O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Бой бойга боқар, сув сойга оқар?

Бой бойга боқар, сув сойга оқар?
155 views
20 November 2019 - 12:53

Тошкент шаҳар ҳокими кун.уз журналистлари билан учрашувда айтган таҳдидли гапларини эшитиб, нимагадир 1930-йиллардаги Чикаго шаҳар мафияси бошлиғи Ал Капонега ҳам, машҳур Италия мафиясига ҳам раҳмим келди.

Кун.уз таҳририяти учрашувда айтилган гапларнинг бир қисмини интернетга кимлар тарқатганини билмаслигини, аудио ёзувнинг тўлиқ қисми таҳририятда эканини, уни тегишли органларга тақдим қилишлари мумкинлигини билдириб, ўқувчилар ва касбдошлари қўллаб-қувватлашига муҳтож эканига шаъма қилди.

Бу орада ҳоким бува эса гўёки кимдир унинг овозини тақлид қилган бўлиши мумкинлигига шаъма қилибди. Яъни, “мен унақа гапларни айтмаганман” демоқчи бўлибди.

Бош прокуратура тегишли суриштирув ҳаракатлари бошлашини эълон қилганди.

Бироқ, душанба куни тонг саҳарда кун.уз сайтида эълон қилинган билдирув ҳаммани хайратга солди. Таҳририят томонидан ҳоким бува билан учрашишгани ва бир-бирларини жуда яхши тушуниб олганликлари ҳақида билдирув эълон қилинди.

Осмон шунчалик мусаффо эканки, таҳририят бошқаларни бу ишга бундан кейин ҳеч қандай муносабат билдирмасликларини сўрабди.

Бу хабардан кейин ижтимоий тармоқлар жунбушга келди. Чунки, “кун.уз”чилар сиз-у бизни шессекундда бир тийин қилганди. Одамлар ўзларини алдангандек ҳис қилишганини баралла ёзишмоқда.

Мен “Тошкент шаҳар ҳокими кун.уз ходимларини ўзи билан учрашувга олиб келиш учун такси юборган бўлса керак” деган хаёлга бордим.

Бундан ташқари, яшин тезлигида бўлган ўзгаришлар менга 1980-йиллар охирларида қайта қуриш ҳақида “Мосфилм” киностудиясида суратга олинган бир бадиий филмни эслатди. Ўша кино Ўзбек тилига ўгирилиб, телевидение орқали кўрсатилганди.

Филмда Марказий телевидение мухбирлари бир вилоят компартияси сессиясини ёритиш учун келишади. Мажлис пайтида обкомнинг биринчи котиби жуда чиройли гаплар гапиради. Танаффус пайтида эса ёнидагилар билан гаплашаётиб, ўз нутқида айтилганларнинг бутунлай тескарисини айтади.

Ўша пайтда телевидение камералари ўчириб қўйилмагани учун ҳамма гаплар ёзиб олинади. Ана ўшандан кейин видеолента учун ҳақиқий ов бошланиб, шантаж ва таҳдид усуллари ҳам қўлланилади.

Лекин, телевизион гуруҳ ҳеч бўш келмайди. Ахийри, улар Москвага учадиган учоққа минишганида вилоят катталари ва куч ишлатар органлар ходимлари учоққа чиқиб, улардан видеокассетани олиб қўйишади. Шундан кейингина учоқнинг кетишига рухсат берилади.

Учоқ учиш йўлагига қараб кетаётганида ТВ гуруҳи ходими видеокассетанинг ҳар эҳтимолга қарши ёзиладиган иккинчи нусхасини сумкасидан чиқариб, касбдошларига кўрсатади ва ҳамма хурсанд бўлиб кетади. Томошабинда эса филм сўнггида Москва ҳақиқатни амалга ошириб, обком биринчи котибини жазолаб, ишдан олади, деган ишонч уйғонади.

Афсуски, ҳаёт кино эмаслигини, тепадагилар ҳеч қачон халққа қайишмаслигини, пастдагилар эса ҳеч қачон тепадагиларнинг гапини икки қилмаслигини сўнгги кунларда кун.уз билан бўлган воқеалар яна бир марта исботлади. Кун.уз ана шу халқнинг пастдаги типик вакили эканлигини ҳаммамизга кўрсатди.

Агар бу воқеа демократик давлатларда юз берганида эди, мансабдор шахс аллақачон ўз хоҳиши билан ишдан кетган ва кечирим сўраган бўлур эди.

Кўрайлик-чи, ҳокимларни тайинлайдиган юрт президенти ва қонунлар бир хилда ишлашини таъминлаш зиммасига юклатилган Бош прокуратура ҳоким бува ишини босди-босди қилиб юборадими ёки халқнинг пастки табақаларига юқоридаги кинога ўхшаган бир ишонч уйғотадими?

Омон бўлсак, кўрармиз (агар таксига чиқмасдан ва Анҳорда чўмилмасдан юрсак).

Манба: sof.uz