Тўлқин Қораев
Швеция
Ўзбекистон демократик мамлакатга айланадими? Бу савол мамлакат мустақиллигининг илк кунлариданоқ қўйилганди ва иқтидордаги ҳукумат назариясидан келиб чиқиладиган бўлса – Ўзбекистон демократик тамойиллар билан ривожланиб бораётган бир мамлакатдир. Уни нодемократик дейиш керак бўлса, Республика конституциясини ҳам шубҳа остига қўйиш билан баробар!
Президент Ислам Каримов иқтидорга келган даслабки кунлариданоқ айни мана шу жилодор демократия ҳақида гапиради, аслида эса у инсон ҳуқуқларини топташ билан, унинг эркини буғиш ва мамлакатда коррупцияни ривожлантириши билан демократик тамойилларга зид ҳаракат қилиб ҳам келади. Унинг шарофати ила бугун ўғлонларимиз мардикор, қул, қизларимиз чўри, фоҳиша ва шу билан ҳам келажакка умид кўзлари ила боқамиз. Келажагимиз албатта буюк бўлади!
Ватанимиз бўлган бу юртни кимлар нималар деб атамади? “Мардикорлар ўлкаси”, “қуллар мамлакати”, мана энди у “Коррупистон” деб ҳам масқара қилинмоқда. Ва бу тавқи лаънатлар остида қолишимизда ҳар бир ўзбекнинг, ҳамда ҳар бир ўзбекистонлик ўз ҳиссаси бор. Нега энди Коррупистон? Агар биз порахўрга пора беришни тўхтатсак, ҳукумат ҳам ўзининг коррупцион сиёсатини ўзгартиришга мажбур бўлади. Буни тушунамиз, аммо амал қилишни истамаймиз. Бундан кўра пора бериб турганимиз яхшироқдек.
Тағин ўзбекистонимиз қийноқлар қўллашни олий мақомга етказган мамлакат саналади. Бунда ҳам аҳолининг сукут сақлаб, бу каби хўрликларга норозилик билдира олмаётгани қийноқларнинг бардавомлигини сақлаб келаяпти. Масалан, ҳукумат кучлари бир инсонни ноҳақдан айблаб, қийноққа солиб, бўйнига сохта айбни қўйганида, минглаб одамлар адолат талаб қила олганида, режим инсонларни бу даражада хўрлай олмасди. Агар у дунёдан Адольф Гитлерни олиб келиб, бу дунёдаги Ўзбекистонни кўрсата олсак, у беҳад шод бўларди. Чунки Ўзбекистон қамоқхоналаридагидек қийноқ турларини ҳатто Гитлер концентрацион лагерларида ҳам қўлланилмаган. Лекин фарқ шундаки, Гитлер лагерларида ўзга халқлар хўрланган.
Яқинда Ўзбекистоннинг қачон демократик мамлакатга айланиши ҳақида яна сафсата сотиш бошланди. Президент Каримовнинг иддао қилишича, демократияни Ўзбекистонга ёшлар олиб келаркан. Совет ўтмишини кўрмаган ёшлар! Ахир биз шунча йилдан бери демократик тамойиллар билан бошқарилаётган мамлакатда яшаётган эдик-ку! Мамлакатда ўтказилган сайловларимизда халқимиз Ислом Каримовни бир овоздан сайлаб келаётганди. Судлар ҳам ҳамма вақт адолат билан ҳукмлар чиқараётганди. Матбуотимиз ҳам эркин эди. Нега энди ҳукмдоримиз тўнини тескари кийиб, ёшлар демократия олиб келишини иддао қилаяпти?
Қизиқ, Совет Иттифоқи 1991 йилда парчаланганди, негадир Болтиқбўйи мамлакатларида Совет ўтмишини кўрган авлодлар билан ҳам ҳур, озод бир жамият қуришга эришилди. Польша, ГДР, Чехословакия каби қатор давлатлар Европа Иттифоқининг тенг ҳуқуқли аъзоларига айланди. Аммо биз қандайдир уфққа етишимиз, баланд қоялардан ва довлардан ошиб ўтиб халқ ҳокимиятига эришишимиз керак? Бундан саволга жавоб йўқ эмас, албатта! Болтиқбўйи мамлакатлари 1940 йилдан Совет Иттифоқи таркибида бўлишган, яъни истибдодни кам кўришган. Бу бир асоссиз баҳона эканлигини бу сўзни айтган одамнинг ўзи ҳам тушунади!
Демократияни ёшлар олиб келадиган бўлса, шунча йилдан бери Ўзбекистон сиёсий мухолифати ёлғон гапирмаган экан-да. Демак, Ислом Абдуғаниевичнинг ўзи ёлғон сўзлаб келган. Энди эса Ўзбекистон ёшларидан умид ва улар албатта мамлакатни адолат мезони билан бошқариладиган бир демократик мамлакатга айлантиришидан умид қиламиз.
Нега Ислом Каримов бу шаклда гапира бошлаганини ақли теран ўзбеклар аллақачон тушуниб етишди. Ислом Абдуғаниевич ҳокимият бошқарув тизимини тўнғич қизи Гулнорага топшириб олиши керак ва у эса Ўзбекистонда ёшлар ҳомийси. Албатта қўштирноқ ичида ва албатта иқтидорга келгунича.
