БИР СЎЗ ТАРИХИ ЁХУД ЎЗБЕКЛАРНИНГ ЕВРОПАДАГИ ИЛДИЗЛАРИ
Болаликда, 70-80-йилларда, “Гайдуклар” деган бадиий фильм телевизор орқали кўп намойиш этиларди (“гайдук”- рус тилида, аслида, “ҳайдук”). Фильмни руминлар ишлаган, тафсилотлари ҳозир эсимда йўқ, лекин фильм болқон халқларининг туркларга қарши кураши, ҳайдуклик ҳаракати ҳақида эди, адашмасам. Ҳайдуклик, аслида, ғирт қароқчилик, ўғрилик, бойларни, хусусан, Болқон ерларидаги Усмонли давлати мулозимларини талон-тарож қилишдан иборат бир ҳодиса эди, кейинчалик унга халқ озодлик ҳаракати туси берилган. XVII-XIX-асрларда бу ҳаракат бутун Болқон бўйлаб кенг ёйилган, ҳатто арманларнинг Усмонли давлатига қарши қаратилган, дастлаб номи “Фидайи” бўлган ҳаракатини ҳам кейинчалик “ҳайдуклар” деб аташган.
Хўш, тўрт аср давомида Усмонли империясига қарши кучларни бирлаштириб келган бу сўзнинг асл маъноси нима? Ушбу ўринда бизни мазкур ҳаракат эмас, балки “ҳайдук” сўзининг ўзи қизиқтиради.
“Ҳайдук” атамаси дастлаб XVII асрда Мажористонда (Венгрияда) пайдо бўлди”, – дейилади Ф.Павленковнинг 1907 йили чоп этилган “Словарь иностранных слов, вошедших в состав русского языка” луғатида. Усмонли туркларни Мажористон ерларидан ҳайдаш ҳаракатига нисбатан дастлаб “hajdú” (“ҳайдув”) дейилган. Ф. Павленковга кўра, кейинчалик “hajdú” – “якка пиёда аскарга нисбатан ҳам ишлатилган”. Бу атама мажорча: “подани ҳайдаш” маъносидаги “hajt” (“ҳайт”) ўзагидан ясалган. “Hajdú” кейинчалик “ҳайдук” шаклида румин, болгар, поляк, серб ва бошқа тилларга ўтган.
Кўриниб турибдики, “hajdú”(“ҳайдув”) тилимиздаги, айнан шу маънодаги: “ҳайдов, ҳайдамоқ” феъли билан шаклан деярли бир хил. Бу шунчаки ўхшашликми ёки улар ўртасида умумийлик борми?
“Мажорча-русча луғат”ни (“Magyar-orosz szótár”) кузатганда, “hajt” ўзагидан ясалган қатор сўзларни кўриш мумкин. Хусусан, “hajt” сўзига мазкур луғатда берилган асосий изоҳларни ўқиймиз (русчадан таржима): “hajt – 1. ҳайдаш, қувиш, ҳайдаб киргизиш, киргизиш…; ~ja a teheneket – молларни яйловга ҳайдаш; ~ja a nyájat – подани ҳайдаш…ва ҳоказо”.
Мазкур ўзакдан ясалган яна бир сўз: “нajtás” (ўқилиши: “ҳайташ”). Бу сўз ҳам ўзбекча “ҳайдаш” маъносида, айни пайтда, мажорчада “t” товуши бизнинг “д”га яқин талаффуз қилингани учун “нajtás” ўзбекча “ҳайдаш”га яқин эшитиларкан. Хусусан, “машинани ҳайдаш” ҳам луғатда шу феъл билан ифодаланган. Мана бу сўзлар эса: “jobbra hajtás” – “ўнггра ҳайташ” деб ўқилиб, ўзбекча “ўнгга ҳайдаш” маъносини билдираркан. Ўхшашликни қаранг.
Аммо бу ўхшашликни чуқурроқ мушоҳада этиш учун, мажорларнинг келиб чиқиши, уларнинг тили ҳақидаги энг умумий маълумотлар хусусида тўхталмасдан иложи йўқ.
