Бугун Ўзбекистон диктатор Каримовнинг сиёсати натижасида фожеалар мамлакатига айланди. Ватанимизда оҳ чекмаган, дод вой солмаган табақа қолмади, десак хато бўлмайди. Бу золим режимга мухолиф бўлганларнинг бир қисми диктатура зиндонларида азоб чекмоқда, бошқалари эса ўз она ватанларидан узоқ ерларда ҳижрат ҳаётини яшамоқдалар. Халқнинг асосий қисми нон ва сув дардида кунини зўрға ўтказмоқда. Баъзилар эса чорани ватанни ташлаб чиқишда, деб билмоқда. Бундайлар тўрт томонга сарсон саргардонлик йўлини тутмоқдалар…
Диктатор Каримовга хизмат қилаётган режим малайларининг ҳаёти ташқаридан қараганда “во” бўлиб кўриниши мумкин. Чунки кимдир янги кун туғиши билан Давлат Маслаҳатчиси, кимдир Вазир, кимдир ҳоким мансабига ўтиради. Аслида эса бу улар учун бир тийинлик йўл, яъни бу мансабларда ҳеч қандай қадр йўқлигини бу мансаб тахтларига ўтирганларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар. Чунки улардан олдин бу тахтларда ўтирганлардан ҳеч бири обрў ва ҳурмат билан улардан айрилмаган. Баъзилари бу мансаб курсиларидан тўғри қамоқҳонага йўл олганлар, бошқаларини эса диктатор Каримовнинг ўзи расвои олам қилиб ишдан олган. Қўпол сўз билан айтганда бу собиқ амалдорларга “ит” теккан. Шунинг учун ҳам мансабларидан жудо бўлган “собиқ”ларни энди ҳеч ким ишга олмайди. Ишга олиш у ёқда турсин, улар билан саломлашиш ҳам энди эски мансаб ошноларига ҳаром ҳисобланади.
Хўш, нега бу кадрлар кўра била туриб, ўзларини Ислом Каримовнинг мансаб “жаҳаннамига” отмоқдалар? Бизнингча бунинг сабаблари ҳам турли тумандир. Бу “кадр”лардан баъзилари чиндан ҳам диктатуранинг бир тийинлик мақомига арзийдилар. Чунки улар золим режимнинг қадрсиз мансабини сотиб олиш учун ўн минг, юз минг ва ҳатто миллионларча доллар пул сарфлайдилар. Шунинг учун ҳам бундайлар мансаб курсисига ўтириш билан тўлаган пулларини қайта чўнтакларига солишнинг йўлларини излай бошлайдилар. Шу шаклда порахўрлик машинасининг тезлиги ортгандан ортиб бораверади…
Баъзи мансабдорлар эса чорасиз юқорироқ мансаб оловида ёнишга рози бўладилар. Булар ўз ишининг мутахассиси бўлган кадрлардир. Улар эркин ва адолатли жамиятда ҳақиқатдан ҳам ўз халқи ва жамият учун жуда кўп фойдали ишларни амалга оширишлари мумкин эди. Аммо бундай виждонли кадрлар ҳам диктатура шартларида оҳ вой билан фаолият олиб боришга мажбурлар. Чунки тўғрилик билан ишлайлик десалар ёнларидаги муттаҳам “раҳбарчалар” халақит беришади. Эгрилик қилайлик десалар, бош эгри Каримовнинг ҳийла тузоғига тушиб қолишлари мумкин. Чунки Ислом Каримовнинг ўзини тўғри қилиб кўрсатишини, аслида эса эгриликда ҳаммага устозлик қилаётганини Ўзбекистонда бугун ҳамма билади. Бунинг биргина далили қизлари Гулнора ва Лола Каримоваларнинг ҳаром йўллар билан ортирган бир миллиард (!) долларни Оврўпода исрофга этиб, маишат қилиб юришларидир. Агар Ислом Каримов ҳақиқатан ҳам тўғри бўлганида аввало мана шу инсофсиз қизларининг танобини тортиб қўярди…
Хуллас, диктаторлик ҳукм сураётган Ўзбекистонда мансаб эгаси бўлиш ва мансабда “тараққий” қилишни бемалол бир тийинлик йўл, дея баҳолашимиз мумкин. Зеро, ҳуқуқ ва адолат устун бўлмаган жамиятларда қадрият деган нарсанинг ўзи бўлмайди…
Фарҳодбек