O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Борчадин яхшироқ ҳаёт гули…” (2)

“Борчадин яхшироқ ҳаёт гули…” (2)
139 views
12 November 2019 - 18:45

(Боши)

(Жуна ва Масъуд: дўстликдан бир ҳикоят)…

Май, ҳурлар, базм, жом дин аҳли учун манозарали бир мавзудир.

Биз Алишер Навоийнинг ориф инсон экани ва ифодаларда истилоҳларнинг янгилангани ҳақида гапирганмиз. Ҳикоятнинг аввалидан бошлаб қаҳрамонларнинг ҳашаматли ҳаёти, базмлар тасвири деярли узилмаяпти. Саволлар туғилади: Алишер Навоий май ичилган базмларни тарғиб қиляптими? Бу базмларга канизаклар кириб келса, улар май қуйиб меҳмонларга узатсалар! Улар меҳмонлар бошидан гул сочсалар! Ўтган замон ҳакимларининг ичилса ҳам майи тугамайдиган жом ясашдан бўлак иши йўқмиди!
Ҳақли саволлар!

Алишер Навоий асарларида базмлар тасвири у қўллаган кодлардан бир код ҳисобланади. Алишер Навоий назарда тутган ва тасвирлаган базмларнинг аксари – Илоҳий файзлар ёғилган, Аллоҳнинг тавҳиди, Каломи зикр қилинган суҳбатлардир. Бу суҳбатларда қалблар ором олган. Кўнгил ҳаловат топган. Иймонлар зиёдалашган.

“Жуна Масъуднинг хонадонига меҳмон бўлиб келди ва улар то тун ярмига у билан Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлиш, Уни ризо қилиш, Аллоҳга холис қуллик қилиш ҳақида узоқ суҳбат қурдилар. Бу суҳбат шу қадар ширин ва шу қадар файзли эдики, бундан қалблар ҳаловат топди. Бу худди жаннатлардаги суҳбатлар каби гўзал эди”.

Алишер Навоий аслида ушбу ҳодисани бизга ҳикоя қилиб бермоқда. Одамлар ўзлари кўрган, ҳис қилган нарсаларни аниқ тасаввур эта оладилар. Масалан, файз ёғилиб, кўнгиллар ором оладиган суҳбатларнинг ҳузури, лаззати қандай бўлади? Ушбу саволга бу суҳбатда бўлмаган инсон жавоб топа олмайди. Лекин одамлар нафси майни, гўзал ҳурлар, муҳташам қасрлар, ҳаммомларнинг не қадар ҳузурбахш эканлигини билади. Шунинг учун шоир майни истиора қилиб келтиради – май бу зикр. Базм истиора қилади – базм руҳоният ҳақидаги суҳбатлар. Ҳурларни базмга келтиради – улар орифлик мақомидаги инсонлардир. Жуна меҳмондорчиликдан аввал ҳаммомга киради. У ерда гўзал инсонлар унга хизмат этадилар. Ҳаммом – покланиш босқичи. Масъуд – руҳонияти юксак мўмин. Масъуднинг қошига келаётган Жуна, шубҳасиз, дунё кирларидан, ғуборларидан покланмоғи шарт эди.

Масъуднинг ошёни жуда кўп ўринларда жаннатга қиёсланади. Чунки одамнинг орзуси – жаннат. Жаннат, нафақат, ундаги неъматлар билан гўзал, балки Дийдор билан, қалблар, руҳлар лаззатланадиган суҳбатлар ила бебаҳодир.

Тан лаззати – вақтинчадир. Тан лаззатларга ўргангани сайин янада кучлироқ лаззатни ахтаради. Танага лаззат берган бир иш кейинчалик ҳузур бермайди. Қалб ҳузури, қалб лаззати эса ўзгачадир. Қалб Иймон неъматидан, Иймонлилар дийдоридан чексиз ва чегарасиз бир тарзда ҳузурланади. Алишер Навоий Жуна ва Масъуднинг ушбу учрашувлари орқали орифларнинг дийдорини ёритиб берган. Чунки бу базмларда май бор, лекин бузуқлик йўқ. Ҳурлар бор, лекин фаҳш йўқ. Муҳташам қасрлар бор, леки ҳирс йўқ. Чунки бу тасвирлардан мурод дунёвий лаззатлар тарғиби эмас, руҳоний покланиш ва юксалиш ифодасидир.

