O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Беҳи

Беҳи
156 views
12 February 2018 - 5:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

Таҳририят

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН

БЕҲИ

Бир жуфт беҳи келтирган эдинг,
Бир-биридан хушбўй, муаттар.
Мен уларни қаттиқ соғиндим
Ва сарғайдим беҳидан бадтар.

Мана, яна беҳилар пишди –
Фироқ фасли, ҳижрон мавсуми.
Меваларнинг энг бир ҳазини,
Меваларнинг энг бир маъсуми.

Кезмакдаман беҳизорларни,
Бир беҳи йўқ бошин эгмаган.
Заъфарон бу мевалар сағир,
Ҳеч бирига қўлинг тегмаган.

Сенсиз бутун дунё бежизим,
Сенсиз бутун дунё беҳудам.
Ҳамуқубат, ҳамдардим билиб,
Ҳол сўрайман ҳар бир беҳидан.

Хаёлимда бошқа мевалар
Минг бор инкор, минг бор рад бўлди.
Дунёда бор ҳикмат якуни
Жуфт беҳидан иборат бўлди.

Келмасанг-да тонглар отмоғи
Ва кунларнинг ботмоғи мумкин.
Лекин менга тинчлик бермайди,
Келтирганинг жуфт беҳи тун-кун.

Айланди ул бири қуёшим,
Айланди ул бири ойимга.
Армон билан бошқа беҳилар
Тўкилади бир-бир пойимга.

* * *

Лабингдаги кулгудан келсам,
Дилимдаги оҳдан келасан.
Мен ҳамиша тоғдан келаман,
Сен ҳамиша боғдан келасан.

Бу гўёки бир нодонликдир,
Гўёки бу жўн бир жаҳолат.
Лекин мудом таскин беради
Юрагимга менинг бир ҳолат.

Бизга мансуб бу зиддиятнинг
Қовушмоқ бор охирларида…
Сен келган боғ мен келган тоғнинг
Жойлашган ёнбағирларида.

* * *

Мен сўнгсиз бир азоб, муҳташам бир дард,
Қўрғошиндек оғир хаёлга ўғил.
Ўйлайман… қорачиққа поёнсиз нафрат,
Киприкларга меҳр қалқади, мўғул.

Бобом Шайх Нажмиддин Кубро қўлида
Ғижимланиб қолган манфур туғларинг.
Чириб-чириб ётар Урганч йўлида
Қатлимга қайралган қаттол тиғларинг.

Мен канда қилмайман тиғ чиритмоқни,
Сен урҳолар солиб, елдек эсасан.
Бўйнимга Чингизхон урган сиртмоқни
Заҳириддин Бобур бўлиб кесасан.

Хаёллар гоҳ қипчоқ, гоҳ ўғизимда,
Дил — Тўмарис меши. Қонга тўлади.
Билмайман қўлдами ёки бўғзимда
Исфаҳонми ёхуд Дамашқ пўлати.

Аср-асрларни сен талай-талай,
Айқаш-уйқашлайсан зулмат-зиёни.
Денгизга тегмайсан, раҳмат, ҳарқалай,
Ташлаб кетадирсан икки дарёни.

Икки дарё мадҳи битилган шеърлар
Белга ёр боғлаган қийиқларимда.
…Мен тушлар кўраман. Манглайим терлар.
Мудҳиш бир истеҳзо мийиқларимда.

 

* * *

Макрни касб қилиб олган ғаддорлар
Эзгу меҳрингизга солганди қутқу.
Шундан бери, мана, икки қалъада
Ёлғиз бир ўзингиз яшайсиз тутқун.

Вужудингиз яшар бир хонадонда
Аччиқ фаровонлик таъмини тотиб.
Биров учун — келин, биров учун — қўшни,
Биров учун эса — қумридек хотин.

Гўшангизда, афсус, ғаразлар тўрда,
Пойгакда мум тишлаб ҳақ, инсоф жимдир.
Меҳр-муҳаббатдан, самимиятдан
Бошқа ҳамма нарса тўкин-сочиндир.

Сиз тараф отланар бўлсам, йўллар берк,
Ҳар қадамим учун шаънингиздир бож.
Мен тушлар кўраман — пойингизда тахт,
Мен тушлар кўраман — бошингизда тож.

Мен тушлар кўраман, қолмасин деб эл
Адолат аталган олий урфсиз,
Золимлар ичинда кирдикорларин
Махфий ва батафсил билиб юрибсиз.

Мен тушлар кўраман, ўқиркансиз ҳукм,
Ҳар сўзда адолат кўрсатар талъат.
Илҳақ уйғонаман — хаста юрагим
Сиз қамалиб қолган бошқа бир қалъа.

Шундай муҳташам бир ёлғизлик билан
Кунларим ўтмоқда шиква-ноласиз.
На у қалъангиздан бўласиз халос,
На бу қалъангиздан хабар оласиз.

Сиздан бошқа ким ҳам англасин мени,
Юрагимга йўлни бошқа ким билсин.
Бу мажнун қалъанинг ҳар қопқасида
Муҳаббат аталган муқаддас тилсим.

Маликам! Етибми илтижоларим,
Воқифлар бўлибми бебаҳо сирдан,
Ўзингизни йўқлаб келинг… тилсимлар
Жаранглай бошлади ҳозирдан.