МАЖОРЛАР АТТИЛА АВЛОДИМИ?
Маълумки, мажор тили фин-угор тиллари оиласига киради, шу билан бирга, мажор тилида жуда кўп туркий сўз-ўзаклар борлиги манбаларда қайд этилган. Кўпчилик мутахассисларга кўра, мажорларнинг этногенезида угорлар, туркий қабилалар, қисман аланлар ва бошқа қавмлар иштирок этган. Аттила қароргоҳи ҳозирги Мажористон ҳудудида бўлганлиги учун мажорларни хунларнинг авлоди деб қараш мавжуд.
Кўпчилик тарихчилар, хусусан, Л.Гумилев ўзининг “Хунну халқи тарихи” китобида Оврўпо хунлари угор қабилалари билан аралашганини ёзади. Л.Гумилевга кўра, эрамизнинг II асрида сяньбилар (протомонголлар) доҳийси Таншихай хунларнинг бир қисмини ҳозирги Хитой ерларидан Волга дарёсигача қувиб келган. Волгагача асосан эркаклар етиб келган, сўнг улар угорлар билан аралашиб, орадан юз йил ўтиб, Оврўпо хунлари майдонга келган. Америкалик тарихчи Н. Рязановский шундай ёзади: “Ўша пайтдаги ишончли манбаларнинг гувоҳлик беришича, хунларнинг таркибида туркча гапирувчи қавмлар, уларга қўшилиб келган угор ва монголлар (протомонгол. А.Ҳ.) бор эди” (N.V.Riasanovsky. Histoire de la Russie. Paris. 2005.26-б.)
Аммо Оврўпо хунлари доҳийси Аттила ўлимидан кейин (453 йил) Хунлар Империяси инқирозга юз тутгач, хунларнинг асосий вориси сифатида мажорлар эмас, булғорлар майдонга келган. Ўша даврларда Қора денгиз шимолида яшаган туркча гапирувчи қавмларга нисбатан “булғорлар” дейилган. VII асрда мазкур булғор туркларининг Қора ва Азов денгизлари, Кавказ тоғлари шимолидаги улкан ерларни, ҳозирги Украина ҳудудини ўз ичига олган Буюк Булғория давлати пайдо бўлди. Кейинчалик Буюк Булғория бошқа бир туркий давлат Ҳазар ҳоқонлиги таъсирида иккига бўлиниб, уларнинг бир қисми Волга дарёси бўйлаб шимолга – ўзларининг қадимий маконлари томон, иккинчи қисми ғарбга – ҳозирги Болгария ерлари томон кетган. Шимолга кетган булғор турклари авлодлари: бугунги чувашлар, бошқирдлар, татарлар, кавказдаги қорачой-болқарлар бўлишса; ғарбга кетиб, славянлашган булғор турклари авлодлари бугунги болгарлар ва македонияликлардир. “Туркий қавмлар тарихи” китоби муаллифи Ҳасан Ато Абуший мазкур булғор туркларини “уғир-булғор қавмлари” деб атайди. Абушийга кўра, булғорлар таркибидаги мазкур уғир (угор) қавмлари бугунги мажорларнинг аждодларидир. Хуллас, ҳозирда “протобулғор (протоболгар) тили” деганда қадимги болгар туркларининг тили, яъни туркий тил тушунилади.
“Etymological Dictionary of the Altaic Languages” китоби ҳаммуаллифи Анна Дыбонинг фикрига кўра, протобулғор тилига энг яқин тил бугунги кунда чуваш тили ҳисобланади. “Оврўпода эса энг кўп протобулғор сўз-ўзакларни мажор тилидан топишимиз мумкин. Мажор тилида 400 атрофида эски бўлғор тилидан ўтган ўзак сўзлар бор”, – дейди олима. Аммо мажорлар кейинги даврларда ҳам туркий халқлар билан мунтазам алоқада бўлган ва туркий сўзлар мажор тилига кейинги даврларда ҳам ўзлашган. “Туркий қавмлар тарихи” асари муаллифи Ҳасан Ато Абуший ёзади: “Мажорлар-венгрлар табиъат ва урф-одат жиҳатиндин ото тарафлари – туркларға жуда яқин ўлдиклари каби, тил жиҳатиндин оно тарафлари – фин – воғулларга яқин қолмишлар. Шу илаки, тилларинда туркчаға нисбатан финча сўзлар кўбракдир” (Ҳ.А.Абуший. ТҚТ. Чўлпон. 1993. 107-б.).
