O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Блогер Шабнам Оллошкурова мажбуран руҳий шифохонага ётқизилди

Блогер Шабнам Оллошкурова мажбуран руҳий шифохонага ётқизилди
184 views
04 October 2019 - 18:15

Хоразмлик блогер Шабнам (Нафосат) Оллошкурова 10 кунлик қамоқ жазосини ўтаб бўлганидан сўнг мажбурий тартибда руҳий шифохонага ётқизилди. Блогерга “восвос” ташхиси қўйилган. Унинг яқинларига Оллошкурованинг касаллик варақаси кўрсатилмаган.

Оллошкурова 3 октябр куни Урганчдаги Руҳий хасталиклар диспансерига ётқизилганини Би-би-сига унинг яқинлари тасдиқлади.

Блогер шифохонада 2 ой ушлаб турилиши маълум қилинган.

Яқинларига Боғот туман ИИБдан қўнғироқ қилиб, унинг “жинни” эканлигини айтишган.

Шабнам Оллошкурова номи билан ёзадиган Нафосат асли ўқитувчи ва у ўзининг Facebook даги саҳифасида Ўзбекистонда бўлаётган воқеаларга фаол фикр билдириши билан машҳур бўлган.

Оллошкурова Facebookдаги саҳифаси орқали 23 сентябр куни адолат излаб Тошкентга, ИИВ вазири билан учрашиши учун яқинлари билан Хоразмдан пиёда йўлга чиқган шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг ҳаракатларини ёритган эди.

Жонли тарзда эфирга узатилган видеоларда у номаълум аёллар томонидан ҳужум бўлганини айтган.

Шундан сўнг Хоразмда «Эрк» партияси фаоли, шоир ва журналист Маҳмуд Ражаб ва асосан унинг қариндошларидан иборат экани айтилган 20 кишидан ортиқ намойишчилар куч билан автобусга ўтқазилиб, номаълум томонга олиб кетилгани хабар қилинган.

Кейинчалик Маҳмуд Ражаб ва Нафосат Оллошкуроваларнинг 10 суткага қамалгани маълум бўлди.

3 октябр куни Маҳмуд Ражаб жазосини ўтаб бўлганидан сўнг очиқликка чиқарилган.

Журналист қишлоғи кузатув остида

Маҳмуд Ражабнинг қариндошлари уни Урганчдаги вақтинчалик сақлаш изолятори олдида чиқишини кутиб туришганида ички ишлар ходимлари уни машина билан уйига Гурлан тумани Шанғи қишлоғига олиб кетишган.

Маҳмуд Ражаб Гурлан туман ИИБ бошлиғи ўринбосарининг қўл телефонидан уни Урганчда кутаётган яқинларига телефон қилган.

Журналистни кўришга борган Би-би-си манбасининг айтишича, унинг уйида маҳалла посбони ўтирган, уйи атрофида эса формасиз кишилар томонидан кузатилаётганига гувоҳи бўлган.

“Маҳмуд акага кучли босим ўтказилганини сезилиб турганди. Ўзи ҳаммаси яхши бўлди, деяётган бўлса ҳам адолат талаб қилиб Тошкентга кетаётган одамнинг 10 куннинг ичида бунчалик ўзгариб қолиши мумкин эмас”, дейди у.

Би-би-сига маълум бўлишича, 23 сентябр куни Маҳмуд Ражаб билан бирга йўлга чиққан қариндошлари ва журналистнинг ўзи ҳам телефон ишлатмаяпти.

“Телефон ишлатмайсан, деган талаб бўлган бўлиши мумкин. Кейин қишлоқдаги поспон пунктида кундуз куни ҳам одамлар ўтирганининг гувоҳи бўлдим. Одатда бу постларда кечаси ўтиришади”, – дейди Би-би-си манбаси.

Хоразм вилоят ИИБ матбуот котиби Зокиржон Исмоилов Шабнам (Нафосат) Оллошкурованинг тақдири борасида унда маълумот йўқлигини билдирди.

