O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Борчадин яхшироқ ҳаёт гули…” (1)

“Борчадин яхшироқ ҳаёт гули…” (1)
248 views
12 November 2019 - 17:52

(Жуна ва Масъуд: дўстликдан бир ҳикоят)

2018 йилнинг феврал ойларида оҳак заводида яқин бир йил давомида узлуксиз ишлашим оқибатида кўзларимда оғриқ пайдо бўлди. Февралнинг охири, мартнинг бошларида – аниқ кун ёдимда йўқ – касал бўлиб қолдим. Ишдан келиб, санчастга чиқдим. Иситма кўтарилиб, оёқда тура олмайдиган ҳолга етганим учун зудлик билан даволаш чоралари кўрилди. Кўзим ва бошим аралаш оғригани учун оғриқ нуқталарини идрок этолмай қолдим.

Йўқ, хайрият, битта укол кифоя қилди – санчаст палатасида уч соат ётиб ухладим. Ўзимга келдим. Беш кунга ишдан озод бўлдим. Ҳар куни санчастга қатнаб, уч маҳал укол олиб юрдим.

Бу даврга келиб, қамоқдаги вазият юмшаб бўлганди. Ходимлар умуман сўкмасди. Фақат яхши гап!
Эски маҳкумлар яхшилик бўлишига ишонмасди.

“Булар арқонни узун ташлаб қўйишди, эртага, мана кўрасизлар – ёппасига ур-сур бошланади!” – уларнинг “башорати” шундай эди.

Қамоқда яхши инсон ниқобини кийиш имконсиз бир иш. Ҳеч ким ўзи айтганидек ва ўзи орзу қилганидек бўла олмайди. Қамоқ ниқобларни йиртиб ташлайди. Кўкрагига уриб, “Мендирман ўша!” деган валломатлар ҳам бу маконда чорасиз қолади.

Бир том остида – катта хонада, яъни баракда юз эллик-икки юз инсон яшайди. Баъзилар бир неча ой, баъзилар ўн йиллаб. Қайси нуқсонингни кимнинг кўзидан яшира оласан?! Авлиё эканингга биров ишонармиди?! Актёрлики йиғиштириб қўйишга тўғри келади: ахлат бўлсанг, ахлатлигингни кўрсатасан, одам бўлсанг, одамлигингни.

Шундай қилиб, мен бир жойга жамлаб қўйилган юзлаб бу инсонларнинг аксари аслида муносиб бўлганлари учун шу жойда эканликларига иймон келтирдим.

Мен умумий тартибли қамоқда жазо ўтадим. Лекин қатъий тартибли қамоқ деган тур ҳам бор. Умумий тартибли қамоқдагилар соддароқ, тозароқ бўладилар. Зотан, уларнинг кўп қисми биринчи марта қамалган. Лекин қатъий тартибли қамоқларда иккинчи, учинчи ва ҳакозо марта қамалганлар “ўтиришади”. Уларнинг ичидан инсофли, виждонли, иймонли бир инсонни топиш қоронғу тунда игна излагандек бир иш.

Қамоқларда уриш, сўкиш қатъиян таъқиқлангандан сўнг ўзларини мазлум санайдиган, бир пайтлар мулла минган эшак сингари юрганлар таптортмас “қаҳрамон”га айланиб қолганларига гувоҳ бўлдим. Инсоний ҳуқуқларнинг қатъий тарафдори бўлганим ҳолда тан олиб айтаманки, кўпчилик орзу қилаётган эркинлик гоҳо нафсоний истаклар учун эшик бўлишини чуқур тушуниб етдим.

Хулоса қилдимки, одамнинг ичида уни бошқариб турувчи қудрат бўлмаса, у ҳалок бўлади. Бу қудрат – Иймондир. Шунинг учун ҳам ҳеч ким йўқ жойда ҳам гуноҳдан тийилмоқ – айни тақвонинг ўзидир деб айтадилар. Эркинликни “Ҳеч кимдан қўрқмаслик имкони” деб қабул қилсак-да, қўрқишимиз ва ҳаё қилишимиз шарт бўлган Аллоҳни унутмоқ мумкин эмас.

Дарвоқе, мен 2018 йил феврал-март ойларининг қайсидир куни касал бўлиб, санчастга борганим ҳақида гап бошлаган эдим. Даволандим. Оғриқлар қолди. Тузалдим. Ишга чиқдим. Лекин ишда қўзим оғриди. Билдимки, муаммо кўзда экан. Чунки охирги марта 2008 йил кўзга махсус даволаш курслари қабул қилганман. Кўчада бунга эҳтиёж сезмаганман. Лекин ўтган икки йил давомида – ҳарқалай, оғирлашган шароит – назаримда, кўзимда махсус даволашга эҳтиёж пайдо бўлган эди.

