O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бир шарҳ изидан

Бир шарҳ изидан
21 views
15 May 2013 - 10:31

DETAIL_PICTURE_766474_44905936Ўзбекистон Халқ Ҳаракати саҳифасида ўз исмини сир сақлайдиган муаллифлардан бирининг мақоласи пайдо бўлди. (http://uzerk.org/archives/18929). “Халқни талашнинг минг бир усули” деб номланган бу мақола кўпларга хуш келган бўлса ҳам ажаб эмас. Чунки бунда халқимизнинг энг оғриқ ва аламлик нуқталаридан бири, эл саломатлиги ҳақида гап борганди. Бироз янгилишдик чоғи, эл саломатлиги ҳақида ҳам эмас, балки ўша элнинг саломатлигига посбон бўлган шифокорларнинг ўз касбига нолойиқ қилиқлари, ўлим олдида турган беморнинг ҳам чўнтагига қарашлари фош этилган. Яъни, оқ халатга доғ туширганлар масаласи.

Ўзбекистон мустақилликка эришдики, тиббий хизмат ҳам бизнесга айланди. Кимлардир врач ўз хизмати учун пул олса нима қилибди, ҳаром бўладими, дея фикр қилиши мумкин. Аммо врачдек олийжаноб касб эгаларига беморнинг қўлидан олган пулини ҳеч иккиланмай ҳаром, десак бўлади. Мутлақ хато қилишга ҳақли бўлмаган икки тоифадаги касб эгалари бор. Булардан бири врачлар бўлса, иккинчси судялардир. Инсон ўз тақдирини уларнинг қўлига ишониб топширади, аммо ҳар иккиси ҳам қўлига тушган одамнинг чўнтагига қарайди. Бири даволайди, иккинчиси эса жазо беради. Ёмон томонга олиб қолса борми, ҳар иккисининг ҳам қўлида инсон умри завол бўлади. Хўш, энди судянинг олган пораси билан врачнинг олган хизмат ҳаққини қандай қилиб ҳалол, дейиш мумкин? Асло!

Совет даврида тиббий хизмат мутлақ текин бўларди. Инсонпарварликни ўз ўрнига қўя олган бу давлатда порахўрлик яшнаб кетди ва оқибат инсон ҳаёти ҳам пул билан ўлчанадиган бўлиб қолганди. Аммо инсоф деган неъмат ҳозиргидай қаҳат бўлмаганди. Ҳозирда кимнинг пули кўп бўлса фақат ўшаларгина сифатлик тиббий хизмат олиш имконига эга. Энди пули бўлмаган бир камбағални тасаввур қилингчи. У оддий кўр ичакдан ҳам ўлиб кетаверади-ку. Ваҳоланки, ўша инсоф ва диёнат кўчасидан ўтмаган бойларимиз учун бойлик яратиб бераётганлар аслида мана шу камбағаллар эмасми?  Лекин улар ўлимга маҳкум!

Ўлим билан олишиб ётган камбағал беморни кўз олдингизга келтирингчи. Унинг боши узра оқ халатлик шифокор айланади, пулинг бўлса бер, даволайман дея кўзлари жавдирайди. Бунақа касофатга инсон номи ҳам ҳайф аслида! Бунақаларни кимга, ёки нимага тенглаштириш мумкин ўзи?  Бирор ваҳший ҳайвон борми шунақа қиладиган?! Йўқ! Лекин Ўзбекистондаги коррупцион режим бундай ноинсоний фазилатлар ривожи учун кенг йўл очиб берган. Афсус…

Камина Озодлик радиосида фаолият олиб борардим. 1999 йилда фаолиятимнинг асосий қисмини тиббиёт соҳасига бағишлаб юборганман десам ҳам кўп муболаға қилмаган бўламан. Шифокорлар, аниқроғи эса, ўзини шифокор деб билган талончилар билан беморлар орасида туриб қаттиқ курашганим ҳам бор эди. Шифокорлар жиноятларини фош қилувчи материаллар бериб бораканмиз, Қарши шаҳридаги бир неча касалхоналарнинг бош шифокорлари ишдан кетганди, шунингдек, Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ҳам лавозимидан олинганди. Бироқ бир очкўз кетгани билан, унинг ўрнига бошқаси келар ва ҳамма нарса худди илгаригидек давом этарди. Фақат каминадан эҳтиёт бўлишарди холос.

“Халқни талашнинг минг бир усули” мақоласи муаллифи ҳам айни шу кунларда Ўзбекистон аҳолиси бошида турган кулфат, тиббий хизмат ходимларининг олғирлигини кўрсатиб ўтибди. Азиз ўқувчиларга айтар гапимиз шуки – шифокорлик касб эмас, у қисматдир. Қисмат бўлганида ҳам ўзгалар қисмати ва бу касб эгалари фақат беморнинг саломатлиги учун яшашга масъулдирлар!