Масъуд ҳадя қилган жом – қалбдир. Ҳеч қачон ичидаги бодаси тугамаслиги – қалбдаги Иймоннинг мўъжизасига бир ишорадир. Иймонли қалб Аллоҳни зикр қилар экан, ундан ором олади. Масъуд суҳбати орқали Жуна ўзидаги ана шу қалбни кашф этади. Нур кўзгуда янада кучлироқ акс этиб порлагани каби Жуна Масъуд суҳбатидан сўнг қалбида ана шу порлашни ҳис этган эди. Бу воқеани Алишер Навоий Масъуднинг Жунага ғаройиб жомни ҳадя қилиши воситасида тушунтириб берган.

Ҳикоятнинг давомида бу маъно кучайиб боради. Келинг, ҳикоятга қулоқ тутайлик.

Тонг отди. Субҳ ринди сабуҳий истади, қуёш унга тоза май тутди.

Бода ичиб ухлаганлар яна бода ичмоқ истаб уйғондилар. Тунги мажлис кундузи қайта тузилди. Бу мажлис одамларнинг ақлу-туйғусини олиб қўйди. Гўзал сўзлар, гулюзли ҳурлар меҳмонларга май тутдилар. Гулгун қаср гулга тўлди.

Масъуд базм асносида ўз хизматидагиларга бир ишорат қилди. Базмга бир гўзал қизни қўлида соз тутган ҳолда келтирдилар. Ул сарвқоматнинг либослари, юзини тўсиб олган бурқаъси гул рангида бўлиб, қўлидаги созни “чанг” деб атардилар. Масъуд: “Юзидаги бурқаъсини кўтарсин ва созини чалсин!” – деб буюрди. Ул ҳур ўтириб, бурқаъсини юзидан олди. Унинг гўзаллиги ҳаммани эс-ҳушдан айирди. Қиз чангни чала бошлади. Чанг торлари шу қадар фиғон қилдики, ўтирганларнинг ҳаммаси бу фиғондан жон бергандек бўлдилар. Қизнинг гўзаллиги, созандалиги шоҳни асир қилди. Масъуд канизакни сидқидилдан шоҳга туҳфа айлади.

То оқшомгача, оқшомдан ярим тунгача мажлис шу тариқа давом этди, мезбон барча меҳмонларга саноқсиз ҳадялар берди, тун чўкди ва ҳамма уйқуга кетди.

Маълумки, май ичиб ухлаган инсон бошида оғриқ билан кўзини очади ва томоғи қуриб, яна май истайди. Ярим тунгача зикр мажлисида бўлган жамоа тонгни зикр ила қарши оладилар. Уларнинг зикрлари муттасилдир. Алишер Навоий мазкур ўринда ана шу нарсани назарда тутган.

Мажлисга кириб келиб, юзидаги бурқаъни кўтариб, чанг чалиб, барчанинг эс-ҳушини ўғирлаган париваш руҳоний ҳолатдаги яна бир кашфиётдир. Масъуд ўз суҳбати ила Жунадаги ирфонни уйғотган. Ҳикмат эшикларининг очилишига сабаб бўлган. Алишер Навоий бу мажлис ақлу-ҳисни оладиган мажлис бўлди деб тасвирлайди:

Яна кундузга чекти ул мажлис,
Қўймай ул мажлис элга ақл ила ҳис.

Ақл ва ҳисни олиб қўядиган мажлисни сиз тасаввур эта оласизми? Ақл ва ҳисни йўқотишни қандай тушунмоқ мумкин? Маълумки, одамзод ё ақли, ё туйғуси – ҳис билан ҳаракат қилади. Бу икки хислатни бой бериш оқибатида нима рўй беради? Қандай қудрат борки, тирик одамнинг ақлини ҳам, ҳиссини ҳам суғуриб олса!

