O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бир мухолифнинг фикрлари

Бир мухолифнинг фикрлари
154 views
23 June 2013 - 11:12

Ушбу мақола замонамизда Ислом дини ва мусулмонларга мухолифлиги билан танилган, ўз вақтида АҚШ собиқ Президенти ўғил Буш билан бирга Афғонистонда ва Ироқда янги салб урушини бошлатган Англиянинг собиқ Бош Вазири Тони Блэр қаламига оиддир. Мақолада муаллифнинг асосан Ўрта Шарқ муаммолари ва уларнинг сабабларига оид фикрлари ўрин олган. Мухолиф тарафнинг фикрини ўрганиш нуқтаи назаридан ушбу мақолани ўқувчиларимиз эътиборига ҳавола қилмоқдамиз.

Таҳририят

Бундан уч ҳафта муқаддам Лондоннинг жанубидаги кўчалардан бирида инглиз аскари Ли Ригбининг ўлдирилиши масаласида фақат бир фикр янграмоқда: ўта даҳшатли! Аммо бу воқеа муҳимлиги даражаси билан икки нуқтаи назарни келтириб чиқаради: Биринчи тоифадагилар бу ҳолни исломни бузиб кўрсатадиган, ақлидан айрилган одамларнинг ишидан бошқа ҳеч нарса эмас деб билади холос. Ақлидан айрилганлар ақлсизларнинг ишини қилади, демак буни қалбга яқин тутиш ҳам керак эмас. Иккинчи нуқтаи назар  эгалари эса,  Ригбининг ўлимига сабаб бўлган мафкурани катта хафв келтирувчи мафкура деб ҳисоблашади. TB

Мен албатта иккинчи нуқтаи назарни қўллайман. Аслида, бунга катта эътибор қаратиш ҳам лозим эмас.   Чунки 2005 йилнинг 7 июлида Лондондаги жамоа транспортига уюштирилган ҳужум ортидан ҳам шундай қилгандик.  Аммо биз чора қўлладик. Ва биз ҳақ бўлиб чиқдик.  Бизнинг махсус хизматларимиз саъй-ҳаракатлари, бошқа уюштирилган жиддий ҳужумларнинг олдини олди. Турли маҳаллий ҳудудларда ўтказилган “олдини олиш” дастурлари жуда тўғри қўйилган қадам бўлди.

Ҳукуматнинг амалга ошираётган янги тадбирларини ҳам оқил ва талаб даражасида дея қабул қилиш мумкин.  Лекин биз оддий ички чораларни кўриб қўйиш билан Қўшма Қиролликни ҳимоя қилиш мумкин дея, ўзимизни ўзимиз алдамоқдамиз.  Мафкура мавжуд ва у ҳеч қаёққа йўлиб ҳам кетмайди.

Яқин шарққа қарайлик. Сурия ҳозирда катта тезлик билан парчаланиб бормоқда. Президент Башар аъл-Асад ўз режимига қарши турган бутун жамоаларни қаттоллик билан йўқотиб юбормоқда. Кам деганда 80 минг одам ўлди, 1,5 миллионга яқин одам қочқинларга айланди, мамлакат ичккарисида кўчиб юрган одамларнинг сони эса тўрт миллиондан ошди. Кўпчиликнинг фикрига кўра, Ассаднинг мақсади – унинг режими таъсирида бўлган ҳудудларни суннийлардан тозалаб олиш ва Ливан атрофида алоҳида бир давлат тузиш. Шу билан Суриянинг қолган қисмида, де-факто, мамлакат асосий бойликлари, ҳамда денгиз қирғоқларидан ажралган суннийлар давлати ташкил топган бўлади.

Сурия мухолифати кўплаб гуруҳларни ўз ичига олган. Бироқ Аъл – Қоидага бўйинсўнувчи Жабҳат аъл-Нусра гуруҳига керагидан ортиқ кўмак берилаяпти – шу жумладан, хориждан туриб уларга қурол-яроғлар, ҳамда моддий маблағ етказилмоқда.

Ассад чекланган миқдорда, аммо кишиларни ўлдириш кўламида кимёвий қуроллардан фойдаланмоқда.  Бу қуроллар сақланадиган баъзи омборларнинг қайси томонда эканлигини маълум эмас.

Ғарбнинг Сурия муаммосидан имкон даражасида узоқроқда қолишга интилаётганлиги ҳам тушунарлик албатта. Аммо биз фожеанинг ибтидосида  турганлигимизни ҳам тушунишимиз лозим. Муаммо ҳудуддаги беқарорлик вазиятни келтириб чиқариши мумкинлиги кундай равшан.

