Мен бир нарсани тушунмаяпман. Бўлаётган ишлар ақлимни шошириб қўйяпти.
Биз икки йил аввал ривожланаётган давлатлар қаторида етакчи эдик. Тинч ва осуда, осмони мусаффо юртда ҳаёт кечирардик. Ҳеч қандай муаммоимиз йўқ эди.
Халқ ҳукуматдан рози, ҳукумат ҳам халқдан розиликда умргузаронлик қилаётган эди. Ҳаммани зоҳирида шукр, ботинида сабр уфуриб турарди.
Шундай мусаффо осмон ва тинч юртда бирданига чақмоқ чақди. Барчани тинчи бузилди.
Бир инсон минбарга чиқиб «Иқтисодимиз фалаж ҳолатда. Йигирма йил қоғозбозлик қилдик. Тадбиркорлик ўлган, инвестиция йўқ. Барчасига Азимов айбдор», деди.
Билдикки, иқтисод ва молиямиз танг аҳволда. Кейин Банк соҳасини фиръавни бирданига ўлиб қолди. Банк соҳаси ҳам ўлганини айтишди. Ундан кейинги воқеалар ривожи тезлашиб кетди.
Юксак ишончимиз асоси бўлган шонли милициямизнинг каттаси хоин экани айтилди. МХХ генерал лейтенанти бўлган Ғуломов ҳибсга олиниб, қора дори, қурол савдоси ва кўплаб моддаларда айбланди.
Божхонани каттаси бўшатилди ва «каламушлар» деб шахсан президент томонидан эътироф этилди.
Таълим ва тиббиёт соҳаси энг ўлган соҳа эканлиги айтилди ва иккала вазир ҳам ишдан олинди.
Сўнгги ойларда эса давлатни энг ишонган идораси ва тинчлигимиз асоси бўлган МХХ бош раиси ишдан олинди. Ҳудудлардаги МХХчилар хоин ва пораҳўр эканлиги айтилиб, бир нечтаси қамоққа олинди ва қамоққа олинишда давом этмоқда. МХХчилар итга қиёсланди.
Президент келган кунидан бошлаб «прокурорлар ўғрилар» деди. Прокуратурани тозалади. Ўн беш йил прокуратурага эгалик қилган Қодиров ҳибсга олинди.
Чегарачилар «каламушлар», деб аталди ва жойлардаги чегара пунктлари олиб ташланди. Эски тизимдан қолган Солиқ идораси раисини ҳам курсиси қимирлаб қолган. Диний қўмита курсисида диндорларни қамаш ва эркинликларини чеклашга камарбаста бўлган Ортиқ Султонов бўшатилди. Диний идорадаги «Қори ака» лақабли МХХчи ишдан олинди.
Каллам чалкашиб кетди. Биз қандай давлатда яшаганмиз ўзи?
Прокуратура
МХХ
Милиция
Божхона
Молия
Банк
Иқтисод
Таълим
Тиббиёт
Дин
Яна қайси соҳа қолиб кетди билмай ҳам қолдим.
Барча каттаконлари ишдан олиниб, давлатга хиёнат ва порахўрликда айбланди. Бундан чиқди бизни йигирма беш йил алдашган. Кўзимизга тупроқ сочишган. Биз эса лаққа тушиб, юқоридаги порахўрларни боқиб, ўзимиз мардикорлик қилганмиз. Қизларимизни чет элга фоҳиша қилиб сотганмиз. Пахта териб, корчалонларни семиртирганмиз.
Амалдорлар халқни алдаш ва ушлаб туриш учун ОАВ ва Дин пешволаридан фойдаланган. Телевидения жаннатни кўрсатиб алдаса, пешволар халқни шукр ва тинчликка чақириб ухлатган.
Икки йил давомида бўлаётган ишларни кўриб, 1937 йилда Гитлерни ёқлаб миллионлаб инсонлар митинга чиқишгани ва 1945 йилда ўша одамлар Гитлерга қарши бўлганини айтгани бежиз эмаслигини тушундим.
Хуллас, Қирол ўлди, яшасин қирол.
Саййид Ислом