O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Биз киммиз ўзи?

Биз киммиз ўзи?
23 views
20 September 2013 - 9:10

01 Каримовнинг қилмишларини ёзган билан адо бўлмайди. Халқ бошига тушган ғам-ғуссасининг чеки йўқ. Зулмдан қутилиш учун нима қилиш керак?

Мен ҳайронман, 30 миллион одам ичида шу тўғрида ўйлаб, бирон бир чора кўриш йўлини кўрсатадиган одам йўқми. Мухолифат таркибида профессор, академиклар тиқилиб ётибдику. Қолаверса, ўзини мухолифатчи деб билмаган, аммо эсли-хушли, виждонли , шу билан бирга қуллик азобини тортиб юрганлар камми?

Биз киммиз ўзи?…

Ҳа, мана шундан бошлаш керак эди гапни.

Биз киммиз?

Биз қўрқоқ халқмиз.

А, лаббай?

“Халқни ҳақорат қилманг”,демоқчимисиз?

Бу ҳақорат эмас, бу айнан ҳақиқат!

22 йилдан бери бир шарлатаннинг мусиқасига ўйнаб, қолганига азоб чекиб, чидаб келаётган халқ – қўрқоқ халқ бў-ла-ди!

Ким қарши бу фикрга, марҳамат қилиб, бир қадам олдинга чиқсин.

Мен ўз халқини айблайдиган, ҳақорат қиладиган одам эмасман.

Гапни очиқ-ойдин, дангалини гапиришни яхши кўраман. Агар, у эди, бу эди,деб иш қилинадиган бўлса, керакли натижага етишиш қийинлашади. Битта бизнинг халқмас, бошқа халқлар ҳам бизнинг вазиятда шу ҳолатга тушарди. Хўш, бизнинг ҳолатга нима қилибти?!

Бизнинг бугунги ҳолатимиз шундайки, бир муттаҳам, халқнинг ошкоралик давридаги эйфорик ҳолатидан фойдаланиб, тахтга чиқиб олди ва куч ишлатар тизимлар, депутатлар, қонун чиқарувчи тизимларни лақиллатиб ўз мавқеини мустаҳкамлаб олди. Кети ўрнашиб олгандан кейин мутлақ ҳоким бўлди-қолди.

Унга қарши чиққан, нафақат қарши чиққан, ҳатто қарши чиқиши мумкин бўлганларни тамоман эзиб ташлади.

Халқ эса ҳаммасидан хабардор, умр эса қисқа. Оч қорним – тинч қулоғим принципига (тўғрироғи принципсизлигига) ўтиб олди халқ.

Қани энди ҳурматли адолатпарварлар, мухолифатчилар, оптимистлар бу халқни демократик услубда жойидан қўзғотиб ёки ўша муттаҳамни ўрнидан кўчириб кўрингчи, қўлингиздан келармикан?!

Мен – “ЙЎҚ”- деб жавоб бераман. Агар ишонмасангиз, тарихчилардан, психологлардан, социологлардан сўраб кўринг.

Қўрқув остидаги одамни қайси йўл билан зулмга қарши курашга чиқариш, қайси йўл билан кўчага олиб чиқиш, қайси йўл билан ўз ҳаққини талаб қилишга ўргатиш мумкин? Айниқса порахўрлик, коррупция, зулм болалаб ётган жамиятда…

Шу жойда озгина лирик чекиниш қиламиз.

Тарихга назар солсак. Дунёни ларзага келтирган Чингизхон, Темурларга ўхшаганлар қандай қилиб бу даражага етишишди?Ҳозирги пайтда бир чимдимгина бўлган мўғиллар ўша асрда, Чингизхон даврида қанча эди?

Чингизхон армияси аскарларининг сони кимларнинг ҳисобига кўпайиб кетди

Жаноб тарихчилар, нега биз ярим ҳақиқат билан яшашимиз керак?

Чингизхон шундай сиёсат тутдики, натижада унга қарши курашадиганлар у томон ўтиб кетишди.

Сабаб? Сабаб – инсон психологиясида. Юқоридан қанча важ карсон кўрсатманг, халқ барибир ўзи учун хавфсизроқ, оптимал вариантни танлайди.

Халқ оилалардан иборат, буни ҳаммамиз биламиз. Инсон ҳаётда оилам, бола-чақам деб яшашга ўрганиб қолган. Айниқса ўзбек халқи. Оила учун тинчлик-осойишталик жуда муҳим ўринда туради.

