Биз қачон кучли миллат бўламиз?
Ҳақ устида дўст ҳам, рақиб ҳам бирлашса!
Кеча ёқимсиз хабар ўқидим: фб. фаолларидан Раҳимжон Турдиевга “Иш” очилибди.
Нимага?
Унинг ўткир, танқидий тили кимларнингдир уйқусини қочирибди, ёқмабди. Чидай олмасдан мелисага шикоят қилишибди.
Майли, шикоятни табиий ҳол деб қабул қилайлик. Кимдир ўзини ҳақоратланган деб ўйласа, маҳкамага шикоят қилишга ҳақли.
Диққат қилинг: МАҲКАМАГА! Мелисага ёки бошқа ташкилотга эмас!
Сўнгра, майли, тарафсиз (!) МАҲКАМА “Иш”ни холис кўриб чиқиб, одил баҳо берсин.
Аммо бу ишда камида икки жиҳат ўта ёқимсиздир. Юмшоқ қилиб айтганда, уят!
Биринчиси – ўзини ҳақоратланган деб ўйлаган томон (Дин ишлари бўйича қўмита) ҳукумат ташкилотидир ва у ўз мартаба-мавқеидан фойдаланиб ҳукуматнинг бошқа ташкилоти қўли билан танқидчининг овозини бўғишга ва жазога тортишга уриняпти. Айни чоқда, бошқаларни ҳам қўрқитиб қўймоқчига ўхшайди: “Президентнинг сўзларига ишониб кетиб жа тилларингга эрк бериб юбормаларинг!” демоқчи шекилли. Аслида, бунинг ўрнига, танқидга бағрикенг бўлиш энг оқилона йўл эди.
Иккинчиси – Раҳимжон Турдиевни ёқтирмай юрганлар: “Айб ўзида, тилини тийсин эди”; ёки: “Ўзи у бола менга ёқмайди, айрим аҳли илмларга кун бермай юрарди”, дея бошлашибди. Уят!
Ахир, бу “Иш” бир инсон устидагина очилмади. Масала жуда жиддий ва муҳим. Ҳар бир ватандош давлат ё ҳукумат идорасининг хато-камчиликларини танқид қилиш ҳуқуқига эга. Очилган бу “Жиноий иш” эса Асосий Қонун берган мана шу ҳуқуққа тажовуздир.
Умумий ҳаққа тажовуз бўлиб турганида шахсий ғаразлар бир четга сурилади. Виждонли ҳар бир одам, ҳатто танқид қилувчида шахсий алами бўлса-да, умумий ҳақни ҳимоя этади.
Раҳимжоннинг аччиқ тилидан бир оз “задаланган” кишилар ҳам ҳозир шу баҳонада дўстлари қатори уни ҳимоя қилиб чиқишса, жуда олижаноб йўл тутган бўлар эдилар. Чунки:
Дўст ҳам, рақиб ҳам ҳақ устида бирлашсагина, биз чинакамига кучли миллат бўламиз!
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон