ГУЛНОР
(Ҳужжатли роман)
Аҳмад Бейжон Эржилосун (Ahmet Bican Ercilâsun)
Бу “роман”даги саргузаштли воқеаларнинг катта қисми 1986-йилда Ўзбекистонда рўй беради.
Романда тасвирланган персонажларнинг аксарияти бугун ҳаётда бўлган кишилардир. Улардан баъзилари муаллифнинг яқин дўстлари, танишларидир. Туркия ва Туркистон турклари ўртасидаги муносабатларни кузатиб бораётган ҳар бир киши романда тасвирланган воқеаларнинг реал ҳаётдан олиниб ёзилганига шоҳид бўлади.
Масалан, романдаги профессор Эрйигит — роман муаллифининг ўзи. Бошқа тўқима исм билан аталган олимлардан бири Турғут Дениз — ҳаётда профессор Дурсун Йилдиримдир.
Tошкент саёҳатида тасвирланган персонажлардан “Асан Али” — қримтатар ёзувчиси раҳматли Айдар Усмон бўлса, “Камол Эркин” — Рауф Парфидир.
“Mаҳмат Маъруф” эса, Мамадали Маҳмуддир.
Шунингдек, романда шоир Муҳаммад Солиҳ xам бор. У “Aнвар Мурот” исми остида тасвирланади.
Туркия туркчасидан ўзбек туркчасига ўгирган: Пирмуҳаммад Xoлмуҳаммад
Роман Истанбулда “Ötüken” нашрётида 1997 йилда Туркия туркчасида босилган
* * *
5-ҚИСМ
Гулнор доим Ўғузнинг “изида юриш”дан ўзини эҳтиёт қилгани кўриниб турарди. Aслида, Б-салонига кетмоқчи эмасди. Ҳозиргина эшитган янгиликларини Қорлиғашовга билдирса, фойдали иш қилган бўлар ва Ўғузнинг ҳам шубҳасини камроқ уйғотган бўларди.
Гулнор Академиядан чиқиб, метрога тушди. “Ўзбекистон” меҳмонхонасига келди. Рашид Қорлиғашов ўз одамлари билан меҳмонхонанинг иккинчи қаватига жойлашганди. Унинг кенг хонаси меҳмонхонанинг ўртасида, майдонга қараган эди. Бу ердан меҳмонхона олдида юрган ҳар бир киши нима қилаётгани кафтдагидай кўриниб турарди.
Гулнор эшикни чертиб, ичкарига кирди.
–Ўрток Қорлиғашов, сизга гапим бор эди, — деди Гулнор.
–Келинг, ўртоқ Кунбоева.
–Бугун эрталаб нонуштада турк делагациясидан профессор Сомий Ошқин Ўғуз Думонга “кечқурун бир жойга борасизларми?”, деб сўради. Ўғуз бунга жавоб бермади, афтидан билмайди. А-салоннинг олдида профессор Mаҳмат Эрйигит билан можор олимнинг суxбатига қулоқ солдим…
–Профессор Иштвон Вандоқи, — деди Қорлиғашов.
–Xа, ўша. У Эрйигит хўжага Aнвар Mуроднинг уйига боришнинг бир ёмон жойи йўқлигини айтди. Aнвар Mурод ва унинг дўстлари турк делегациясини бугун оқшом уйига таклиф этишибди. Рухсат берсангиз, бир йўлини топиб, мен ҳам улар билан у ерга бораман.
–Tабриклайман ўрток Кунбоева, яхши иш қилибсиз. Лекин Aнвар Mуроднинг уйига боришга ҳожат йук. Биз меҳмонларнинг Aнвар Mуродникига боришига тўсиқ бўламиз. Борди-ю, бир-иккитаси борса ҳам, уларнинг ичида бизнинг одамимиз бўлади, — деди Қорлиғашов ва сўзини давом эттирди, — Бу профессор Мондоқи афанди ҳаддидан оша бошлади. Туркиядан олган китобларини биздаги хоинларга бергани етмагандай, энди улар билан турклар ўртасида алоқа ҳам ўрнатмоқчи. Уни юртдан қувиб чиқаришга тўғри келади, шекилли.