Бу ҳол Алишер Навоий тасвирлаётган Жуна ва Масъуднинг мажлиси ақл ва туйғулардан юксак бир мажлис эканлигини билдиради. Бу мажлиснинг энг юқори чўққиси паривашнинг кириб келиши ва чанг чалиши ҳисобланади. Албатта, бу ҳам, таъкидлаганимиздек, руҳоний кашфиётнинг рамзий ифодасидир.

Иккинчи кун ўтиб, учинчи куннинг тонги юз очди. Бу кунги мажлис ўтган икки кундагидан кўра жўшқин ва қайноқроқ бўлди. Иш – май ичмоқ, гул сочмоқ, май чеҳралардан гул очмоқ эди. Зебу-зийнат аввалгидан ҳам кўпроқ, айш-ишрат янада зиёдароқ эди. Мезбо яна амр этди. Худди бир насим эсгандек бўлди. Бу ажойиб отни келтирдилар. Бу от қадами Шабдездек, ранги қизил эди, шунинг учун лақаби Гулгун эди.

Дев каби баҳайбат, пари ва девдан туғилган каби бу тулпорнинг чиройи олдида ақл лол, туйғу ожиз эди. Унинг ичган суви – май, найшакар эса емиш эди. Ҳар қадами ўн қадамга тенг, бир кечаю кундузда юз йиғоч йўл босар эди. Бу тулпорни кўрган нафақат одамлар, балки деву пари ҳам эсини йўқотарди, табиий. Масъуд отни Жунага ҳадя қилиш учун келтирган эди.

Шоҳ бениҳоя хурсанд бўлди. У аввалги ҳадялардан ҳам кўра бунисидан кўпроқ шод эди.

Ўтган икки кун каби жуда кўп бойлик ҳадя қилинди, меҳмонлар хушҳол бўлдилар, барча май ичиб маст эди, уйқуга кетдилар.

Мазкур ўринда Масъуднинг Жунага от совға қилгани ҳам, албатта, рамзий маънога эга. От – тарих одамларининг бетимсол бойлиги эди. Улар отни қадрлашган. Оти борнинг бойлиги бор саналарди. От узоқни яқин қилади, у ҳайвон каби эмас, худди ақлли бир мавжудот каби турмушдан ўрин тутган. Шу маънода, от инсонни ўз елкасига олиб, олисларга етказиб борар экан, Масъуднинг Жунага от ҳадя қилиши – бу базм, бу мажлисдан сўнг Жуна руҳий ва маънавий жиҳатдан юксалганига бир ишорадир. Энди у аввал ўйламаган ва аввал англамаган ҳақиқатларни англай оладиган даражага етган эди. Бу оддий одамлар билан унинг ўртасига, шубҳасиз, катта фарқни қўяди. Чўққига чиққан инсоннинг кўрганлари қуйидагиларга номаълум бўлгани каби ўз нафсини тарбиялаб, қалбини поклаб, Аллоҳ зикрида юрган инсоннинг қалби, ақли тушунган ва идрок этган нарсаларни бошқалар идрок эта олмайдилар.

Аммо инсонлар она қорнидан ҳикмат соҳиби бўлиб туғилмайдилар. Аллоҳ муносибларга ҳаёт давомида ҳикмат ато этади. Бу ҳикматлар ҳикмат эгаларидан олинади. Масъуд ҳикмат эгаси эди, унинг суҳбати Жунага ҳикмат булоқлари каби таъсир этди. Масъуднинг уч ҳадяси – майи тугамайдиган жом, чанг чалувчи канизак, Гулгун лақабли от ана ҳолнинг рамзий ифодасидир.

Жуна қуёши юзини очди, шом ҳиндуси аскарлари қочишга мажбур бўлди – тонг отди. Шоҳ Жуна мамнун уйғонди. Мезбон унинг атрофида парвона эди.