Ишга чиқмайман дедим.

Қамоқда ёлғон кўп. Жуда катта қисм маҳкумлар ўзаро ёлғон гапиришади. Бир-бирини алдайди. Қамоқда хизмат қиладиган милисалар ҳам шунинг учун маҳкумга кўп ишонмайдилар. Менинг ҳам кўзимдаги муаммога ишонқирамай қарадилар.

Лекин тўсатдан вазият ўзгариб, ишга чиқма дедилар. Тошкентдан келган текширувчи яхши гапириб, “Кўзингда нима муаммо?” – деб сўради. Даволаймиз деди. Мен уйимдан келган дориларни қабул қиламан, яқинда колонкага чиқаман, ўша ерда даволаниш осон, ҳам уйимга яқин деб рад қилдим. Шунчаки, оҳак ва ғишт заводида ишламаслигимни маълум қилдим. Рози бўлишди.

Шу тариқа 2018 йилнинг апрел – май ойларидан бошлаб ишга чиқмадим. Кун бўйи баракда қолдим. Бундай меҳрибонликдан ҳайрон ҳам бўлдим. Аммо ҳаммасига ойдинлик киритилди: кутилмаганда келган адвокатим интернетда мен ҳақимда бир хабар чиққанини айтди. У хабарга кўра, менинг кўзим кўр бўлиб қолган эмиш. Кулдим.

“Оҳакда заводида ҳар куни кўзимизга оҳак парчалари киради. Менда ҳам шундай бўлганди. Санчастга боргим келмаганди. Тун бўйи ухлай олмадим. Биродарлар биргалашиб ярим кечаси кўзимни тозалашди. Аммо бу воқеага ҳам уч тўрт ой бўлиб қолди”, – дедим.

Ота-онам, бобо-бувиларим хавотирда эканлар.

Тинчлантиринг, соғман, ишга ҳам чиқаришмаяпти дедим. Шунда тушундимки, интернетда чиққан ушбу хабар сабабли менинг соғлигим ҳақида суриштирган эканлар.

Хуллас, ишга чиқмайдиган бўлдим. Ўша кунларда илтимосимга кўра дўстларим менга Алишер Навоийнинг “Хамса” китобидан “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр”, “Садди Искандарий”ни почта орқали юборишди. Хурсанд бўлиб кетдим. Шу тариқа, хамсахонликни бошлаб юбордим.

Барагимизда ёши улуғ бир инсон ҳам бор эди. Катта ташкилотда раҳбар лавозимларда ишлаган бу одам адабиётни тушунарди. Шу амакига “Хамса”дан ўқиганларим ҳақида айтиб берганман. Хусусан, бугун ушбу мақолада сизларга бироз шарҳлар билан баён қилмоқчи бўлганим Жуна ва Масъуд ҳақида ҳам.

Нега айнан Жуна ва Маъсуд ҳикоясини танладим?! Чунки бу ҳикоятда ўзим учун муҳим масалаларни кўрганман.

Маълумки, “Сабъаи сайёр” достонида майхўрлик қилган Баҳромшоҳ севгилиси Дилоромни саҳрода қўл-оёғини қизнинг ўз сочлари билан боғлаб қолдириб кетади. Кайфи тарқаб, Дилоромни қидиради, лекин тополмайди. Виждон ва севги азоби сабабли қаттиқ хасталанади. Мамлакат ҳакимлари маслаҳати билан унга етти хил рангда етти сарой қуриб берилади. Ҳафтанинг етти куни давомида ҳар куни биттадан саройга кириб ором олган шоҳ етти мусофирнинг ривоятларини тинглайди.

Биз танишадиган ҳикоят тўртинчи иқлимдан келган мусофирга тегишли.

Унинг айтишича, қайсидир даврда Деҳлида Жуна исмли подшоҳ ҳукмронлик қилган. У эл орасида саховати билан машҳур эди. Сабаб топмаса юзлаб олтинларни одамларга ҳадя қиларди, сабаб топгудек бўлса, хазиналарини бутунича тарқатарди.

Кунлардан бир кун дунёга этак силккан бир дарвеш унинг ҳузурига келди. У шоҳга бир сават нок ҳадя қилди. Бир неча кун меҳмон бўлди. Шоҳ мулозимларига: “Бу дарвешдан пинҳон сўранглар-чи, нима ҳожати бор экан?” – деди. Дарвеш: “Менга битта арра, битта теша керак”, – деди. Шоҳ ҳайрон бўлди. Сабабига қизиқди. Дарвеш: “Бу нок мевасидан қаерда бўлса, ҳаммасини кесиб, нобуд қилмоқчиман”, – деди.

