O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Биз киммиз? Ёхуд форматдан ташқари суҳбат

Биз киммиз? Ёхуд форматдан ташқари суҳбат
162 views
11 November 2017 - 14:24

Келинг, бир суҳбатлашайлик!

Фақат, оддий эмас, ноодатий суҳбат қурамиз, келинг?! “Қанақа бўлади у – ноодатий суҳбат?” – сўрарсиз балки? Бу саволингизга жавоб шуки – буни ўзим ҳам ҳали тўлиқ билмайман. Фақат бир нарсани аниқ айта оламан: қандайдир ўта муҳим, ҳали қурилмаган суҳбат борлигини ҳис этиб турибман.

Вақтингиз зиқ, биламан. Ўқилмаган мақолалар бир уюм бўлиб ётибди. Ахборотнинг кўплигидан бошингиз “шишиб” қолган. Аммо… бунинг иложи бор. Бирламчи маълумотларни иккинчи даражалисидан ажратишни ўрганиб олсак, бош “шишиши”нинг олдини оламиз. Бу учун эса ҳар бир нарсага тепадан, узоқдан, “объёмний” қилиб қарашимиз лозим бўлади. Мазкур суҳбатимиз шу йўлдаги уринишдир. Кетдикми?

Нега форматдан ташқари?

Чунки бу суҳбат асносида Сиз-у биз онгимизни тутқунликдан озод этишимиз, бошимизга кийгизилиб қолинган ёлғон қалпоғини ечишимиз, бизни маънавий фалажликда тутиб турган форматлардан қутулишимиз лозим бўлади. Кўзни олиб қочмасдан, ҳақиқатнинг кўзига тик қараб, суҳбат қурмоғимиз керак бўлади.

Бу суҳбат – бир неча аср аввал қилинмай, қолиб кетган ва, натижада, ўша бир неча аср бой берилган, суҳбат. Ўз вақтида халқнинг оқиллари машварат этиб, ҳолатни очиқчасига бир-бирларига изҳор этиб, ҳақни ёритишданожиз қолишиб, оқибатда миллат зулмат ичра қолиб кетган, суҳбат.

Тарихнинг айнан ўша пайтида ва айнан шу суҳбат асносида, “биз киммиз?”, деган саволга жавоб бермаслик оқибатида… ўзлик йўқотиб қўйилган, суҳбат…

Суҳбатбоши

Аввал эътиборингизни бир хабарга қаратмоқчиман!

Россиянинг Краснодар шаҳрида давлат мансабида бўлган бир аёлнинг эри ўз дала ҳовлисида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини қул қилиб улшаб турганлиги ва ҳатто айримларини ўлдирганлиги хабари тарқатилди.

Айнан бу хабарнинг нечоғлик хақиқат эканлиги мавҳум бўлиб турибди, аммо ҳозир мен бошқа саволни ўртага қўймоқчиман – Сиз-у биз бундай хабарларни ўқиганда нимани ҳис этяпмиз? Тўғрисини айтинг, бундай хабарларни ўқиганингизда нимани ҳис этасиз? Бирозгина ачинасиз-у, икки сониядан сўнг унутиб юборасиз, шундайми? Ҳа, биз бундай хабарларга кўникиб қолдик…

Энди бир тасаввур этайлик.

Айтайлик, Япония давлатида ахборот воситаларидан бири япон фуқаролари бошқа бир давлатда қул қилинганлиги, бир нечтаси эса ўлдирилганлиги хабарини тарқатди… Кейин нима бўлишини гапириб ётмаймиз – сўзни қисқа қиламиз.

Энди, келинг, кўзни кўзга қаратиб… бир-биримизга савол қўямиз…

Биринчи қисм. БИЗГА НИМА БЎЛДИ, ЎЗИ?

