O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бизни олдимизда доим икки йўл туради

Бизни олдимизда доим икки йўл туради
154 views
23 July 2017 - 13:20

Бизни олдимизда доим икки йўл туради. Иккисидан бирини танлашга маҳкуммиз. Бошқа йўл йўқ. Бу танловни бошдан оёқ кўздан кечириб чиқсангиз, иккиси ҳам сиз учун фақат зиёнингизга хизмат қилишини тушунасиз.

Таклиф қилинган икки йўл ҳам ёмон таклифдир. Не ажабки, биз икки ёмондан бирини танлашга мажбурмиз. Аслида, ёмон ва ёмонроқ деган тушунчани ўзи кулгили тушунча. Ёмон ва ёмонроқ бўлмайди. Ёмон бу – ёмон. Тамом! Биз эса икки ёмондан бирини танлаб, қайси бири бизга яхшироқ эканини танлаб ўтираверамиз.

Масалан:

1. «GM» автомобиллари бизга фалон миллионлик автомобилларни долларга боғлаб, устимиздан кулди. Икки таклиф берди. Хоҳла ол, хоҳла олма. Олсангиз пулингизга куясиз. Олмасангиз эҳтиёжингиз бор. Эҳтиёж бўлгандан кейин олинади. Икки ёмон таклифдан бирини танлаймиз.

Таклиф қилаётган машинаси ҳам, суммаси ҳам бир тийинга қиммат. У пулга ундан яхши машина ва ундан қулай имкониятлар орқали машина сотиб олишимиз мумкин. Қачонки, бизда учинчи танлов бўлса.

2.  Ишчи бир ерда ишлайди. Ойлигини эса пластикда беришади. Пластикни нақдлашга имкон йўқ. Икки йўл бор сизда: ишлаб, пулингизни пластикда оласиз. Ёки ишламайсиз. Табиийки сиз муҳтожсиз ва ишлаб, икки ёмон таклифдан бирини танлайсиз.

Учинчи танловда банкомат бўлишлиги, ёки сиз пулингизни (ишлаб топган пулингизни, садақа эмас) нақд кўринишда олишингиз мумкин эди.

Афсуски, бизга учинчи таклиф йўқ. Танлов бўлмагандан кейин қолгани мажбурий танлов. (Ихтиёрий, мажбурий пахта теришга ўхшаган.)

Ўтган йиллар давомида икки ёмон таклифдан бирини танлаб ўрганиб бўлдик. Биз икки ёмон таклифни ёмонроғини эмас, сал яхшироғини танлаб келдик шу кунгача. Энди яхши таклифни талаб қилмаймиз, умид ҳам қилмаймиз. У бошқа масала.

Кечаги куни ҳижоб ҳақида мақолалар қўйилди. Мени ажаблантирган нарса мусулмон инсонларни муносабати бўлди.

Доимгидек икки таклиф қўйилди:

1. Ҳижобни ечиб расмга тушади.

2. Ўқишга киритилмайди.

Бу сафар мени ажаблантиргани одамларни икки ёмон таклифдан янада ёмонроғини танлагани бўлди. “Ўқимай қўяверсин. Ўқиб нима қилади? Ҳижоблими, уйда ўтирсин. Ҳижобликларга доктор керак бўлса ҳижоб ўрамаган аёллар жуда кўп.”

Хафа бўлмайсизлар, бу таклифларинг аҳмоқона таклиф! Қачон учинчи танловни бизга беришларини талаб қиламиз? Қачон «бизга таклифи керак эмас, танловни ўзимиз қиламиз», деб айта оламиз? Қачонгача нима кийишни, нима ейиш, нима минишни, нимани ўйлашимизни ўзгалар ҳал қилади?

Майли, сизда учинчи таклифни бера оладиган ҳеч нарса йўқ, дейлик. Замон, қора кучлар, қамоқ ва ҳоказо… баҳоналар жуда кўп. Таклиф бера олмасангиз унда танловни янада ёмонроғини танлашга сизни нима мажбур қилди? Ҳусайн Аҳмад Маданий айтган эканлар: «Агар, фарзандларингни қори, олим қилмоқчи бўлсанглар аввал оналарини олим, қори қилинглар».

Аёллар фарзандларимизни тарбиялайди. Аёллар жамиятимизни бугунги кунини белгилаб беради. Аёлларни ислоҳ қилмагунча жамият ислоҳ бўлмайди. Аёллар бугун ҳамма соҳада бор. Аммо айнан аёлларни дунёга ўчлиги оқибатида жамиятда коррупсия, таниш билишлик ва ҳоказо иллатлар кучайиб боряпти. Биргина Гулнора Каримова мисолида ҳам кўриш мумкин. Биргина аёлни номи билан ярим мамлакатдаги мулк унга қарашли бўлиб кетди.

Қачонки аёлларимиз (исломни тушунган, Аллоҳдан қўрқадиган) жамиятда ўз ўрнига ўтирсагина ўша соҳалар ислоҳ бўлади. У хоҳ шифокор бўлсин хоҳ ўқитувчи.

Жамиятни диндан бехабар аёлларга қолдирсангиз эртага қизингизни ўша «тарбиячи» «тарбиялайди».

Аллоҳдан қўрқадиган аёл ва эркаклар ўз соҳаларини эгалламагунча порахўрликдан, ҳаёсизликдан, ифлосгарчиликлардан дод-войлаб юраверамиз.

Sayyid Islom

facebook.com