Хаттот АДҲАМ Афанди.
Ҳижрий 1245 (1829) йилда Ускудар Ўзбеклар Тақясида туғилди.
Отаси Бухороли Шайх Содиқ Афанди эди. Таҳсилини отасидан ва Тақяга келган олимлардан дарс олиб тамомлаган Адҳам Афанди, кейинроқ ўзи устида ишлаб жуда кўп ҳунар соҳиби, тенгсиз бир санъаткор бўлиб етишди.
Туркча, Арабча, Форсча, Чиғатойча ва Арманча тилларни ўз она тилидек ўрганган Адҳам Афанди отасининг вафотидан сўнг 1846 йилда Ўзбеклар Тақясининг Шайхи бўлди. 1904 йил 8 январда вафот этди. Ўзи туғилиб ўсган даргоҳнинг ҳазирасига дафн қилинди.
БИР ШАЙХНИНГ ТАВОЗЕСИ
Ҳазорфан Адҳам Афанди, дея ном чиқарган бу инсон, Ускудар Ўзбеклар Даргоҳи Шайхи Иброҳим Адҳам Афандидир.
Бу Даргоҳ миллий мужодала тарихида муҳим ўрин эгаллайди. Зеро, миллий мужодала учун Анодолуга кечган аскар ва ёки кўнгиллилар, жуда муҳим шахсият Ўзбеклар Тақяси мансубларининг ёрдамлари ила бу ўта қийин ва аҳамиятли ишда муваффақият қозонган эди.
Адҳам Афанди шоир, хаттот, дурадгор, ўймакор, темир устаси, муҳрчи, асбоб ясовчи, матбаачи ва бошқа бир неча ҳунар эгаси бўлиб танилган эди. Шундан ҳазорфан (минг санъат соҳиби) бўлиб ном қозонади. Вақтини ибодат, мутолаа ва Даргоҳнинг масжиди тагидаги устахонасида қанчадан қанча санъат асарларини вужудга келтириш билан ўтказади.
Ўрнак олишга арзийдиган даражадаги бир ахлоққа эга бўлган бу санъаткор, бир куни Сулаймониядаги Шайхулислом Эшигига кетаётиб, Тахтақалъа тарафда темирчилик билан шуғулланувчи бир армани устанинг, қўлидаги самоварнинг уст қисмини ўз ўрнига қўйиб қайната олмаётганини кўради. Тўхтаб уни кузата бошлайди. Дўкондаги шогирди, устасига бир одам қараб турганини ишора қилади. Ишидан тутоқиб турган уста арманчалаб: «қўй шу эшакни» дейди. Арманчани яхши билган Адҳам Афанди бу сўзни тушуниб янада унга яқинлашади. Туркчада:
-Нимани қилолмаяпсиз? дейди.
Жуббасини ечиб, дарҳол ишга киришади. Ва тезда ишни ҳал қилади. Хурсанд бўлиб кетган уста шайхнинг қўлини ўпишга интилади. Адҳам Афанди эса, қўлини тортиб, унинг қўлига бир уради, ва арманчалаб:
– «Қўй шу эшакни» дейди.
Ҳижолатдан нима қилинишини билмай қолган уста, Афандининг оёқларини ўпиш учун ёпишади. Адҳам Афанди эса бунга йўл қўймайди.
Бу ҳодисадан сўнг, Адҳам Афанди қачон устанинг дўкони олдидан ўтадиган бўлса, армани уста уни қўярда қўймай, дўконига олиб кирар, бир қаҳва ичирмай қўйиб юбормас эди.
Адҳам Афанди 1904 йил январ ойининг бир жума кечасида, ҳуфтон намозидан сўнг, уч «Ихлос» ва «Фотиҳа» ўқир экан, «Аманнаа ва соддақнаа» (иймон келтирдик ва тасдиқ этдик) дегандан сўнг саждага кетди ва шу ҳолда руҳини Аллоҳга таслим этди.
Роҳматуллоҳи алайҳ!