O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қайси “ЭРК”?

Қайси “ЭРК”?
166 views
16 February 2017 - 14:12

Ўзбекистонда uz домени билан “Эрк” сайти очилди

Би-Би-Си радиосининг ўзбек хизмати ёзишича, Erk.uz сайти “юрагида ўти бор, миллатпарвар ва зиёлилар учун минбар вазифасини” ўтамоқчи. Сайт маъмурлари “Ҳақиқат минбари” рукни остида эркин фикрларга жой беражагини билдиришган.

“Мамнуният билан шуни эълон қиламанки, анчадан бери ишга тушиши кутилаётган сайтимиз бугундан бошлаб ўз фаолиятини бошлади. Erk.uz cайтини ишга туширишда ёрдамини аямаган Раҳимжон Турдиев укамизга самимий миннатдорчилигимни билдираман”, – деб ёзди Умида Адизова Facebookдаги саҳифасига.

Янги очилган сайт ижодкорлари Ўзбекистонда ўзбек тилидаги кўпчилик янгилик сайтларида урф бўлган шоу бизнес ҳақида ёзмасликни айтмоқда.

Сайт асосчиларидан Умида Адизованинг Facebook даги саволларга жавобларидан маълум бўлишича, сайтда “Ҳақиқат минбари” номи остида алоҳида саҳифа ҳам очилади.

Сайт очилишига ёрдам берган Раҳимжон Турдиев эса, энди эркчилар деганда ушбу сайтни тушунинглар деган.

“Эркчилар деганда энди бизни тушунаверинглар. Сайт кенг қамровли, бунда ҳамма яхши нарсаларга жой ажратилади. Муҳими эркин фикрлар бўлсин”, – дейди Раҳимжон Турдиев.

Тест режимида ишлаётгани айтилаётган сайтда 9 та рукнга бўлинган.

Ҳозирча ундаги материаллар сони кам. Аммо берилган материаллардан сайтнинг кўпроқ панд-насиҳат йўналишида фаолият юритишини илғаш мумкин.

“Тўйда вальсга тушгани уялмайсизми куёв бола”, “Уят бўлади, яхши қиз, уят!”, “Замонавий беҳаёлик” каби мақолалар сайт йўналишидан дарак беради.

Эркдан қўрқув

“Эрк” партияси ҳужжати

“Эрк” партияси ва шу номдаги газета мустақилликка эришиш арафасида республика тарихида илк мухолиф партия номи остида Ўзбекистон тарихига кирган.

1990 йилнинг апрел ойида ташкил топган “Эрк” партияси Ўзбекистоннинг мустақил бўлишида салмоқли ўрин тутган ва кейинчалик Ислом Каримовга президентлик сайловларида “Эрк” партияси лидери Муҳаммад Солиҳ рақиб сифатида иштирок этганди.

“Эрк” Ўзбекистонда ҳукуматга фикрини дадил ва очиқ айта олган партия сифатида танилган.

Ўша вақти ҳукуматни энди тўлиғича қўлга олишга уринаётган Ислом Каримов мухолиф бўлмиш “Эрк” партияси билан айрим ҳолларда ҳисоблашишга мажбур бўларди.

Бироқ кейинчалик Ўзбекистонда яккаҳокимлик инстутини етарлича кучайтириб олган Ислом Каримов бошқа мухолифат институтлари қатори “Эрк”ни ҳам қаттиқроқ сиқувга ола бошлади.

Унинг фаоллари қамоққа ташланди, лидери Муҳаммад Солиҳ ҳижрат қилишга мажбур бўлди.

“Эрк” партияси ва унинг шу номдаги газетаси фаолиятига Ўзбекистонда деярли барҳам берилган бўлса ҳам, ҳукумат ушбу партия ва унинг лидеридан ҳамиша ҳадиксираб келгани айтилади.

Муҳожиротдаги Муҳаммад Солиҳга бир неча марта суиқасд ҳаракатлари бўлган.

Ўзбекистон расмийлари “Эрк” партияси тугул, “эрк” сўзини ҳам камроқ ишлатишга ҳаракат қилгани айтилади.

Мухолифат сиқиб чиқарилгандан сўнг бу вақтгача мамлакат ичида “эрк” номи остида бирорта нашр ёки интернет сайти очилмаган эди.

Ўзбекистонда тақиқланган “Эрк” газетасининг муҳаррири Муҳаммад Бекжон эса ҳамон қамоқда.

Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотига кўра, 62 ёшли Муҳаммад Бекжон дунёдаги энг узоқ муддат қамоқда қолаётган журналист ҳисобланади.

У мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси ва “Эрк” рўзномасининг собиқ бош муҳарриридир.

Бекжон 1999 йилдаги Тошкент портлашлари ортидан Киевдаги уйидан ўғирлаб кетилган ва портлашларга алоқадорликда айбдор, деб топилиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Манба: bbc.com/uzbek