Дарвеш бу тилаги орқали шоҳ ҳеч ким кўрмаган ва ҳеч кимга насиб этмаган ажойиб неъматларга муносиб эканлигини англатган эди. Бу подшоҳ Жунага маъқул келди. Бир мамлакат баҳосидаги хазинани ҳадя қилди. Бу хазина ичидаги олтинлар бир миллионни ташкил қиларди. Вазирлар шоҳни турли баҳоналар билан ўша хазинага бошлаб келдилар. Ўйладиларки, шоҳ шунча кўп ҳадя бераётганини кўриб, миқдорни камайтирар!
Подшоҳ эса ўз ҳадясига назар солда ва: “Кам экан-ку!” – деб уни икки баробар кўпайтириб берди. Чунки шоҳнинг бундай нарсалар билан иши йўқ эди, зотан, бундай хазиналар унда ҳисобсиз эди.

Алишер Навоий Жунани таништириш учун бу ҳикоятни келтиради ва ўқувчи тасаввурида асар қаҳрамонининг маънавий олами, куч-қудрати ҳақида маълумот пайдо бўлади.

Шоҳ Жуна ўз саройида суҳбат қуриб ўтирарди. Одатдагидек, унинг эҳсон булутларидан дурлар сочиларди. Ҳузуридаги бир ғариб меҳмон унга бир кўзгуни туҳфа қилиб келтирган эди. Кўзгунинг хислати шу эдики, унга қараб сўзлаган инсон рост гапирса, ўз аксини соф ҳолда кўрарди, ёлғон гапирса, қорайган чеҳрасини.

Подшоҳ Жуна буни синаб кўрди, кўзгудаги бу хислатга ишонч ҳосил қилди. Меҳмонга бениҳоя кўп мол-давлат берди ва аснода: “Оламни кезиб юрган сайёҳсан, мен каби бошқа бирор саховатли инсонни кўрдингми? Кўрган бўлсанг, хизматида бўлганмисан?” – деб сўради.
Меҳмон хижолат тортиб қолди. Ҳа деса, шоҳни ранжитаман деб истиҳола қилди, йўқ деса, шубҳасиз, уни ўз кўзгуси фош қилар эди. Шоҳга оғир ботишидан қўрқиб: “Мен борган бирор жойда сен каби сахийни кўрмадим!” – деди. Шоҳ: “Гапинг чинми?” – деди. “Чин!” – деди меҳмон. Шоҳ: “Унинг юзига кўзгу тутинг!” – деб амр қилди. Меҳмоннинг юзи кўзгуда қоп-қора кўринди ва унинг ёлғон гапиргани фош бўлди.

Шоҳларнинг хизматида бўлиш, уларга ҳақиқатни айтиш жуда оғир иш. Қарангки, рост-ёлғонни фош қиладиган кўзгу бўла туриб, айни шу кўзгуни келтирган инсон шоҳга ёлғон гапирмоқда. Рост-ёлғонни кўрсатиб берувчи кўзгу бўлмаган бизнинг замонда аҳвол қандай деб ўйлайсиз?!

Ҳусайн Бойқаронинг энг яқин амири, бош вазири, муҳрдори бўлган Алишер Навоий ушбу ҳикоятни подшоҳ, шубҳасиз, ўқишини билар эди. Рост-ёлғонни айтиб берувчи кўзгу қаршисида-ки, шоҳнинг нафсига оғир ботмасин деб уни алдайдиганлар борлигини айтиш орқали шоир шоҳга жиддий ишора, жоиз бўлса, бир киноя қилган эди: “Подшоҳим, қошингизда Сиз ҳақингизда айтилаётган мақтовларнинг барчасини рост деб ўйламанг!”

Ҳикояга қайтамиз.

Меҳмоннинг алдагани маълум бўлгач, нафақат, ёлғон гапирган сайёҳ, балки шоҳ ҳам ўзини шарманда бўлган деб ҳис қилди. Шундай бўлса-да, яхши гап бошлади: “Эй гўзал сифатларга эга инсон! Сен биздан уялдинг, буни биламан. Юзинг кўзгуда қора кўринди, демак, бизни алдадинг. Энди ростини гапир: мендан ҳам кўра сахийроқ кимнидир кўрдингми?”

Иложсиз қолган сайёҳ: “Ҳа, сиздан сахийроқ инсонни кўрганман!” – деди. Шоҳ: “Кўзгуга қара!” – деди. Кўзгуда унинг юзини оқ кўрсатди.