Гулнор метрога тушди.
Қаршисида китоб ўқиб ўтирган бир йигит Aнвар Mуродга жуда ўхшарди. Мамлакатнинг кўркам шоири, демак, бир хоин эди. Гулнор адабиёт кунларида унинг нутқларини эшитиб, таъсирланганини хотирлади. Шеърлари маънодор, аммо қоронғироқ эди. Лекин нутқи ниҳоятда очиқ ва таъсирчан эди. Гарчанд унда Москвадаги раҳбарларга қарши танқид руҳини сезган бўлса-да, унинг хоин бўлиши мумкинлигини ўйламаганди. Ҳатто бу келишган одамга қандайдир аёлчил мухлислик ҳис этганди. Кейинроқ дугоналари билан гаплашганда мухлислик туйғусида ўзининг ёлғиз эмаслигини билди. Aнвар Mурод шеърларининг қоронғу ва тушунилмаслиги сабабларини энди Гулнор англагандай эди. Мисралар орқасида нимадир яширинган бўлиши керак эди. “Узоқ-узоқлар” сўзининг шеърларида кўп учрашининг ҳам мутлақо сабаби бор. Балки, бу билан Туркияни назарда тутгандир…
Рўпорасида ўтирган кишининг ҳақиқатан ҳам Aнвар Mурод бўлиб, фикрларимни ўқиса-я, деган хаёл келди Гулнорга. Лекин нотаниш одам ўрнидан турди, унинг Aнвар Mурод эмаслиги маълум бўлди.
Гулнор метродан чиқиб, Академияга йўналди. Б-салонга кирди.
***
Тушликдан кейин турк делегацияси академия салонларида бир бурчакка чиқиб, Aнвар Mуродникига бориш ёки бормасликни маслаҳатлашди. Уларнинг орасида Тариқ Тўра йўқ эди. Ваҳолан-ки, Tошкентга келган кундан бери профессор Тариқ Тўра турк делегацияси билан алоқани тамоман узганди. У кўпроқ Москвадан келган делегация одамлари билан бўларди.
Ўрхон Нодийнинг таклифи қабул қилинди: Aнвар Mуроднинг уйига бориш учун мезбонлардан рухсат сўрашга қарор қилишди.
Турк делегациясини уйига таклиф қилганлар Ўзбекистонда танилган шоир-ёзувчилар эди. Уларнинг даъватига ижоб этилса, ҳар ҳолда, ўзбек масъуллар бунга қарши чиқмайдилар, деган хулосага келишди.
Аммо бундай бўлмади. Ўзбекистон номидан конференцияни бошкарган киши Адабиёт Институти Директори, профессор Отаниёз Каримов бу зиёфатга изн бермади. Гарча, очиқчасига таъқиқламаган бўлса-да, “коктейл программасини бузолмасликларини” изҳор этди. Бунга “меҳмонларнинг бошига бир бало келмаслигидан маъсул” эканликларини ҳам илова қилди.
Конференция раҳбарининг бу сўзларини Ўрхон Нодий турк делегациясига меҳмонхонада айтди. Меxмонлар коктейлга бориб, ярим соатдан сўнг у ердан “қочиш” режасини туздилар: коктейлдан битта-бита чиқадилар, кейин такси ушлаб, Aнвар Mуродникига кетишади, маълум жойда уларни Aнвар Mуроднинг дўстларидан бири қаршилайди. Қолаверса, Сўнар Ойдамирда Aнвар Mуроднинг телефони ва адреси бор эди.
1986 йилда бундай ҳаракат таҳликали ҳисобланарди. Профессор Ошқин бу саргузаштга кириш тўғри бўлмаслигини айтиб, узр сўради, Aнвар Mуродникига бормайдиган бўлди. У профессор Эрйигит, Ойша Қилич хонимдан ҳам бормасликни илтимос қилди. Ойдамир турк ҳайъатининг бошлиғи сифатида коктейлда қолиши керак эди. Ойша хоним бу маслаҳатни қабул этди. Профессор Тўра бу ишлардан умуман хабарсиз эди. Демак, коктейлда турк xайъатидан 3 та одам қолади ва қолганларнинг йўклиги сезилмайди. Лекин норвегиялик олим профессор Брендомоен “таклиф”ни эшитиб, у ҳам турклар билан меҳмонга боришни хоxлаб қолди. У профессор Эрйигитга “сизлар бу ерда жуда эътиборлисизлар, мен ҳам турк ҳайъати билан бирга бўламан”, деди. Аслида, ораларида бир европаликнинг бўлиши турклар учун ҳам яхши эди.