Дунё мамлакатларига тарқалиб кетган ўзбеклар орасида турли баҳслар учраб туради ва уларда Ўзбекистонда ҳокимиятни Гулнора олиши ёки олмаслиги энг қизғинларидан биридир. Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келади, дегувчилар ҳам йўқ эмас. Шавкат Мирзиёвми, ёки бошқа бировми, ким ҳокимиятни жиловини ўз қўлига олар экан, албатта Ислом Каримовни лаънатламай, унинг уруғ аймоғига қирон келтирмай халқнинг муҳаббатини қозона олмайди. Бугун Ислом Абдуғаниевичнинг кўзининг ёғини ялаб юрган лагарбардорларидан қай бири ҳокимитяга келсин, албатта айни мана шу ишни қилади. Демак энг мақбул номзод ким?
Албатта Гулнора Каримова ва у Ўзбекистоннинг келгуси президенти. Қолаверса Гулнорани Исроил ҳам қўллаб-қувватлайди. Фақат бир масала, бу халқ ўз ўтмишида аёл президент, ёки аёл подшоҳ кўрмаганлигидадир. Бунга кўникма пайдо қилишнинг имкони бўлмаса-да, Совет ўтмишини кўрмаган ёшлар эса Гулнорани янги президент дея қабул қилишларига умид боғласа бўлади. Чунончи, ҳозирда Гулнора Каримова ўзини имкон қадар халққа яқин олиш ҳаракатига тушиб кетган ва у президент этиб сайланса (аниқроғи тайинланса) Ислом Каримов оёғини узатиб кексалик гаштини суради. Ҳаттоки ўз ўлимидан кейин ҳам унинг номи қораланмайди, шунда ҳам Гулнорадан сўнг унинг бирор фарзанди ҳокимият жиловини ўз қўлига олса.
Ўзбекларимизнинг миллий тафаккури ҳам ўзига яраша. Ким уларни ош-палов билан сийласа, улар учун ўша яхши одам бўлиб қолади. Юртда Гулнора Каримова томонидан ташкиллаштирилган мингта никоҳ ва мингда суннат тўйи тадбиридан кўзланган мақсад ҳам аслида шу эди, яъни Гулнора Каримованинг иқтидорга келтириш.
Фақат ош-палов билан ҳокимият жиловини қўлга олиб бўлармикан? Албатта камина буюк башоратчи мақомига даъвогар эмасман, аммо яқин орада Гулнора Каримованинг сиёсий бир партияси ҳам пайдо бўлади. У нима деб аталиши мумкинлигини айтиш қийин, аммо Президент сайловларида Гулнора Каримова номзодини илгари сурадиган бирор партия пайдо бўлиши шарт.
Аслида Ўзбекистонда сиёсий эркинликларнинг йўқлиги боис сиёсий партия ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмас, агар мақсад фақат сиёсий ҳокимиятни қўлга олишдангина иборат бўлмаса. Афсуски, Ўзбекистонда ташкил топган партиялар одатда навбатдаги президент сайлови олдидан шаклланади. Масалан 1991 йилда ўтишдаги коммунистик партия бир думалаб Халқ демократлари партиясига айланаркан, дастлабки қадами Ислом Каримов номзодини Ўзбекистон Президентлигига кўрсатиш бўлганди.
Мақсадга эришган Ислом Каримов партияни тарк этди. Орада референдум билан президентлик муддати чўзилди ва 2002 йилда у тағин “сайланди”. Бу сафар Ислом Каримов номзодини янги ташкил топган сиёсий партия “Фидокорлар” партияси илгари сурганди. Сайловдан сўнг “Фидокорлар” қудуқққа тушган тошдек йўқолди. 2007 йилги сайловларда эса унинг номзодини президентлик тахтига янги тузилган сиёсий партия – Ўзбекистон либерал-демократлар партияси илгари сурди. Шундан келиб чиқиб айтиладиган бўлса, яқин келажакда яна бир сиёсий партия пайдо бўлади ва у Ўзбекистон Президентлигига Гулнора Каримова номзодини илгари суради.
Хўш, Ўзбекистон Ислом Каримов айтаётганидек ёшлар билан демократик бўлиб қоладими? Ёки ривожланадими? Йўқ, албатта! Ўзбекистоннинг нодемократик бўлишидан ва унинг камол топмаслигидан даставал Ислом Каримовнинг ўзи манфаатдор-ку! Унга лаббайчи мансабдорлар, тавозеъ билан қўл қовуштириб турадиган халқ ва албатта бировнинг салласи деганда калласини ҳам узиб берадиган дастёрлар керак! Ўзбекистон Ислом Каримов учун мутлоқ кераксиз бир юк бўларди, агарда ундан фойда бўлмаса. Фойда кетидан эса Ислом Каримов ҳам гапми, Искандар Зулқарнайнлар югуришган. Айниқса ҳар қандай шароитда ҳам яшаб қолишга ўрганган бу халқимиз ҳатто ўзга юртларда ишлаб ҳам топган пулини каримовлар ўпқонига ташлаб турса яна-да яхши экан.
Бемалол айтиш мумкинки, Гулнора Каримованинг ҳокимиятга келиш билан мамлакатда коррупция яна-да ривожланиб боради. Сохта умидлантирилган бу халқнинг умидлари чилпарчин бўлишини эса ҳозирданоқ айтиш мумкин. Бу башорат қилиш эмас, балки реалликдир. Ислом Каримов АҚШ ва Исроилнинг ҳимоясида турибди ва барибир қўрқаяпти. Борди-ю бирор инқилобий ўзгариш содир бўлмай туриб, улардан фойдаланиб қолиш керак ахир. Ҳар қалай, айтадилар-ку: болта келгунича кунда дам оларкан!