Подшоҳ Жуна меҳмоннинг сўзи рост эканлигига амин бўлгач: “Айт-чи, мендан ҳам кўра саховатли у инсон ўзи ким? Нима иш билан машғул?!” Меҳмон: “Эй баланд тахтли подшоҳим! Энди сизга бор ҳақиқатни айтмасам бўлмайди. Бу бир узун ривоятдир, ёлғиз ўзингиз тингласангиз, яхшироқ бўлади деб ўйлайман”, – деди.

Мажлисдагиларга ташқари чиқиш буюрилди. Уйда шоҳ ва меҳмон ёлғиз қолдилар.

Ровий сўз бошлади: “Ҳиндда бир шаҳар бор. Бениҳоя дилбар шаҳар. У сизнинг қўл остингизда. У шаҳар аҳли ҳар йили хазинангизга хирож йўллаб турадилар. Бу шаҳарни Тироз деб атайдилар. Балки сиз у шаҳарда бўлгандирсиз? Ёки таърифини эшитган чиқарсиз?!”

Шоҳ айтди: “Йўқ, бу шаҳарга борган эмасман. Лекин кўпчиликдан жуда ажойиб маскан деб эшитганман. Сен гапингда давом эт. Нимани кўрган бўлсанг, барчасини баён қилиб бер!”

Меҳмон тавозе билан давом этди: “У шаҳар худди жаннат каби гўзал. Тубо сингари дарахтлари кўкка етган. Сувлари Кавсар каби. Ҳар тарафидан Салсабил анҳорлари оқади. Ҳавоси жаннат ҳавосидек жон роҳати. Одамлари боғдорчилик қиладилар. У ердаги чангалзорлар бошқа жойлардаги боғлардан ҳам афзалроқ.

Бу шаҳарда боғу-бўстонсиз бир инсон йўқ. Ҳар кимнинг ўзи парвариш қилган бир боғи бор. Сиз подшоҳ адолатли иш тутганингиз учун шаҳар халқи шу қадар бой-бадавлат яшамоқдалар.

Шаҳарнинг кўчалари биҳишт каби обод, одамлари худди ҳур, уйлари эса қасрнинг ўзгинаси. Одамлар хазиналарини яшираман деб бирор вайрон топа олмайдилар. Энг нуктадон инсонлар ҳам бу шаҳарни васф этиб, тугата олмайдилар.

Шу шаҳарда Масъуд исмли бир саодатманд инсон умргузаронлик қилади. Аллоҳ таоло уни мол-давлат билан сийлаган. У гулзорларда ажиб базмлар қилади, гулранг бодалар ичади. Мажлисларида гул каби улфатлар унинг дўстлари. Ҳар қадамга гул сочади, бошдан то оёққача гулга бурканган. Гул фасли ўтса, гул каби гўзал либослар киядилар. Юзлари нурли, саховатли бу йигит олдида юзта Хотам келса, унга тан бериши шубҳасиз!”

Меҳмон шу ерда сўзини тугатди. Подшоҳ Жунанинг қалбини эса сабр тарк этди. У бундай саховатли ажойиб инсонни ўз кўзлари билан кўриш истагида ёна бошлади. Шунинг учун: “Бир ҳафта дам олмоқчиман. Ўз ҳарамимда бўламан. Барча хизматчилар уйларига кетсинлар! Аҳлини хурсанд қилсин!” – деб эълон қилди. Барча одамларига рухсат бергач, ҳарамини энг яқин одамларига омонат қилди.

Шоҳнинг бир тулпори бор эди. Худди чақмоқдек учарди. Уни “Сариус сайр” дердилар. Суръати билан ҳаводаги қушни ортда қолдирарди. Бир ҳафталик йўлни бир кеча-кундузда босиб ўтарди. Шоҳ шу отига миниб, Тироз томон йўл олди.

Шу ерда бир лаҳза тўхтаб тафаккур қилсак, ҳикоянинг сиёқи қаерга қараб кетаётгани ҳақида бироз ўйлансак. Воқеаларнинг ичига кириб кўрсак. Шунчаки, баъзи хулосалар чиқариш, ибратлар олиш учун уни реал ҳодиса деб қабул қилсак, қандай бўларкин? Менимча, ёмон бўлмайди.

