Хайитбой ЯҚУБОВ,
Хоразм вилояти “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси
Хоразм вилояти “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти олдинги йиллар мониторингидан келиб чиқиб, Хоразм вилояти билим даргохларидаги инсон хуқуқларининг бузилишлари тўғрисидаги камчиликларни бир неча маротаба ўз сайтларида ёритган эди.
Шуни айтиш керакки, ҳозирги кунда ҳам Хоразм вилояти билим доргохларининг айримларида қонун доирасида олиб борилаётган бўлса-да, кўпчилик умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқувчи ёшларнинг билим даражаси ўта паст аҳволда қолиб кетмокда. “Нажот”нинг мониторинг натижалари, бунга энг биринчи сабаб, билим даргоҳларининг педагог ходимлар билан таъминланиши, кадрлар масаласи ўз ҳолига ташлаб қўйилишидан иборат эканини кўрсатмокда.
Билимсиз раҳбарлар фаолиятида педагог бўлмаган ходимларни ишга олиш, ғирромлик, ижтимоий адолатсизлик, порахўрлик, давлат мулкини талаш, таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчилик килишлар, мансаб лавозимидан шахсий бойлик орттириш йулида фойдаланиш, ўтмиши жиноятчи, диний ақидапараст, гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчи ва сотувчи, хулқи бузуқ, халқ орасида номаъқул деб топилган шахсларнинг бу каби даргохларга кириб келиши бу соҳани назорат қиладиган ҳуқуқ-тартибот идораларини ҳам қизиқтирмай, ўз ҳолига ташлаб қўйилганини сезиш мумкин. Жумладан: хавфсизлик, ҳозирги кунда бутун дунёни ларзага солаётган халкаро терроризм, экстремизм, сепаратизм, гиёхвандлик, уюшган жиноятчилик каби бало-қазоларга яқин шахсларни таълим даргохларида болаларга яқин бўлиши педагог рахбарларнинг ўзи гиёҳвандлик билан шуғулланиши наҳотки юқори турувчи амалдорларни қонуний қизиқтирмаса?
Қонуннинг куч-кудрати, обрўси, таъсири, амалий аҳамияти ҳаётда унинг ҳалол, ҳаққоний, одилона татбиқ этилишига боғлиқ. Айниқса, билим масканида бу масала ўн карра, юз карра мукамаликни талаб қилади. Хоразм вилояти туманларидаги билим даргоҳларида юқоридаги адолатсизликларга қарши курашаётган зиёли инсонларнинг ўз лавозимидан бўшаталиши, билимли фуқаролар турли усуллар билан қувғин килиниши содир бўлмоқда. Зиёлиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминловчи жамоат ва давлат қўрикчилари томошабинга айланиб қолишган. Агар қонун нохолис қўлланилиб, қонун ижросининг оёғи туғрилик йулидан четга тойса, ўғри қолиб, тўғри, айбдор қолиб, айбсиз, гунохкор қолиб, бегуноҳ жазоланса, одамларнинг бурни ноҳақдан-ноҳақ конаса, бундай адолатсизликдан фуқаролар беҳад жабр-ситам кўради, натижада давлатимиз обрўсига путур ета бошлайди, жамиятимиз негизлари заифлаша боради.
“Нажот”нинг фақат Хива туманида олиб борган мониторингги натижалари асосида юқорида келтирилган сўзларга ушбу рақамларни қўйиб чиқсак, кадрлар муаммоси натижаси ва келажагимиз бўлган фарзандларимизнинг билим доираси кандай эканини билиб оламиз:
Хива туманидаги мактабларда педогог ходимлар билан таъминланиши:
Туманда жами – 2960 нафар ўқитувчи фаолият кўрсатади.
Шундан 1152 нафари олий, 1811 нафари ўрта махсус маълумотли, улардан 500 нафари номутахассис ўқитувчилардир.
