O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бозорларни ўзлари ёқмоқдалар

Бозорларни ўзлари ёқмоқдалар
209 views
22 August 2014 - 9:58

2Ўзбекистонда бозор ёнибди, десалар, ҳеч ким ажабланмайдиган замонлар бошланди. Бозорларнинг ёниб кулга айланиши, одамларнинг ҳизбу таҳрир ёки ваҳоббийчилик билан айбланишидек бир гап бўлиб қолди.

Шу кунларда, бозорларнинг қадр-қиммати ўзбек мардикорлариникидан ҳам паст даражага тушди. Давлат мулозимларига ёқмаган кимсаларни жазога тортиш учун жиддий сабаб ахтаришга ҳожат қолмагани каби бозорларга ўт қўйиш учун ҳам жиддий сабаб қолмади.

Бозор ёнса, эски муаммолар ҳам бозорга қўшилиб кулга айланади. Таги-туги билан ёнғинга учраган Сиренгетти табиати қайтадан уйғониб, ям-яшил бўлгани сингари бозорлар ёнса, қайта қуриш ишлари авж олади. Янгидан қурилган дўконлар, яна қайта бошқадан сотилади. Қайта қуриш учун ажратилган маблағлардан кимса билмас чегирган масъулларнинг куни туғиб, янгидан-янги қасрлари қад кўтаради, янги дачалар пайдо бўлади. Икки бармоғини бурнига тиқиб ўтирган бозорқўм ва унинг атрофидагиларнинг чўнтаклари дўппайиб, бозорга олов берган гуруҳлардан улар ичларида миннатдор бўладилар.

Ҳар сафар тижоратчиларнинг ва кимса билмас баъзи бир ишларга пул тикканларнинг уйлари куяди, холос. Бир умр ишлаб, йиққанларига жой сотиб олган бечоралар, ҳар сафар чув тушадилар. Йиқилган курашдан тўймас деганларидек, ҳар сафар бутун топган-тутгани сувга оққанларнинг ўрнига бошқалари ҳозиру нозир туради.

Орадан бир-икки йил ўтмай, яна бозорга ўт кетади. Уларнинг ҳам уйи куйиб, орқаларида навбатда турганлар янги қурилган дўконлардан сотиб олиш учун қўлларида борларини тикаверадилар, тикаверадилар… Бутун Ўзбекистон бозорларидаги воқеалар эски чархпалак мисоли, мустақиллик йилларида бир хилда айланади.

Ишсизлик ҳаддан ошган, саноати, завод-фабрикалари йигирма уч йил олдин касодга учраган мамлакатда ярим вайронага айланган бозорлардан бошқа халқни чалғитадиган бошқа эрмак бўлмагач, ҳукумат бозорларни навбати билан ёқиб, одамларни аврашга мажбур бўлади. Замонавий бозорлар қад кўтарса, расталарда мева-чевалар тўкис бўлса, халқнинг кўнгли озодликни, ҳурликни тусаб қолишини улар яхши биладилар… Шунинг учун ҳукумат бутун куч-ғайратини ҳеч қачон миллатнинг, давлатнинг гуллаб-яшнашига қарата олмайди. Куч-ғайрат фаровонликка айланса, фаравонликни миллатнинг бахтига айлантирадиган билимнинг уларда йўқлиги, давлат бошида турганларни шу каби бузғунчиликлар содир этиб, халқни шу йўл билан ушлаб туришга мажбур этади…

Айтишларича, Тошкентнинг дунёга машҳур Чорсу бозорида Мустақиллик йилларида беш марта даҳшатли ёнғин содир бўлган. Бу дегани, Чорсу бозори 23 йилда беш марта бузиб ташлаб, қайтадан тикланди, дегани бўлади. Аммо, у ҳеч қачон замонавий бозорлар каби қайта тикланмаган. Ажратилган маблағларнинг асосий қисми, масъуллар томонидан ҳар сафар талангани учун ҳам бундай қилишнинг имкони бўлмаган. Қолаверса, жорий ҳукуматнинг талаби ҳам шу. Вақти етиб муқаррар ёниши лозим бўлган бозорни замон талаблари асосида бунёд этишнинг ҳеч қанақа зарурти йўқ-да, ахир.

Мамлакатдаги бошқа бозорларнинг тақдири ҳам охир-оқибат Чорсу бозориники сингари ҳар сафар аянчли бир тарзда якун топади. Чорсу каби пойтахт бозорларига ҳар сафар ўт қўйилганда, одамлар уларнинг ҳолидан хабардор бўладилар. Вилоятлардаги бозорлар минг марта ёндирилса ҳам, ҳеч ким уларнинг оҳ-зорини эшитмайди. Пойтахтдаги бозорлар билан вилоятлардаги бозорларнинг бир-бирларидан тафовутланадиган жиҳати ҳам, мана шу. Уларнинг бошқа бир-бирларидан фарқланадиган томонлари йўқ.

Яқинда ёниб кул бўлган Чинни бозори билан Тўсин бозорининг ҳам бошига юқоридаги бозорларнинг куни тушди. Баҳонада уларни қайта қуриб қайтадан сотадилар.

Ҳукуматга яқин кимсалар, яна шу йўл билан бойлик орттирадилар. Буни тушунмаган баъзи бировлар, МХХ билан ИИВлиги бир-бири билан келишмай қолибди, эмиш. Ички ишларининг янги вазири миллий хавфсизликнинг генралларини қамабтимиш. Шу учун улар жой талашиб, бир-бирларининг ҳудудларига ўт қўяётганмиш. Шундай қилмаса, янги ички ишлар вазири қон босими ошиб, ўлим тўшагида ётган Рустам Иноятовни қамармиш, ҳаммасининг орқасида Гугуша турганмиш, деб юраверадилар.

Аслида, уларнинг ҳаммаларининг тили битта эканлигини, уларнинг бошида президентнинг ўзи турганини, барча жиноятлар президентнинг буйруғи билан амалга оширилаётганлигини кўплар билмайдилар. Биладиганлар ошкор этишдан манфаатдор бўлмаганлари учун дамини ичига ютадилар…

Эргаш Сулаймон