Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(101-қисм)
7.Айрим дўстлар бу асаримни эълон қилиш-қилмаслик масаласида жиддий хавотирларини билдиришди. Мамлакатимизда сиёсий вазият ўта оғирлигидан ‒ сўз айтиш эркинлиги буткул йўқлиги ва давлат бошқача фикрга чидай олмаслиги хусусиятидан, менга ва оиламга жон хавфи ўта юксаклигидан эълонни кечиктириш маслаҳатини беришди.
Шу эҳтиёт-тавсияни ҳисобга олмасак, ўндан етти фикр деярли бир жойдан чиқди – буни халқ ўқиши керак! Ўқисин, ўзи тушиб қолган ҳолни кўрсин, уйғонсин!
* “Буни асар қаҳрамони ‒ президент ҳам ўқисин! Қилмишларини кўриб-кузатиб юрганлар борлигини, охиратдагина эмас, шу дунёнинг ўзида ҳам бир куни халқи олдида жавоб бериши муқаррар эканини билсин!”
* “Давлатнинг кучишлатар идоралари, миллий хавфсизлик одамлари ҳам ўқисин ‒ ўзлари ишлаётган муҳим ташкилотлар вазифаси битта шахс ва унинг оиласинигина ҳимоя қилиш эмас, балки миллат ва давлат хавфсизлигини таъминлаш эканини, миллат ва давлат эса бир шахс ёки унинг оиласидангина иборат эмаслигини ҳис этсин. Шахслар ўтади, миллат ва давлат яшайди!”
* “Буни мухолифат – ҳозирги иқтидорга юрт ичи ва ташидаги қаршилар ҳам ўқисин! Фикрлаб, мулоҳаза қилиб кўрсин ва Ватан манфаати йўлида бирлашиб, мамлакат аҳволини ўнглашнинг мусбат усуллари устида бош қотирсин!”
* “Қолаверса, оддий халқ ҳам ўқисин! Тушкунликдан қутулсин, кўксини кўтарсин! Ҳақ сўз ўлмаганини, халқ зулм қаршисида ёлғиз ўз ҳолига ташлаб қўйилмаганини, унинг ёнини оладиганлар мамлакат ичида ҳам борлигини билиб қўйсин!”
* Бир устоз ёзувчи акамиз алқаб ҳам қўйди: “Юзимизни ёруғ қилиб берибсиз. Эртага «Зиёлилар нега жим турди?!» дейилганида ерга қараб қолмайдиган бўлибмиз…” деди.
Бу фикрлар китобни ўқишдан туғилган чет мулоҳазаларнинг қаймоғидир.
Аммо ўртада ҳозирча “аҳмоқлик” деган бир муносабатинигина биладиганим олим акамиз бор. У кишини мен жуда ҳурматлайман, фикрларини иложи борича амалга олишга ҳаракат қиламан. Бу аччиқ, ҳақоратомуз сўздан кейин, буларни эълон қилиш нари турсин, ҳатто ёзиб тўғри қилдимми ўзи деб ҳам ўйлаб қолдим. Ҳа-да, неча йиллардан бери мустақил бадиий асар ёзмай қўйган, аммо ёзса яхши нарсалар ёза олишидан умид қилинаётган бир ёзувчи… қисса ва рўманлар ўрнига… узоқ йиллик жимжитликдан кейин… бирдан бунақа нарса ёзиб ўтирса?!
Албатта, бу эътирозда жон бор.
Ўзим ҳам узоқ йиллардан бери дўстларим кутаётганидай арзирли бадиий асарлар ёзиш илинжида ва ҳаракатидаман. Лекин:
бир ёқдан, мамлакатда юзага келган, юракларни эзувчи бу оғир сиёсий-ижтимоий вазиятдан чекиниб замон ва макон этакларида қолиб кетган бир ташландиқ кулбамдан ўзимга гўр қазиб бекиниб олган ва ўнйилларга чўзилган тушунарсиз бир чиллага ўтирган бўлсам,
иккинчи ёқдан, бунақа талотўп замонда кўнгил то бир маънавий мувозанатини топмасидан ёзилган бадиий асарда яхшилик кўрмадим.
Натижада бадиий қаламимни вақтинчага замон токчаларининг туб-тубига ирғитдим.
Зотан, ватаним ва халқим аҳволи бундай бўлиб турганида, янги замоннинг тоҳир-зуҳролари, фарҳод-ширинлари, отабек-кумушлари, мирзо анвару раънолари ҳақида ёзиш кўнгилга сиғмас эди ҳам.
Тўғрироғи – йиллар ичра юракларга зардоб янглиғ тўпланган бу ҳаётий оғир туйғулар, ўйлар, мулоҳазалар уларни то бир қудуққа тўкиб-солмагунимча бошқа ҳар қандай бадиий тўқима асар битишдан мени тўсиб келди.
Қолаверса, бир ташвиш чулғаб олган хаёлга бошқа ташвиш сиғмас ҳам экан.
Ниҳоят, мана, у дардларни қоғозга тўкиб солдим ‒ ичим бир қадар бўшанди. Ёзилишини қачондан буён орқага суриб-суриб келганим асарларни энди ёзишга киришсам бўлар деб ўйлайман.
Бу гаплар мендан юксак савияда бадиий ижод кутган олим акамиз ва бошқа дўстларимнинг чиройли умидларига ожизона жавобимдир.
Лекин барибир “Бу кунлар”имни эълон қилиш-қилмаслик борасида яқинларгача ҳам иккиланиб келдим. Шундай кунларнинг бири (2013 йил ёзи)да бир машҳур ёзувчи ошнамдан эшитганим даҳшатли воқеа қароримни қатъийлаштирди:
“Эълон этаман!” дедим.
У айтишича, нимадир сабаб бўлиб тошкентлик бир чол-кампир билан танишиб қолибди. Чол қариб кетган, кампир ҳам бели букчайиб, ҳассага таяниб юради, дейди. Суриштирса, улар асли жа унақа қари ҳам эмаскан. Бошларига тушган савдо бир-икки йил ичида уларни ўн йилларга қаритиб юборибди.
Чол-кампирнинг уч боласи – уч ўғли бор экан. Худди эртакдагидек, уч оға-ини ботирлар! Ота-онасига ҳам, бир-бирига ҳам меҳрибон. Чунки улар диндор, намозхон бўлиб вояга етишибди. Афсус, ота-она уларнинг роҳатини узоқ кўрмабди – болалар “диний оқимчи”ликда айбланиб бирваракайига учаласи ҳам қамоққа тиқилибди. Унча-мунчага эмас, нақ ўн беш-ўн саккиз йилдан кесиб юборишибди.
Давлатнинг бу шафқатсиз ҳукми ота-онанинг уларни тирикликда кўриш умидларини ҳам қўшиб кесиб ташлабди.
“Ҳатто Исталин ҳам бунақа шароитда болаларнинг ҳаммасини Сибир қилмаган, кексаларга ҳеч бўлмаса битта боқувчи қолдирган!” дейди ёзувчи ошнам.
Энг ажабланарлиси ва ёзувчи ошнамни ҳайратга солгани ‒ шунча мусибатга қарамай, чол-кампирнинг руҳи жуда тетикмиш. Қамоқда болаларига очиқ намоз ўқишларига йўл қўйилмаётганидангина нолишибди. Айтишларича, болалари кўзлари билан намоз ўқишяпти экан!
“Тасаввур қиляпсизми, намозни кўзлари билан ўқишаркан!” дейди ошнам даҳшат ичра.
Шу воқеани эшитганимдан кейин… қамоқларда кўзи билан, имо-ишора билан намоз ўқиётган ўнлаб, юзлаб мазлум хаёлимдан кетмай қолди. Улар олдида ўзимни бурчли сездим. Очиқда, кети кўринмас турли-туман мулоҳазалар ила ўзимизни кўр, кар ва соқовга солиб юришларимиздан уялиблар кетдим. Фикри мен учун азиз бўлган у ҳурматли олим акамизнинг ғойибона қайтариғига ҳам қарамай, асарни эълон этишга қарор қилдим.
“Амаллар ниятга кўрадир”.
Ниятимни кўнгиллардаги энг яширин ниятларни ҳам Билувчи Зот жуда яхши билади: бу асарни ёзишдан асосий мақсадим ватанимга, халқимга, давлатимга, ҳатто бугун мутлақ ҳокимият тепасида ўтирган мана шу президентга ҳам яхшилик соғинишдир. Ҳадис ҳикматига кўра, менинг унга ёрдамимдир.
Бу нуқтани ушбу асаримни холис кўз билан ўқиган киши ҳам тан олади.
Бундан ташқари, асарда ҳеч бир йўсинда бузғунчиликка чақириқ йўқ.
Аксинча, бузуқни тузатишга чорлов бор.
Талаб қилинаётган бўлса, бор-йўғи сўз эркинлиги талаб қилиняпти.
Давлатдан ўзи яратган қонунларга тўла-тўкис риоя этиш, қонунлар халққа берган ҳуқуқни ҳаётда ҳам бериш талаб қилиняпти.
Бор нарса бор бўйича айтилсин, ёзилсин, халққа тўғри гап етказилсин дейиляпти, холос.