Мақола тагида турли шарҳлар ҳам ёзила бошланди. Бунда аксар фикр билдирувчилар муаллифни қўллашларини билдиришган бўлишсада, аммо бир нафар бўлғуси “шифоркорнинг” фикрлари каминанинг диққатини ўзига жалб этди. Ўзини  Эшматов деб таништирган бу бўлғуси “шифокор” афтидан Россияда яшаб ўқимоқда ва ҳозирда тиббиёт институтининг 2 курс талабаси экан. Ҳали шифокор дипломини қўлга киритгани йўқ, аммо ҳозирданоқ кирим-чиқимларни ҳисоблашга тушиб кетибди. Бу “толиби илм”нинг саводи ғовлаб кетганлигини, ҳаттоки грамматикада оддийгина тиниш белгилари борлигини ҳам билмаслиги ёзган сатрларида шундоққина кўриниб турибди. Бироқ биз ул “зотнинг” ёзган жумлаларидаги имло хатоларини тузатдик. Масалан, мамлакат номи Россия атоқли от бўлиб, кичик ҳарфда ёзилмаслигини ёш бола ҳам билади, бироқ бизнинг бўлғуси шифокор шуни ҳам билмайди.

“Шифокорлар нима иш килиши керак?” – деган савол билан бошлайди у ўзининг “муборак” фикрини, – “мен хам бўлажак шифокорман. 2 курсда таҳсил оламан. Россияда ўкиш 6 йиллик,  қўшимча яна 2 йилдан 5 йилгача. Кейин ишлаш ҳуқуқига эгаман. Контракт 2000 доллар. Йилига ётокхона 350 доллар, яна ҳар ойда 6000-7000 рубл ейишим учун, яна ҳар йили Ватанга қайтиш 20000 рубл. Бир марта бориб келиш учун
шифокор бўлгунимча тахминан 45000-50000 доллар сарфлайман. Мен агар ишга кирсам 300 доллар ойлик олсам 45-50 минг долларни 12-13 йилда чикариб олар эканман. Хўш, ул вактда ота-она, оила нима ейди? Мен ишга кирган такдирда ҳам иш учун чиқим қиламан, масалан кийим сотиб олиш, йўлкира ва бошқалар учун. Хўш, нима килиш керак?
3 савол: оми артистни бир кунда ҳангираб топган пули қанча бўлса ҳам ҳеч ким индамайди, камида 7-8 йил ўқиб инсонни даволаётганларга эса ҳамма ёпишиб олган ёки шифокорлар ердан чиққан қўзикоринми? Масалан терапевт, лор ёки кўз шифокорини бир касалга 5-10 дақиқа хизмат қилиб топган 5000-10000 сўми ҳаром деб ўйлайсизми? Сизларга давлат ойлик бераяпти десангиз, давлат ойлиги писта пулига ҳам етмайдику. Бунга нима дейсиз? Сизга таклиф, бирор кимсани фош қилиш керак бўлса Ўзбекистонда булар артист ва актерлардир. Ойда 1ОООО лаб долларлар топаётган ул ўғриларни фош қилинг, ул лаганбардорларни фош қилинг, ул мунофиқларни фош қилинг, ҳар бир хушомадига қанчадан олаяпти улар? Саломат бўлинг, жавобни кутаман”. 

Ажабтовур фикрлар! Шундай эмасми? Бўлғуси “шифокорнинг” саводсизларча ёзган шарҳининг аслини мақола остида ўқишингиз мумкин. Юқоридагиси эса, бизнинг таҳриримиздан кейинги кўриниш холос. Муаллифдан жавоб кутаётган бизнессмен-шифокорга камина жавоб йўллаб у кишининг попукларини бироз пасайтиришга уриндим.

“Артистлар хеч нарса топаётгани йук. Албатта Ялла ансамбли ва унга ухшаш ёрқин «юлдузлар» бундан мустасно. Каршида бир хонанда бўларди. Собирова Инобат эди исми. Жуда гўзал овоз соҳибаси эди ва жуда яхши куйларди. Умуман олганда, Қашқадарё вилоятининг юлдузи эди десам кўп муболаға бўлмайди. Жуда баъдбахт яшади ва алол оқибат, 2003 йилда саратон хасталиги билан дунёдан ўтди. Артистнинг кўрган куни қурисин дегнг ундан кўра.

Кейин яна бир гап: артистлар гиппократ қасамига ўхшаш бирор қасамёд қабул қилмайди. Катта пул сарфлаб врач бўлар экансиз, бунга сизни биров мажбурлагани йўқ. Шундай экан, гиппократ қасамига содиқ бўлингда, керак бўлса беморни ўз ёнингиздан пул сарфлаб даволанг. Сиз шунга мажбурсиз! Қасамёдингиз шуни талаб қилади. Артистда бундай қасамёд йўқ ва уни маломат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Эшматов деганларига бизнинг бу ёзганимиз ёқмабди шекиллик, у киши эътироз билдириб қолди. Тағин унинг матнини таҳрир қилишимизга тўғри келди.