Мезбон яна суҳбат қилишга ва бода ичиш учун унинг қошига келди. Шоҳ: “Эй дўст! Кўнглимизда шундай меҳр бор экан, сен уни юзага чиқардинг! Мезбонлик қилиш сен қилгандек бўлади. Бу хизматларингни ўлгунча унутиш мумкин эмас. Ҳижрон дарди қанчалик оғир бўлмасин, фармон бер, кетадиган фурсатимиз келди. Келиш меҳмоннинг ихтиёри билан, кетиш мезбоннинг қарори билан”.

Айрилиқ сўзи айтилгач, Масъуд кўп безовта бўлди: “Эй ажойиб инсон! Бу айтган гапинг қандай гап бўлди? Суҳбатинг билан хушҳол эдик, сендан айрилиш бизни паришон қилур. Агар яхши хизмат қила олмай, қусур қилган бўлсак, карам қил, айб билма! Қуёш каби жамолингдан, ширин сўзларингдан шод эдик, истаганингча бу ерда яша, биз бундан фақат масрур бўлурмиз! Лекин истамасанг, бизни хатоларимиз учун кечир!” – деди.
Шоҳ унинг узрларини қабул қилди ва ўз уйига равона бўлди. Гулгунга миниб, Масъуднинг ҳадяларини олиб йўлга чиқди. Ўша куни Деҳлига кириб борди. Йўқлиги пайтида қолган ишларини тўғирлади, аммо хаёли Масъуднинг ишларида эди. Масъуд билан кечган суҳбатларни хотирлаб, у берган жомда май ичарди.

Масъуд яшайдиган Тироз шаҳрида ҳиммати паст биров волий эди. У асли Жунпур шаҳридан бўлиб, исми Жайпур эди. Унинг зулми Ҳинд мулкида машҳур эди. Ундан келган шикоятчилар шоҳ Жунага кўп арз қилдилар. Шоҳ уларни тинглаб кўрди, савол берди, Жайпурнинг зулми аниқ бўлгач: “Жайпурни волийлиги битди! Тироз шаҳрига Масъуд ҳоким этиб тайинлансин ва у эшигимизга зудлик билан келсин!” – деб фармон ёздирди.

Лекин бу фармондан аввалроқ хабари Жайпурга етиб борди. У салтанат қўлдан чиққанини билди. Шоҳ адолат қилиб уни сўроқ қилишини англаб етди, кирдикорлари очилиб, жазоланишидан даҳшатга тушди. Унинг Маллу деган бир ноиби бор эди. Унинг иши зулм, гина-кудурат, макр эди. Жайпур Маллуни чорлаб савол қилди: “Шоҳ мени мансабдан олибди, эрта-индин фармон келади, ўрнимга янги волий тайин этилибди. Исми Масъуд экан. Энди нима қиламиз?”

Золим ва ситамкор Маллу маккорларча сўз бошлади: “Бу ишларнинг ягона айбдори – Масъуддир! Унинг довруғи шоҳга қадар етиб борибди. Биласиз, у бениҳоя бой ва ўзини ҳамиша саховатпеша кўрсатиб юради. Тўғри, Масъуд жуда яхши одам. Ҳатто, таърифлаганларидан ҳам кўра яхшироқ. Ахлоқи ҳаммадан гўзал. Шоҳ сендан кўра афзал билиб, уни волийликка муносиб кўрган, албатта. Агар у йўқ қилинса, сенга омад кулиб боқади. Уни бой берган шоҳ ҳам зарар кўради, мамлакат ҳам сенга қолади”, – деб маслаҳат берди.