Бундай ҳолатга тушиб қолганимизнинг, албатта, объектив сабаблари бор. Вазифамиз – максимал объектив нигоҳ ташлаб ўша сабабларни топиб олишга уриниб кўриш. Бу таҳлилнинг муваффақияти иккиламчи, оқибат бўлган нарсалардан четланиб, сабабларнинг мағизи бўлган нарсаларга қанчалик юзланишимизга бевосита боғлиқ бўлади. Хулоса шуки, ўта қийин ва мураккаб кўринган бу ишимизни осонлаштирувчи асбоблар бор, булар – қолип тушунчалардан воз кечиш ва ҳолатни борича эътироф этиш. Аввало қилишимиз керак бўлган нарса…

Анамнез

Духтирлар касалликни аниқлаш мақсадида беморга назар ташлашади, ҳолатини ундан сўраб-суриштиришади. Бу нарса анамнез дейилади. Келинг, биз ҳам шу ишни қилайлик!

Бизга ёпишиб қолган ҳусусиятларимизни бирма-бир тилга оламиз:

–              Лоқайдлик, бепарволик, шижоатсизлик.

–              Воқеъликни, дунёда бўлаётган жараёналарни ҳис этмасдан яшашимиз.

–              Юксак мақсадларни эмас, балки енгил-елпи мақсадларни олдимизга қўйиб яшашимиз.

–              “Эҳ, бир гап бўларда!” режимида ҳаёт кечиришимиз.

–              Бир ишнинг олдидан режа тузишга ҳафсаланинг йўқлиги.

–              Ҳайратланарли даражадаги БЕФАРҚЛИГИМИЗ. Бу жаноб, яъни бизнинг БЕФАРҚЛИГИМИЗ, ўта серқиррали, кенгқамровли, вужудимизни энасининг уйи қилиб олган, жанобдир. Унинг кўринишлари ўта бой: остонамизда уюлиб ётган ахлатга нисбатан бефарқлигимиздан тортиб Ватан равнақи, миллат бирдамлиги, каби ибораларга, миллатдошларимиз ҳақидаги ачинарли хабарларга нисбатан бефарқлигимизгача.

–              Ватан келажаги тугул ўз фарзандларимизнинг келажагини мутлақо тасаввур этмаслигимиз.

–              Фарзандларимизнинг ғамини ўзимиз эмас, кимдир четдан туриб ейиш даражасигача бориб етганимиз.

–              Миллий шахсиятимизга нисбатан ва умуман миллатимиз шаънига нисбатан бепарволигимиз.

–              Ва ҳоказо…

Киши бошига тушадиган турфа дардлар бор. Уларнинг аксари инсоннинг жисмини бемор қилади-ю, шахсига таъсир этмайди. Аммо шундай дардлар борки…

АМНЕЗИЯ

Амнезия деган касаллик бор. Бунда киши билан нимадир содир бўлади-ю, ўтмишини ва ҳатто кимлигини унутиб қўяди. Ўтмишда эришган ютуқлари, орттирган обрўи – барча-барчасини унутади. Шахсияти бузилади.

Бу ҳолатидан “гаранг” бўлиб қолган одам, табиий-ки, воқеъликни англашдан йироқ бўлади ва, энг ачинарлиси, шаънини ҳимоя этолмай қолади. Зеро… шаънини унутган бўлади.

Амнезия бир кишида содир бўлишининг ўзи ачинарли ҳол. Аммо у бир миллатнинг бошига тушса…

Амнезиянинг, яъни инсонда хотира йўқолиб қолишининг, бирламчи белгилари, бу –

–              ўзлигини йўқотиб қўйган бундай одамнинг хаёли паришон бўлиб қолиши;

–              атрофга бефарқ бўлиб қолиши;

–              ўз-ўзига бефарқ бўлиб қолиши;

–              бирон ишни тартибли равишда бажаролмай қолиши;

–              бирон ишни етук даражада, аъло даражада қилишга сабри етмаслиги;

–              режа тузишга лаёқатсиз бўлиб қолиши;

–              “эҳ, бир гап бўларда!” режимида ҳаёт кечириши;

–              шижоатсизлик;

Ҳамда:

–              шаъни топталишига бефарқ бўлиб қолиши;

–              наслига нисбатан бефарқ бўлиши (болалари мардикор бўлиб қолаётган бўлса ҳам, келажаги кўримсиз кўринаётган бўлса ҳам “пинаги бузилмайдиган” бўлиб қолиши);

–              унинг болаларини ташвишини ўзгалар қилиши;

–              буюк маънавий тушунчалар – маърифат, ҳаёт мазмуни, Ватан равнақи, илму-ирфон, кабиларнинг ўрнини примитив инстинктлар ва тубан ҳою-ҳаваслар эгаллаб олиши;

–              ва ҳоказо.