Иордания мисли кўрилмаган мардликни намоён қилмоқда, бироқ у маълум чегарада қочқинлар қабул қилиши мумкин.  Ливан  кучсизланган ва шу ҳолатда Эрон Ҳизбуллоҳни жангга киришга даъват этаяпти. Эрон бу мамлакатларнинг ички ишларига аралашаркан, Ироқда Ал – Қоида тағин уруш фитнасини келтириб чиқараяпти.

Айни дамда Миср ва бутун Шимолий Африка минтақасида “Мусулмон биродарлар” партияси ҳокимият тепасига келган, аммо мафкуравий қарама қаршиликлар ҳамда замонавий иқтисодни бошқаришдаги муаммолар нобарқарорликка ва бошқа экстремистик гуруҳлар томонидан босим ўтказилишига олиб келди.

Бундан ташқари, Эрон режими ҳали ҳам ядро қуролига эга бўлиш ниятидан қайтгани йўқ ва ҳозиргача нобарқарорлик ва террор ҳаракатларини ёйишга уринмоқда.  Африка мамлакатларининг Саҳрои Кабирдан қуйи қисмларидаги Нигерия даҳшатлик террор ҳужумларига учраяпти.  Малида эса экстремистлар бутун мамлакатни қўлга олмасликлари учун Франция жуда қаттиқ кураш олиб бормоқда.

Буларнинг ёнида Покистон ва Яманлар бор, улардан узоқроқда эса  Бирма ва Бангладеш орасида чегара ҳудудларида урушлар кетаяпти. Ва энг сўнги хабарларга кўра ўша Бангладеш ёки Филиппиннинг Миндано ҳудуди бундай муаммоли ҳудудлар рўйхатини янада кенгайтирмоқда.

Бундай жабр кўрган кўплаб мамлакатларда яна бир масала ёрқин кўринади: аҳоли сонининг тез ошиб бориши. Яқин шарқда одамларнинг ўртача ёши  20 дан бироз ортади.  Нигерияда эса бу кўрсаткич 19 ёшни ташкил этади. Ҳамас ҳукуматда бўлган Ғазо секторида аҳолининг чорак қисмини 5 ёшгача бўлганлар ташкиллаштиради.

Мен Қуддусга тағин ташриф буюрсам, бу менинг Бош Вазирлик лавозимидан кетганимдан кейин, Фаластин давлатини тузиш доирасида амалга оширган юзинчи ташрифим бўлади.  Бу минтақада нима бўлаётганлигини мен ўз кўзим билан кўриб турибман.

Шу сабабдан ҳам бу оламни кўриб ҳамда у ердаги маҳаллий тушунмовчиликлар, иқтисодий муаммолар ва албатта “ақлидан айрилган” баъзи кишилар сабаб, унинг хулқ атворини тушунтиришга уринаяпман. Наҳотки биз бундай фожеаларга олиб келаётган ёки уларни янада чуқурлаштираётган бир мафкурани, омилни излаб топа олмасак?

Муаммо Исломда эмас. Бизнинг орамизда уни ўрганганлар бу диннинг асл моҳиятига ва тинч фаолият қилишига бирор шубҳа қилмайди.  Муаммо албатта мусулмонларда ҳам эмас. Британияда кўплар Ригбининг ўлдирилишидан даҳшатга тушган.

Аммо исломнинг ичида бир муаммо борки, биз уни тан олмоғимиз керак ва ўз шахсимиз олдида ҳам ростгўй бўлмоғимиз шарт. Албатта христиан экстремистлари ҳам бор, шунингдек яҳудий, будпараст ва индуизм экстремистлари ҳам топилади.  Аммо мен ислом ичидаги тушунмовчиликларнинг бир неча экстремистнинг якка ҳукмронлигидан иборат эмаслигидан қўрқаман.

Муаммо ўз мазмуни билан динга турлича қарашларга ва турли фикрлилик, либераллик ва очиқ жамиятни қабул қилмайдиган дин билан сиёсат орасидаги муносабатларга тааллуқлидир. Бунинг энг сўнги нуқтаси эса – бу террорчилардир ва уларнинг дунёқараши биз ўйлаганимиздан кўра чуқурроқ ва кенгроқдир.  Аммо биз юқоридан назар ташлаган ҳолда уларни тан олмаймиз.

Бу ҳол ўзининг икки натижасини кўрсатаяпти. Биринчидан- мутассиб қарашда бўлганлар бизнинг кучсиз эканлигимизга ишонишади ва бундай ишонч уларга илҳом бағишлайди. Иккинчидан эса, булар муаммонинг мавжудлигига ишонувчи мусулмонлардир ва бахтимизга улар кўпчиликни ташкил қилсаларда, бундайларнинг руҳиятлари тушиб бормоқда.