Ҳикоя кулминацион нуқтага кўтарилишни бошлади. Ўртага шайтон тушди. Чунки ҳаёт, айниқса, мўминларнинг, орифларнинг, ҳақ йўлдагиларнинг ҳаёти ҳеч қачон бир текисда кечмайди. Улар ўз иймонларида собит бўлганликлари учун, албатта, шайтон ва унинг лашкарлари билан тўқнашадилар, жанг қиладилар, озор ва ситам кўрадилар. Қонуният шундай. Ўз йўлингда собит турдингми, бос, сени синдириш ва хор қилиш учун шайтон бор кучини ишга солади.

Масъуд ва Жунанинг қалби ўзаро муҳиб бўлди. Улар Аллоҳ йўлидаги дўстга айландилар. Лекин шайтон ҳаракат бошлади. Энди бу дўстлик, энди бу эътиқод жиддий синовга учрайди. Бусиз иложи йўқ. Ерга тушган уруғ ўсиб дарахтга айланиши учун тупроқни ёриб чиқиши керак. Қалбдаги Иймон қувватга тўлиши ва зиёда бўлиши учун, албатта, имтиҳонларга, тўсиқларга учраб, тобланиб, ғолиб бўлиши лозим. Масъуд тақдирида ана шу босқич бошланди. Жайпур ва Маллу шайтон малайлари тимсолида ҳақ йўлдаги одамларга ҳужум қиладилар. Шайтон одамни Аллоҳ афзал қилганига ҳасад этгани каби Жайпур ва Маллу Масъуднинг бегуноҳ ва яхши инсон эканлигини била туриб, разолат йўлини тутдилар. Бу ўринда шайтон каби Жайпурни йўлдан оздирган Маллу эди. Кўп ҳолларда ожиз ҳукмдорларни унинг маслаҳатчилари ҳалокатга бошлагани сингари Маллу ҳам Жайпурни зулм йўлига йўлламоқда. Ўз заволига бир яхши инсонни айбдор деб билмоқда. Худди шайтон агар одам бўлмаса, мен азиз бўлардим деб ўйлагани каби.

Қани, кўрайлик-чи, улар Масъудга қандай фитна тайёрлар эканлар?

Маллунинг маслаҳатидан сўнг Жайпур: “Агар Масъудни йўқ қилиш чора ҳисобланса, буни қандай қиламиз?” – деб сўради. Маллу эса шундай деди: “Аввало, уни ўзингга дўст тут. Меҳру муҳаббатингни изҳор қил. Уйингга чақириб, меҳмон қил, ўзинг ҳам унинг уйига бор”.

Бу маслаҳатдан Жайпур хурсанд бўлди ва Масъуд билан дўстлашишга киришди. Юз хил ҳийда-найранг ва афсун билан Масъудга дўстлик изҳор қилди. Уйига чақирди. Ҳар куни суҳбатлашиб ўтирди. Масъуд эса Жайпурнинг ширин сўзларини рост деб билди. Ҳақиқатан ҳам беғараз бир дўст деб ўйлади. Бир куни Жайпур Масъуднинг уйида ўтириб, меҳмон бўлди. Кўп ноз-неъматлардан баҳраманд бўлди. Масъуднинг таклифи билан Жайпур шу кеча унинг уйида ухлайдиган бўлди. Масъуднинг одамларини ҳам ғафлат босиб, ухлаб қолдилар. Айни шу ҳолни кутиб турган Маллу Масъуднинг ҳовлисига бир неча ваҳшийларни олиб келиб, Масъудни қўл-оёғини боғлаб олиб чиқиб кетдилар. Ўз уйига бориб, Масъудни бир чоҳга ташлатди.
Бу қора тун ёришди. Масъуднинг одамлари уйғониб ишга киришдилар. Улар хожалари уйда эмаслигини билиб ҳайрон бўлишди. Ҳар томондан изладилар. Аммо Масъуд ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ эди. Ҳамма ғамга ботди. Айниқса, Жайпур ҳаммадан кўра ғамнокроқ эди. У ёқасини йиртиб фиғо қилар, астойдил қайғурар эди. Ҳар томонга одам йўллаб, Масъудни излатдилар. Лекин топилмади. Бир инсоннинг ўз-ўзидан ғойиб бўлишини ҳеч ким тушуна олмас, алал-оқибат, уни ўлган гумон қилиб, мотам тутдилар. Мотам барча элни ожиз айлади.

