O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Биз кимни алдаяпмиз?

Биз кимни алдаяпмиз?
156 views
23 October 2017 - 10:25

Агар мени тўғри тушунсалар “Вертуал қабулхона”боп бир муаммо бор. Шуни ёзсамми дейману, лекин тўғри тушунмаслигидан қўрқаман. Чунки “ватанпарвар”ларимиз кўп. Ёшларга берилаётган эътиборни кўролмаётганликда айблаб қолишидан ҳадиксирайман. Гап, Зулфия номидаги Давлат мукофоти ҳақида. Менимча, ана шу нуфузли мукофотнинг Низомини ўзгартириш керак. Нима учун?

Биринчидан, 15-16 ёшли ўсмир қизалоққа Давлат мукофоти бериш мантиқан тўғри эмас. Ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотмаган, эл-юртга фойдаси тегмаган, ўз соҳасида ниманидир ЯРАТИБ қўймаган ўсмирга бу меҳрибончилик “оғирлик” қилади.

Иккинчидан, мукофот нотўғри тақсимланмоқда. Раҳматли Зулфия умрида бадиий гимнастика, кураш ёки сакраш билан шуғулланмаган. Лекин айни спорт чемпионларига Зулфия мукофоти берилмоқда. Бу мантиқан тўғри эмас. Агар чемпион қизларни рағбатлантириш керак бўлса, Тўмарис мукофотини таъсис этиш керак.

Учинчидан, Зулфия номидаги Давлат мукофоти фақат қизларга хосланиши тўғри эмас. Борингки, фақат қизларга хосланганда ҳам умумий АЁЛ ИЖОДКОРЛАРга берилиши лозим. Чунки шу пайтгача юзлаб ўсмир қизлар ушбу мукофотга соҳиба бўлдилар. Лекин бугун улар қани? Нега муҳташам адабиётимиз саҳнасида ижодни қойил қилиб қўйган бирорта Зулфиячи кўринмайди? Кўринаётганларининг ҳам сохта, роботга ўхшаб “ватанпарвар”лик қилиши кишининг энсасини қотиради. Савияси баланд ижодкор ўзини бунақа тутмайди.

Тўртинчидан, Зулфия номидаги Давлат мукофоти низомининг “олий ўқув юртига тўғридан-тўғри қабул қилинади”, деган жойини ўчириб ташлаш керак. Ана шунда бир қадар адолат қарор топган бўлади.

Хулоса, ўзимизни алдашни бас қилайлик. Ўзимиз ўтирган шохни арралашни тўхтатайлик. Эндигина ҳаётга қадам қўяётган болаларимизнинг биринчи қадами сохталикка, порахўрликка, адолатсизликка бориб тушмасин! Ана шунда шоира Зулфиянинг ҳам руҳи шод бўлади.

Алишер Назар

facebook.com