Одатда, подшоҳлар рақобатни ёқтирмайдилар. Лидерларнинг феъли шундай. Баъзиларнинг ўз қўл остидаги инсонлар нафақат улардан кўп мол-давлатга, балки устунроқ хислатга, фазилатга эга бўлганидан жаҳли чиқади. Ўз рақибини жисман йўқотишни истайдиганлар ҳам бисёр. Алишер Навоий ёзган ушбу ҳикоятга қаранг: Жуна саховатда унга рақиб бўлган инсон ҳақида билишга қизиқди. Кўрсаки, ўз қаламравидаги бир фуқаро! Балки у золим подшоҳ бўлганда: “Зудлик билан Масъуд деган одамнинг мол-мулкини тортиб олинг, хазинамга қўшиб юборинглар! Ўзини эса сургун қилинглар ёхуд зиндонга отинглар!” – деган бўларди, табиий. Аммо Жуна ундай разил одам эмас. У адолатли ва мард ҳукмдор. У ёвузлик, ёмонлик билан эмас, яхшилик ва хайр масаласида беллашишни ва ғолиб бўлишни хоҳлайди.

Эҳсонлари билан Аллоҳга мақбул бўлишни орзу қилади. Бир куни Аллоҳнинг қошида энг саховатли инсон сифатида Унга муқарраб бўлишни истайди. Агар унга таърифланган Масъуд ҳақиқатан яхши инсон бўлса, у билан дўстлашиш керакдир?! Унинг фазилатларидан ибрат олмоқ лозимдир?! Унинг хислатларига ҳавас этмоқ, афзал бўлса, унга хайр ишларда эргашмоқ жоиздир?!

Ҳикоят қаҳрамон Жуна шундай ўйлаган бўлса керак. Агар шундай ўйламаганида эди, хизматчиларига бир ҳафталик таътил бериб, ҳаммадан яширинча Тирозга йўл олмаган бўларди, албатта. Келинг, воқеалар ривожини Алишер Навоийдан билиб оламиз.

Подшоҳ Жуна ўзининг тулпорида етти юз йиғочлик йўлни (бир йиғоч 7 – 8 кмга тенг) икки кунда босиб ўтди ва Тироз шаҳрига етиб борди. Кўрдики, эшитганлари ёлғон эмас – шаҳар жаннат сингари гўзал эди. У Масъуд уйини сўроқлаб, топиб борди. Масъуднинг уйи беҳад муҳташам эди. Тоқ ва айвонлари фалакка етгудек. Уй ҳовлиси одамга тўлган. Тайинланган инсонлар ғариблар хизматида. Улар Жунани ҳам ғариб бир одам деб ўйлашди ва югуриб келиб, ҳол-аҳвол сўрадилар. Меҳмонхонага иззат билан элтиб, жойлаштирдилар. Маркабини отхонага боғладилар.

Меҳмонхона қасрнинг ўзи эди. Остидан устига қадар шоҳона зийнатлар билан тўлган бир маскан. Жунага ором олинг дедилар ва хилма-хил таомлар билан дастурхонни тўлдирдилар. Бу меҳмоннинг ҳолини сўраб мезбон ҳам кириб келди.

У шундай мезбон эдики, зиёфат қилишда беҳад моҳир эди. Ўзининг ақли ва ахлоқи билан Жунани лол қолдирди. Таом чоғи фасоҳатли сўзлар билан меҳмонни зериктирмади. Таомдан сўнг: “Мизожингиз бода тилайдими?” – деб сўради.

Меҳмон рағбат билдиргач, бир бода базмини тузди. Бундай базмни шоҳ Жуна ҳам кўрмаган, ҳатто, тасаввур ҳам этмаган эди.

Масъуднинг қасри ёнида бир ҳаммом бўлиб, бутунлай зебу-зийнати мафтункор эди. Шиша ҳовузлари мисли хушбўй гулобга тўла.

Мезбон меҳмонга: “Ҳаммомга кириб, йўл ғуборидан халос бўлсангиз…” – деб илтимос қилди. Меҳмоннинг истаги шу эди.

Подшоҳ Жуна ҳаммомга кириб ҳайрати устига ҳайрат келди. Ҳаммомнинг осойишталиги, сокинлиги, тилларанг тослари, кумуш дастали обтовалари, мушк билан хушбўй сочиқларнинг оламда қиёси топилмас, эҳтимол. Ҳаммом хизматчилари истарали, ёқимтой инсонлар бўлиб, либослари ҳам беҳад зариф эди.

Шундай қилиб, ювиниб ҳам чарчоқдан, ҳам ғубордан холи бўлган шоҳ ҳаммомдан чиқди ва унга қирмизи рангли либос келтириб тутдилар. Унинг либоси Масъуднинг либоси рангига уйғун бўлди.