Волий Жайпур ҳаммадан кўпроқ ўзини азобланган кўрсатиб, ғамда эди. У ташида кўзёш тўкса-да, ичида Масъуд йўқолганидан жуда хурсанд эди. Масъудни ўлдига чиқариб, етти ошини ҳам берди. Сўнг дардманд бир қиёфада ўз уйига қайтди.

Маллу ўғирлаб кетган кеча Масъуд чоҳда кўзларини очди. Ўзини ғариб бир ҳолда кўрди. Кўзини юмганда ўз уйида, очганда эса чуқур чоҳда бўлган инсон қай ҳолга тушса, у ҳам шу ҳолга тушди. Қўл-оёқлари боғланган. Таги эса балчиқ. Атроф гўр каби қороғу. Ғалати ҳолга тушган Масъуд: “Ё Аллоҳ! Бу қандай ҳол! Туш кўряпманми? Ё бу бир хаёлми?” – деб нидо қилди. Қаерда эканини идрок қила олмай, гумон устига гумонда қолди. Шу пайт кимдир чоҳ оғзини очди. Пастга арқон ташлаб, тепага тортиб чиқардилар ва бир хонага олиб кирдилар. Йўл-йўлакай ҳақорат ва таҳқирни унутмадилар. Хонага эса кутилмаганда Жайпурнинг тунд вазири Маллу кириб келди. У оғзига келтганини қайтармай Масъудни сўкиб кетди. Бир киши эса вазирнинг олдига бир қучоқ гаврон қўйди.

Маллу: “Буни уриб азоблаш учун ечинтиринг!” – деб амр қилди ва икки кишига Масъуднинг оёқ-қўлларини ушлаб туришни буюрди. Бошқа икки кишига гаврон билан саваланглар деди. Золимлар вазирнинг ҳукмига итоат қилиб, Масъудни беаёв калтаклашга киришдилар. Масъуд оғриқларга чидай олмай фарёд қилди: “Нега мени уряпсизлар? Мақсадингиз нима? Ғаразингиз мол бўлса, истаганча олинг! Жонимни хоҳласангиз, азобламасдан ҳам уни олса бўлади-ку!” – деди. Лекин золим вазир Маллу қулоқлари кар одам сингари: “Уришни тўхтатманг!” – деди. Икки золим Масъуднинг гулнинг барги каби яланғоч танига аямасдан бор кучлари билан гаврон солардилар. Масъуд фарёд устига фарёд чекарди. Аммо унинг фарёди ҳеч бир кишига етмас эди. Охири иккита ёғоч синди, иккита урувчи чарчади.

Золим вазир Маллу: “Бас қилинг, урманг. Бугун уни таёқлаб ўлдириб қўйманг! Уни қатл қилмайман, балки азоблаб ўлдираман!” – деди.

Маллунинг бу малъун гапидан ҳатто гардун хижил бўлди. Само ларзага келди.

Калтакланиб бўлгач, нотавон Масъуд бир амаллаб ўтирди. Фиғон тортиб, қон тупуриб гап бошлади: “Эй мусулмонлар! Гуноҳим нима, айтинг! Ёронлар шундай зулм қиладими? Зулмни тўхтатинг! Гуноҳим бўлса, буни айтинг! Одамзоднинг иши хато қилиш. Хато ҳаммага хос. Хатойимни айтинг ва қандай мол-мулк истасангиз, муҳайё қила!”

Масъуд шундай деб бир неча марта ёлворди. Аммо унга дили тош золим парво қилмади: “Оғзини ёпинг! Бундай афсоналарни ортиқ сўзламасин!” – деди. Масъудни яна боғлаб Юсуф каби чоҳга улоқтирдилар.