Автобусда улар ҳашаматли либосларда ўтиришарди.
Ўғуз коктейлда Гулнорнинг мутлоқо ёнига келишини ва қандай унинг кўзини шамғалат қилиб, қочишни ўйларди.
Коктейл залига киришганида 100-150 кишилик бир оломонни кўриб, турклар севинишди. Бу вазиятда диққатни жалб килмай бу ерни тарк этиш осон эди.
Гулнор Ўғузни дарров топди. Туркларга Aнвар Mуродни зиёрат қилишга рухсат берилмаганини Гулнор биларди. Коктейлда Ўғуз билан узун-узун суҳбат қураман деб ўйларди. Лекин 5 дақиқа ўтар-ўтмас Ўғузни кўздан қочирди. Тез бутун зални айланиб чикди. Ўғуз йўқ эди. Ундан ташқари Ойдамир, Эрйигит, Ўрхон Нодий, Комил Арслон ҳам оломон ичида кўринмасди.
Гулнор залда юрган Қорлиғашевни топди, унга вазиятни тушунтирди.
–Мен буни биламан, — деди Қорлиғашов, Уларни ҳозир меxмонхонада ахтаришаяпти. Лекин меҳмонга кетишгани аниқ. Ташвишга ҳожат йўқ. Улар орасида бизнинг одамимиз бор.
Турк меҳмонларни келишилган ерда бир-нечта одам кутиб туришарди. Бирга бино қурилишлари оралаб, қоронғу ва лой йўлдан бир оз юришди. Ўзбеклардан бирининг профессор Сўнар Oйдамирга берган саволи ҳаммани чўчитди:
–Бизнинг академик Муҳаммад Қораевни нега ўлдирдингизлар? — деди ўзбек.
Бундай савол айбловчи оҳангда берилгани ҳаммани гангитиб қўйди.
Икки йил аввал Измирнинг Чиғли ҳаво майдонида кутиб олиниб, расмий машинада йўлга тушган бошқирд ва қорақолпоқ олими автомобил қазосида фожеали ҳалок бўлганди. Муҳаммад Қораев, қорақолпоқ академиги улардан бири бўлиб, Измирдаги фолклор конференциясига келганди. Қазода туркиялик шофёр ҳам ўлганди.
Демак, бунинг автомобил қазоси бўлганига бу ердагилар ишонмасди.
Сўнар Ойдамир ўзининг доимий юмшоқ услуби билан бунинг бир бахтсиз ҳодиса бўлганлигини тушунтиришга ҳаракат қилди.
Турклар “ўлган академикнинг қасосини биздан олмоқчи эканлар-да”, деган хаёлга ҳам боришди.
Бу орада ғишт деворлар билан ўралган бир боғчали уйнинг эшигига келиб, ичкари кирдилар.
Боғчада дарахтлар остига қўйилган столда дастўрхон ёзиғлик эди. Дарахтларга осиғлик лампочкалар атрофни ойдинлатиб турарди.
Aнвар Mурод, Комил Эркин ва Шариф Жамол билан Эрйигит хўжа конференцияда танишганди. Дастурхон атрофида яна икки киши бор эди: қисиқ кўзли сариқ одамни Хасан Али деб таништирдилар. Қрим-татар ёзувчиси экан. Яна биттаси соқолли эди. Америкалик экан. Олти ойдан бери Tошкентда ўзбек адабиёти бўйича илмий иш ёзаётган экан.
Турк олимлари ва норвегиялик олим Брендемоен битта-битта мезбонларга таништирилди. Ва қуюқ суҳбат бошланди.