Ҳозир Ўзбекистон халқи вакилларининг Каримов диктатурасига қарши бирлашиши сув ва ҳаводек зарурлигини ҳамма тушуниб етади. Чунки Ўзбекистон диктатори “бир оёғи тўрда, бир оёғи гўрда” ҳолга келиб қолган. У қурган сиёсий режим фақат унинг “ўзига хос ва ўзига мос” эди. Яъни, бу золим режимнинг ҳеч қандай мафкураси йўқ ва унинг амалий сиёсати Ўзбекистоннинг келажаги учун фойдали ҳисобланмайди. Шунингдек, Ўзбекистонликлар учун Каримов диктатурасидан “нормал”, яъни эркинлик, адолат ва қонун устун бўлган жамиятга ўтиб олиш олиш унчалик осон бўлмаслиги ҳам маълум бир ҳақиқатдир.
Бундай ҳолда, яъни диктатурадан тараққиётга олиб борадиган ўтиш даври йўлида халқимиз вакилларининг бирлашишдан бошқа чораси йўқлигини яна бир таъкидламоқчиман. Аммо бирлашишнинг ғояси нимадан иборат бўлиши керак ва у қандай амалга ошади?
Ҳозирги кундаги бирлашишни мутлақ талаб ўрнида кўриб, уни “Қуллик ва зулм” режимига қарши “Эркинлик ва Адолат” Платформи (ижтимоий сиёсий майдон), деб аташ мумкин менимча. Бундай бирлашувга сиёсий ҳаракатлар, партиялар, инсон ҳуқуқлари жамиятлари, мусулмон жамоатлари, зиёлилар ва оддий фуқоралар иштирок этишлари мақсадга мувофиқдир. Шуни алоҳида айтмоқчиманки, бундай бирлашув турли ижтимоий гуруҳларнинг манфаатларига мос бўлгани каби, ҳеч қандай гуруҳга кирмаган оддий фуқароларнинг ҳам манфаатларига мосдир. Айниқса, ҳозирги кунда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари паймол қилиниши натижаси дунёнинг турли мамлакатларига тарқалиб кетган, бу хорижий давлатларда ҳеч қандай ҳуқуқсиз “қора” ишчи сифатида кун ўтказаётган ва ватанимизга қайтишни интизорлик билан кутаётган миллионларча чорасиз муҳожирларимиз учун бундай иш ва куч бирлиги ниҳоятда катта аҳамият касб этади.
Бундай бирлашувнинг ўрнагини Тунис ва Мисрда халқ намойишларида кўрган эдик. Бу халқ инқилобларида мусулмонлар ва ғайримуслимлар, миллатчилар ва либераллар, бойлар ва камбағаллар, кексалар ва ёшлар, эркаклар ва аёллар биргаликда маҳаллий диктаторларга қарши елкама елка турган эдилар. Ҳамма қуллик ва зулмга барҳам берилиб, эркинлик ва адолатнинг таъсис этилишини истаганди. Шунинг учун ҳам сафлар жипслашган, орадаги тафовутлар орқа планга отилган, умумий мақсад ва халқнинг ғалабаси ҳамманинг истагига айланганди.
Бундай бирлашувда бир -бирларини хоинликда, радикалликда айблашларга ўрин берилмаганди, бир гуруҳ ўзини иккинчисидан устун кўрмаганди, аксинча ўзаро ёрдамлашиш ва бир -бирини тушунишга уриниш устун эди.
Албатта, бундай бирлашиш мутлақ ҳамманинг эмас, сифатли кўпчиликнинг бирлашиши ўрнида кўрилиши керак. Чунки халқ ҳам, уни тамсил қиладиганлар ҳам ҳеч бир замон мутлақ ҳамманинг бирлашишига эриша олмайдилар. Бу амалга ошмайдиган иш эканлиги тарихий бир ҳақиқатдир.
Ҳозирда бундай сифатли кўпчиликнинг бирлашувини ЎХҲ, мустақил инсон ҳуқуқлари жамиятлари, мусулмон жамоатлар, зиёлилар гуруҳлари ва оддий фуқароларимиз бир сиёсий ПЛАТФОРМ да (ижтимоий сиёсий майдонда) бирлашиб амалга оширишлари мумкин. Бунинг учун интернетдаги “КАРИМОВ КЕТ” гуруҳидан фойдаланишимиз мумкин. Зеро, бу гуруҳда ҳаракатимиз вакиллари билан бирга бошқа ташкилотлар, зиёлилар ва оддий фуқароларимиз иштирок этиб келишмоқда.
Албатта, мақсади халқимиз ва ватанимизнинг тараққиёти, эркин ва адолатли жамият қуришдан иборат бўлмаган шахслар ва гуруҳлар бундай бирлашишга қарши яна ҳақорат ва ғийбат компаниясини бошлатишлари аниқдир. Аммо “чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди” дейдилар.
Муҳими яхши ниятли, тараққийпарвар ва адолатпарвар инсонларимизнинг ҳозирги тарихий босқичда куч бирлиги учун ҳаракат қилишларидир. Чунки Каримов диктатурасининг тугаши (бу диктаторнинг ўлими, сарой тўнтариши, халқнинг инқилоби шаклларида ёки бошқа шаклда бўлиши мумкин) ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонликлар учун тарихий босқич ҳисобланади. Бунинг маъноси бу босқичда Каримов диктатураси ўрнига янги шунга ўхшаш бир диктатура ўрнатилишига имкон бермай, ватанимизда янги жамият ва давлат қуриш учун имкон мавжудлигидир. Бу янги жамият ва давлат инсон ҳуқуқларини, эркинлик ва адолатни, халқимизнинг миллий ва эътиқодий қадриятларини устун қилишга асосланиши керак. Шундай экан бу босқичга бефарқ бўлмаслик ва янги жамият қуриш учун ўз ҳиссасини қўшиш ҳар бир ҳамюртимизнинг вазифаси ҳисобланади. Барча ҳамюртларимизни мана шундай яхшилик ва тараққиёт йўлида ҳамкорликка чақираман.
Намоз Нормўмин
16 апрель 2013 йил.