Хўш, ушбу ўринда бизнинг тадқиқот объектимиз бўлган мажорча “hajt” (“ҳайт”) сўзи туркий сўзми ёки угорчами? Туркшунослар эътирофига кўра, қадимги булғор турклари тилига энг яқин тил бугунги кунда чуваш тили экан, бу ўзакни дастлаб чуваш тилидан излаб кўриш лозим, деб ўйлайман. Чуваш тилидаги матнларни, шеърларни кузатганда, чувашча “айта” сўзи ўзбекча “ҳайда” маъносида фаол ишлатилишини кўриш мумкин. Чуваш тилида ҳам “т” товуши “д” га яқин талаффуз қилингани боис “айта” – “айда” каби эшитиларкан.
Бу сўз нафақат чуваш тилида, балки қадимги булғор турклари авлодлари ҳисобланмиш бошқа қавмлар, хусусан, бошқирдларда – “әйҙә”, татарларда – “әйдә”, қорачой-болқарларда – “хайда”, қозоқларда – “айда”, болгарларда – “хайде” шаклларида мавжуд бўлиб, бир хил маънода, яъни ўзбекча “ҳайда”, “қани, кетдик” маъноларида ишлатилади. Рус тилига ҳам бу сўз туркий тиллардан “айда” шаклида ўтган.
Макс Фасмернинг «Этимологический словарь русского языка» луғатида рус тилидаги “айда” сўзига шундай изоҳ берилади: “Айда́ – гайда́ – межд., выражает восклицание, подгоняющее животных, вост.-русск., сиб. также адя́, укр. гайда́ – то же. Из тат.: аida, äidä “понукающий, подгоняющий окрик”, тур. “haidä”. Таржимаси: “Айда́ – гайда́ – ҳайвонларни ҳайдаш учун ишлатиладиган хитоб, халқаро сўз. Шарқий рус тили, сибирликлар тилида, шунингдек, “адя́” шаклида ҳам қўлланилади, украинча “гайда́” ҳам шу сўз . Бу сўз татарчадан олинган. Татарчада: “аida”, “äidä” – (ҳайвонларни) ҳай-ҳайлаб, чу-чулаб ҳайдаш учун ишлатиладиган ҳайқириқ”. Туркчада “haidä”.
Кўриниб турибдики, Макс Фасмернинг “айда” сўзига берган изоҳи юқорида келтирилган мажорча “hajt”, “hajdú” сўзларига берилган изоҳ билан деярли бир хил ва, ўйлайманки, мазкур мисоллар уларнинг бир ўзакдан эканлигига етарли далил бўла олади.
Маълумки, ўтмишда туркий халқларнинг аксарияти кўчманчи бўлиб, асосан чорвачилик билан шуғулланган. Уззукун чорванинг ортидан юрган ёки от устида умри кечган аждодларимизнинг ҳайвонларни ҳайдаш, отини қичаш учун “ҳайт-ҳуйт” каби хитобларни бошқа сўзлардан ҳам кўпроқ ишлатганлиги табиий ҳол. Менимча, ана шу хитобдан кейинчалик (“ҳайт” + “-лаш”) “ҳайдаш” феъли ясалган (“қўл”+ “-лаш” – “қўллаш” каби, “қўлламоқ”ни ўтмишда “қўлдамоқ” шакли ҳам қўлланилган).
Ушбу туркий хитобнинг украин тилидаги акс-садоси ҳам диққатга сазовор: “гайдарь” (“ҳайдар”), – қўйбоқар, чўпон; “гайдарка” – чўпоннинг таёғи; “гайдей” ёки “гайдай” – молбоқар, подачи. Мазкур ўзакдан ясалган яна бир муҳим украинча сўз – “гайдамак”дир.