Иккинчи ўринда моддий таъминот, яъни еб-ичар, кийим – кечак, уй-жой, мол-мулк деганларидай. Ўша, Чингизхон даврида ҳам шундай эди. Ҳимояси суст ҳалқнинг устига бостириб келган чингизхончилар ё ўлим ё тобеълик деганда кўпчилик тобеъликни танлаган. Чунки бу тобеълик ортида ҳам шахсий манфаатлар ётган. – Сизлар мағлуб ҳалқсизлар. Шунинг учун бизга ўлпон тўлаб яшайверасизлар. Иккинчи вариант-агар бизга қўшилишиб бошқа давлатларга қарши урушда қатнашсаларинг, талонда олинган бойликнинг бир қисми ўзларингга қолади.- Ана сизга сиёсат. Албатта кунини зўрға кўраётган одамлар енгил даромад йўлини танлайдилар. Бу ёғини тарихдан билиб олинаверади. Темурчи, у нима қилган?! Яна ўша мавзу,-Халққа тинчлик керак. Тинчликми? Марҳамат! -Мен босиб олган ерларда тинчлик бўлади. Даромадми, марҳамат.- Ким менга содиқ бўлса бадавлат бўлади.

Ана шундай қилиб унинг армияси сафи кенгайиб бораверди, давлатлар тиз чўкаверди. Тўғри, бу жаҳонгирларга қарши жон-жаҳди билан курашганлар ҳам бўлди. Аммо уларнинг ҳам сиёсати шунга яқин эди. Нариги тарафдагилар нариги тарафдан кутишар эди бу марҳаматларни. Каримов бекорга Темурни улуғлаб чиқмади. У Темур тузукларини (балки Чингизхон сиёсатини ҳам) жуда мукаммал эгаллаган шахс.

Унинг мухолифларидан устунлик тарафи шундаки , у ўз манфаатлари йўлида ҳар қандай разилликдан тоймайди.

Андижон қирғини бунга яққол мисолдир.Унинг ташқи сиёсатдаги мунофиқликлари иккинчи мисолдир. Бу гапларни кимга айтаяпман? Тиз чўкиб турган, қўрувга енгилган халққа, бу зулмдан қутилиш йўлларини излаётган, зулмга қарши курашаётганларга айтаётибман. Азизлар, сиз ким бўлишингиздан қатъий назар, оддий ишчими, деҳқонми, илмий ходимми, ўқитувчи, хукумат рахбарими, мухолифатчими фарқи йўқ. Кўзингизни очинг, қаранг қаршингизда ким турибтию, ёнингизда ким турибти!

Ўша ўша одамлар. Фақат тарихда эмас, бугунги кунда, шу замонда.

Каримовда-ўз манфаатини халқ манфаатидан юқори қўйувчи депутатлар, “гаҳ” деса қўлига қўнадиган рахбарлар, кимўзарга бойлик тўплаш ишқига тушган ҳуқуқшунослар, судя, терговчилар, бос деса бераётган катта-катта маошларини оқлаш учун тайёр турган куч ишлатар тизими аскарлари, югурдак ҳоким, ҳокимчалар, маҳаллий бошқарув органлари ходимлари, салла деса каллани кўтариб келувчи раҳбарлар, тонна-тонна олтин, газ, нефт, пахта…, тиш-тирноғигача қуролланган, жанг қилиш борасида устаси фаранг армия, айғқчилик ташкилоти, беш сўм кўрсатсанг иштони тушиб кетадиган оддий ялоқхўрлар етарли.

Уни енгиш учун шунга қарама қарши куч керак. Агар романтикани бир чеккага қўйиб, реал шароитдан келиб чиқиб иш кўрадиган бўлсак, авваламбор биз-мухолифат аъзолари кучимизни бирлаштиришимиз керак. Агар биз ҳақиқатдан ҳам душманни (Халқ душманини демоқчиман) енгмоқчи бўлсак ўз тарафдорларимизга курашиш учун шароит яратиб беришимиз керак. Чор россиясининг қуролли армиясига қарши кетмонлар билан чиққан Дукчи Эшонга ўхшаб эмас. Душман танк дивизиясига отлиқ эскадрон билан қарши чиққан Чапаевга ўхшаб эмас, забардаст йигитларни замон шароитлардан келиб чиққан ҳолда, техник воситалар, конспиратив квартиралар, етарли даражада маблағ (токи курашчининг бир ҳаёли бола-чақасига нон топиш бўлмасин), ўта ҳавф остида қолганларни зудлик билан бехавотир ерга етказиш, тарғибот-ташвиқот воситалари билан таъминлаш, бемаъниларча, барча инсоний қоидаларга зид равишда (яна ўша депутатлар томонидан) норозилик митинглари, йиғилишларни таъқиқловчи( мухолиф томоннинг тазъйиққа олинишини қонунлаштириб берувчи)  қарорларнинг тан олинмаслигини ўз чиқишлари билан билдиришларини ташкиллаштириш зарур.

Йўқ, биз ўзбекмиз – ўз ўзимизга бекмиз дейувчиларга эса яна бир йўл бор. Марҳамат, агар имкониятингиз бўлса ўз ташкилотингиз билан душманга ҳар тарафлама зарба бераверинг. Бу ҳам ғалабага етакловчи йўл, аммо сал узунроқ йўл.

Қандай бўлмасин курашиш ва ғалабага эришиш керак.

(Давоми бор)

Озодбек Элкезар