижро этилган. Бу ҳақда газета “Беҳбудий ва рафиқларининг ўлдирилишига сабаб бўлғон фуқаро ҳукуматининг молиға хиёнат қилган мазкур Оғалиқ 19 сентябрда (1923 йил) одил ҳукуматимиз томонидан отилди, демак, Беҳбудий ва рафиқларининг ўчлари олинди”, деб ёзади.
Шундай қилиб, Беҳбудий ўлимидан 4 йил кейин қотил ўзининг жазосини олган. Шундан сўнг Бухоро ҳукумати томонидан Қарши вилояти ижроқўми раиси Жўра Зокирий ҳамда Қарши вилоят фирқўми Назаров зиммасига Беҳбудий қабрини қидириб топиб, унинг ҳайкалини ўрнатиш вазифасини юклаган. “Бухоро ахбори”да бу ҳақда шундай хабар берилган: “Маҳмудхўжа Беҳбудий қабри оз кунда (тез кунда) топилиб, устиға ҳайкал ишланиб ётадур. Беҳбудий ўзининг ўртоқлари билан ҳибсхонанинг ёнида вокзалға қарағон тарафда ҳаммаси бир қабрға кўмилғонлар. Беҳбудий қабрини излаб топиб, устиға ҳайкал ишлатишга Қарши вилоят ижроқўми билан вилоят фирқўмининг бошида ўлтирғон Жўра Зокирий ва Назаров ўртоқлар кўп ғайрат қилғонлар”. Лекин бу мутасадди шахслар ўзларига юкланган вазифани уддаламаганлиги манбаларда қайд қилинади.
“Озод Бухоро” газетасининг 1923 йил 19 октябрдаги сонида: “Туркистоннинг машҳур жамоат ходимларидан Беҳбудийнинг исмини умрбод (абадий) қолдирмоқ учун Қурултой (Бухоро Республикаси қурултойи) Қарши вилоятини Беҳбудий вилояти деб исмламакка қарор берди”, деб хабар беради. Демак, Беҳбудий номи Қарши вилоятига 1923 йилдаёқ берилган. “Озод Бухоро” 1923 — 1925 йиллар давомидаги сонларида ҳам Қарши вилояти ҳақида фикр билдирилса, уни “Беҳбудий вилояти” деб қайд қилинганлиги билан боғлиқ маълумотлар учрайди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий билан боғлиқ салмоқли мақола муаллифи “Мусофир”нинг асл исм-шарифи ким бўлган?Беҳбудий қотили Нуриддин Оғалиқни 3 йил давомида Бухоро ҳукумати органларида ишлаб келишига қайси шахслар ҳомийлик қилди экан? “Гўри Амир” (Самарқанд) дарвозаси олдида Маҳмудхўжа Беҳбудий бир гуруҳ зиёлилар билан бирга тасвирга тушганлар орасида Оғали(?) деган киши (Қаранг: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 1995 йил 14 апрель) ҳам бор. У қайси Оғали? Қарши вилояти раҳбарлари нега ўзларига юкланган вазифани охиригача бажармадилар? Бу каби жумбоқли саволлар тадқиқотчиларнинг эътиборини ўзига тортиши табиий ҳол. Хуллас, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Бухоро тарихи муаммоси билан боғлиқ тадқиқотларнинг келгусидаги вазифалари шу каби саволларга жавоб топмоқдан иборатдир.
“Сизларга васият қиламан. Маориф йўлинда ишлайтурғон муаллимларнинг бошини силангизлар. Маорифға ёрдам этингиз. Ўртадан нифоқни кўтарингиз. Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар. Ҳар иш қилсангиз, жамоат билан қилингизлар. Ҳаммага озодлик йўлини кўрсатингизлар. Бухоро тупроғига тезлик ила йўл бошлангизлар. Озодликни тезлик ила юзага чиқарингизлар”.
Бу сўзлар манқурт ваҳшийлар қўлида азоб чеккан Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўз умри сўнгги дақиқаларида қилган васияти, бўғзида қотган дил ноласи эди.
Шодмон ҲАЙИТОВ,
Бухоро давлат университети профессори,
Камол РАҲМОНОВ,
тарих фанлари номзоди