Сизга булар ниманидир эслатмадими?

Ҳа, мўъжазгина таҳлилимиз шуни кўрсатаяпти-ки, бизга ёпишиб олган салбий, бизларни кўримсиз ҳолатга келитириб қўйган ҳусусиятларимиз айнан БИЗНИНГ РУҲИЙ-МАЪНАВИЙ ПАТОЛОГИЯМИЗ – МИЛЛАТ МИҚЁСИДА УЧРАГАН АМНЕЗИЯМИЗНИНГ –  СИМПТОМЛАРИ, ХОЛОС! Биз учраган энг оғир дард шуки… биз кимлигимизни унутиб қўйдик…

Ана холос – пишди гилос…

Аҳволимизнинг сири бироз очилгандай бўлди, шундай эмасми? Патологик, ҳайратланарли даражадаги бефарқлигимиз, “миллат келажаги” каби сўзларни эшитганимизда эснашимиз, нақд остонамизда йиғилиб ётган ахлатларимизни йиғиштирмаслигимиз, бир ишни бошлашдан аввал режа тузишдан эринишимиз… ва ҳоказо “хусусият”ларимиз замирида… УЛКАН бир нарсани – ЎЗЛИГИМИЗНИ – йўқотиб қўйганимиз ётади. Нега йўқотилган нарсани УЛКАН деяпмиз?…

Нега УЛКАН?!

Бутун бошли ЦИВИЛИЗАЦИЯНИ олдинга силжитган, инсоният тарихида бурилишни таъминлаб берган ўзлик – УЛКАН ўзлик эмасми? Самовий таълимотни тадқиқ этган, шунинг асносида дунёни илмга тўлдирган, адашганларни тўғирлаб қўйиш салоҳиятига эга бўлган, вандал-у варварларнинг ҳолини тузатган ўзлик – УЛКАН ўзлик эмасми? Яратган ато этган бундай неъматни йўқотиб қўйиш эса – УЛКАН йўқотиш эмасми?

Иккинчи қисм. ЯПОНИЯ ҚАНДАЙ РИВОЖЛАНДИ?

Бош мавзудан бироз чекиниш қиламиз. Нима учун? Ҳолатга тепадан қараш учун. Ушбу “тепа” деганимизни нафақат маконга, балки вақтга ҳам тадбиқ этиб, “объёмний” манзарани ҳосил қилишга уринамиз.

Нега Япония? Шунчаки – хаёлга келгани.

Японлар ким-у, биз киммиз?

Халқларни таққослаш қўпол ва кўримсиз иш, аммо, баъзида, ўзлигини унутиб қўйган халқ учун фойдаси бордек. Ўша биз мисол қилиб олган япон халқи билан ўзбек халқининг дунёга улашган яхшиликларини, сал бўлсада, эслаймиз. Нима учун? Ўзимизнинг бошқалардан устунлигимизни таъкидлаш учунми? Йўқ! Бунинг учун эмас. ИЛМЛАРНИНГ БЕШИГИ БЎЛГАН ЮРТДА ЯШАБ КЕЛАЁТГАН, ДУНЁГА УСТОЗ БЎЛГАНЛАРНИНГ МЕРОСХЎРИ БЎЛМИШ ХАЛҚ ЎЗЛИГИНИ БАТАМОМ УНУТИБ ҚЎЙИБ, ДУНЁГА НУР УЛАШИШДЕК УЛКАН МИССИЯСИНИ БАЖАРМАЙ ҚЎЙГАНЛИГИНИ ТАЪКИДЛАШ УЧУН. ИНСОНИЯТ ДУНЁҚАРАШИНИ БУТКУЛ ЎЗГАРТИРИШ КУЧИГА ЭГА БЎЛГАН УЛКАН ИЛМИЙ-МАЪНАВИЙ ЗАҲИРАНИ ФОНДЛАРИДА САҚЛАБ ҚЎЙИБ, ЎЗИ ЭСА БОШҚА МИЛЛАТЛАРНИНГ ҚОРА ИШЛАРИНИ ҚИЛИБ ЮРИШДАН БОШҚАГА ЯРАМАЙ ҚОЛГАНЛИГИНИ ТАЪКИДЛАШ УЧУН.

