«ВАЛФАЖР» КИТОБИДАН
БИЗ НЕГА УЧРАШДИК
Мен бунга келганман сени кутмоққа
Секунд, минутларни ўлдирмоқ учун.
Кун бўйи минг хаёл суриб сен ҳақда,
Келганман бир соат ўлтирмоқ учун.
Келганман севгидан ёнган кўзларинг
Кўриб, кўрмасликка йўймоқлик учун.
Ва топиб қўйилган гўзал сўзларни
Эсимдан чиқариб қўймоқлик учун.
Сен эса қўлимдан гулларни олиб
Шошиб ҳидламоққа келгансан фақат,
Келгансан ҳаммаси чеккада қолиб,
Сўрашга соату кетмоққа рухсат.
1970
(97)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Вал-Фажр” китобидан. (64-саҳифа.)