Мазкур тасвирлар, ҳикоядаги эпизодларда Алишер Навоий подшоҳлар, амирлар ва, умуман, бадавлат инсонларниннг маиший ҳаётидаги ҳашаматни жуда ёрқин ифодалаб берган. Диққат қилинса, маънан, қалбан юксак шахслар – Маъсуд ҳам, Жуна ҳам шоҳона ҳаёт кечирадилар. Бойлик уларнинг қалбини кўр қилмаган, балки уларнинг хайрли ишлари учун бир сабабдир. Уларнинг ҳаёти машаққат ёхуд қийинчилик билан эмас, балки гўзаллик, фаровонлик билан тўлиб-тошган. Улар умр кечираётган шаҳарлар, саройлар, баҳраманд бўлаётганлари – базмларнинг ҳаммасида фақат бир яхшилик бор. Уларда шайтоннинг бузуқлиги ёки бир ёвузлик йўқ. Демак, бойлик, ҳашамат, гўзаллик иймон соҳиблари учун яхшиликлар, хайрлар қилиш учун бир имкон ҳисобланади. Агар ақлу-фикр билан, тадбир ва ғайрат билан иш кўрмасалар, Жуна ва Масъудда бунча сарват бўлармиди? Йўқ, албатта. Қолаверса, Алишер Навоий ҳам катта мулк, улкан бойлик соҳиби бўлган. Унинг ўзи серҳашам қасрда яшаган. Хизматчилари кўп эди. Даромадларини юрт ободлиги йўлида сарф қилган. Табиийки, унинг қаҳрамонлари аксар ўринларда шоирнинг ҳаётий принциплари ёхуд яшаш тарзини кўрсатиб беради. Аслида ҳам, ақл ва тадбир эгалари, салим ва ҳалим қалб соҳиблари, ғайратли ва ишчан инсонлар ҳалол меҳнатлари сабабли Аллоҳ ато этган баракали ризқдан баҳраманд бўлишлари ҳам бир қонуниятдир.

Ҳикоятни келган жойидан давом эттирамиз.

Масъуднинг базми биҳишт базми каби бўлиб, соқийлари ҳурлар, бодаси эса кавсар янглиғ эди. У шоҳни базмга олиб кириб, ёнига ўзи ўтирди. Мажлис аҳлининг барчаси гулгун рангли тўнда эди. Қадаҳлар тўлдирилди, майлар ичилди.

Шоҳ ҳикмат соҳиби эди. У ақли ўзида бўлган чоғларда бениҳоя хушхулқ ва виқорли эди. Аммо май ҳароратини оширди. Ақлга путур етди. Ўзини жаннатда деб фаҳмлади, атрофдагилар унинг учун ҳур ва ғилмонлар каби туюлди. Сабру-қарори йўқолди, сўзларига беэътибор бўлиб қолди. У гўзал каломлари билан мезбонни ҳайратга солди.

Жуна унга: “Эй ажойиб рафиқ! Юзинг қуёшдек порлоқ. Мени Ҳинд ичидаги бир сайёҳ деб ўйлама. Мен олам аро кезиб юрган мусофирман. Аллоҳ сенга бундай донолик, салоҳиятни берибди ва Ўзи зиёда қилсин! Мен бутун жаҳонда сен каби фазилатли бир кишини кўрмадим. Менга айт-чи, сен бу нарсаларга қандай эришдинг?!” – деб савол берди. Масъуд меҳмонга: “Эй юзларидан нур ёғилган дўст! Шуни яхши билки, бу Аллоҳнинг марҳамати ва инъомидир. Лекин сабабини сўраган экансан, баён қилай, сен тингла! Бизнинг шоҳимиз шундай шоҳки, у олам аҳли учун Илоҳнинг соясидир! Аллоҳ унинг умрини узун қилсин, давлатини барқарор айласин! У ажиб бир одил подшоҳдир, у зулм арқонларини кесди, адолатни қатъий тутди! Унинг давлатида адолат ва омонликдан бўлак нарса йўқ! Мамлакатда адолат бўлса, жамъият одамлари узра барокат ва бойлик ёғилади. Менинг молу-давлатидаги фазл, ақлим ва салоҳиятимнинг сабаби – шоҳнинг адолатидир. Мен мана шундай эътиқод қиламан. Ана шу эътиқодим учун бошқа кишиларга қараганда бойлигим, ҳашаматим, файзу-баракам зиёда бўлди. Яъни менинг бадавлат фазл соҳиби бўлмоғимга икки боис бор: бири – Аллоҳга тинимсиз шукур қилиш, иккинчиси – адолатли шоҳнинг жонига дуо қилмоқдир! Бу икки ишдан эл ғофил бўлгач, уларнинг қайси мақсадлари ҳосил бўлсин, эй дўст? Мен шуни англаб етганим учун Аллоҳ устимдан баракасини, фазлини ёғдириб қўйди”, – деб жавоб берди.