Японияда илм

Японияда илмнинг жадал ривожланиши 20 асрда бошланди, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Қандай қилиб? Оддий – илм уларга Европадан кириб келди. Бўлди, фильм тугади.

Европа илмни қаердан олди?

Антик давр (Арасту ва бошқаларнинг даври) тугагандан сўнг Европа қитъасида илм-маърифатнинг “дафтари ёпилди”. Шунчалик ёпилдики, бу пайтларда Европада умргузаронлик қилган ҳалқларининг эски номлари жоҳиллик, қароқчилик, бузиб-синдириш тушунчаларининг синонимлари сифатида луғатларда муҳрланиб қолди (варвар, вандал сингари бу сўзлар ҳалигача истеъмолда). Бу даврлардаги Европанинг “илмий салоҳияти” даражаси маълум ва машҳур. Кейин Европа қироллари насроний динини қабул этишди ва бироз тартибли ҳаётга юз тутишди. Аммо дунёга ИЛМИЙ назар ила қарашдан ҳали йироқ эдилар. Зеро католик черкови илмни сеҳргарликка тенглаштирди ва алал-оқибат дин ва илм бир-бирига зид, деган мафкурани ИНКВИЗИЦИЯ ила қарор топтирди. Айнан шу пайтда…

Айнан шу пайтда бизнинг жонажон заминимизда бизнинг боболаримиз ҳозирги замон ИЛМининг фундаментал асосларини ишлаб чиққан эдилар. Бу қилинган улкан ишларнинг тавсифини ва ҳатто саноғини (!) қилишнинг имкони йўқ. Илм олиш миллатнинг ғоясига айланган ўша даврдаги ҳолатни тасаввур этиш учун фақат бир мисол келтирамиз, холос. Юртимизга ўша пайтларда келган бир саёҳатчи дафтарига “бу ҳалқ ёппасига, ёш-у кексаси, илм масканларига қатнайдиган халқ экан!”, деб ёзиб қўйган экан…

Европа қитъасининг ўзида эса саккиз аср давомида гуллаб яшнаган, юксак илму маданияти ила машҳур бўлган, мусулмонлар барпо этган Андалус давлати ҳам бор эди… Шундай қилиб Европанинг “уйғониш даври”, деб тилларда достон этиладиган жараёнга… бизнинг юртдан ва Андалусдан борган илмий китоблар сабаб бўлди.

Иқтибос:

XII-асргача Европада лотин тилидаги илмий адабиёт мавжуд эмас эди (бу дегани умуман илмий адабиёт бўлмаган, дегани – муаллиф). Бироқ X—XI асрларда баъзи қизиқувчан европаликлар арабларнинг (мусулмонларнинг, деб ўқисак тўғрироқ бўлади – муаллиф) йирик илмий марказларига… зиёратга боришар эди. У ердан улар араб тилида ёзилган қимматли китоблар билан қайтишар ва дарҳол уларни лотин тилига таржима қилишарди.  Бироқ арабча илмий китобларни, хусусан қадимги юнон олимларининг китобларини,  жадал равишда араб тилидан лотин тилига таржима қилиш XII асрда бошланди (Википедиядан. Русчадан таржима).

