ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(6)
Миллиятчилик бобида Чўлпон Эргашнинг бутунлай тескариси бўлган бир ёзувчи бор эди – Мамадали Маҳмудов, ўз ҳисларини мутлақо яшириб билмасди.
«Боғдон қашқири» деган бир қисса ёзганди, ундаги бош қаҳрамон Самарқанд бўзқирларида от чоптирган бир босмачи эди. Қиссанинг номидан бошқа ҳар ерида босмачининг ҳатти-ҳаракатлари завқ билан тасвирланарди.
Айтиш мумкин-ки, жуда содда, ҳатто жўн тасвирланарди. Бу китоб 70 йиллар охирида чоп қилинди ҳам. Мамадали ўзи софдил, яхши инсон. Биз, Ғарб таъсирида бузилган кишилар, унинг ниқобсиз миллиятчилигини танқид қиларкан, жуда жаҳли чиқарди, лекин кек сақламасди.
Етмиш тўрт ёки етмиш бешинчи йилда Мамадали ёш ёзувчи сифатида Туркиядан келган ёзувчилар делегатсияси билан кўришганди. У «Тошкент» меҳмонхонасининг балконида турк ҳажвчиси Азиз Несинга имо-ишора билан Ўзбекистонда миллий туйғуларнинг оёқости қилинганини англатибди. «Лекин Азиз Несин, баччағар, ҳеч реаксия кўрсатмади, балки, КГБдан қўрққандир», деганди Мамадали.
Аслида, Азиз Несин КГБдан эмас, Мамадалидан қўрққанди. Несин сотсиалист эди, Туркиядаги миллиятчилар мафкуравий рақиблари эди. Совет тузуми Азиз Несин каби романтик-сотсиалистлар учун энг одил тузум бўлиб кўринарди. Совет КГБси ёзувчилар Союзи воситасида Несин каби истеъдодли ёзувчиларни
Советлар тарафига тортиш учун уларга турли мукофотлар бериб, саруполар кийдириб турарди.
Лекин ўзбек миллиятчилари учун бунинг аҳамияти йўқ эди. Улар Туркиядаги соғ-сўл ғовғасидан хабарсиз эдилар. Туркиядан ким келса, ҳаммаси туркчи бўлиб кўринарди уларга. Чунки, туркнинг туркчи бўлишини табиий ҳол, деб ҳисоблашарди. Нозим Ҳикмат ва Азиз Несинлар ўзбек миллиятчиларининг севимли шоир-ёзувчилари эдилар. Чунки, улар туркча ёзардилар. Ўзбек миллиятчилари Нажиб Фозил ёки Ниҳол Отсиз асарларини умуман ўқимагандилар, чунки, уларнинг китоблари русчага ҳам, ўзбекчага ҳам таржима қилинмаганди. Бунга Москва рухсат бермаганди.
Туркия биз учун бир муқаддаслик касб этар эди. Туркия – турк қавмлари иншо этган ягона мустақил давлат эди. Туркияда давлат тили турк тили эди. Ҳамма туркча гаплашар, туркча ёзар ва туркча мушоҳада этар эди. Туркиянинг табиий бойликларини ҳеч ким ташиб кетмаётганди, Туркия мустамлакачилар учун хом-ашё манбаи эмасди, ўзи ишлаб чиқарувчи, истеъмол қилувчи ва ташқарига ихрож қилиш кучига соҳиб бир ўлка эди.
Биз, ёшлар Ўзбекистонни тушимизда қандай кўраётган бўлсак, Туркия ўшандай бир мамлакат эди. Туркия бизнинг истиқлол ҳақидаги орзуларимизнинг реал модели эди. Шу боис биз Туркияга оид нима бўлса, ҳеч бир тафтишсиз, танқидсиз автоматик равишда мусбат қабул қилаверардик.
Мустамлака остидаги халқлар ўз панжаларини сўриб яшайдиган айиқлар каби, ўзи яратган идеаллар билан озиқланиб, юз йиллар давомида этник ва маданий қиёфасини йўқотмасдан яшай олганлар.
Биз мустамлака ўлканинг фарзандлари эдик. Халқимиз бу қулликдан эртами-кечми қутулиши керак эди. Ҳар ҳолда, биз шундай орзу қилар эдик. Биз пахта майдонларида бошини эгатдан кўтаришга вақт тополмаган ўша хокисор, содда ва олийжаноб халқнинг масъуллари эдик. Ҳукумат, ўзбек Компартияси, қўғирчоқ раҳбарлар бизнинг шеърларимизни, улардаги миллиятчи руҳни бир чақага олмасди, бизнинг устимиздан очиқчасига кулишарди, аммо биз шу халқ учун жавоб берадиган биздан бошқа ҳеч ким йўқ, деб ўйлар эдик.
70-йиллар бошида шоир Рауф Парфи туркчадан таржима қилган «Инсон манзаралари» ўзбек туркчиларининг изтиробларини ифодалар эди. Гарчанд, бу асарнинг муаллифи Нозим Ҳикмат ўз асарида Рауф Парфи ва унинг ғоядошларига диаметрал қарши ғояни олға сурган бўлса ҳам, бу асар туркчада ёзилганининг ўзи етарли эди. Туркчада ёзилган нарса туркларга қарши бўлолмасди гўё. Тил фетишизми шу қадар кучли эди. Тил – ватан эди, тил – мустақиллик эди, тил – миллат эди.
Мен 1993 йилда Анқарада раҳматли Алпарслон Туркаш билан биринчи марта учрашдим. У менга 1992 йил Туркия Бош вазири Сулаймон Демирел ҳайъатида Тошкентга боргани ва мени кўролмаганини айтди. «Сиз билан кўришмак истагандим, кўриштирмадилар, Муҳаммад Солиҳ чет элга кетган, дейишди. Кейин ўргансак, сиз уйингизда экансиз, мени алдашибди», деди.
20-аср туркчилигининг йўлбошчиси саналган бу собиқ полковник, Туркиядаги Миллиятчи Ҳаракат Партияси раиси етмиш ёшдан ошган эди. Унинг сиймосида узун муддатли қамоқ ва сургун йиллари ғаройиб нақш солган эди. Бўғиқ овозида бир қадимийлик бор эди. Уни антик олтой турклари анъаналарига кўра, Бошбуғи дея эъзозлашар эди.
Мен ундан 1972 йили Хитойга бориб, уйғурларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилдингизми, деб сўрадим. Бошбуғи «йўқ, Хитойга ҳеч қачон бормаганман», деди. Унга талабалик йилларимдан ўша хотирани ҳикоя қилдим. Жуда таъсирланди. Демак, қирқинчи йиллардан бошлаб туркчилик идеаллари учун чекканим изтироблар бекорга кетмабди, деб ўйлаган бўлса, ажаб эмас. Гап шунда-ки, Ўрта Осиё турклари мустамлаканинг энг турғун даври ҳисобланган 70 – йилларда ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган қаҳрамонларни кутишда давом этган. Улар пайдо бўлавермаганидан кейин, уларни хаёлида ярата бошлаган.
Алпарслон Туркаш Ўрта Осиё турклари масаласини Туркияда илк бор кун тартибига қўйган сиёсий лидер эди. Бунинг учун «миллий шеф» Исмат Инўну ҳукумати тарафидан қаттиқ қийноқларга учраганди. Ўрта Осиё турклари бу воқеаларни иккинчи, учинчи манбадан, элас-элас эшитганди, аммо шунинг ўзи етарли эди. Ҳуррият истаган турк қавмларининг узоқдаги полковник ҳақида афсоналар тўқиши учун етарли эди.