O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Борлиқсиз исм

Борлиқсиз исм
129 views
07 October 2017 - 13:21

Ўзбек Ватанпарварининг ўз халқига бўлган сабабсиз севгиси ҳақида кўп ўйлайман. Бу севги сабабсиздир, чунки, биринчидан, халқ деган ҳилқатни шу пайтгача ҳеч ким ҳеч қаерда кўрмаган; боз устига, ватанпарвар номи бор-у, ўзи йўқ ушбу ҳилқатдан унинг севилишига сабаб бўлувчи бирон бир яхшилик ҳам кўрмаган.

Аксинча, “халқ вакиллари” сифатида тақдим қилинган зотлардан бу бечора ватанпарвар доим “уйинг куйгур бузғунчи”, “юртбошимизни тинч қўй” қабилидаги лаънат ва қарғишлардан бошқа ҳеч нарса эшитмаган.

Агар, худо кўрсатмасин, ватанпарварнинг бошига бирон бир фалокат келса, “халқим” деб ўз жонини гаровга қўйган бу инсонга ёрдам кўрсатиш у ёқда турсин, аксинча, номи бор-у, ўзи йўқ бу борлиқ тамсилчилари “ҳа-а, бузғунчи, қўлга тушдингми,энди жазонгни оласан”, дея мазах қилганига кўп гувоҳ бўлганмиз.

Бугун МХХ ертўласида қийноқлар ичида инграётган ватанпарвар Бобомурод Абдулла ўз “халқ”ига бўлган севгиси учун ана шундай товон тўлаяпти.

Ёзувчи дўстим Набижон Боқий МХХ ертўласида қийноқларга солинаётган Бобомурод Абдулла ҳақида ёзар экан, уни ўтган асрнинг 30 йилларида айнан шу ертўлада, айнан шу машъум октябр кунларида қатл этилган Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий каби ўзбек ватанпарвар ёзувчилари билан солиштирибди.

Бугунги кун билан Тарихни шу шаклда БОҒЛАШ мавзуга энг табиий, энг мантиқли ёндошиш бўлишига қарамай, Ўзбекистондаги фақат бир-иккита ёзувчигина, гарчи, юмшоқ бир шаклда бўлса ҳам, шундай фикрлашга ботинади.

Аксари ёзувчиларимиз 1930 йилларда қатaғон қилинган миллатпарвар ёзувчи ва зиёлиларимизнинг аянчли тақдири ҳақида ҳаяжон билан гапирар эканлар, ўзларидаги бу пафоснинг соғлом ақл соҳиблари наздида нақадар сохта ва кулгули кўринаётганини ҳеч англамайдилар.

Улардаги бу пафосни бир пул қилаётган нарса – 30 йиллардаги қатағонларнинг бугун ҳам ушбу ёзувчилар кўзи олдида, бурни тагида давом этаётгани ва буни улар кўришни истамаётгани, бугунги кундаги ҳатоғонларни ўтмишдаги катағонлар билан боғлашга журъат қилмаётганидир.

Ўзбек классиги, ўзбек ватанпарвари Абдулла Қодирийнинг “Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлидир”, деган жумласини ишлатишни яхши кўрадиган ёзувчиларимиз 30 йиллар қатaғонлари ҳақида ёзиб, бугунги қатaғонлар қақида сукут сақлар экан, уларнинг мияларида фақат “Мозийга қайтиб иш кўриш таҳликасиздир” деган фикр чарх урадиган кўринади.

Ҳеч бўлмаганда фожеали ўтмиш ҳақида гапиришга Маънавий Ҳақ қозониш учун ҳам ўзбек ёувчилари ва зиёлилари бугун МХХ ертўласида мислсиз қийноқларга солинаётган журналист Бобомурод Абдулла ҳақида бонг уришлари, ҳукуматга мурожаат қилиб, журналистни зудлик билан қамоқдан озод этишларини талаб қилишлари лозим.

Мақсуд Бекжон

07.10.2017