Шу тариқа Европада илм пайдо бўлди ва жадал ривожлана бошланди. Алал-оқибат, 20 асрга келиб, илмдан японлар ҳам баҳраманд бўлишди…

ДЕМАК…

Хулоса қилишимиз мумкинки, агар миллат ўз юксак маънавий парадигмасини (белгиловчи асосини) йўқотиб қўйса, бу миллатнинг руҳияти чуқур инқирозга юз тутиб, маънавий-психологик бузилишга – деструкцияга учрайди. Шу билан бирга миллат қанчалик юксак маънавий базисга эга бўлган бўлса, уни йўқотиб қўйиш натижасида шунчалик қаттиқ асоратларга гирифтор бўлади.

Амнезиянинг чуқур сабаблари

Улкан, оғир нарсани кўтариб юриш – қийин иш. Ўша юк жисмий нарса бўлса, уни кўтариш учун жисмоний куч керак. Маънавий бўлса-чи? Маънавий юкни кўтариш учун миллат авваламбор ўша –  ўзини маънавий юксакликка кўтарган –  БОШ ОМИЛНИ маҳкам ушлаши, қўйиб юбормаслиги лозим, деган мулоҳазани қилсак бўлади. Зеро, айнан ўша БОШ ОМИЛ… барча қувватларнинг манбаи, шакллантирувчиси бўлиб хизмат қилган бўлади. БОШ ОМИЛНИ эътибордан қочириш НАТИЖАСИДА калаванинг учи йўқотиб қўйилади ва, алал оқибат, МАЪНАВИЙ ПЛАТФОРМА бой берилади. Бунинг кетидан миллатнинг бошига кенг қамровли инқироз тушади ва, охирида, амнезияга юз тутилади.

Учинчи қисм. БОШ ОМИЛ

Мадомики халқимизнинг ўтмишдаги эришган юксак мақомларининг бош омили бўлган экан,  эндиликда ўша юксакликка қайтишимиз учун уни яна қайта тадқиқ этишимиз, уни яна “ушлашимиз” лозим бўлади. Қуйида шу тўғрида мулоҳазалар.

Илм ва маърифат соҳаларида “шип-шийдон” бўлган қадим юртимизга Ислом НУРИ кириб келди-ю, ҳолат ўзгарди. Нима нарса эди, ўзи бу – НУР?

Нур

Кишининг дунёқараши – ўша киши шахсиятининг тузилишидир, конструкциясидир.

Бу конструкция қинғир-қийшиқ бўлса, бундақа шахсият атроф дунёни ўз қийшиқ дунёқарашига мувофиқлаштиришга ҳаракат қилади. Яъни, унинг дунёга таъсири бузғунчиликдан иборат бўлади. Конструкция тўғри бўлса эса, кишининг ҳаракатлари атрофни тузатишга, атроф билан уйғунликда яшашига омил бўлади.

Конструкциянинг созлиги – ақлнинг соғлом тарзда ишлатилаётганидан, бузуқлиги эса – ақл хор этилганлигидан дарак.

Бузуқ дунёқараш – ақлсизлик – ҳар бир нарсанинг заволига, нарсаларни асл яратилиш мақсадидан ўзгача истифода этилишига, фойда қолиб зарар касб қилиниши омилидир. Дунёнинг ҳозирги аҳволи бунга мисолдир.

Аммо бу – масаланинг ташқи, кўзга кўринган тарафи. Кўз кўришга ожиз бўлган дунё ҳам бор. Бу латиф дунёга нисбатан бузуқ дунёқарашнинг – ақлсизликнинг – таъсири яна ҳам жиддий экан.

Бузуқ дунёқарашнинг кўзга кўринмайдиган “нағзамат”и шундай эканки, унинг таъсирида дунё – еру осмон –  ЛАРЗАГА КЕЛАР ЭКАН! (Мўъминун сураси, 71-оят ва яна бошқа оятлар ҳам бор). Ақлсизликнинг офати, ақлсизликнинг кулфати шунчалик оғир экан!