УМУМТАЪЛИМ ФАНЛАРИ БЎЙИЧА ЕТИШМАЙДИГАН ЎҚИТУВЧИЛАР:
1. МАТЕМАТИКА – 52. 2. ФИЗИКА – 48. 3. ХИМИЯ – 45. 4. ГЕОГРАФИЯ – 38. 5. ИНФОРМАТИКА – 28. 6. ХУҚУҚ – 32. 7. ИНГЛИЗ ТИЛИ – 60. 8. РУС-ТИЛИ – 30. 9. ТАРИХ – 35. 10. ОНА ТИЛИ – 25.
Қолган 107 нафари бошланғич синфда мутахассислиги меҳнат таълими фани бўлса-да, мусиқа, она тили, физика ва математика, инглиз тилидан дарс бераяптилар. Давлат бюджети фақат таниш-билиш, қариндош ва пора эвазига ишга жойлашган билимсиз малакасиз шахсларга тарқатилиб, талон-торожга йўл қўйилмоқда. Ҳокимликлар ва тегишли амалдорлар тавсияси ва юқоридан бўлаётган босимлар оқибатида ўқув даргоҳларини бошқариш учун тайинланаётган раҳбарларнинг билимсизлиги, уларнинг малакаси ва дипломи бажараётган ишига тўғри келмаслиги қадимдан муқаддас саналмиш билим даргоҳларининг емрилишига олиб келмоқда.
Хива тумани академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўкитувчилари эса қишлоқ қурилиш лойиҳаси асосида қурилаётган янги коттежлар қурилишига мажбурий сафарбар қилинган. Жаҳон цивилизацияси юксалиб олға кетаётган XXI асрда, юртмизда келажагимиз уқувсизлик, билимсизлик ботқоғига ботиб бормоқда. “Нажот” ҳуқуқ-тартибот идораларидан, уларнинг фаолияти қонун устиворлиги, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, қадр-қиммати, эркинлиги, шаъни, ғурурини ҳимоя қилишга, ижтимоий адолатни қарор топтириш ва мустаҳкамлашга қаратилганини эслатган ҳолда, вилоятимизни барча мактабларидаги аҳволни тубдан ўзгартиришни, келажагимиз бўлган болаларнинг вақтни беҳуда ўтказмай, муқим ва муҳим таълимга эга бўлишларини таъминлашни ва бу борада назоратни кучайтиришни талаб қилади.
Шу билан бир қаторда, вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳокимликлар ва бошқа мутасадди ташкилотларни огоҳ этиш мақсадида “ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ УМУМЖАХОН ДЕКЛАРАЦИЯСИ”нинг таълимга доир моддаларини эътиборингизга ҳавола этишни лозим кўрдик:
26‐модда
Ҳар бир инсон билим олиш ҳуқуқига эгадир. Таълим, кам деганда бошланғич ва умумий таълим, текин бўлиши керак. Бошланғич таълим мажбурий бўлиши лозим. Техникавий ва ҳунар таълими барчага муҳайё этилиши, олий таълим эса ҳар бир одамнинг қобилияти асосида барча учун бир хил муҳайё этилиши керак.
Таълим инсон шахсининг баркамоллигига ҳамда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига ҳурматнинг ортиб бораверишига қаратилиши лозим. Таълим барча халқлар, ирқий ва диний гуруҳлар ўртасидаги ҳамжиҳатликка, сабр‐бардошга ва дўстликка кўмаклашиши ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни сақлаш борасидаги фаолиятига ёрдамлашиши керак.
Ота‐оналар ёш болалари учун таълим турини танлаб олишда нуфузли ҳуқуққа эгадирлар.
27‐модда
Ҳар бир инсон жамиятнинг маданий ҳаётида эркин иштирок этиш, санъатдан баҳраманд бўлиш, илмий тараққиётда қатнашиш ва унинг неъматларидан баҳраманд бўлиш ҳуқуқига эгадир.
Ҳар бир инсон ўзи муаллифи бўлган илмий, адабий ёки бадиий асарлар юзасидан маънавий ва моддий манфаатлари ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эгадир.
28‐модда
Ҳар бир инсон Мазкур Декларацияда баён этилган ҳуқуқлар ва эркинликлар тўла‐тўкис рўёбга чиқадиган ижтимоий ва халқаро тартиб бўлиши ҳуқуқига эгадир.