“БЕШИНЧИ ФАСЛ” КИТОБИДАН
БОЛАЛИК
Мен бунга ўзимни кўришга келдим,
Аммо мен йўқ эдим жийда тагида.
У пайт эртакларга ишонар эдим,
Учиб кетдиммикин эртакдагидай?
Балки мен ҳали ҳам ўша баҳорда
Юрибман қушларга егулик ташиб.
Балки “ҳалок” бўлдим қоронғи ғорда
Ўн бошли аждаҳо билан олишиб?…
Оҳ, учгим келади Болалик томон,
Лекин на кўролдим, на унга тўйдим.
Учмоққа қанот ҳам йўқдир бу замон,
Чунки мен эртакка ишонмай қўйдим.
1974
(20)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Вал-Фажр” китобидан. (24-саҳифа.)
(давоми бор)