Куёвлар бир хил кийинган эдилар, икковининг ҳам эгнида яп-янги кўк костюмлар. Иккисининг ҳам сочи бир тарафга силлиқ қилиб таралган. Келинлар эса бошидан товонигача тушган оқ келинлик либосларига бурканганлар.
Йўл бошловчимизнинг бизга айтишича, куёвлар эгизак эканлар. Собиқ Совет Иттифоқининг кўплаб мамлакатларида урфга айлангани сингари Ўзбекистонда ҳам ёш келин-куёвлар ўзларида яшайдиган шаҳарнинг эътиборга сазовор жойларига бориб эсдаликка расмга тушадилар.
Бу келин-куёвлар Амир Темурнинг пойтахти Регистон майдонида фотосуратга тушишга келган эдилар.
Майдон ва унинг атрофи ҳайратланарли даражада гўзал. XIX асрда инглиз саёҳатчиси ва Ҳиндистоннинг вице-қироли Жорж Керзон Регистонни “дунёнинг энг муҳташам майдони” деб атаган эди.
Бизнинг бу ерда бўлишимизни ҳам тарихий деб аташ мумкин.
Биз охирги 12 йилда Ўзбекистон ичкарисида репортаж учун материал тўплашга изн берилган Би-би-сининг илк журналистлари бўлдик.
2005 йилги қонли Андижон ҳодисаларидан кейин Би-би-си ўз журналистларини Ўзбекистондан олиб чиқиб кетишга қарор қилганди.
ЕХҲТ ҳисоботига кўра, ҳукумат кучлари Андижон шаҳрида қуролсиз намойишчиларни ўққа тутгани оқибатида камида 300 инсон ҳалок бўлганди.
Ўшанда Би-би-си раҳбарияти Ўзбекистон ичкарисидаги фаолиятини тўхтатишга қарор қилганди.
Ҳозирга келиб эса вазият ўзгараётгандек. Авторитар президент Ислом Каримовнинг вафотидан кейин Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келди. У қатор эҳтиёткорона ислоҳотларни амалга оширди.
Айрим сиёсий тутқунлар озодликка чиқарилдилар, матбуот устидан назорат анча юмшатилди, нотижорат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига Ўзбекистонда фаолиятларини қайта бошлашларига рухсат берилди.
Бироқ ҳозирча ўзгаришларнинг кичик миқёсда ва босқичма-босқич экани кузатилмоқда. Тошкентда бир пиёла чой устида маҳаллий инсон ҳақлари фаолининг менга айтишича, кўпчилик бўлаётган ушбу эркинлаштириш косметик характерга эга ва сармоялар ва кредитларни қўлга киритиш, чекловларни олиб ташлаш эвазига демократия кўринишини ясаш учун қилинмоқда деган хавотирда..
Тошкентга етиб боришимиз билан бизни кураторимиз кутиб олди. Уни бизга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тақдим этди.
У ўзини “ҳамроҳлик қилувчи” деб атади. У бизга ҳамма жойда ҳамроҳлик қилди. Айтишича, “бизда бирор бир муаммо бўлмаслиги учун” шундай қилган.
Барча интервьюларимизда у бизнинг ёнимизда бўлди, ҳамма нарсани диққат билан эшитиб ўтирди, лекин бизнинг ишимизга аралашгани йўқ.
Биз Самарқанддаги бозорга кирдик. У ерда аёллар иссиқ нон, қуруқ мевалар, ошлик учун зираворлар билан савдо қилишарди.
“Ҳамроҳлик қилувчи”миз у ёқдан-бу ёққа асабий ўтиб-қайтиб турган пайтида биз одамлардан бўлаётган ўзгаришлар ҳақида қандай фикрда эканликларини сўраймиз.
Маълум бўлишича, одамлар ўзгаришлар ҳақида суҳбатлашишни хоҳлайдилар. Айрим одамлар телекамера кўтариб олган хорижий журналистлар ва куратор қаршисида ўзларини йўқотиб қўйишар ва ўргатиб қўйилган жумлаларни такрорлайверардилар: “Ҳамма нарса яхши – озиқ-овқат етарли, уруш йўқ, ҳукумат жуда яхши ишлаяпти, ҳамма одамлар рози”.
