Ўзбекистонлик таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Ботир Норбой 70 ёшга тўлди.
Ботир Норбой 1947 йил 28 декабрда Хива шаҳрида таваллуд топган.
1971 йилда Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетини тугатган ва Тошкентдаги Ғофур Ғулом нашриётида фаолият юритган.
М.Горбачёвнинг қайта қуриш, ошкоралик сиёсатидан руҳланган зиёлилар қаторида Ботир Норбой ҳам 1930 йилларда қатағон қилинган истеъдодли ўзбек ижодкорлари Чўлпон ва Фитратнинг асарларини нашр этиш керак, деб ҳисоблайди ва Ўзбекистон коммунистик фирқаси раҳбариятининг мафкура сиёсатини минбарларда ошкора танқид қилиб келган.
Тошкентда ташкил этилган “Оролни асраш қўмитаси”нинг фаоли сифатида Орол денгизининг қуриб бораётгани оқибатлари ва Оролни қутқариб қолиш зарурлиги ҳақида жамоатчиликни огоҳ этиш ҳаракатларида фаол иштирок этган.
Ўзбекистонда 1988 йили ташкил этилган биринчи мухолифат ташкилот – “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг сафига Ботир Норбой биринчи кунлариданоқ қўшилган эди.
Ботир Норбой Қозоғистонда чоп этилган “Туркистон тонги” газетасининг Бош муҳаррир ўринбосари вазифасида фаолият юритган.
Филология фанлари доктори Ботир Норбой 1990 йилларнинг охирларидан Қозоғистондаги олий ўқув юртларида ўзбек тилидан сабоқ берган.
У бугун ҳам педагогик фаолият билан шуғулланиб келмоқда.
Ботир Норбой адабий мунаққидликка бағишланган қатор китоблар муаллифидир. Айни пайтда адабиётшунос олим Ўзбекистонда ижоди тақиқланган шоир ва ёзувчилар ижоди ҳақидаги китоб устида ишламоқда. Шу вақтгача жами 9 та китоби нашрдан чиққан.
Ҳозирда Ботир Норбой Туркияда талабаларга ўзбек тили ва адабиётидан дарс бермоқда.
Адибнинг 70 йиллик юбилей айёми билан чин дилдан қутлаб, унга узоқ умр, мустаҳкам сиҳат-саломатлик, ижодий ишларида улкан омадлар тилаймиз!
Таваллуд кунингиз муборак бўлсин!
ЎХҲ редакцияси