Ўзи ясаб олган бутга ёки ўзи каби одамга топиниб, ундан бахт-саодат тилаган инсонни кўз олдимизга келтирайлик. Ўтакеткан ақлсизлик манзараси, шундай эмасми? Динимизда бу манзара ШИРК, деб номланиб, ЭНГ катта зулм сифатида тилга олинади. Яъни, ақлсизлик зулм, деб, энг катта ақлсизлик – энг катта зулм, деб эътироф этиляпти. ШИРКнинг ақлсизлик даражаси шунчалик улкан эканки, ШИРК содир этувчининг ички конструкцияси шу даражада бузуқ бўлар эканки, унинг таъсиридан еру-осмон парчаланиб кетишга таёр бўлиб қолар экан! (Марям сураси, 90-91 оятлар ва яна бошқа оятлар ҳам бор).

Энди ақлини ишлатмаётган бутун бошли бир жамиятни тасаввур этайлик! Бундай жамиятда зулмнинг каттасидан тортиб майдасигача – ҳаммаси гуллаб яшнайди.

Ўзининг асосида қийшайиб кетган бундай дунёқарашни ўша асосини тўғирламаса тузалмайди. Зулматлар ичида қолган бундай дуёқарашининг зулматини, табиий-ки, фақат… нур ёрита олади.

Бундай нур бўлиб, тузатувчи бўлиб, ақлларни жойига келтирувчи бўлиб, барча қувватлар ва шижоатларнинг манбаи бўлиб, ривожланишнинг ўша БОШ ОМИЛИ бўлиб юртимизга келган нарса – Қуръони карим, Ислом дини бўлган эди. Кейинчалик, бир пайтар келиб, маҳкам ушланмаган, беэътибор қолган илоҳий дастур. Новация эмас, балки консервация учун дастак қилиб олиш натижасида йўқотиб қўйилган илоҳий дастур.

Тўртинчи қисм. АМНЕЗИЯ ВА УНИНГ ЧОРАЛАРИ

Аввало…

Аввало, миллат миқёсидаги амнезияга учраганимизни тан олмоғимиз лозим.

Кейин ҳолатимизга, “уст-бошимизга” бир қараб боқмоғимиз керак.

Айнан шу икки нарсанинг ўзиёқ учраб турган ҳолатимиз нотўғри эканлигини, шаънимизга асло тўғри келмаслигини англаб олмоғимиз учун ЕТАРЛИ БЎЛАДИ.

Хотирамизни жойига қайтариш ишини эплаб, ўзимизни ўзимиз алдамаган ҳолда, амалга оширишимизнинг ўзи онгимизда ИНҚИЛОБИЙ ўзгаришни содир этишига ҲЕЧ ҚАНДАЙ ШУБҲА ЙЎҚ.

Бунинг учун…

Бор ҳақиқатни эътироф этмоқ, ҳолатни борича тан олмоқ зарур.

Бошланғич вазифаларидан бири – моддиятни тузатиш. Мамлакатнинг иқтисодий потенциалига объектив баҳо берилмоғи, нимада устунмиз-у, нимада нуқсонлимиз – ҳаммасига очиқ-ойдин баҳо берилмоғи керак. Иқтисодий соҳада кўзланадиган тадбирлар шунчаки аҳолини иш билан таъмин этиш эмас, балки ҳар бир фуқарони юксак савиядаги шахс бўлишига, “қул эмас, бек бўлиши”га интилишимиз керак. Бу тўғрида қуйидаги мақолаларда фикр юритилган:

http://kun.uz/news/2017/05/27/uzbekistonda-iktisodij-iztimoij-faol-katlamni-uzaga-keltiris-rakamlar-muloaza-va-musoada

http://kun.uz/news/2017/05/28/uzbekistonda-iktisodij-iztimoij-faol-katlamni-uzaga-keltiris-rakamlar-muloaza-va-musoada

Мазкур мақоланинг якунида “кейинги босқичда эса устувор мақсад этиб ТАЪЛИМ СОҲАСИНИ ривожлантириш белгиланади. Бутун эътибор фарзандларимизни илмли қилишга йўналтирилади…” деб учта нуқта қўйилди. Чунки асл мақсад…