ГАЙДАМАКЛАР
XVII асрда болқон ерларида ҳайдуклар ҳаракати авжида бўлган бир пайтда ҳозирги Украина ҳудудида, Днепр ва Днестр дарёлари оралиғида казакларнинг гайдамаклар ҳаракати пайдо бўлди. Ҳайдуклик усмонли туркларига қарши ҳаракат бўлган бўлса, гайдамаклик асосан поляк шляхталарини ҳайдашга қаратилган ҳаракат эди. Маълумки, ўрта асрларда ҳозирги Украина ерлари Польша қироллиги ва Литва князлигига қарам эди. Гайдамаклар (украинча: “гайдамаки”, “айдамак” ҳам дейилган) ҳам асосан ҳайдуклар сингари бойлар, мулозимларнинг мулкларига ҳужумлар уюштиришган, талон-тарож қилишган, қатор халқ қўзғолонлари гайдамаклар номи билан боғлиқ, хусусан, XIX аср аввалида Устим Кармелюк бошчилигидаги қўзғолон вакиллари ҳам ўзларини гайдамаклар деб аташган.
Кўриниб турибдики, “гайдамак” – туркча “ҳайдамак” феълининг украинча шакли ва барча манбаларда унинг туркча эканлиги қайд этилган. Гайдамаклар ўзларини “эркин казаклар” ҳам деб аташган. Айни пайтда, бу атамани улар усмонли туркчасидан ёки бирор бир туркий қавмдан ўзлаштиришмаган. Балки “казак” деган этнонимнинг ўзи туркий: “ажралиб чиққан”, “эркин”, “иммигрант”, “қочоқ” маъноларидаги “қазақ” сўзидан бўлгани каби, турли миллат вакиллари қурамасидан пайдо бўлган казак насли ўзагини ҳам дастлаб туркий қавмлар вакиллари ташкил этган (Бобур ҳам “Бобурнома”да “қазақ бўлдик” иборасини кўп ишлатади). Кейинчалик казаклар бутунлай славянлашиб кетишган бўлса-да, уларнинг тилларида “ясовул”, “атаман”, “дўмбира”, “кош”, “курен” (таққосланг: “кош”, “курен” – ўзбекчадаги “кўч-кўрон”) каби кўплаб туркий сўзлар сақланиб қолган. Шу боис “гайдамак” ҳам уларнинг туркий этимологияга эга ўз сўзлари эди.
Алқисса, биргина сўз бизга ўтмишда аждодларимиз “ҳайт-ҳуйт” деб от чоптириб, чорва ҳайдаб ўтган изларни кўрсатади. Кавказорти, Қора денгиз шимолидаги ерлар, Шарқий Оврўпода азалдан турк тилли элатлар мавжуд бўлган. Эрамиздан олдинги даврларда Шарқдан мазкур ҳудудларга келган скиф ва сарматларни гапирмайлик, чунки уларнинг келиб чиқиши баҳсли, агар хунлардан кейинги даврни олсак, улардан кейин бу ҳудудларга келган аварлар, қипчоқлар, бажанаклар (печенеглар) Украина ва болқон халқлари уммонига сингиб кетди. Бажанакларнинг бугунги авлодлари гагаузлар ҳамда мажорларнинг бир тармоғи ҳам мажорлашган бажанаклар эканлиги айтилади. Яъни, мажорлар таркибига кейинги даврларда ҳам туркий гуруҳлар келиб қўшилган. Шу боис мазкур халқлар тилларида жуда кўп туркий сўзлар бўлиши табиий ҳол. Абушийга кўра, фин-угорлар ҳам турклар билан бир илдизга эга, фақат улар Олтой гуруҳидан олдинроқ ажралиб чиққан. Аслида, мишор татарларининг номи “мишор” ҳамда “мажор” бир исм, дейди Абуший.
Абдувоҳид Ҳайит,
Филология фанлари номзоди