Менимча, Жунанинг саволи ҳам, Масъуднинг жавоби ҳам муҳокама қилишга арзийди. Чунки бу савол, бу жавоб Алишер Навоийга тегишли, албатта. Бу савол ва жавоб замирида жуда катта ижтимоий концепцияни кўряпман.

Ҳаммамиз фаровон ва бахтли ҳаёт тарафдоримиз. Ҳаммамиз яхши яшашни истаймиз. Муҳтожлик, бировнинг қўлига қараб қолишни ҳеч ким истамайди. Ҳамма давр одамлари ана шу манзил сари интилган. Европада ҳам бу масала устида бош қотиришади. Китоблар ёзилган. Катта-катта бизнесманлар, донгдор шахслар ўзларининг муваффақиятларининг сири ҳақида минглаб, ҳатто, миллионлаб одамларга маърузалар ўқишади. Уларнинг аксари болалигида қийналгани, сабот билан интилгани, аниқ тартибда ишлагани, мақсаддан оғишмагани ҳақида гапиришади. Дейл Карнеги сингари муаллифлар эса одамларга самимий-носамимий бўлишидан қатъий назар, жилмайиб муомала қилиш, керак ўринларда, ҳийла ишлатиш ҳақида уқтирадилар. Шундай.

Алишер Навоий-чи?

Мана, Масъуд. Ниҳоятда бой одам. Унинг бойлиги шу қадарки, мамлакат подшоҳи тан берди. Меҳмони бўлди. Ҳатто, бу муваффақиятиниг сирига қизиқмоқда. Бугунги давримизда президентлар, сиёсатчилар, қироллар, қироличаларни лол қолдирган инсонлар орамизда борми? Албатта, уларни топиш мумкиндир, эҳтимол. Гап бунда эмас. Гап шундаки, ўз давридаги ҳукмдори мутлақни ҳарон қолдирган инсоннинг жавобини бизнинг ақлимиз ва дунёқарашимиз қандай қабул қилади? Биз ҳақиқатан ҳам Аллоҳга шукур қилиш ва адолатли подшоҳнинг ҳақига дуо қилиш билан улка бойлик, юксак мартаба, обрў ва мавқе эгаси бўлишга ишонамизми, йўқми?

Ишона олмаслигимиз ҳақиқатга яқинроқ. Баъзиларимиз Алишер Навоий Ҳусайн Бойқарога хушомад тарзида шундай лавҳани киритган ёки ҳикояни шу асосга қурган деб талқин қилишимиз ҳам мумкин. Аслида, Масъуд берган жавобни қабул қила олмаслигимиз – бизнинг эътиқодимиз, ақлимиз ва қарашларимизнинг етарли даражада пок эмаслиги ёки ҳаминқадар эканига бир далолатдир. Янада аниқроқ айтсак, бундай тарбияга эга эмаслигимиз учун Масъуднинг жавобини жиддий қабул қилмаймиз.

Лекин, бу табиий. Чунки Масъуд ўзидан бошқалар шукур ва дуони унутганлари учун у каби бой эмасликларини таъкидлаб турибди. Демак, у даврда ҳам биз каби бу ҳақиқатга ишона олмайдиганлар кўп бўлган.

Энди Масъуднинг жавобини таҳлил қиламиз.

Масъуднинг ҳашамати ва бойлигининг биринчи сабаби – у тинимсиз Ҳаққа шукур қилади. Демак, у зикрда. У Аллоҳни улуғлайди. Аллоҳга ҳамд айтади. Аллоҳга тавба қилади. Аллоҳ уни кўриб турганига инонади. Руҳонияти Ҳақ билан боғланган. Ҳар ишини Илоҳий қудратда, зикруллоҳдан энергия олган ҳолда бажаради. Аллоҳдан қўрққан ҳолда, Унинг муҳаббатини истаган ҳолда ишларини ҳалол бажаради. Кечиктирмайди. Қўл остидагиларга зулм қилмайди.

Аллоҳга шукур қилиш мана шунча жиҳатларни қамраб олади. Табиийки, Роббисига шукур қилишда бардавом бўлган мўминларни Аллоҳ ҳеч қачон ташлаб қўймайди.

