Мусулмон ўлкалари айнан шундай инсофсизлар, айниқса очкўз бойлар кўпайгани сабаб ғайридинлар томонидан истило қилинган. Ўзимизда бундан ҳам аччиқ мисоллар бор. Масалан, ўтган аср бошларида Мунаввар қори Тошкент ва Қўқон бойларига: “Россияда муваққат ҳукумат ўрнига даҳрий большевиклар келди. Улар бойларнинг мулкини тортиб олиш сиёсатини олиб боришмоқда. Эрта индин бу даҳрийлар бизнинг диёрларга ҳам келишади ва сизларнинг бор бойлигингизни олиб қўйишади. Агар хар бирингиз бор мулкингизнинг йигирма фоизини қурол яроқ сотиб олишга берсангиз, яхши қуролланган халқимиз уларни Туркистонга кирғизмайди” – деган. Ўлкамиз бойлари Мунаввар қорига: “Аввал большавойлар келсин, у ёғи бир гап бўлар. Балки, келишиб кетармиз” – деб, ҳасислик қилишган. Кейин, большевиклар келгандан кейин нима бўлганини хамма билади. Ана шунда Қўқон ва Тошкент бойлари Мунаввар қори олдига келиб: “Бойлигимизнинг 20 фоизини эмас, ярмини берамиз! Қурол сотиб олинг ва халқни большевикларга қарши сафарбар қилинг!” – деб ялинишган. Лекин фурсат бой берилган эди.
Мисрда французларга қарши курашган Муҳаммад Каримни тутиб Наполеоннинг ҳузурига олиб келишди. Наполеон унга деди:
– Сен каби ўз халқининг ҳимоясига жонини тиккан қаҳрамонларни ўлдириш менга тўғри келмаяпди. Тарих мени халқ қаҳрамонларини қатл қилган киши сифатида ёд этишини истамайман. Сенга имкон бераман. Агар менга ўлдирилган аскарларимга эваз ўлароқ ўн минг қитъа олтин келтирсанг сени озод қиламан.
Муҳаммад Карим деди:
– Ҳозир менда бунча олтин йўқ. Аммо савдогарларга юз минг қитъа олтин қарз берганман. Улар беришса беришим мумкин.
Наполеон унга олтинларини кишилардан олиши учун муҳлат берди. У ҳар куни занжирбанд ҳолда, француз аскарлари қуршовида бозорга борар, уларни деб жонини фидо қилаётган кишилардан умид қилар эди. Аммо бирорта савдогар олтин бермади. Аксинча, уни Искандарияни вайрон бўлишига сабабчи ва иқтисодий таназзул сабабчиси деб маломат қилишди.
Муҳаммад Карим Наполеоннинг ҳузурига қуруқ қўл билан қайтиб келди. Наполеон деди:
– Сени ўлдиришдан бошқа иложим қолмади. Чунки сен тижоратини ватан ҳурриятидан афзал биладиган қўрқоқ инсонларни деб менинг аскарларимни қатл қилдинг.
Муҳаммад Рашид Ризо айтади:
“Жоҳил жамиятни деб ҳаётини таҳликага қўйган киши кўзи кўр инсоннинг йўлини ёритиш учун ўз жасадини ёққан кишига ўхшайди”
Бобомурод Абдулла