O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

«Бир ёнда ожизу, бир ёнда кучли…»

«Бир ёнда ожизу, бир ёнда кучли…»
239 views
05 August 2017 - 0:00

Муҳаммад Солиҳ шоир ва сиёсатчи. 1949 йил 20 декабрда Хоразмнинг Урганч туманида дунёга келган. Тошкент Давлат Университетининг журналистика факультети ва Москвадаги Олий адабиёт курсларида таҳсил олган.

1977 йилда илк шеърий китоби чоп этилган Солиҳ XX аср ўзбек шеъриятига ғарб авангардчилигини олиб кирган шоир сифатида шуҳрат козонди.

Муҳаммад Солиҳнинг 20 дан ортиқ шеърий ва публицистик китоблари чоп этилган. Солиҳ сиёсий фаолиятиин 1985 йилда бошлади. У «Бирлик» халқ ҳаракатининг асосчиларидан бири.

1989 йил «Бирлик»даги бўлинишдан сўнг, Солиҳ “Эрк“ партиясини қурди.

1991 йил 29 декабрда ўтган илк Президентлик сайловларида Ислом Каримовнинг рақиби бўлган. 1992 йилда хибсга олиниши ва мухолифатга қарши репрессиялар ортидан Ўзбекистонни тарк этган.

Каримов режими уни 1999 йилдаги Тошкент портлашларида айблаб, ўн беш ярим йилга сиртдан қамоқ жазосига маҳкум этган.

Элтуз – «Озодлик оҳанглари» аудио тўпламига кирган шеърларни тақдим этишда давом этади.

2007 йили Сорос жамғармаси томонидан Лондонда чоп этилган бу китобга ўз юртида аксар тақиқланган турфа шоирларнинг ижтимоий шеърлари ўрин олган.

Шундай Ватанинг бўлатуриб

Шундай Ватанинг бўлатуриб,
Ёзасан юлдузлар ҳақида,
Чароғон кундузлар ҳақида,
Қошлари кундузлар ҳақида.

Шундай Ватанинг бўлатуриб,
Сен гуллар ҳақида куйлайсан.
Онангнинг ҳам кўзёшини сен
Шабнам дея ўйлайсан.

Шундай Ватанинг бўлатуриб,
Коинот ҳақида сўзлайсан.
Тошга уриш керак бўлган бошни
Гулчамбар учун шайлайсан.

Шундай Ватанинг бўлатуриб,
Қурол йўқ қўлингда.
Шундай ватанинг бўлатуриб,
Қўрқасан ўлимдан!

На гўзал

Бир ёнда ожизу, бир ёнда кучли
кураш бошланаркан тарафма-тараф,
ожизнинг ёнини олганинг учун
«хоин» деб ном олмоқ нақадар шараф!

На шараф, халқини қул этган подшоҳ
«менинг душманим» деб сени атаса,
жазавага тушса исминг эшитган чоғ
китобингни ўқиб, йиртса, топтаса!

На шараф-ки зулмга «зулм!» дея олсанг,
бошингда ҳар куни синса-да таёқ,
шайтондан қўрқмаслик нақадар гўзал,
на гўзал ягона Оллоҳдан қўрқмоқ!

Муҳаммад Солиҳ
«Озодлик оҳанглари»