Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси Қирғизистон жанубида ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларнинг ёпилиши борасида ҳавотир билдирди. Бу ҳақда 18 февраль куни “Қирғизистон Республикаси таълим тизимида халқ бирлиги ва миллатлараро алоқаларни мустаҳкамлаш” мавзусида бўлиб ўтган конференцияда тилга олинди, деб хабар берди 24kg.
Элизабет да Костанинг сўзларига кўра, Қирғизистон учун халқ бирлиги концепциясининг қабул қилиниши муҳим қадам саналади: Конституция ҳам “Давлат тили тўғрисида”ги қонун ҳам миллий озчиликка ўз она тилида таълим олиш ҳуқуқини кафоланлайди. Бироқ, Ўш ва Жалолободдаги баъзи мактабларнинг қирғиз тилига ўтганлиги ва давлат томонидан молиялаштиришнинг тўхтатилганлиги ҳавотирларга сабаб бўлмоқда.
“Қўмита олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларининг фақатгина давлат тилида ўтказилаётганлигидан ҳавотир билдирди. Бу камситишдир. 2015 йилнинг май-июнь ойларида Қўмита Қирғизистон масаласини ўрганиб чиқади ва бу мавзуга алоҳида эътибор қаратади. Воқеалар ривожи шундан далолат бермоқдаки, миллий озчиликнинг ҳуқуқсизлиги ижтимоий қашшоқликни ва низоларни келтириб чиқариши мумкин. Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари бошқармасининг ваколатхонаси ўрта ва олий таълим тизимида халқ бирлигини мустаҳкамлаш концепциясини ҳаётга тадбиқ қилиш ва миллатлараро келишувга эришишда Қирғизистонга кўмак беришга тайёр”, – дейди Элизабет да Коста.
Мулозимларнинг маълумотларига кўра, концепцияни ҳаётга тадбиқ этиш учун бюджетдан 204 миллион сом ажратилган. Шунингдек, мазкур концепция доирасида жамиятда миллатлараро келишувга эришиш ва камситиш (дискриминация) даражасини пасайтириш мақсадида тил борасидаги сиёсатни ўзгартириш режалаштирилган.
Буюк Британия элчихонасининг низоларнинг олдини олиш бўйича минтақавий маслаҳатчиси Рой Уилсоннинг қайд этишича, Бирлашган Қироллик ҳам миллатлараро келишувга эришишда Қирғизистонга ўз кўмагини беради. Британия Жамғармаси дастлабки босқичда низоларнинг олдини олиш мақсадида $7,73 миллион доллар ажратган. Рой Уилсон болаларни бағрикенглик тамойиллари асосида тарбиялашга чақирди. Унинг сўзларига кўра, бу “миллатлараро ва диний характерга эга бўлган низоларнинг олдини олишга қаратилган чоралардан биридир”.
ЎХҲ ахборот бўлими