O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бир сўз

Бир сўз
144 views
30 November 2017 - 9:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

3.БИР СЎЗ

«Бир сўз топмадингиз», «Борми шундай сўз»
«Нигоҳингиз ҳорғин» — «Йўлингда толди».
Сенга тутавериб-тутавериб кўз
Умид боғларимга куз келиб қолди.

Кечикиб бўлса ҳам хуш келдинг, ахир,
Бу қадар ҳаяллаб келарми бахт ҳам.
Аяма. Тўкилган мевалар тахир,
Қадамларинг бўлсин шафқатсиз, шахдам.

Нечун ҳар қадамда довдирайсан сен,
Хазон эмас, гўё япроқларим чўғ.
Кўзларинг ёш тўла, жовдирайсан сен,
Излайсан, излайсан, ўшал бир сўз йўқ.

Олдингга чиқаман руҳим тўла мунг,
Ҳорғин кўзларимга ботган сўз билан.
Қўлингдан ушлайман мен соқов, мен гунг,
Юракда мағиздек қотган сўз билан.

Бошқа сўзларни-ку осон сўзлайман,
Сўзлайман, минг тавба, баъзан эрмакка.
Бу бир сўзни эса қандай бўзлайман
Сенинг ҳаётингга бермакка.

Сўз ўрнига умрим бераётир рўй,
Айтилмаган сўздир қутлуғ ҳар лаҳза.
Дард чеккан табибим, энди билиб қўй,
Йўқ мен учун сўздан оғирроқ нарса.

Мен сенга аталган шундай меваман,
Юрагимни ушат, ол шу сўзимни.
Сендан аямайман, сени севаман.
Мен узиб бераман сенга ўзимни.

(давоми бор)