У бугун кеч бўлгани, эртага бу борада ҳамкасбларидан сўраб маълумот беришини айтди.

Расмий муносабат

23 сентябрь тунида Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси тарқатган расмий муносабатда «Жиноят Кодексининг 246-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида» Маҳмуд Ражаб яқин қариндошларини жалб қилган ҳолда кўча юришини амалга оширгани таъкидланади.

“…М.Раджапов ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали аҳолини давлат органларидан норози бўлишга ундовчи турли хил вазиятларни ёритиш билан шуғулланувчи, 1987 йилда туғилган, Оллашкурова Нафосат Балтабаевнани жалб этиб, кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортиш, аҳоли ўртасида давлат органларига ишончсизлик уйғотиш орқали ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг тугатилишига эришиш мақсадида, 2019 йилнинг 22 сентябрь куни соат 16 ларда оила аъзолари ва яқин қариндошларини тўплаб (жами 12 нафар шахс), Тошкент шаҳрига бориб, ИИВ раҳбарияти билан учрашишларини айтиб, Гурлан туманидаги уйидан пиёда йўлга чиққанлар”, дейилади вилоят ИИБси баёнотида.

Шунингдек, баёнотда намойишчилар жамоат тартибини бузгани, транспорт воситалари ҳаракатига халал бергани ҳамда “М.Раджапов ва унга ҳамроҳлик қилган оила аъзолари ҳамда яқин қариндошларининг қонунга хилоф ушбу ҳаракатларига чек қўйиш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳудудий ички ишлар бўлимига келтирилган”и борасида сўз боради.

Бундан ташқари Хоразм вилоят ИИБси «йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузганлик учун амалдаги қонунчиликда жавобгарлик белгиланганлигини» эслатиб ўтган.

Китоб ўқиганлик учун жиноят иши

Маҳмуд Ражаб ва қариндошлари 22 сентябрь куни Тошкентга, Ички Ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан учрашувга, пиёда юриб боришни режалагани ҳақида ижтимоий тармоқларда эълон қилишган.

Улар «Эрк» раҳбари Муҳаммад Солиҳ асарларини Ўзбекистонга олиб кирганликда айбланаётган Маҳмуд Ражабга нисбатан жиноий таъқибни тўхтатишни талаб қилишган.

20 сентябрь куни маҳалладошлари Маҳмуд Ражабни олиб кетиш учун келган ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатишган ва уни олиб қолишган.

Маҳмуд Ражабга нисбатан жорий йилнинг 30 апрель куни Тошкент аэропорти божхона расмийлари томонидан Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилган.

Маҳмуд Ражаб жиноят ишини шу йил март ойида Туркиядан мухолифат етакчиси ва шоир Муҳаммад Солиҳнинг китобларини Ўзбекистонга олиб келгани билан боғлайди.

Муҳаммад Солиҳ асарлари ундан тақиқланган адабиётлар сифатида олиб қўйилган.

Айбдор деб топилгани тақдирда, 56 ёшли Маҳмуд Ражаб беш йилдан ўн йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Аввалроқ у Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтаришни сўраб, Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиққанди.

Бош прокуратура сукут сақламоқда

Блогерларни доимо қўллаб-қувватлашга ваъда берган Бош прокуратура Шабнам Оллошкурова иши борасида сукут сақламоқда.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов Би-би-сининг Оллошкурова борасидаги мурожаатини эътиборсиз қолдирди.

Шу йилнинг июн ойида cолиқ органлари томонидан блогер Азизбек Ашурбоевнинг телефони ҳамда унинг “Инстаграм” ижтимоий тармоғидаги саҳифаси олиб қўйилганлиги ҳолати юзасидан гапирган Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашев блогерлар прокуратура ҳимоясида эканлигини айтганди.

“Шу ўринда Бош прокуратура Ўзбекистон блогерларини доимо қўллаб-қувватлаши ҳамда уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр эканлигини маълум қилади”, дейилганди Бош прокуратура тарқатган хабарда.

Манба: bbc.com/uzbek