O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Биноси битиб улгурмай номи уч марта алмашган марказнинг моҳияти нима?

Биноси битиб улгурмай номи уч марта алмашган марказнинг моҳияти нима?
380 views
19 July 2021 - 11:52

Ислом цивилизацияси марказининг биноси битиб улгурмай номи уч марта алмашди. Ном ўзгарса моҳият ҳам ўзгаради деб ўйлашса керак. У жанвар ислом маданиятига дахлдор илмий марказ бўлиши керак эди, айланиб келиб, Янги Ўзбекистоннинг “янгича” ғояси тарғибот маркази бўлдими шунда?

Уни ҳам илмий марказ, ҳам тарғибот маркази дейишяпти. Илмда холислик бўлади, тарғиботда мафкура сингдирилади. Буларни қандай мувофиқлаштиришаркин а?

Бу ҳам майли, Вазирлар маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган бу марказга “муқаддас ислом дини билан боғлиқ бой меросни илмий тадқиқ этиш, унинг Марказий Осиё цивилизацияси ривожидаги ўрнини инновацион усуллар орқали тарғиб қилиш” вазифаси юкланибди. Ваҳоланки, Виждон эркинлиги тўғрисидаги қонуннинг 5-моддасида “Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди” дейилган. Ҳукумат таркибида бунақа марказ борлигининг ўзи қонунга зид эмасми?

Яна унга “«Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон» ғоясининг мазмун-моҳиятини, жумладан, унинг илм-фан ривожи, динлараро ва миллатлараро бағрикенгликни таъминлашдаги роли ва аҳамиятини жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш” вазифаси ҳам юкланган. Ўзбекистон конституциясининг 12-моддасида “Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади.

Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас” дейилган. Бу марказнинг ҳукумат таркибида экани конституцияга зид эмасми?

Хуршид Йўлдошев

Манба: facebook.com