Асл мақсад

Ҳозирда халқларнинг излаб юрган ва, аммо, тополмай овора бўлаётган нарсаси, бу – миллий ғоя. Моддий фарвонликни миллий ғоясига айлантирганлар, ўз истаган нарсаларига эришгач, эндиликда маънавий бўшлиққа юз тутдилар. Йўл тугаб, ўзлари белгилаган охирги бекатга етиб келдилару, у ёғига қаёққа боришни билмаяптилар. Инсоннинг моҳияти, ҳақиқати моддият эмас, аввало руҳият эканлигини унутгандан кейин шундоқ ҳам бўладида!

Моддият асл нарса эмас, балки руҳиятга хизматкор эканлигини, моддиятни тўғри тасарруф этмоқ учун руҳият қонунларига шаксиз риоя этмоқ кераклигини билдириш ислом концепциясининг узвий қисмидир. Аммо, бу ҳали ҳаммаси эмас. Моддият ва руҳият тўғри ният воситасида мулоқотга кирганда оламшумул ҳодиса – “савоб” деб ном олган трансцендент нарса юзага келишини Ислом таълимоти инсониятга очиб бериш учун ҳам келди.

Ўз навбатида буни илмий қилиб асослаб, дунёга тақдим қилиш –  айнан бизнинг миссиямиздир. Мен бунга ишонаман. Воқеълик НЕГИЗИДА ётган қонуниятлар тизимини ўзида мужассам этган, аммо, маълум кўринишда форматланган ҳозирги инсониятнинг онгига етиб бормай турган таълимотнинг тадқиқини янги поғонага чиқариб, янгича мақомда дунёга туҳфа этиш – айни бизнинг ишимиз. Бир марта бу ишни қилиб берган миллат кейинчалик ўз миссисияни унутиб ўзини хор қилди. Аммо бу дегани бу миссия унинг эгнидан олиб ташланди, дегани эмас.

Комил ишонч ила шуни айтишимиз керакки, ҳозирда миллатимиз ўз потенциалида ухлаб ётган вулқон кабидир. Бу миллатнинг уйғониб ўз аслий миссиясига қайтиши дунёни реформация қилиш салоҳиятига эга ҳодисадир.

Моддиятимизни тузатишга йўналтирилган ислоҳотларимизнинг туб маъноси, бошқаларга ўхшаб, “бу дунёда мазза қилиб яшаш” (ва, оқибатда, инқирозга учраш) учун эмас, балки бизнинг иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларимиз келгуси авлодимиз том маънодаги ШАХСЛАРдан иборат жамият бўлиб етишишини кўзламоғи лозим. Ислоҳотларнинг ҳар бир унсури ўз моҳияти ила ҳар бир шахсда ШАХС сифатларини уйғотиш ва, алал-оқибат, ўз навбатида улар ўз фарзандалирини ШАХСлар этиб тарбиялашининг мўлжалини олиши керак.

Зеро…

Зеро, келгуси авлодимиз яқин келажакда илмий захираларимизни тадқиқ этиб, дунёга дунёқарашнинг янгича парадигмасини инъом этиши лозим. Маънавий ресурслари тугаб битаётган инсониятга мутлақо янгича, моддият ва руҳиятнинг уйғунлигига қурилган, маънавий концепцияни туҳфа этмоғи лозим.

Суҳбат охири (?)

Маълум бўлаяптики, йўлимиз жўн ва юзаки қадамларни тан олмайди. Йўлимиз тиниқ ақл ва юксак мақомда жўшган қалбимизни талаб этади. Йўлимиз ҳозирга эмас, уфққа юзланишимизни, туришимизни эмас, юришимизни тақозо этади. Йўлимизнинг манзили ёруғ ва кўркамдир! Юрса арзийдиган, пешона терини тўкишга-ю, қалб қўрини беришга арзийдиган йўлдир!

Шокир Шарипов

Манба: azon.uz