Айримлар эса очиқ гапирди. Бир аёл иш жойлари етишмаслигидан, кредитлар билан боғлиқ муаммолари мавжудлигидан шикоят қилди. Айнан шунинг учун ҳам “ҳамма эркаклар Россияга кетиб қолишганини” айтди.
Биз Сайфулло Соиповнинг иши билан ҳам қизиқдик. АҚШ расмийлари ўзбекистонлик 29 яшар муҳожирни 31 октябрь куни Нью-Йоркдаги саккиз инсон ўлимига олиб келган террорчилик хуружида айбладилар.
Соипов Тошкентда туғилган ва биз унинг уйига бориб қариндошлари ва қўшнилари билан суҳбатлашмоқчи бўлдик.
Биз бошида кураторларимиз бунга қаршилик қилишади, деб ўйладик. Экстремизм – Ўзбекистонда нозик мавзу. Чунки Ғарбдаги бир неча ҳужумларда ўзбекларни қўли борлиги хабар қилинди. Биз, ўзбекистонлик расмийлар Соиповнинг мавзусини ўрганишимизни хоҳламайдилар, деган ўйда эдик.
Ўзбекистоннинг ўзида террорчилик хуружлари кам содир этилган. Шунга қарамасдан, минглаб инсонлар экстремизмда айбланиб қамоққа ташланганлар. Инсон ҳуқуқлари фаолларининг айтишича, кўпчиликни фақат мухолифат вакили бўлгани учун қамаганлар.
Бизни ҳайратга солиб Соипов ҳақида ахборот йиғишимизга рухсат беришди. Биз Соипов яқинларининг уйини қидириб Тошкентнинг ўртаҳол маҳалласига йўл олдик.
Бутун минтақада бўлгани сингари ҳар бир туманда ўз милиция участкаси бор ва бизни дарров ўша ерга олиб боришди. У ерда бизни чиройли пиёлаларга қуйилган чой ва айиқчалар шаклидаги печенье билан меҳмон қилишди.
Анча узоқ, аммо нега бу ерга келганимиз ҳақидаги дўстона суҳбатдан кейин биз Соиповнинг хонадонига йўл олдик. Биз унинг онаси, қўшниси ва собиқ ўқитувчиси билан суҳбатлашдик.
Улар бизга Сайфулло Соипов ҳақида жуда муҳим ва жуда қизиқарли нарсаларни ҳикоя қилиб беришди. Шу жумладан, олдин унинг динга қизиқмагани, ҳеч ҳам қўполлик қилмагани ва жуда яхши ўқиганини айтиб беришди.
Ўзбекистонга сафаримиз у ерда ўзгаришлар бўлаётганига бизни ишонтирдими? Муайян маънода, ҳа. Шубҳасиз, бизни бундай қарши олишларини кутмагандик: биз божхонада ҳар қандай электрон жиҳоз ағдар-тўнтар қилиб текшириб кўрилиши ҳақидаги ваҳималарни ўқиганимиз учун ана шундай текширишларга тайёр бўлиб боргандик. Бироқ бизни телевизион аппаратурамиз ҳақидаги бирор бир саволсиз ўтказиб юборишди.
Биз Самарқандга яп-янги тезюрар поездда бордик. Кейин бизни ҳаддан зиёд тоза ва ёқимли кўчалардан олиб ўтиб, улкан, ялтираб турган конференц-марказга элтишди.
Буни эркинлик ва олдинга силжиш бўлаётганини бизга кўрсатиб қўйиш учун қилишдими? Жавоб бериш мушкул.
Лекин бир нарса аниқки, мамлакатда қайсидир даражада эркинлик бор. Ўзгаришлар қанчалар реал ва барқарор – бир неча ой ёки бир неча йилдан сўнг аён бўлади.
Аниқ нарса шуки, бир Ўзбек расмийси менга айтганидек, ислоҳотлар – тўғри йўналиш томон қўйилган қадам ва уларни халқ қўллаб-қувватлайди: “Одамлар кўпроқ эркинликни хоҳлайдилар”.
Уилл Вернон
Манба: Би-Би-Си Ўзбек