Жуна – адолатли шоҳ. Унинг қўл остида қароқчилар, ўғрилар, каззоблар кун кўрмайди. Иймонли инсоннинг мақсади шайтоннинг мақсади билан кесишмагани каби одил ҳукмдорнинг сиёсати қароқчи ва ўғрилар манфаатига ҳеч қачон мос келмайди. Унинг адолати ҳар жойда намоён бўлади. Адолат қиличининг тиғи ҳамиша золимнинг бошида йилтираб туради. Шунинг учун золим зулм қила олмайди, ўғри ўғрилик қилишдан, қароқчи йўлтўсарлик ва босқичиликдан ҳайиқади. Масъуд буни яхши англайди ва шоҳнинг жони омон бўлсин деб Аллоҳга дуо қилади.

Аллоҳга шукур қилиб, адолатли шоҳ жонига дуо қилгач, Масъуд улуғ неъматга, тўкин ризққа соҳиб бўлди. У бунинг ҳақини адо қилди: ҳамиша саховат, беминнат хайр йўлини тутди.

Масъуд халқ тимсоли бўлса, Жуна адолатли шоҳдир. Мазкур ҳикоятда халқ ва шоҳ бирлашган, ягона кучга айланган ва чинакам саодатни намоён этган. Энг эътиборли нуқтаси – бу ишларнинг ҳаммаси Иймон ва соф эътиқод асосида амалга ошади. Аллоҳ хайр ва поклик йўлидаги бандаларига раҳмат ёғидиради.

Бу ўринда диққатга сазовор жиҳатлардан бири – Масъуднинг мамлакат шоҳидан ҳам афзал сифатларга эга эканидадир. Агар биз Масъудни халқ тимсоли деб қабул қилсак, шоҳнинг Масъуддан ибрат олиши, унга муҳаббат кўрсатишини адолатли давлат, одил ҳукмдорлар ҳар қанча улуғ бўлсалар-да, халқ улардан устун туриши маълум бўлади. Бунга пропорционал сифатида яна шуни айтиш мумкинки, агар шоҳнинг адолати бўлмаса, мамлакат хароб, халқ бахтсиз бўлади.

Аллоҳнинг марҳамати, подшоҳнинг адолати, халқнинг шукронаси – шу муҳим унсурни ўзида жамлаган соф эътиқод ва Иймон жамият саодатининг асосидир. Алишер Навоий мазкур ҳикоятда ана шу концепцияни илгари сурмоқда, подшоҳ Жунанинг саволи ва Масъуднинг жавоби замирида ана шу ҳақиқат бор.

Келинг, ҳикоятни ўқишда давом этамиз ва бу масалада яна бир қанча хулосаларга эга бўламиз.

Бу сўзлар шоҳнинг беҳад шодлантириб юборди, бу шодлик худди фарёд қилиш сингари кучли эди. Масъудга нисбатан қалбида улкан меҳр пайдо бўлди, Масъуднинг гўзал хулқи бу меҳрни орттиргандан орттирар эди. Масъуд ўзининг меҳмони билан суҳбат қурар экан, уни фазлу донишда замон яктоси эканлигини кўрди. Унинг қалбида Жунага нисбатан шу қадар меҳр уйғондики, унга жон фидо қилишга ҳам тайёр эди. Масъуд шерик бўлган савдогарлардан бири сафардан жуда катта фойдалар билан қайтган эди, аммо Масъуд учун келган меҳмон билан танишув ундан ҳам каттароқ фойда келтирди.

Савдогар келтирган фойда бир мамлакатнинг хирожи қадар кўп эди, Масъуд иккиланмай уни Жунага ҳадя қилди. Шоҳ ўзини мусофир тутиб, қувонгани ва хафа бўлганини ошкор қилмади.

Мезбон базм ичида туриб: “Менинг ўн канизагим бор. Уларни олиб келинг, халойиқнинг бошига гул сочсинлар!” – деди. Бу пайт куз фасли эди. Аммо сочилган гуллар атрофни баҳорга айлантирди. Ҳамма ёқ гулга бурканди: гулюзли гўзаллар, гулрангли жомлар, гулрангли либослар…

Масъуд бир имо қилган эди бир гул чеҳрали гўзал Жамшид ҳам кўрмага бир жомни шоҳга тутди ва дедики: “Бу жом шундай жомки, уни ўнг томондан айлантирсангиз, қанча ичилса ҳам, ичидаги май асло камаймас! Чап ёндан айлантирилса, оз-оздан ичилади, камаяди, лекин тугамайди. Ҳикмат эгалари буни ясаб, шундай бир тилсим қилишган!”

Шоҳни бу жом бодапараст қилди, у май ичмай маст бўлиб қолди. Мезбон бу жомни Жунага ҳадя қилди. Шоҳ ундан ҳузур билан май ичар эди. Бу оқшом шундай қилиб якун топди.

(Давоми бор)

Акром Малик