Кимса бордир…
Кимса бордир, одамларнинг сараси,
Сўрса, жонинг ситиб берсанг арзийди.
Кимса бордир, марг – жонларнинг яраси,
Уни чуқур қазиб, кўмсанг арзийди.
Кимса бордир, совулмайди бозори,
Ҳеч бандага тегмас кори, озори,
Кимса бордир, шум ниятли безори,
Минг йил зиндонларда қолса арзийди.
Кимса бордир, ҳечда кўнгли очилмас,
Қўлларидан совуқ сувлар ичилмас,
Тўйлар бўлиб, эшигидан кечилмас,
Туришин, бир пулга сотсанг арзийди.
Кимса бордир, ҳийла-найранг дастори,
Фитнадан бутланган бутун рўзғори,
Минг йилда қўзғалмас, номуси, ори,
Гўштини итларга отсанг арзийди.
Кимса бордир, ёзин-қишин эр бўлар,
Дини имон учун йўлбарс, шер бўлар,
Қўлда моли бўлса, ҳотамтой бўлар,
Шоҳнинг тахтин тортиб, берсанг арзийди.
Минг номардни йиғсанг…
Минг номардни йиғсанг, чиқмас битта мард,
Оғзи ола элнинг қурбони бўлма.
Йўлингда учраса, асил бир жўмард,
Ўзга бадасилнинг дармони, бўлма!
Футувват аҳлининг будир, паймони:
Ҳаққа етишмоқдир, орзу армони,
Мард йигит юртининг чароғи, жони,
Юраксиз бекларнинг фармони, бўлма.
Ҳеч замонда, эшак от бўлганми, айт?
Юз тулки йиғилса, шер бўлганми, айт?
Бир бўри минг итга мот бўлганми, айт?
Субутсиз шоҳларнинг даврони бўлма!
Бу дунёга келдинг яхши от билан,
Муҳаббатинг бутла, паризод билан,
Жангларда тенг келса қурбинг мард билан,
Ноҳақнинг ҳеч замон қалқони, бўлма!
Моли кўп деб, нокасларга илинма,
Бир бош учун золимларга эланма,
Сафо каби оч қолсанг ҳам, тиланма,
Бахилнинг кафтида хирмони, бўлма!
Сафо Турон