Бизга етиб келган хабарларга қараганда, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 211 мактаб директори Мансурова Зулхумор энди биринчи синфга бормоқчи бўлг.ан Машуров Муҳаммадни мактабга қабул қилишдан бош тортган
Ўзининг бундай ҳаракатлари билан мактаб директори аввало Муҳаммаднинг мактабга бориш ҳуқуқини, кейин эса унинг инсоний ҳуқуқларини поймол қилган. Ёш гўдакка онасининг руҳий касаллигини рўкач қилиб унинг мактабда ўқишига тўсқинлик қилиш билан директор Мансурова Зулхумор Ўзбекистон Конституциясининг 13, 14,16,18,19,24,41 ва 45 моддаларини қўпол равишда бузган.
Ўзининг бундай ноқонуний ҳаракатлари билан мактаб директори Мансурова Зулхумор Ўзбекистон қонунларини, Конституция моддаларини ва ўзининг асосий вазифаларидан бири бўлган болалар ҳуқуқларини билмаслиги ва уларни ҳурмат қилмаслигини ошкора намойиш қилган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти Ўзбекистон Маориф вазирлигидан Машуров Муҳаммаднинг мактабга бориш ҳуқуқини тўлиқ таъминланишини ўз назорати остига олишини сўрайди.
Айни пайтда Маориф вазирлигига Ўзбекистоннинг барча мактабларида директорлар ва барча ўқитувчиларнинг Ўзбекистон қонунларини, Конституцияни ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Халқаро Шартномани жиддий ўрганишлари бўйича зарур бўлган барча тадбирий чораларни кўришни таклиф қилади.
Болаларнинг ҳақ ва ҳуқуқлари муқаддасдир ва уларни ҳурмат қилиш, болалар ҳуқуқларини Ўзбекистон қонунлари ва Халқаро шартномаларда кўрсатилганидек таьминлаш барча фуқароларнинг ва айниқса мактаб ва боғча мулозимлари, ўқитувчилар ва тарбиячиларнинг энг асосий вазифаларидан биридир. Бу ишларни Ўзбекистон Маориф вазирлиги ўзининг кундалик вазифаларидан бири деб ҳисоблаши лозим.
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти Ўзбекистон болаларининг ҳақ ва ҳуқуқлари қай даражада таьминланишини ўзининг доимий назорати остида ушлаб туради ва бу ҳуқуқларнинг бузилишига қарши курашни Жамиятнинг асосий вазифаларидан бири деб ҳисоблайди.
Ҳазратқул Худойберди
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти президенти
2011.08.04