  

* * *

На Мажнун бўлмоқлик даъвоси дилда,
На юракда Фарҳод бўлмоқлик баҳси.
Юргандим, манглайда ажин, сочда  – оқ,
Минг хил ғалва билан чалғиб, алаҳсиб.

У ҳам ўзи билан ўзи овора,
Юрганди куй куйлаб, эртак эртаклаб.
Бир-биров қошига бизни шафқатсиз
Нима учун келдинг етаклаб.

Нима гуноҳ қилди сенинг олдингда
Яноқлари бир жуфт қизил олма қиз…
Менинг-чи, менинг не айбим бор эди,
Ялмоғизсан, муҳаббат, ялмоғиз…

 

* * *

Севгилим! Ҳажрингда ўлмадим,
На-да алқа, на-да бер жазо.
Шундоқ ҳам ташрифинг — бир кўклам,
Шундоқ ҳам ташрифим — бир хазон.

Бугун мен кўп ҳориб келганман,
Юрагим ташнадир, ташнадир.
Ялиниб-ёлвориб келганман.
Кўзларинг чашмадир, чашмадир.

Мусаффо чашмингга, зилол чашмингга
Борлиғим ютоқиб ҳовуч урар.
Бўғзимда қўшиқлар ёзар барг,
Бўғзимда сукунат қовжирар!

 

* * *

Кун ҳам ботиб бўлди. Юлдузлар беҳол.
Ўтинаман, берсин, ёр, хайримизни,
Ёлғиз қолсин бир жуфт мажнунтол,
Тугатайлик энди боғ сайримизни.

Чинорлар оҳиста хазон сочмоқда,
Битмоқда заминга заъфарон хатлар.
Сўзлар ўзларини олиб қочмоқда,
Тилга кираётир бу сукунатлар.

Ўз ҳолига қолсин яқин ва йироқ,
Ҳар лаҳза биз учун бебаҳо тортиқ.
Кўзларингга навбат бермай минг чироқ,
Кўп узоқ порлади… олсин-чи ҳордиқ.

Қулоқ тутмай кузнинг мангу сирига
Тан олмай хазоннинг ғолиб бу фаслин.
Икки асов юрак бири бирига
Оҳиста-оҳиста бўлмоқда таслим.

Бахтимизни қуюқ оқшом тасдиқлар,
Бу бахт кўп соддадир, бу бахт кўп чигал.
Ҳижронда тош қотган совуқ ёстиқлар
Билсанг эди, ҳозир қандай кўпчиган…

  

* * *

Қачон сен додимга етасан,
Бир учқун бахш этиб кўзингдан.
Бораман. Ўзингдан кетасан.
Ўзингни топмайман ўзингдан.

Мўъжизалар бари сенсиз — жўн,
Уволлар бўлади фарёд ҳам, оҳ ҳам.
Кел, биргина нафас ерга қўн,
Маъбудам, фариштам, илоҳам.

Назарга мени бир дам ил сен,
Бўлмай турсин олам бир нафас қафас.
Бир нафас осмонни ер қил сен,
Ерни осмон этгил бир нафас!

* * *

Йўлингга кўз тутиб туним тонг бўлди,
Йўлингга кўз тутиб бўлди кеч куним.
Пойингга чечаклардан гилам ёзолмадим,
Бўлмаса ҳам сендан бошқа ҳеч кимим.

Ўз вақтида келдинг, хижолат тортма,
Гуллаб яшнамади агарчи ҳеч ер.
Золим қиш ўз вақтида кетмади, холос,
Баҳорим, бу сурбет қорларни кечир.

 

* * *

Кабутардек учиб келдинг сен,
Кийикчадек келдинг сен елиб.
Ва — термулдинг. Майин нигоҳинг
Юрагимга санчилди келиб.

Янглишмасдан урдинг ўқингни,
Ортиқча бир ҳунар, санъатсиз.
Ва — мен энди чалажон, беҳол,
Ва — мен энди мувозанатсиз.

Билмаганга солиб ўзингни
Куляпсан лаъл… куляпсан ақиқ…
Бизда, ахир, хабаринг йўқми,
Арслон ови қилинган тақиқ.

 

* * *

Сен ёнимга тушдинг тонг пайти, эй ой,
Сен қошимга келдинг саҳарда, моҳим.
Мени деб ердасан… баланд маснадинг
Бундан-да баландроқ бўлсин, илоҳим.

Тилим калимага келмас. Титрайман.
Ёниб турган андуҳ азоби жонда.
Висол соатлари ўтади бир-бир,
Юрагим — қўлингда, бошим — осмонда.

Билмагандек, ҳолин сўрайверасан
Лабларимда кулгу, кўзда ёшимнинг.
Оғриқлари билан нима ишим бор
Осмон-осмонларда юрган бошимнинг.

Яхшиси, сўрагил, сарвиқоматим,
Яхшиси, сўрагил, нозик ниҳолим.
Шундоққина қўлингда, шундоқ кафтингда
Типирчилаб турган юракнинг ҳолин.

Мангу бир дийдорга эришмак, ахир,
Насиб бўлмагайдир на сен, на менга…
Қошимни бир кун тарк этганингдан сўнг
Ботиб-ботиб кетгай бошим заминга.

Хавфсинма. Биз ҳам бир ишқибозлармиз.
Шундайдир даврнинг ялпи ҳолати.
Билмаган ишқ дейди… билганлар эса
Мийиғида кулиб қўя қолади.

(давоми бор)