“Биринчидан – мен бу саволни сизга бермадим, иккинчидан – артистлар хҳч нарса топмаяпти дейишингиз ёш боланинг ҳам кулгисини кистайди. Учинчидан – Гиппократ қасами дейсиз, мен факат Аллаҳ номи ила қасам ичамен, Гиппократ қасами эса расмиятчилик, бу қасам докторларни ўз касбига содиқ бўлиши учун ичилади. Пул олмаслиги учун эмас. “Ўз ҳисобингдан давола” дебсиз. Яхшигап! Масалан, менинг қурбим етади, отам ҳам оиламизни бемалол боқа оладилар (Аллоҳга ҳамд бўлсин),
лекин бошкаларчи? Бошқаларни оиласини, хотинини, боласини ким боқади, агарда пул олмаса. Савоб албатта улуғ амал, лекин ҳозир ҳеч ким савоб учун касб танламайди. Сиз ҳам журналистсиз, сиз агар мақола ва китобларингизга қалам ҳаққи олмасангиз қандай яшайсиз, ёки чет элда писта ёки хўрозканд сотяпсизми? Артистни маломат қилмоққа ҳеч кимнинг ҳаққи йўк дебсиз, унда ўзларинг ҳам уларга қарши мақола ёзгансиз. Артистлар қасам ичмайди дебсиз, инсон ўз касбига содик бўлмоклик учун касам, ваъда шарт эмас”!

Бу бўлғуси “шифокорнинг” шахси бизга номаълум. У ҳам кўплаб ўзбеклар қаторида, ўз исмини очиқлай олмайдиганлардан ва албатта ЎХҲ сайтига киргани учун Ўзбекистонда МХХ, ёки милиция сўроққа тутиб қолишидан чўчиб яшайдиганлар хилидан. Бу шифокорнинг Гиппократ қасамини шунчаки расмиятчилик учун ичаётгани, аслида эса Аллоҳга қасам ичиш тарфдори бўлганлигини диний нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак – бу ширкдан бошқа нарса эмас. Эшматов деганлари шуначалар тақволи мусулмон экан, савдогарликка ўқиса ҳам бўларди. Савдогарда бирор масъулият йўқ ва савдогарнинг ёлғончилигини биров айб санамай ҳам қўйган. Чунки киши ёлғончи бўлмаса, савдогар ҳам бўла олмайди ахир.

Камина бунга жаавобан сўнг изоҳни қолдирдим:

“Минг бор узр сўрайман сиздан. Мен сизни ҳақиқатдан ҳам врач бўлса керак деб ўйлаган эканман”.

Мухлисимиз бу таънани қандай қабул қилди, билмаймиз албатта. Бўлғуси “шифокорнинг” саводи нечоғлик эканлигини юқорида билдириб ўтдикку ахир. Бироқ Эшматов деганлари дипломини қўлга киритиб ишлайман дея ҳаракат бошлаб қолса, камина унга ветеренарликни ҳам раво кўрмаган бўлардим. Чунки у одамларни даволай олмайди, балки пулини олади.

Бир латифа!  Афанди табиб экан. Бир куни ундан сўраб қолишибди.

–          Насриддин, табиблар ҳам бирор касални даволай олмай қолганида ўзларини тинчлантириш учун бирор тасалли қилишадими? Шунда у жавоб берибди.

–          Ҳа, албатта! Масалан, ўзини гўрков дейиш билан, касалга даво топа олмаган нўноқ дейиш билан, ёки жаллод деб таскин тасалли олиб, тинчланишади.

Ҳаёт эса латифа эмас ва уни Эшматовга ўхшаш “доно ва билағон” мутахасислар латифага айлантириб олишган. Эшматовга ўхшаганларни биров шифокорлик соҳасига ўқишга мажбурлагани йўқ, аммо у шу соҳада пул топиш осонлиги учун ўзини айнан шунга урган. Инсонларга, инсониятга, касбу корга муҳаббат ҳақида эса гап бўлиши ҳам мумкин эмас! Бу бўлғуси “шифокор” келажакда кимнидир ўлдириб қўйса, у ҳам Афандига ўхшаб ўзига таскин тасалли бериб юраверади, лекин бу билан одамларга нима наф?

Лекин у мўлжални салгина хато олибди. Қанча пул кетса кетсину, аммо юрист бўлганида борми, пулнинг тагида қолиб кетарди. Масалан, бирор турманинг бошлиғи бўлиб қолса ана бахту, мана саодат. Бирор иш қилиш ҳам керакмас, жавобгарлик ҳам йўқ. Сўлкавойлар дарё  бўлиб оқиб келаверади, келаверади. Тўхтаб қолиши ҳам мумкин, фақат Каримов режими қулатилса. Бироқ бу режим қулайдиган режимга ўхшамаяпти.

Эшматовнинг жумлаларидан мени қойиллатгани, мақола ва китобларим учун гонарар олишим экан. Бу ҳақиқатдан ҳам ажойиб гап бўлибди. Чунки бирор китоб нашр қилишни камина ҳали тушимда ҳам орзу қилмагандим, аммо у киши менинг китобимни кўрганга ўхшаяпти. Бу мўъжиза албатта! ЎХҲ сайтида мақола битаётганлар сариқ чақа ҳам олмаслигини тағин эслатиб ўтиришга эса ҳожат йўқ, деб билдим.

 Тўлқин Қораев

Швеция