Яқин Шарқда ва ундан олисроқ жойларда кураш кучайиб бормоқда.  Бу курашнинг бир томонда мутлақ реакцион кўз қарашга эга исломчилар ўрнашишган. Улар ниҳоятда кам кучга эгадирлар, лекин жуда яхши ташкилланишган. Бошқа томонда эса замонавий тафаккурга эга бўлганлар бор. Улар  коррупцияга берилган диктаторлар зулмидан ҳам диний фанатикларнинг зулмидан ҳам хушланмайдилар. Ҳақиқатда бундайлар кўпчиликни ташкил қиладилар аммо афсуски улар яхши ташкилланмаганлар.

Фанатизм ва террорнинг уруғлари, айтиш мумкинки – қуриб бораяпти, ҳаттоки йирик конфликтларда ҳам бу кузатилмоқда. Бизнинг вазифамиз – тинчлик ва тотувлик уруғларини сепишда кўмак беришдан иборатдир. Лекин бу тинчлик ва тотувлик учун асос яратиш ҳамма вақт ҳам тинч йўллар билан амалга оширилмайди.

Афғонистон ва Ироқдаги чўзилиб кетган қақшатгич ва сурункали урушлар ғарб мамлакатларини хорижий интервенция (мусулмонларннинг мамлактларига бостириб кириш)да  эҳтиёткорликка мажбурламоқда.  Аммо биз нима учун бу урушлар қақшатгич ва сурункали ҳол олганлигини унутмаслигимиз керак: биз оёққа турмайдиган давлатларни оёқда тутишга уриндик.

Саддам Ҳусайн юз минглаб одамларнинг,  аксари кимёвий қуроллардан қурбон бўлишига олиб келган икки йирик уруш учун масъул бўлганди. У ўз халқининг ҳам тахминан шунча қисмини қурбон қилиб юборди. Толиблар Афғонистондаги Совет ишғоли даврида шаклланди ва мамлакатни террор хуружлари полигонига айлантиришди. Бу режимлар йўқ бўлганидан кейин эса, ҳар икки мамлакат ҳам дунёга динни ёйиш учун куч қўллаш ва террор тарғиботи билан янги курашни бошлаб юборишди.

Ҳар қандай аралашув (мусулмон давлатлар ва халқларнинг ишига) ҳарбий бўлавермаслиги керак ва ҳар қандай ҳарбий аралашув қўшин киритишдан иборат бўлмаслиги лозим. Бироқ бу курашдан бош тортиш  бизга тинчлик келтирмайди.

Шунингдек, бундай хавфсизликка ўз ўзидан эришиш ҳам имконсиз.  Коммунизм инқилобига қарши қатъий хавфсизлик чоралари билан қарши турилган эди, аммо ниҳоятида унинг устидан кучли ғоя билан ғалабага эришилди: Бу ғоя озодлик ғояси эди.  Айни мана шу кураш усулини бу ерда ҳам қўллаш мумкин.

Энг яхши ғоя динга,  унинг жамиятдаги, сиёсатдаги  ўрнига замонавий нигоҳ билан қараш, турли дин вакилларини ҳурмат қилиш ва уларни тенг деб билиш ғоясидир.   Дин сиёсий тузумда ўз овозига эга бўлиш ҳуқуқига эга, аммо уни бошқара олмайди.

Биз ишни ўз мамлакатимиздаги ва хориждаги болалардан бошлашимиз керак. Менинг махсус фондни тузишимнинг алоҳида мақсадларидан бири ҳам бутун дунёдаги турли динларга эътиқод қилувчи болаларни бир бирларини тушунишларига ва бирга яшашларига ўргатишдан иборатдир. Биз ҳозир дунёнинг 20 мамлакатида фаолият олиб бораяпмиз ҳамда дастурларимиз ишламоқда. Бироқ бу тоқатсизликларга ўрганиб кетган одамлар тўлқинига нисбатан денгиздан бир томчи холос.

Ҳозир биз ҳар қачондигидан ҳам кўра кучли ва стратегик фикрламоғимиз лозим.

Тони Блэр (Tony Blair)

1997 – 2007 йилларда Буюк Британия бош вазири бўлган. Истеъфога чиққандан кейин “Тони Блэрга ишонч фонди” (Tony Blair Faith Foundation) ва  “Эътиқод ва глобаллашув ташаббуси” (Faith and Globalization Initiative) ташкилотларини тузди.

Асосий нашр: The Trouble Within Islam

Нашр этилган сана:  10/06/2013

Манба: centrasia.ru

Рус тилидан Тўлқин Қораев таржимаси