Айнан шу саҳна мени ларзага солганди. Ҳеч қандай гуноҳсиз инсонни оёқ-қўлини боғлаб аёвсиз уриш қандай рўй беришини мен яхши биламан. Масъуднинг ҳолатини жуда чуқур ҳис қиламан. Маллуни эса яхши танийман. Айниқса, қуйидаги байтларни ўқиганда Масъуднинг фарёди қулоғимни қамраб олган эди:

Ҳукм қилдики: “Очингиз расанин.
Яланғочланг, азоб этарга танин!”

Дедиким, чекти они икки киши,
Йиғоч урмоқ яна икининг иши.

Нечаким зорлиғ била Масъуд
Дедиким: «Айтингиз, недур мақсуд?

Ғараз ар мол эрур эмас ул кам,
Жон эса йўқ турур музояқа ҳам».

Килмади истимоъ золими хас:
«Йиғоч урмоқни, – деди, – қилманг бас».

Барги гулдеқ танин топиб яланғоч,
Икки золим урарлар эрди йиғоч.

Неча фарёд этибки, урди печ,
Киши фарёдиға етишмади ҳеч.

Токим икки йиғоч ушолди дуруст,
Бўлди икки йиғоч урғучи суст.

Деди золимки: «Бас қилинг, урманг,
Букун они таёқлаб ўлтурманг.

Қатл қилмасмен изтироб айлаб,
Ўлтурурмен, вале азоб айлаб».

Қўпти бошу аёғидин икки дун.
Бўлди ул феълидин хижил гардун

Қўпуб ўлтурди нотавон Масъуд,
Деди тортиб фиғони дардолуд

Ки: «Гуноҳим недур, мусулмонлар!
Қилмади буйла зулм ёронлар!

Зулму бедод расмидин қайтинг,
Гунаҳи айлаган эсам айтинг.

Одами жойизул-хато бўлмиш,
Бу хато борчаға раво бўлмиш.

Ўткарай ҳар не таржумон десангиз,
Молдинким десунки, жон десангиз».

Неча бу навъ зоҳир этти наво,
Қилмади дуни сангдил парво.

Дедиким: «Қўймангиз ани сўзга,
Демасун бу фасоналар ўзга».

Боғлатиб солди чоҳнинг таҳиға,
Яна ер тутти Юсуф ўз чаҳиға.

Озодликда юрар эканман, бу жойларини ўқиб беэътибор ўтиб кетганим рост. Аммо энди шу жойини такрорлаб ўқирдим. Ё Аллоҳ! Алишер Навоий нималарни ёзмоқда? Дўстлар, Алишер Навоий кимнинг ҳолини баён қилмоқда?

Мутлақо беайб одамни азобга солишдан кўра улкан зулм борми оламда? Масъуд менга ҳамдард эди. У каби бутун вужудим титради. У каби томирларимга қадар азоб етди. Маллуга бўлган нафратимнинг чеки йўқ эди. Маллуга чексиз қарғишлар ёғдирдим. Дуоибад қилдим. Жаҳаннамни, азоб фаришталарини яратган Аллоҳга ҳамд айтдим! Маллу қилган зулмга муқобил жазони Аллоҳдан бўлак зот бера олмайди. Бунга аминман!

Афсус, воқеалар китобнинг ичида содир бўлаётган эди. Масъуд ёлғиз, зиндонда эди. Фарёд қиларди. Уни мен эшитардим. Бошқа ҳеч ким эшитмасди. Китобга кириб, Масъудни қутқара олмасдим, Маллуга жазо беролмасдим. Яна минг афсуски, агар у воқеалар ёнимда содир бўлса ҳам, заиф эдим. Ҳеч нарса қўлимдан келмасди. Фақатгини нафасимни ичимга ютиб, ўзимнинг калтак емаслигим ҳақида ўйлай олардим, зотан. Китобхон ўлароқ Алишер Навоий баён қилаётган воқеанинг ичига кириб қолган одам эдим, гўё.
Энди юракда алам ила бегуноҳ Масъуднинг ҳолидан хабар олсак.

(Давоми бор)

Акром Малик